Анча йиллардан бери фикр-у хаёлим бизда қандай қилиб коррупцияни, "бер-бер"ни, "ол-ол"ни тугатса бўлар экан деган фикр билан банд. Аммо ўйлаб ўйимга ета олмайман. Калламга тузукроқ бир фикр ҳам келмайди.
Балки бу масалада ҳам биз илғор
чет давлатларининг тажрибаларини ўрганиб кейин ўзимизга асқотадиганларини ҳаётимизга тадбиқ қилишимиз, қонунчилигимизга қўшишимиз керакдир.
Билмадим, билмадим.
Мен фақат бир нарсани биламан; биз коррупционерни ҳам, порахўрни ҳам, пора олувчини ҳам ўзимиз тарбиялаяпмиз. Қандай қилиб дейсизми? Жавобим тайин; оддийгина. Ахир ўша пора билан қўлга тушаётганлар ҳам, коррупцияда айбланаётганлар ҳам биримизни ўғлимиз, биримизни набирамиз, биримизнинг жиянимиз ва ҳоказо ва ҳоказо.
Бундан ҳам ёмони шу-ки феълимизда кўнгилчанлик, раҳмдиллик каби инсоний фазилатлар борлиги билан бирга ишимизни бироз вақт ёки маблағ талаб қилса ҳам қонуний ҳал қилса бўладиган томонлари бўла туриб вақтдан ютиш учун ёки камроқ пул сарфлаш учун қонунни бузиш ва секин "чой пули" узатиб ишимизни тезроқ битириб кетишга уриниш каби салбий иллатлари ҳам бор.
Яқинда маҳалламизга келиб нафақа пулларини тарқатиб юрадиган Халқ банки сайёр кассаси ходимларининг нафақахўрларнинг нафақаларини тарқатаётганда одамига қараб 5-10 минг сўмдан олиб қолаётганини фактини аниқладим. Шундан сўнг бу муаммони иложи борича банк бошқаруви раисига ёзишим ёки банкнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб билдиришим керак деб ўйладим. Чунки бу муаммо тахминимча бутун мамлакатимизга тегишли муаммодир. Бошқа жойларда ҳам айрим ноинсоф ходимлар нафақа пулларидан "чой пули" олиб қолаётган бўлиши мумкин. Зора банк бошқарувининг раиси мени мурожатим ортидан жойларда сайёр касса ходимларининг фаолиятларини қаттиқроқ назоратга олса. Шундан сўнг банкнинг ишонч телефон рақамларини қидириб Халқ банкининг xb.uz сайтини топиб олдим. Сайтга кирсам энг тепада биринчи "Банк раисига мурожат" бўлими турибди. Ўша ерга кириб бўлган воқеани ёзиб юбордим. Мурожатни ёзиб юбордим-у тан оламан жавоб келишига негадир ишонмадим. Аммо тезкор жавоб берилишига ишонмай хато қилган эканман. Мен мурожатимни 8 октябрь куни ёзган бўлсам, 9 октябрь куни "мурожатингиз кўриб чиқишга ўтди" деган хабар келди. 10 октябрь куни эса маҳалламизга сайёр кассада назоратчи бухгалтер бўлиб ишлайдиган маҳалладошим "ака, нима қилиб қўйдингиз?" деб уйимга чақириб келди. Демак мурожатим тезда кўриб чиқилган.
Шундан сўнг банк ходимлари уйимга келишга эринишибди шекилли, қолаверса ўша назоратчи маҳалладошим қаттиқ туриб илтимос қилиб ўтирди, банк ходимлари мени олдимга эмас, мен уларнинг олдига банкка бордим. Борсам банк бошқаруви раисига ёзган мурожатим туфайли банкда нотинчроқ вазият. Қисқаси ўша ерда кўнгилчанлигимга бориб "Мен банк ходимларининг ишдан ҳайдалишлари тарафдори эмасман. Улар ўз хатоларини тушуниб етишлари ва ўша хатоларни бошқа қайтармасалар бўлди" деб ёзиб бериб келдим. Аммо, мурожатим тўғридан-тўғри банк бошқаруви раисига бўлгани ва ўша ходимларнинг ишлари бу жиддий хатолиги инобатга олиниб ўша сайёр кассанинг кассирига интизомий жазо чораси кўрилибди, назоратчи бухгалтери бўлган маҳалладошим эса ишдан олинибди.
Бу гапларни ўқиб "ниҳоят ҳақиқат қарор топибди" деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Ҳақиқат, фақат сиз ва мен учун қарор топди. Маҳалладошларим фикрича эса..., мен ғаламис, ичиқора, аблаҳ одам эканман.
Ўша сайёр касса назоратчи бухгалтери бўлган маҳалладошим ишдан олингандан икки кун ўтиб сайёр касса маҳалламизга яна нафақа тарқатиш учун келди. Одамлар қарашса бошқа кассир, бошқа назоратчи. Улар олдинги назоратчи ва кассирни суриштиришади. Янги келган назоратчи ва кассир ўзларидан олдин келиб юрган назоратчи ва кассирни устидан маҳалламиздан кимдир ёзганини ва шу сабабли улар ишдан олиб ташланганлигини айтишади. Бу хабар маҳалламизга яшин тезлигида тарқалди ва банк ходимларининг устидан мен ёзганим ҳаммага ошкор бўлди. Шундан кейин маҳалладошларимдан эшитган таъналаримни чеки йўқ. Ортимдан эса ошкора ҳақорат қилиб сўкишаяпти. "Сенга шу керак эдими? Нафақа пулидан кам берган бўлса қайердаги бегоналар еб кетгунча ўзимизники егани яхши эмасмиди?" каби гапларни нафақа олувчилардан ҳам, нафақага алоқаси йўқлардан ҳам эшитдим. Охир-оқибат менда "наҳотки нотўғри иш қилган бўлсам?" деган гумон пайдо бўла бошлади.
Ҳатто кўча-куйда юролмай қолдим. Ёшроқлар кўрса "нима бўлди?" деб сўрайди, кексароқ, нафақа оладиганлар эса "шу ишни бекор қилибсан-да, барака топкур нафақа пулимизни уйимизга олиб келиб бераётган эди" деб менга ола қарашади.
Қисқаси мен, маҳалладошларимни аксарияти учун яхши ва намунали бўлган бир одам энди шу ишимдан кейин ёмон ва аблаҳ бир одамга айландим қолдим.
Менга энг ёмон таъсир қилгани турли хил нафақа олаётган маҳалладошларимнинг аксарияти ўз нафақа пулидан кассир ёки назоратчи ноқонуний тарзда олиб қолаётганини билган, аммо буни табий ҳол деб қабул қилишган. Ҳатто, маҳалладошларимни менга билдиришларича салмоқли суммада нафақа олувчи бир чол "мен ўша кассир билан назоратчини ўз нафақа пулимдан 5000 сўм олиб қолишини билар эдим ва яна нафақамни уйимга олиб келиб бергани учун яна 5000 сўм "чой пули" берар эдим" дебди.
Мана сизга одамларнинг ноқонуний ишга муносабати.
Орадан уч кун ўтиб ишдан ҳайдалган маҳалладошимизни тарафини олиб ҳатто Халқ банки туман бўлими раҳбарининг олдига ҳам боришибди ва ёлғон гапириб "бу бола бизга нафақамизни тўғри берар эди, илтимос, уни ишига қайта тикланг" деб илтимос қилишибди.
Замонни қаранг, ўғрини ўғрилигини билишади, порахўрни порахўрлигини билишади, аммо уларни ўғрилик қилишини ҳам, порахўрлик қилишини ҳам табий қабул қилишади. Камига эса ишдан урилган ундайларни ортидан тарафини олиб "қайта ишга олинг, у порахўр ҳам, ўғри ҳам эмас" деб ёлғон гувоҳлик ҳам беришади. Биз учун бундан ортиқ кулфат, бундан ортиқ фалокат бўлмаса керак.
Кўпинча қайсидир бир масъул шахсни пора билан ушлангани элга ошкор бўлса кейин ўша иш халқ орасида муҳокама бўла бошлайди. Ана шунда ёши кексароқ кишилар ўша пора билан қўлга тушган масъул шахсга қўшиб ҳамма масъул шахсларни минг порахўрдан олиб минг порахўрга солишади. Ана шундай ҳолатларда биронта мард топилмайди-ки ўша кишиларга қарата "Ҳой, барака топкурлар! Ўша пора олиб қўлга тушаётган масъул шахсни бизга Ойдан ёки Марсдан олиб келиб тепамизга бошлиқ қилиб қўйишмаган. Ўша одам сизларнинг бирингизни фарзандингиз, бирингизни жиянингиз, бирингизни набирангиз. Уларни сизларни ўзларинг ўшандай қилиб тарбиялаяпсизлар. Оилада ҳаром ейиш гуноҳлигини тушунтирмагансиз. Мактабда қандай ўқиётгани билан қизиқмагансиз. Институтга пора бериб ўқишга қўйгансиз. Ишга ҳам пора бериб жойлагансиз. Бугунги кунда эса халқни қақшатиб пора олиб топиб келаётган нонини "барака топ болам, бирингга минг берсин" деб дуо қилиб еб ўтирибсиз. Аммо, асло "болам, бизни бу ёғимиздан у ёғимиз яқин, умр бўйи ҳалол ишладик, ҳаромдан ҳазар қилдик, ҳаром луқма емадик, энди сен бизга қандай нон олиб келиб едираяпсан?" деб сўраётганларинг йўқ. Шундай экан, порахўрни ўзларинг тарбиялаб яна ўзларинг уларни танқид қилиб сўкасизларми?" деб гапирса. Аммо ҳамма жим. Мабодо кимдир шу гапларни гапирса у маҳалла аҳлига душман бўлади қолади. "Ҳақиқат ҳеч кимга ёқмайди" дейилгани шу бўлса керакда.
Очиғи коррупция ва порахўрликдан гап очилганда ва жамиятимизни ундай ишлардан қандай тозалаш ҳақида гап кетганда олдин турли хил ноқонуний ишларни, "ол-ол" ва "бер-бер"ларни "одатий ҳол" тарзида қабул қилаётган халқни ўзини тарбиялаш керак деб ўйлайман. Халқнинг порахўр ва коррупцияга бундай муносабатини кўриб коррупция ва порахўрликни қандай йўқотишни билмайман. Шунингдек халқни қандай тарбиялашни ҳам билмайман.
Мени фикримча биринчи навбатда халқни ўзи порахўрларни тарбиялашдан воз кечиши, шунингдек кимлардир томонидан қонун бузилиб, ҳатто тийин ҳаққи ейилганда ҳам жим қараб турмаслиги керак. Аммо ҳозирча бизда ҳаммаси тескари. Порахўрдан гап очилса ҳамма масъулларни порахўрликда айблаб қаторлаштириб сўкишади. Буёқдан эса ўша порахўр масъулларни ўзлари тарбиялашади.
Умумий хулоса шу-ки биз янги даврга қадам қўйиб Ватанимизни гуллаб-яшнашини хоҳлар эканмиз бу йўлда коррупция ва порахўрликка қарши курашиш билан бирга ана шу коррупция ва порахўрликни одатий ва табий ҳол деб қабул қилаётган халқни ўзини ҳам тарбиялашни ва уларнинг онгида коррупция ва порахўрликка бўлган ижобий муносабатни ўзгартиришимиз керак. Акс ҳолда шунча меҳнатимиз чиппакка чиқиши ва натижа бермаслиги мумкин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий