Сарлавҳани кўриб ҳайрон қолаяпсизми "гап нима ҳақда экан" деб? Мен бугун "катта жамоа"лар ҳақида ёзмоқчиман. Уларнинг нега катта эканлигини эса сабр қилиб ўқиб бораверсангиз тушуниб оларсиз.
Менинг ўзимни футбол масаласида шахсий мулоҳазаларим ва шахсий фалсафам бор. Ана шу фалсафамга кўра дунё футболида миллий терма жамоалар орасида ҳам, миллий чемпионатларда иштирок этадиган оддий жамоалар орасида ҳам "катта жамоа"лар бор. Уларнинг "катта жамоа" даражасига чиқишининг ва фалсафамга кўра "катта жамоа" деган ном олишларининг асосий сабаби улар ҳал қилувчи паллада ўзларини тутиб оладилар ва ўзларига керак бўлган натижани кўрсата оладилар. Юқорида ёзганимдай бундай "катта жамоа"лар миллий терма жамоалар орасида ҳам бор, миллий чемпионатларда ўйнайдиган жамоалар орасида ҳам бор. Масалан ўша дунёга донғи кетган Реал, Барселона, Бавария, Ювентус, МЮ, МС, Челси каби жамоалар ана шундай жамоалар сафига кирадилар. Бу сафга яна анча жамоаларни киритсам бўларди. Аммо рўйхат узун бўлиб кетишида мантиқ кўрмадим учун шуларни ёздим холос.
Миллий терма жамоалардан эса Бразилия, Аргентина, Франция, Италия, Германия каби терма жамоалар катта жамоалар ҳисобланишади.
Бу ерда ҳам рўйхатни қисқароқ қилдим. Зеро ёзмоқчи бўлганим қандайдир терма жамоа ҳақида эмас, балки ўз футболимиз, ўз терма жамоамиз ҳақида. Шу учун катта жамоалар сафига яна қайсидир терма жамоани киритаманми ёки йўқми буни аҳамияти йўқ.
Юқорида баъзи жамоаларни нега "катта жамоа"лар ҳисоблашимни айтдим. Энди ўзимизга тегишли бўлган Осиё минтақасига келсак Япония, Корея, Австралия, Эрон терма жамоалари менинг ўша ҳеч ким тушунмайдиган футбол фалсафамга кўра "катта жамоа"лар ҳисобланишади.
Эслайлик, биз олдинги ЖЧ нинг саралашида М.Қосимов мураббийлигида Жанубий Кореяда шу юртнинг терма жамоасига қарши ўйнаганмиз. Агар ўша ўйинни ютсак ЖЧга чиқамиз. Агар дурранг ўйнасак ҳам бизда зўр имконият бўлади. Ж.Кореяга эса фақат ғалаба керак. Ана шундай ҳолатларда "катта жамоа"лар ўз ишларини қилишади ва ўзларига керакли натижани қўлга киритишади. Тўп бизнинг дарвозамизга А.Шораҳмедовга тегиб автогол сифатида кириб кетадими ёки корейслар пенальтидан уришадими аҳамияти йўқ. Корейслар ўзларига сув ва ҳаводай керак бўлган уч очкони барибир қўлга кириташади вассалом. Ва улар менинг фалсафам бўйича "катта жамоа" бўп қолаверишади.
Демак, "катта жамоа"лар шундай жамоаларки энг керакли пайтда улар ҳар қандай йўл билан хоҳ у мураббийнинг баланпарвоз гаплардан иборат интервьюси орқали рақибга майдон ташқарисида ўйиндан олдин руҳий зарба берибми ёки бошқа ишлар биланми барибир ўз мақсадларига эришадилар. Кичиклар эса ярим йўлда қолиб кетаверадилар.
Шу тобда мен нега "катта жамоа"ларни эслаб қолдим. Сабаби биз мустақилликка эришган йилларимиздан бошлаб ҳанузгача "катта жамоа"ларга яқинлаша олмаяпмиз. Уларни шунчаки енгга олмаяпмиз. Лекин "катта жамоа"лардан бири бўлиш ҳақида ниятимиз, орзуимиз бор. Аммо ҳаракатимиз, аниқроғи бу йўлда аниқ-тиниқ ёзилган режамизни ўзи йўқ.
Эсланг, Хитой ҳам биздай эди. Аммо улар узоқ йиллик режалар тузиб катта жамоа бўлиш иштиёқида тинимсиз ҳаракат қилмоқдалар ва тахминимча уларнинг бу йўлдаги меҳнатлари яқин йилларда ўз мевасини беради ва Хитой терма жамоаси ҳам "катта жамоа"лар сафига қўшилади.
Шу тобда қандайдир "катта жамоа"лар деб бошингизни қотираётганимнинг сабаби билдингиз "катта жамоа" бўлиш мақсадга эришиш йўли билан бўлади ва бизда ҳам ҳозир ўз мақсадимизга эришишимиз учун зўр имконият юзага келган. Яъни бизнинг терма жамоамиз ЖЧга чиқиши учун кимнидир қоқилишини ёки кимнидир камроқ тўп ўтказиб, кимнидир кўпроқ тўп уришини кутмаймиз. "Қолган иккита ўйинни ют ва ЖЧга чиқ". Нисбатан осон иш. Аммо биз "катта жамоа" бўла олмаганимиз учун ҳам терма жамоамизнинг қолган иккита ўйинни ютиб ЖЧга чиқишига аксарият мухлислар ишонишмаяпти. Лекин барибир бу имкониятдан максимал фойдаланишимиз ва хозирча "катта жамоа" бўла олмасакда ўша Ж.Корея каби "катта жамоа"ларга қарши муносиб ўйнай олишимизни, уларни мағлубиятга учрата олишимизни ҳаммага кўрсатадиган вақт келди. Агар ҳаммаси ўйлаганимиздай бўлиб қолган иккита ўйинни ютиб ЖЧга чиқа олсак ишонинг уёғи минтақамиз бўйича ўлчаганда "катта жамоа"лардан бири бўлишимиз учун бор йўғи бир қадам қолади холос. Атиги бир қадам.
Биламан шу фикрларни терма жамоа мураббийлари ва футболимиз раҳбарлари ҳам ўйлашаяпти. Аммо қуруқ ўйлаш бн иш битмайди жаноблар. Ишлаш керак, ҳаракат қилиш керак. Охиригача курашиш керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий