Ортда қолган 2017 йилнинг декабрь ойида Россиянинг "РосАтом" давлат корхонаси раҳбари мамлакатимизга ташриф буюрди. Унинг ташрифи ОАВ ва интернет сайтларда ёритилар экан, кўпчиликда бир савол пайдо бўлди: "Яқин йилларда Ўзбекистонда ҳам Атом Электро Станция (АЭС) қуриладими?
Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ, чунки бу хақда ҳеч қандай расмий хабар берилмади. Аммо "РосАтом" раҳбарининг фикрича Ўзбекистонда бемалол кичикроқ хажмда АЭС қурса бўлади ва бунга ҳамма шароит бор. Ана ўшанда Ўзбекистон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб ундан ортган электр энергиясини экспорт қила олади ва электр энергиясини импорт қилувчи давлатдан уни экспорт қилувчи давлатга айланади.
Агар келажакда Ўзбекистонда АЭС қуриладиган бўлса масаланинг энг муҳим томони АЭСнинг хавфсизлик даражаси қандай бўлади? 2011 йилда Япониядаги "Фукусима" АЭС да юз берган ҳалокатдан сўнг одамлар ўртасида АЭСларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди, шу жумладан юртдошларимизда ҳам. Аммо бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдик-ки "Фукусима" АЭСида содир бўлган ҳалокатдан сўнг Япониядан бошқа биронта давлатда АЭСлар фаолияти тўхтатилгани йўқ. Ҳатто жаҳон бўйлаб қурилаётган янги АЭСларнинг ҳам қурилиши давом эттирилаяпти. Япониядаги ҳолатга келсак мамлакат бош вазири Синдзо Абе ўз чиқишларидан бирида Японияда АЭСлар фаолияти қайта тикланишини ва бу учун олдин ҳамма АЭСлар қаттиқ назоратдан ўтказилиб хавфсизлик талабларига жавоб берганлари кечиктирилмасдан қайта ишга туширилишини айтиб ўтган.
Агар АЭСларнинг дунё бўйлаб жойлашиш манзилларига қарайдиган бўлсак энг кўп АЭС Европа қитъасида (Россия билан бирга) жойлашганини кўрамиз. Иккинчи ўринда Шимолий Америка жойлашган. Учинчи ўринда Осиё қитъаси туради. Экспертларнинг фикрича яқин келажакда Осиё қитъаси АЭСлар сони бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олади. Чунки дунёнинг иккинчи иқтисодиёти мақомига кўтарилган Хитойда йилдан йил электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб бораяпти ва ҳукумат эскиларини эксплатация қилиш билан бирга янги АЭСлар қуриш йўли билан бу муаммонинг ечимини хоҳлаяпти. Шунингдек Хиндистон ҳам ошиб бораётган электр энергия талабларини янгидан-янги АЭСлар қуриш йўли билан қондирмоқчи. Шунингдек Веътнам давлати ўзининг илк АЭСини 2019 йилда ишга туширишни мўлжаллаяпти. Осиёнинг бошқа айрим мамлакатлари ҳам келажакда ўз давлатларида АЭСлар қуриш истиқболларини хомчўт қилмоқдалар.
Тўртинчи ўринда эса Аргентина ва Бразилияда жойлашган бир неча АЭСлари билан Жанубий Америка турибди.
Бешинчи ўринда эса Африка қитъаси жойлашган. Бу қитъада АЭСлар ҳозирча фақатгина ЖАРда бор. Аммо қитъанинг бир неча мамлакатлари яқин келажакда АЭСлар қуриб ўзларидаги электр энергияси тақчиллиги муаммосини йўқотишни режалаштираяптилар. Бу йўлда Судан илк қадамларни ташлади. 2017 йилнинг 26 декабрь куни "РосАтом" ва Судан ҳукумати ўртасида Суданда АЭС қуриш ҳақида шартнома имзоланди.
АЭСларнинг мамлакатлар бўйлаб тақсимланишида эса АҚШ мутлақ биринчи ўринда бораяпти. Бу мамлакатда юзга яқин атом реактори ишламоқда. Кейинги ўриндаги Францияда 58 та реактор ишлаяпти. Учинчи ўринда эса ҳозирча реакторлари вақтинчалик тўхтатилиб ишламай турган бўлса-да Япония туради, 43 та атом реактори бор.
1. АҚШ. 99 реактор ишлаяпти, 4 қурилаяпти.
2. Франция. 58 реактор ишлаяпти, 4 қурилаяпти.
3. Япония. 43 бор ва уларнинг ҳаммаси ҳозир тўхтатилган.
4. Хитой. 35 реактор ишлаяпти, 22 қурилаяпти.
5. Россия. 35 реактор ишлаяпти, 7 қурилаяпти.
6. Жанубий Корея. 25 реактор ишлаяпти, 3 қурилаяпти.
7. Ҳиндистон. 22 реактор ишлаяпти, 5 қурилаяпти.
8. Канада. 19 реактор ишлаяпти. Янгилари ҳозирча қурилмаяпти.
9. Украина. 19 реактор ишлаяпти.
10. Буюк Британия. 15 реактор ишлаяпти.
Энди дунёдаги АЭСларнинг энг йириклари рўйхатига қарасак ишламаётган бўлса-да Япониянинг "Фукусима" АЭС дунёдаги энг катта АЭС ҳисобланади.
Иккинчи ўринда эса Япониянинг яна бир АЭС "Касивадзава-Карива" туради.
Катталиги жиҳатдан дунёда учинчи ўринда эса Украинани "Запарожье" АЭС туради.
Энди АЭСларни мамлакат энергия ишлаб чиқаришдаги улушига қарайдиган бўлсак энг катта кўрсаткич Франция ва Украинада; АЭСлар улуши бу мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 50% сал ошиғроғини ташкил этади. Қолган мамлакатларда эса 1% дан 15% фоизгача бўлган кўрсаткични ташкил этади.
Дунё Атом Энергетикасини эса IAEA ( International Atomik Energy Agency, русчаси МАгАтЭ, Международное агентсво по Атомной Энергии), Халқаро Атом Энергетикаси Агентлиги бошқариб боради.
Ҳаммаммзга маълумки Ер юзида энергетика ресурслари жудаям нотекис тарқалган. Бир ҳудудда катта-катта нефть-газ ёки кўмир конлари бўлса, иккинчи ҳудудда умуман ҳеч нарса йўқ. Ана ўша энергетика ресурслари йўқ ёки кам бўлган ҳудудларда жойлашган мамлакатларнинг аксарияти ўз мамлакатидаги энергия тақчиллигини яқин келажакда АЭСлар қуриш билан ҳал қилмоқчи. Масалан, Собиқ Иттифоқ даврида АЭСлар фақат Россия ва Украинада қурилган эди. Бошқа иттифоқдош республикаларда АЭС қурилмаган. Аммо бугунги кунда Беларусда янги АЭС қурилиши жадаллик билан давом эттирилаяпти. Қозоғистон яқин келажакда АЭС қуришни режалаштирмоқда. Шунингдек бу минтақа билан чегарадош бўлган Туркияда РосАтом билан ҳамкорликда АЭС қуриш ишлари бошлаб юборилган. Умуман олганда жаҳондаги аксарият ривожланаётган давлатлар келажакда энергия тақчиллигини АЭСлар қуриб, фойдаланиб ҳал қилишни мўлжалламоқдалар. Тўғри, бугунги кунда дунё давлатлари орасида қуёш энергияси, шамол энергияси, ҳатто денгиз тўлқинларидан энергия олиш каби қайта тикланувчи энергия олиш технологиялари ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда, аммо шу билан бирга АЭСлар қуришга ҳам асло қизиқиш камайгани йўқ. Қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларидан кўра АЭСлар қуриш катта харажатни талаб қилгани учун кўп давлатлар ҳозирча ўзларида АЭСлар қуришни кечиктириб туришибди холос.
Энди хавфсизлик масалаларига келсак АЭСлар тарихида иккита ҳалокат бўлган. Бири Чернобиль, иккинчиси Фукусима АЭСларида. Ҳар иккаласида ҳам ҳалокатлар табий равишда эмас, балки инсон хатолари билан юз берганини ва дунёдаги қолган барча АЭСларда 500 га яқин Атом реакторларининг ишлаб турганини инобатга олсак АЭСлар одамлар ўйлаганидай хавфсизлик ва экологияга жиддий хавф соладиган иншоот эмас.
Ўтган асрнинг охирларида содир бўлган Чернобиль АЭС ва янги асрнинг бошида содир бўлган "Фукусима" АЭС ҳалокатлари одамларда АЭСларга қарши салбий тасаввур уйғониши учун етарли бўлди. Аммо энергетика заҳираларининг дунё бўйлаб нотекис тарқалиши, йилдан-йил ўсиб келаётган иқтисодиёт ва аҳоли сонининг ошиши ва шу каби бошқа омиллар турли давлатларда янгидан янги АЭСлар қурилишига сабаб бўлаяпти. Албатта, АЭСларнинг атроф-муҳит ва экологига зарари бўлиши мумкин, аммо энергетик мустақиллик ҳаммасидан муҳимроқдир.
Энди биз ўзимизга тегишлисига ўтсак; хўш, мамлакатимизда АЭС қуриш қанчалик истиқболли ёки аксинча бўлади. Юқорида ҳам ёздим энергия мустақиллигига эришиш ҳар бир давлат учун муҳим ҳисобланади. Шу жумладан биз учун ҳам.
Бизда шу пайтгача электр энергиясининг етишмаётгани аччиқ бўлсада ҳақиқат эди. Уни бугунги кунда ён қўшнимиз Қирғизистондан импорт қилиб олаяпмиз, келажакда Тожикистондан олишимиз ҳақида гап-сўзлар бўлаяпти, аммо мамлакатимиз учун энергетика мустақиллиги кўп нарсани англатади. Чунки четдан импорт қилиб олинадиган электр энергияси исталган вақтда тўхтаб қолиши мумкин. Бунга сиёсатчиларнинг арзимаган бир оғиз гапи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Йўқ, мен бизнинг қўшниларимиз билан муносабатларимизни яхшилаш учун юритаётган ташқи сиёсатимиз тескари тарафга ўзгаришига ишонмайман, биз келажакда ҳам қўшниларимиз билан дўстона муносабатда бўлаверамиз, аммо уларнинг келажакда бизга нисбатан муносабатлари қандай бўлади, буни ҳам инобатга олиб қўявериш керак. Бу масаланинг муҳим бир томони.. Иккинчи томони шундан иборатки бизга электр энегиясини экспорт қилаётган Қирғизистон уни асосан ГЭСларда ишлаб чиқаради. Шу учун ҳам маълум бир йилларда об-ҳаво ноқулай келса ва ёғингарчилик кам бўлса уларда электр энергиясини ишлаб чиқариш камаяди ва буни натижасида улар бизга электр энергиясини мўлжалдан камроқ экспорт қилишлари ва шу туфайли бизда яна узилишлар бўлиши мумкин. Ана шу жиҳатдан олиб қараганда биз ўзимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб АЭС қурсак ва буни натижасида энергетик мустақилликка эришсак ҳам мақсадга мувофиқ иш бўлади.
РосАтом раҳбарининг юртимизга ташрифидан сўнг аҳоли орасида: "Агар бизда АЭС қуришса уни қайерда қуришади. АЭС реакторларини совутиш учун кўп сув керак, ўша сувни қайердан олишади? Унинг хавфсизлиги қандай бўлади?" деган саволлар пайдо бўла бошлади. Масаланинг бошқа жиҳатларига жавоб беришни соҳа мутахасисларига қолдириб "Унинг хавфсизлиги қандай бўлади?" деган саволга жавоб беришга уриниб кўраман.
Сиз агар дунё бўйлаб АЭСлар жойлашган ҳудудларни кўрар экансиз уларнинг аксарияти аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қурилганига гувоҳ бўласиз. Ҳатто ўша АҚШда ҳам ёки Хитой ва Японияда ҳам, Европа давлатларида ҳам, Украина ва Россияда ҳам АЭСлар аҳоли пунктлари орасида қурилганини кўрасиз. Ҳатто Белорусда қурилаётган янги АЭС шундоққина Беларусь-Литва чегарасига яқин ерда қурилаяпти ва АЭС билан Литва пойтахти Вильнюс шаҳрини бор йўғи 50 км масофа ажратиб турибди. Ёки бир пайтлар Собиқ Иттифоқ даврида Шарқий Европадаги собиқ социалистик лагерга кирувчи Венгрия, Болгария, собиқ Югославияда қурилган АЭСлар ҳам йирик шаҳарлар яқинида қурилган эди. Шундай экан АЭСлар пишиқ ва пухта қилиб қурилса ва кейин уни бошқаришда ҳам кучли назорат олиб борилиб хатога йўл қўйилмаса АЭСларда анча-мунчада ҳалокат содир бўлмайди. Хозирги кунда дунё бўйлаб 500 га яқин атом реакторининг ишлаб тургани ва уларнинг орасида бор йўғи иккитасида инсонларнинг хатоси билан ҳалокат содир бўлгани ҳам буни исботидир.
Албатта, келажакда мамлакатимизда АЭС қуриладими ёки йўқми буни вақт кўрсатади. Аммо энергетик мустақиллик биз учун муҳим ва долзарб муаммо бўлиб кун тартибимизда тураверади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий