18 апрель куни эрталаб соат 8:30 ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида 26 нафар йўловчиси бўлган автобус газ баллони портлаши натижасида автобус йўловчилари бўлган 4 киши воқеа жойида, 1 киши эса касалхонада вафот этди.
Шу кунни ўзидаёқ автобус ҳалокати ортидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шохобчалари ва газ-баллонли автомобиллар текширувдан ўтказилади.
Махсус фармойишнинг 7-бандида шундай дейилади:
7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбоосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов икки ой муддатда:
а) газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари;
табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказсин;
б) хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
Вазирлар маҳкамасининг фармойиши билан танишар эканман бир жиҳат мени ҳайрон қолдирди. Фармойишда "газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари, шунингдек табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолати пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказсин" дейилаяпти, аммо негадир фармойишнинг бирон бир жойида автомобилларга ўрнатилган газ балонларни техник синовдан ўтказиш билан шуғулланадиган фирмалар ҳақида, уларнинг фаолиятини қаттиқроқ назорат қилиш ҳақида ҳеч гап йўқ. Балки шошилинчда бу эсларига келмагандир. Балки икки ой давомида юқорида келтирилган ва Раматовга вазифа қилиб топширилган иш бажариб бўлингандан кейин бунга ҳам навбат келар. Аммо ҳозирча ҳукумат фармойишида улар ҳақида ҳеч гап йўқ.
Бухородаги кечаги фожиадан кейин нима бўлганда ҳам газ балонларини техник синовдан ўтказадиган фирмалар эътиборсиз қолмасликлари керак. Чунки, кўраяпмиз жойларда газ балонларни техник синовдан ўтказиш учун лицензия олиб ишлаётган турли фирмаларнинг айримлари газ балонларни техник синовдан ўтказмасдан, зеро уларнинг техник синов ўтказадиган жойи ҳам, ишчилари ҳам йўқ, пулни олиб шунчаки "техник синовдан ўтказилди" деган муҳрни босиб бермоқдалар.
Кўпчиликни эсида бўлса керак охирги 4-5 йил давомида автомобилларга ўрнатилган газ балонлардан хавсиз фойдаланиш тартибларини жорий қилиш учун ҳукуматнинг бир нечта қарорлари чиқди. Масалан, ўша қарорларнинг бирида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган ва ҳайдовчилар тилида "капрон балон" деб номланувчи скотч билан ўралган балонларни истеъмолдан чиқариш, ундай балонларни техник синовдан ўтказмаслик, ундай балон ўрнатилган машиналарни олди-сотди қилинаётганда ўша балонни ечиб ташламагунча давлат рўйхатидан ўтказмаслик, газ қуйиш шахобчаларида ундай балонларга газ қуйиб бермаслик белгилаб қўйилган эди. Аммо ўша пайтда гувоҳи бўлдик газ балонларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган айрим фирмалар ҳайдовчилар билан ўзаро келишиб, ошиқроқ пул олиб ўшандай газ балонларини "техник синовдан ўтди" деб муҳр уриб беравердилар. Газ қуйиш шахобчаларининг аксариятида эса машиналарда ўрнатилган газ балонларни қанақалиги билан қизиқиб ўтирмайдилар. Ҳайдовчининг қўлида газ балоннинг техник синовдан ўтганлиги тўғрисидаги қоғоз борми бўлди, газ қуйиб бераверишади.
Бу ҳолат ЙПХХ ходимлари билан ҳам шундай. Улар ҳам аксарият ҳолларда, йўлларда, блокпостларда ҳайдовчиларнинг ва машиналарнинг ҳужжатларни текшираётганларида кўпинча газ балонни техник синовдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатни кўришади, синов муддати ўтган бўлса чора кўришади, аммо ўша ҳужжат билан машинадаги газ балон мувофиқ келадими ёки йўқми кўпинча қизиқиб ҳам ўтиришмайди.
Узоққа бормайлик, ўтган йил шу ҳолат ўзим билан ҳам содир бўлди. Машинамга 2014 йилда ўрнатилган газ балоннинг техник синов муддати тугади ва уни синовдан ўтказиш учун уни синовдан ўтказадиган фирма қидириб йўлга тушдим. Самарқанд шаҳрига етмасдан, Тойлоқ туманида, Самарқанд-Айний йўлида тўхтаб одамлардан ўшандай жой ўша атрофларда бор-йўқлигини сўрадим. Биттаси кўрсатиб юборди, бор экан. Борсам кичик бир хонада бир одам ёзиб-чизиб ўтирибди. 3-4 одам навбат кутаяпти. Мен ҳам навбатга турдим. Навбатим келгунча уёқ-буёққа қарадим газ балонларни синайдиган ускунаси ҳам, ишчилари ҳам кўринмаяпти. "Балки орқа тарафдадир" деб ўйладим. Навбатим келди. Бояги одам қўлимдан ҳужжатларимни олиб ёзди, чизди ва охирида 38 минг тўлашим лозимлигини айтди. Айтган пулини тўладим, у эса "фалон рақамли машинада ўрнатилган фалон рақамли газ балон техник синовдан ўтди" деб ёзилган қоғозни қўлимга тутқазди.
Мен ҳайрон бўлдим ва ундан "газ балонни синовдан ўтказмайсизларми?" десам, у менга "газ балонингиз янги экан, уни синовдан ўтказиш шарт эмас" деди. Шунда қарасам у менга берган қоғозида кейинги синов муддатини бир йилдан кейин белгилаб берибди. Синов муддатини метан газ балонларда балоннинг ҳолатига қараб уч йилгача қўйиш мумкин. Ундан нега бундай қилганини, нега уч йил ўрнига бир йил қўйганини сўрадим. Шунда у "газ балонингизни синовдан ўтказмаяпманку, боравермайсизми" деди. Мен унга боравермаслигимни, хоҳласа балонимни бемалол синовдан ўтказиши мумкинлигини, аммо муддатни уч йил қилиб бериши лозимлигини, акс ҳолда пулимни қайтариб беришини ва мен синовни бошқа жойда қилдиришимни айтдим. Шунда у қўлимдаги қоғозни олди-да, бошқа қоғозга бошқатдан ёзиб, кейинги синов муддатини икки йилдан кейинга қўйиб берди. Ўша пайтда у менга "сизни газ балонингиз янги экан, синов шартмас" дегани билан навбатим келгунча бир нечта ҳайдовчиларни синов қоғозини ёзиб берди ва уларнинг биронтасини газ балонини синовдан ўтказгани йўқ. Уларга бир йиллик муддат ёзиб бераяпти, улар эса қоғозларини олиб, индамай раҳмат айтиб чиқиб кетишаяпти. Ўшанда уни синов ускунаси ҳам, ишчилари ҳам бўлмаган. Шунчаки пулни олиб синов муддатини янгилаб бераяпти холос. Ундай газ балонларни "чаққонлик билан" синовчи фирмалар афсуски мамлакатимизда оз эмас.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак Бухородаги фожиада ҳам ўша автобус газ балонларини техник синовдан ўтказганлар, ўша газ балонларни ўрнатганлар, ўшандай газ балонларни импорт қилиб олиб кирганлар ёки ишлаб чиқарганлар ҳам бирдай айбдор.
Шундай экан ҳукуматимиз кўчаларда газ балонда юрган машиналарни текширар экан, уларни техник синовдан ўтказаётган турли фирмаларни ҳам қаттиқ текшириши ва ўтган йил менга техник синов муддатини газ балонларни синовдан ўтказмасдан ёзиб берган фирмага ўхшаш фирмаларни лицензияларини тортиб олиши керак.
Чунки, кўраяпмиз газ балонни портлаши билан боғлиқ фожиаларнинг аксарияти газ балонларнинг техник носозлиги туфайли содир бўлаяпти. Бунга эса газ балонларни синамасдан, пулни олиб "газ балон синалди" деб муҳр уриб бераётган фирмалар ҳам бирдай айбдор.
Комментариев нет:
Отправить комментарий