Ғарбий Африкада Сенегал деган давлат бор. Бу мамлакатни илк бор 2002 йилда Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатида таниганман. Ўшанда нафақат мен, балки дунёдаги миллионлаб футбол мухлислари бу давлат номини илк марта эшитдилар ва бир умрга ёдларида сақлаб қолдилар. "Футбол мамлакатни тез танитади" деганлари шу бўлса керак-да. Шундан кейин бу мамлакат ҳақидаги маълумотлар билан қизиқдим. "Аҳолиси фалон миллион, територияси фалон км.кв², иқтисодиётининг, қишлоқ хўжалигининг муҳим соҳалари, йирик шаҳарлари" ва ҳоказо умумий маълумотларни ўқидим. Ана шу ерда мени ҳайрон қолдиргани Сенегал ҳақидаги маълумотларнинг "давлат тили" деган жойида "француз тили" деб ёзиб қўйилгани бўлди. Демак, Сенегалдаги турли миллатлар ўз тилларини батамом унутиб француз тилида гаплашадиган бўлиб кетишган экан.
Ўшанда Сенегал ҳақидаги умумий маълумотларни ўқир эканман унинг неча йил Франция мустамлакаси бўлганига эътибор бермаган эдим ва ўзимча бу давлат камида 150-200 йил французларнинг мустамлакаси бўлган деб ўйладим. Чунки ўзини она тилини бутунлай унутиб бошқа бир бегона халқнинг тилида гаплашадиган бўлиб ўша бегона тилни она тили даражасида қабул қилиш учун бутун бошли халқ учун камида 4-5 авлод ва 150-200 йил керак бўлади деб ўйлаганман.
Аслида инсон турли сабабларга кўра ўз тилини унутиб бошқа бир миллатнинг тилига ўтиб кетиш учун қисқагина муддат ҳам кифоя қилиши мумкин.
Масалан, европалик босқинчилар африкаликларни қул қилиб Америка қитъасига олиб бориб сотганларидан кейин улар нисбатан қисқа муддатда ўз тилларини унутиб инглиз тилида сўзлашадиган бўлиб кетдилар. Ёки бир инсон бегона бир юртда олти ой ёки бир йил яшаса бемалол ўша яшаётган жойининг тилини ўзлаштиради. Чунки инсон бегоналар орасига тушиб қолса, сўзлашиш учун ўз она тилида сўзлашадиган одам топилмаса ва фақат борган жойидаги одамларнинг тилида гаплашаверса у қисқа муддатда бегона тилни ўзлаштириб кетади. Аммо сенегалликлар ўз юртларида эдилар. Улар босқинчи французлар билан француз тилида гаплашсалар, ўз миллатдошлари, элатдошлари, қабиладошлари билан ўз она тилларида мулоқот қилиш имконига эга эдилар. Аммо негадир қисқа муддатда ўз тилларини унутдилар.
Сенегал бор йўғи 70 йил, 1890 йилдан 1960 йилгача Франция мустамлакаси бўлган экан ва уларнинг ўз она тилларини унутиб "француз" бўлиб кетишлари учун бор йўғи 70 йил кифоя қилган экан.
Эски замонларда бир давлат иккинчи бир давлатни, бир халқ иккинчи бир халқни босиб олганда ўз тилини қандай сингдирганини аниқ билмайман. Кўча-куйда "босиб олгандан кейин аёлларини зўрлашган ёки уйланишган ва шу орқали бир давлат иккинчи бир давлатга, бир халқ иккинчи халққа ўзининг ўзлигини сингдирган" дейишади. Баъзида эса сонлари кам бўлса босқинчилар маҳаллий халқ орасига чатишиб сингиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган.
Аммо 18-19 асрларга келиб назаримда босқинчилар ўз маданиятларини мустамлака бўлган халқлар орасида ёйиш учун бошқача йўллардан фойдалана бошладилар. Бу йўл, асосан босқинчилар тилида ўқитиладиган мактаблар очиш эди. Тўғри, ўша эски усуллар бўлмиш маҳаллий аёлларни зўрлаш ёки уларга уйланиш ҳам қисман сақланиб қолган бўлиши мумкин. Аммо европалик мустамлакачилар босиб олган ҳудудларида ўз тилларида ўқитадиган мактаблар очишлари кўпроқ самара беришини англаб етдилар ва бу иш амалда кўпроқ самара берди ҳам.
Энди Сенегалга қайтадиган бўлсак, улар қандай қилиб ўз она тилларини унутиб француз бўлиб кетганлари менга қоронғу. Балки Россия бизни босиб олганидан кейин турли шаҳарларимизда рус тилига ихтисослашган "рус-тузем" мактабларини очгандай французлар ҳам Сенегалда француз тилига ихтисослашган мактаблар очишгандир ёки бунинг бошқа сабаблари бордир. Аммо тарихий факт шу-ки сенегалликлар ўз тилларини батамом унутганлар ва бугунги кунда француз тили улар учун она тили ҳисобланади.
Албатта, француз тилини ўз она тиллари деб қабул қилишлари уларнинг Францияга бориб у ернинг шароитига тезроқ кўникиб кетишларига ёки Франциядан муаммосиз яхши бир иш топишларига сабаб бўлгандир, ҳозир ҳам бўлаётгандир. Аммо..., аммо миллий ғурурчи? Инсоннинг ўзлиги-чи? Ёки қорин ғамида миллий ғурур ва ўзликка тупуриш керакми?
Энди ўзимиздаги аҳволга бир назар ташлайлик. Собиқ Иттифоқ давридаги тилимизни йўқотишга бўлган хуружларни, бизга рус тилини мажбуран сингдиришганини ёзиб ўтирмайман. У пайтда биз чорасиз ва "Марказ" Москва нима буйруқ берса қулоқ қоқмай бажаришга мажбур эдик. Ўтган асрнинг 80- йиллар охирига келиб аҳвол ниҳоятда оғирлашган, тилимиз чалажон аҳволга тушган эди.
Ниҳоят биз мустақил бўлдик. Энди бизни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. Эркимиз ўз қўлимизга ўтди. Энди тилимизни қанча эъзозласак, тарғиб қилсак ўзимизни ихтиёримизда. Аммо, назаримда мустақил бўлганимиздан кейин ҳам тилимизга бўлган эътибор ўзгармади. Ўзгарган бўлса ҳам етарли миқдорда бўлмади. Бундай дейишга, тўғрироғи бундай деб даъво қилишга ҳаққим борми? Бор, албатта бор...
Биринчи воқеа.
Бундан бир неча кун олдин Самарқанддан Тайлоқ шаҳарчаси орқали Ургутга борадиган йўлдаги халқ тилида "метан заправка" деб аталадиган автомобилларга сиқилган газ қуйиб берадиган шаҳобчага кирдим. Шаҳобча яқинда очилди. Ғазначининг олдидаги дарчанинг икки тарафида рус тилида "Постоновления Кабинет Министров" деб бошланадиган Вазирлар Маҳкамасининг автомобилларга қандай газ балон ўрнатиш, қандай газ балонларини неча йилда синовдан ўтказиш ва ҳоказолар ёзилган қарорини рус тилидагини илиб қўйишибди. Қизиғи қарор остида "Премьер министр Узбекистана Ш.М.Мирзиёев" деган ёзув ҳам бор.
Ғазначидан, "ака, буни ўзбекчаси йўқ эдими, бу атрофда рус тилида сўзлашадиган одамни ўзи бўлмаса" десам, у "қўяверинг ака, қарорни илганмизми, илганмиз" деди. Тўғриси, узоқ бир қишлоқдаги газ қуйиш шаҳобчасида атрофда биронта русийзабон яшамаса ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарорини русча ёзиб қўйилгани одамни "нега бундай?" деб ўйлашга мажбур қилар экан. Қолаверса эътибор берганман юртимиздаги ана шундай газ қуйиш шахобчаларининг аксариятида юқоридаги Вазирлар маҳкамасининг қарори рус тилида ёзиб қўйилган.
Газ қуйиш шахобчасидаги рус тилида ёзилган эълон ёки қарор нима бўпти? Йирик шаҳарларимизда, айниқса Тошкент кўчаларидаги турли эълон ва ёзувларни текшириб чиқинг, аксарияти рус тилида ёзиб қўйилган.
Иккинчи воқеа.
Яқинда ишим тушиб туманимиз солиқ идорасига бориб эски йилдан қарзимиз борми ёки йўқми ҳисоблатдим. Ана шу ерда эътиборимни тортган ҳолат шу бўлди-ки солиқ идорасидаги компьютерларда ҳисоботлар рус тилида юритилар экан. Туманимизда бир-иккита татар оилаларини айтмаса русийзабонлар умуман яшамайди. Аммо солиқда, балки бошқа идораларда ҳам, иш юритиш рус тилида. Тахминимча бутун мамлакатимиз бўйлаб аҳвол шундай; турли вазирликлар ва идораларда турли ҳисоботлар, иш юритишлар рус тилида олиб борилаяпти. Бунисига нима дейсиз?
Бу гапларни нега жон куйдириб ёзаяпман? Юқорида Собиқ Иттифоқ даврида тилимизнинг хўрланганини ёздим, кўпчилик бунга мажбурликдан зўрға чидаб юрганини ҳам ёздим. Ўшанда мажбур эдик. Энди-чи? Энди биз рус тилида иш юритишга мажбур эмасмиз шекилли?
Мени хавотирга солаётгани энди бизни ҳеч ким рус тилида ҳисобот юритишга, мажлис ўтказишга мажбурламаяпти, энди биз ана шу ишларни онгли равишда, ўзимиз хоҳлаб қилаяпмиз. Оқибатини ўйламай қилаяпмиз. Тилимизнинг илдизига болта ураяпмиз. Ёмон томони ҳам шу. Бизни Сенегалнинг аҳволига яқинлаштираётгани ҳам шу.
Охирги йигирма йиллик ҳаётимни ярми Тошкентда ўтди. Муқим бўлмаса-да қарийб муқимдай яшадим. Эсимда, ўтган асрнинг 90-йилларида пойтахтликлар ўз фарзандларини рус мактабларига ёки аралаш тилли мактабларнинг рус синфига қўйишга унчалик ошиқавермас эдилар. Балки бунга ўша даврда мамлакатимиз бўйлаб "СССРдан қутилганимиз, унинг ўзаги бўлмиш рус босқинидан қутилганимиз" ҳақида телевидения ва ОАВ даги кўплаб чиқишлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳарҳолда аниқ сабабларини билмайман. Бугунги кунда эса вазият тубдан ўзгарди. Энди аксарият ота-оналар ўз яшаш жойларидан узоқроқда бўлса ҳам болаларини рус мактабларига ёки аралаш тилли мактаблардаги рус синфларига олиб бориб бермоқдалар. Бунга эса "ўзбек мактабларида яхши таълим берилмайди" деб изоҳ бермоқдалар.
Агар статистикага қарасангиз бизда мустақиллик йилларида русийзабонларнинг сони ошмагани ҳолда рус тилига ихтисослашган мактаблар, синфлар кўпайганига гувоҳ бўласиз. Бу кўпайиш эса русийзабон бўлмаган юртдошларимиз ҳисобидан, яъни бизнинг ҳисобимиздан бўлмоқда.
Буни асосий сабаби эса ҳукуматимизда тилимизни ривожлантириш, халқаро майдонда унинг обрўсини ошириш ҳақида биронта бир аниқ режанинг йўқлиги, тилимизга етарлича эътиборнинг йўқлигидир.
Тилимизга бўлган эътиборсизлик ва рус тилининг бизда тобора оммалашаётганинг хавфли бир томони шу-ки рус тилини яхши ўзлаштирган ёки ўзининг тилини унутиб рус тилида мулоқот қиладиган инсонлар кундан-кун жамиятда ўзларини бошқа миллатдошларидан, ўз юртдошларидан юқорироқ санаб, бу тилни билмайдиганларни одам ўрнида кўрмай бораяптилар. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам ундай бўлмаслиги мумкин. Аммо аксариятида шундай тушунча шаклланган. Бу эса ёмон аломат.
Ҳурматли ўқувчим, ушбу постимни шу ергача ўқиб келишга сабрингиз етган бўлса, шу ерда бироз тин олинг ва мени мушоҳадаларимни асло миллатчиликка йўйманг. Мени рус халқига ҳам, рус миллатига ҳам адоватим йўқ. Зеро, ёмон миллат бўлмайди, ёмон одамлар бўлади. Шундай экан қани эди, ҳар бир миллатдошим, юртдошим ўз она тилидан ташқари яна камида иккита тилни яхши ўзлаштирса, яна иккитасида эркин гаплаша олса, бу ажойиб иш бўлар эди. Шу жумладан рус тилини ҳам мукаммал ўрганишса, бу тилда битилган илмий ишларни ўрганишса, ўрганганларини юртимиз тараққиёти учун ишлатишса нур устига аъло нур бўлар эди. Аммо чет тилларни ўрганиш асло ўз тилини унутиш, ўз тилини менсимаслик, ўз тилини камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Бизда эса афсуски кўпинча рус мактабларида ўқиганлар кейинчалик оилада ҳам, кўча-куйда ҳам рус тилида сўзлашадилар ва бора-бора ўз тилларини унутадилар. "Сенегал синдроми" ана шундан бошланади.
Ўша даврда Сенегалда яшаб кўрмаганман. Аммо, ўйлайман-ки ўшанда Сенегалда яшовчи турли элатлар, миллатлар орасида ўз халқининг французлашиб кетишига қарши чиққанлар хам бўлган. Ўз тилидан кечиб француз бўлишни бошлаганлар эса уларга қарши баҳсларда "Нима қипти француз тилини ўргансак, бу тилда гаплашсак? Ахир француз тили бизда миллатларо ўзаро мулоқот тили-ку!" деб важлар келтирган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, минг афсуски ўша "миллатлараро мулоқот тили" бугунги кунда ҳар бир сенегалликнинг она тилига айланди. Мен бугунги аҳволимизни, тилимизга бўлган эътиборсизликларни ўша пайтдаги сенегалликларни ўз тилларига бўлган эътиборсизликларига ўхшатаяпман холос. Мақсадим асло миллатчилик ҳам эмас ёки бошқа бир миллатни ёмон кўрсатишга уриниш ҳам эмас. Шунчаки огоҳлантириш. Балки, бу огоҳлантиришим ҳеч нарсани ўзгартирмас. Балки иккинчи Сенегал бўлиб кетмасмиз ҳам. Аммо, нима нима бўлганда ҳам тилимизга ўз миллатдошларимиз, юртдошларимиз қолаверса ҳукуматимиз томонидан бўлаётган лоқайд муносабатни жимгина томоша қилиб тургим келмади. Зеро, буни жим томоша қилиб туриб бўлмайди ҳам. Сенегалликларнинг французга айланиб кетишлари учун бор-йўғи етмиш йил кифоя қилган экан, биз бундан етарли хулоса чиқаришимиз керак. Акс ҳолда "иккинчи Сенегал" бўлишимиз аниқ.
Сўзимнинг охирида шуни таъкидламоқчиманки, ҳукумат тилимизга бўлаётган, қолаверса ўзи ва ўзи бошлиқ бошқа вазирликлар, идоралар томонидан қилинаётган эътиборсизликни, хиёнатни тезроқ олдини олиш чораларини кўриши керак. Турли вазирликлар ўзбек тилида иш юритишлари учун қисқа муддат етмас, шу учун уларга маълум бир муддат тайинланиб иш юритиш ишларини, турли ҳисоботларини ўзбек тилига ўтказишлари ҳақида қонун чиқариши керак. Шунингдек, кўча-кўйларда илинаётган турли эълон ва ёзувларнинг ҳам давлат тилида ёзилишини қаттиқ назорат қилиш керак. Умуман олганда тилимизнинг ҳимоясига бугундан киришилиши керак. Акс ҳолда эртага кеч бўлади.
P.S. Шунча гапларни ўқиб, охирида мендан "сен ўзи аввало нима истайсан?" деб сўранг, мен орзуимни, хоҳишимни айтай.
БМТнинг турли мажлисларида юртимиз раҳбари ёки бошқа раҳбарлар қатнашиб сўзга чиққанларида, бошқа турли халқаро анжуманларда, турли давлатларга расмий ташриф билан борганда, турли давлатларнинг раҳбарлари бизга келганда Президентимиз ва бошқа раҳбарларимизнинг ўз она тилимизда гапиришларини хоҳлайман.
Турли вазирликлар ва идоралар ўз она тилимизда иш юритишларини, ҳисоботлар тайёрлашларини хоҳлайман.
Кўча-куйлардаги турли эълонлар, ёзувлар ҳам авваламбор она тилимизда ёзилишини хоҳлайман.
Нима дейсиз, бу иш шунчалик қийинми?
Комментариев нет:
Отправить комментарий