понедельник, 5 марта 2018 г.

Россия ва МДҲ


1 март куни Россия президенти В. В. Путин Федерал Мажлисга мурожатномасини эълон қилар экан шундай дейди:
“СССР қулаганидан сўнг Россия (гарчи советлар даврида Совет Иттифоқи деб аталса-да, чет элларда уни Совет Россияси деб аташарди), модомики гап миллий чегараларимиз ҳақида кетар экан, 23,8 фоиз ҳудудини, 48,5 фоиз аҳолисини, ялпи ички маҳсулотининг 41 фоизини, саноат салоҳиятининг 39,4 фоизини (мен қарийб ярми эканлигига эътибор қаратмоқчиман), СССР Қуролли Кучлари собиқ иттифоқдош республикалар ўртасида бўлиниши оқибатида ҳарбий салоҳиятининг 44,6 фоизини йўқотди...”

В. Путин, РФ Федерал Мажлисига Мурожаатномасидан. 1.03. 2018.

Путиннинг ушбу сўзларини бошқалар нима деб ўйлашди билмпдим-у, аммо шахсан мен мустақиллигимизга катта таҳдид деб баҳоладим. Тўғри, Россиянинг турли сиёсатчилари томонидан турли йилларда бундай гаплар кўп гапирилган. Ўшанда 200 йиллар давомида ҳукмронлик қилиб  қўл остидаги  қанчадир фоиз ҳудудини, аҳолисини, саноатини ва ҳоказо бошқа нарсаларини дабдурустдан йўқотиш Россия учун  жудаям аламли йўқотиш ҳисобланган. Аммо юқоридагидай фитнага сабаб бўлувчи, иттифоқчиларни саросимага солувчи таҳдидона гапларни юрт раҳбари гапириши кўпчилик учун бироз ғалати туюлди.

Ўша гапларида Путин "фалон-фалонларимизни йўқотдик" деяпти-ю, аслида эса собиқ иттифоқ ҳудудида Болтиқбўйи давлатларидан бошқа аксарият давлатларда Россия турли йўллар билан ўз таъсир доирасини ушлаб турибди. Қўйида шу ҳақда билганларимни сизларга етказишни хоҳладим.

СССР парчалангандан кейин Россия ва  собиқ иттифоқ республикаларининг ҳолати.

Болтиқбўйи давлатлари.

1. Латвия
2. Литва
3. Эстония

Болтиқбўйи ҳудудида жойлашган бу мамлакатлар ЕвроИттифоқ ёрдамида ўз ҳудудларида Россия томонидан можаро чиқаришига йўл қўймай тинчгина мустақил бўлиб кетишди. Ғарбпараст ҳам бўлишмади, американос ҳам бўлишмади. Ўз оилаларига қайтиб Европа билан биргаликда фаол ривожланишда давом этишмоқда.
Бу уччала давлатларда Россия "рус миллати қувғинга учраяпти, уларни биз ҳимоя қилишимиз керак" деб бу давлатларга босим ўтказиб  роса фитна чиқаришга уринди. Аммо бу давлатлар Европа Иттифоқи  ва НАТО ёрдамида Россиянинг босимига умуман эътибор бермадилар.

4. Белоруссия.
Биринчи рақамли Россияга энг мутеъ давлатлардан бири.
Ҳатто Москвани рухсатисиз ҳеч бир ишни қила олмайди. Ҳатто сиёсатчиларда "Белоруссия Россиянинг тутинган ўғли" деган ҳазиломуз гап ҳам юради.

5. Украина.
Йигирма уч йил давомида Россия билан яқин алоқада бўлиб бири икки бўлмади. Чунки 1991 йилда СССР қулаган пайтда Украинада аҳолини яшаш шароити Шарқий Европадаги собиқ социалистик лагерга кирувчи Польша, Руминия, Болгария, Венгрия каби давлатлар аҳолисининг яшаш шароити билан бир хил эди. Ҳатто Украина саноати уларни саноатидан анча олдинда эди. Улар социалистик лагердан чиққандан Евроиттифоқ томон юзландилар ва бугунги кунда Украина ўша аҳволида қолиб кетган ҳолда улар анча ривожланиб кетдилар. "Украинанинг Россия билан бирга бўлиб бири икки бўлмади" дейилганда шу назарда тутилаяпти.

2014  йилда Европа Иттифоқи билан Украина  ўртасида  интеграциялашув келишувига Украина президенти Янукович имзо чекмаган кундан бошланган намойишлар охир-оқибат Украина шарқида рус миллатига мансуб кишиларнинг Россиянинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва ҳарбий ёрдами билан амалдаги ҳукуматга қарши бош кўтаришларига сабаб бўлди ва ҳанузгача бу ҳудуд нотинч бўлиб қолмоқда. Украина шарқидаги айирмачиларга Россия ҳанузгача ҳар томонлама, айниқса озиқ-овқат ва қурол-яроқ томонидан ёрдам кўрсатмоқда.

Шундан сўнг Россиянинг ҳарбий ёрдами билан Қримда нотинчлик келтириб чиқарилди ва Россия халқаро ташкилотларнинг ва Жаҳон ҳамжамиятининг  эътирозларига қарамай сохта референдум ўтказиб Қрим Республикасини анеккция қилиб, ўзига қўшиб олди.

6. Молдавия.
1990 йилда Молдавияда мустақиллик учун бўлиб ўтган намойишлардан, талотўплардан фойдаланган Россия ўзининг русийзабон миллатдошларини ҳимоя қилиш баҳонасида Молдавиянинг Приднестровье ўлкасига қўшин киритди ва 1992 йилда бу ўлка Россиянинг қўллаши натижасида ўзини Молдавиядан бир томонлама мустақил деб эълон қилди. Ўшандан бери ҳанузгача бу ўлка ўзини мустақил давлат деб ҳисоблайди. Бу тан олинмаган давлатни ҳам Россия армияси ҳимоя қилмоқда.

7. Грузия.

Кавказдаги кўпмиллатли (бу давлатда грузинлардан ташқари этник аджарлар, абхазлар ва осетинлар ва яна бир нечта майда миллатлар яшашади) бу давлатда мустақиллик эълон қилиш йўлида намойишлар бўлиб ўтаётган 1990 йилда  бу давлат таркибида бўлган Жанубий Осетия автоном республикасининг (пойтахти Цхинвали) аҳолиси бош кўтарди ва қисқа муддатда Россиянинг қўллаши билан бу автоном республика бир томонлама ўзининг Грузиядан ажралиб чиққанини ва мустақиллигини эълон қилди. Ўшандан бери бу тан олинмаган Жанубий Осетия республикасини ҳам Россия армияси қўриқлайди.

Грузия билан яна бир муаммо 1994 йилда Абхазия автоном республикаси билан пайдо бўлди. Ўшанда Абхазия Россиянинг кўмаги билан Грузия таркибидан чиққанини ва мустақиллигини эълон қилди. Ўртада қонли можаролар юз берди ва воқеалар бу республикага Россия ўз ҳарбийларини киритиши билан тугади. Бугунги кунда бу республика билан Грузия ўртасидаги чегарани Россия ҳарбийлари қўриқламоқда.

2000-04 йилларда Грузия яна бир синовга дуч келди. Бу сафар Грузиядаги яна бир автоном республика бўлмиш Аджария республикаси Россиянинг ҳарбий кўмаги ёрдамида ўз мустақиллигини эълон қилмоқчи бўлди. Аммо ҳаракат мувафаққиятсиз якунланди ва воқеалар  Аджария республикасининг ўша даврдаги президенти Аслан Абашидзенинг  Москвага қочиб кетиши билан якун топди.

Бу орада расмий Москва минтақада ўз таъсир доирасини мустаҳкамлаш учун тинимсиз равишда Жанубий Осетия ва Абхазия фуқороларига Россия паспортини бера бошлади ва ўша ҳудудлардаги аҳолининг аксарияти энди Россия фуқороси ҳисоблана бошланди. Бу эса Россияга жудаям қўл келадиган ҳолат эди.
Бунинг меваси кўп узоқ куттирмади.
2008 йил август ойида Грузия билан Жанубий Осетия ўртасида чегарада бошланган отишма охири урушга айланди ва Грузия ўз армиясини Жанубий Осетияга ташлади ва пойтахт Цхинвали ишғол этилди. Мана шу ерда Россия Жанубий Осетиядаги "ўз фуқороларини" ҳимоя қилиш мақсадида зудлик билан Жанубий Осетияга ўз ҳарбийларини киритди ва Грузияга қарши уруш эълон қилди. Олдинига Жанубий Осетиядан Грузия армияси сиқиб чиқарилди. Кейин эса уруш Грузия териториясига ўтди. Охир-оқибат воқеалар Грузияни енгилиши билан якун топди. Грузия томони, хусусан ўша вақтдаги президенти Самашвили пойтахт Тбилисини Россия оккупациясидан асраб қолиш учун Грузия томони учун ўта шармандали ҳисобланган сулҳга имзо чекишга мажбур бўлди. Шундан сўнг томонлар ўзларини олдинги марраларига қайтдилар ва энди Жанубий Осетияни Грузия билан бўлган чегараси бўйлаб Россия ҳарбийлари жойлаштириб чиқилди.

8. Арманистон.

Бу давлат ҳам 1991 йил, мустақил бўлганидан бери Россия билан яқин иттифоқчи бўлиб келаётган давлатлардан биридир. Бу давлатда ҳам Россиянинг йирик ҳарбий базаси бор.

9. Озарбайжон.

Бу давлат 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилар экан, бундан буёғига ўз келажагини Россия билан эмас, балки Европа билан биргаликда қуриш нияти борлигини эълон қилди. Озарбайжон раҳбариятидан бундай баёнотни кутмаган Россия томони зудлик билан ишга тушиб, Озарбайжон таркибида бўлган Тоғли Қорабоғ автоном ўлкасида яшовчи арманларни Озарбайжонга қарши гиж-гижлаб, уларга ҳам моддий, ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатиб 1991 йилнинг кузида Тоғли Қорабоғда қуролли можаро чиқаришга эришди. Ўртада чиққан бу қуролли можарога Россияни қўллови билан Арманистон қўшилди. Ва охир-оқибат Тоғли Қорабоғ ўлкаси Озарбайжондан бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилди.  Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бошланди. Бу урушда ҳам Россия ҳарбийлари зимдан Арманистон тарафида туриб Озарбайжонга қарши урушди. Ўша даврда Арманистон Озарбайжонга қарши якка ўзи уруша олмас эди. Чунки аҳоли ва територия жиҳатдан Озарбайжонда анча кичик бўлган бу давлат ўша урушдан 2-3 йил олдин 1988 йилда бўлиб ўтган даҳшатли зилзила асоратларини ҳанузгача бартараф қила олмаган ва анча оғир аҳволда эди. Кейинчалик истеъфога чиққан рус зобитлари, ҳарбий учувчилари  ўшанда Тоғли Қорабоғ можаросида яширинча буйруқ билан Арманистон тарафида бўлиб Озарбайжонга қарши жанг қилганларини тан олиб чиққан эдилар. Бироз давом этган урушдан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг босими билан бу икки мамлакат урушни тўхтатишди. Тоғли Қорабоғ баҳсли ҳудудга айланди ва бу ҳудуд ҳам Абхазия ва Жанубий Осетиядай ўзини мустақил республика деб эълон қилди. Ўшандан бери бу ҳудуд нотинч бўлиб қолмоқда.  Ҳозирги кунда бу ерда ҳам Россия армияси жойлаштирилган.

10. Қозоғистон.

Бу давлат ҳам ўша мустақил бўлган 1991 йилдан буёғига Россияни "чизган чизиғидан" чиқа олмай келаётган  давлатлардан биридир.  Қозоғистон шимолида, Россия билан чегара ҳудудларда асосан русийзабон аҳоли истиқомат қилиши бу давлатнинг доимо Россия билан эҳтиёткорона муомала олиб боришига сабаб бўлиб келаяпти.

11. Туркманистон.

1991 йилда эълон қилинган мустақилликдан кейин бу давлат халқаро воқеа-ҳодисаларга қўшилмаслигини ва ўзини нейтрал давлат бўлишини эълон қилди. Ҳанузгача шу йўлдан кетмоқда.

12. Тожикистон.

Бу давлат 1991-92 йилда бўлиб ўтган фуқоролар урушидан сўнг иқтисоди ва қишлоқ хўжалиги оғир фалажланиб қолиши туфайли МДҲ давлатлари орасида Россияга энг кўп боғланиб қолган  давлат бўлди. Ўшанда фуқоролар уруши даврида  Россия ҳарбийлари бу давлатда тинчлик ўрнатишга ёрдам беришди. Аммо шу билан бирга Россия ҳарбийлари бу давлат ҳудудида мустаҳкам ўрнашишди. Ҳозирги кунда Россия армиясининг хориждаги энг катта базаси шу давлатда жойлашган. Ўша воқеалардан кейин мамлакат  жанубидаги анча хавфли бўлган Афғонистон билан бўлган узун чегарани тожик ҳарбийлари билан биргаликда рус ҳарбийлари ҳам қўриқламоқда.

13. Қирғизистон.

1990 йилда Молдавиядаги, Кавказ республикаларидаги талотўплар ортидан бу давлатда ҳам КГБ айғоқчиларининг гиж-гижлашлари ва Россиянинг қўллаши оқибатида мамлакат жанубида ўзбек миллатига қарши қирғизлар томонидан зўравонликлар уюштирилди. Мақсад бу тўполонларга Ўзбекистон томонини ҳам тортиш эди. Аммо ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти босиқлик қилди ва можарога аралашмади. Шу туфайли бу можаро қисқа муддатда барҳам топди.
Худди ўша 1990 йилги сценарий бўйича воқеалар 2010 йилда яна қайталанди. Яна бу давлат жанубида яшаётган ўзбекларга қарши қирғизлар томонидан мисли кўрилмаган хунрезликлар қилинди. Бунда ҳам мақсад можарога Ўзбекистонни тортиш бўлди. Аммо, Ўзбекистон раҳбарияти бу сафар ҳам совуққонлик билан иш кўриб можарога аралашмади ва қисқа муддатда можаро тинчиди. Ўшандан кейин бу давлатга ҳам Россия ҳарбийлари киришди ва ҳозирги кунда Бишкек яқинидаги Манас аэродроми қошида Россиянинг ҳарбий базаси жойлаштирилди. (Эслатиб ўтаман: Манас аэродомидаги ҳарбий база узоқ йиллар Афғонистонда ҳарбий амалиётлар олиб борган АҚШ ҳарбийларига хизмат қилди. Бундан уч йил олдин Россиянинг босими билан Қирғизистон томони бу базадан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юбориб уни Россия ҳарбийларига топширди.

14. Ўзбекистон.

Бизнинг давлатимиз 1991 йил мустақил бўлгандан "энди дунёнинг ҳар бир давлати билан тенг ҳуқуқлик асосида алоқалар ўрнатишини" эълон қилди. Ўша даврларда мамлакатимизнинг мустақиллика бўлган уринишларини кўриб Россия махсус хизмат ходимлари бизда ҳам турли можароларни чиқаришга уриндилар. Шулардан бири ўша Қирғизистон жанубида содир бўлган Ўш воқеаларига бизни ҳам тортиш бўлса, иккинчиси Фарғона водийсида месхети турклар билан ўзбеклар орасида низо келтириб чиқариш бўлди. Ўшанда воқеалар месхети туркларни кўчириб олиб кетиш билан тугалланди ва можаро катта тус олмади.

Юқорида Россия президенти Путиннинг Федерал мажлисга қилган Мурожатномасида гапирган гапларини келтирдим. Унинг гапларини эшитиб шу хулосага келаяпманки биз нихоятда ҳушёр бўлишимиз, Россиянинг турли тарғибот машиналарини мамлакатимизда ишлашига йўл қўймаслигимиз керак.
Бизнинг йўлимиз шуки у Россия бўладими, ёки бошқа давлатлар бўладими ўзаро тенг ҳуқуқлик асосида муносабат ва алоқалар ўрнатиш йўлидир. Кимки шуни ҳоҳламас экан, биз у билан яқин алоқа ўрнатмаслигимиз ва ўзаро муносабатларда масофа сақлашимиз керак. Аммо фуқороларимиз ниҳоятда сиёсий сезгир бўлишлари ва турли давлатлардан келаётган турли босимларни енгиб ўтишлари керак бўлади. Айниқса охирги йилларда Россия томонидан бўлаётган турли тарғиботларга учмасликлари лозим. Агар Россия  телеканалларини кўрсангиз улар Россияни минтақадаги энг "савобталаб ва ҳаммага яхшилик қиладиган давлат" деб таърифлайдилар. Амалда эса ҳаммаси тескари. Буни юқорида ёзганим минтақадаги турли давлатлар мисолида келтирдим. Ўша давлатларнинг аксариятида Россия ўша 1991 йилдан бошлаб бугунги кунгача ўз таъсирини бевосита ва билвосита давом эттириб келмоқда.

Мустақиллик шундай неъматки, буни ҳар биримиз қадрига етишимиз, асрай олишимиз, керак бўлса шу йўлда жонимизни фидо қилишга тайёр туришимиз керак.
Шундай экан ҳушёрликни қўлдан бермай яшайлик азиз юртдошлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий