среда, 7 июня 2017 г.

Парадокс

Тасаввур қилинг сиз кам таъминланган оиласиз ва давлатнинг ижтимоий ёрдамига мухтож бўлиб қолдингиз. Ёки фарзандли бўлдингиз ва ўша туғилган фарзандингиз учун давлат ажратадиган суюнчи пулини олишингиз керак. Ёки ўша туғилган фарзандингиз учун икки ёшгача бўлган болаларга бериладиган нафақа олмоқчисиз. Бу учун биринчи навбатда маҳалла раисига учрашасиз. Маҳалла раиси сизни фарзандингиз туғилганини қўлингиздаги гувоҳномага қараб аниқ билса ҳам ёки сизнинг кам таъминланган оила эканингизни шароитингиздан аниқ билса-да яна ўша ўзингизга тегишли пулларни (албатта-да, ахир давлат ижтимоий ёрдам пулларини сизга ўхшаган кам таъминланган оилаларга бериш учун ёки хотинингизни туққани учун унга суюнчи пули берилишини ёки оилавий аҳволингизга қараб болангизга икки ёшгача "парвариш пули" тўланишини қонунан жорий қилиб қўйибди) олишингиз учун сизни қўлингизга халқ тили билан айтганда "тахлаб" келишингиз учун бир гала ҳужжатларнинг рўйхатини беради. Ҳаммаси аниқ ва равшан; кам таъминланган оиласиз ёки хотинингиз туққан, аммо сиз ўша маҳалла раиси қўлингизга берган рўйхатдаги ҳужжатларни унга тақдим этмас экансиз гарчи аниқ ўзингизга тегишли бўлса ҳам ўша ёрдам пулини ёки ҳатто суюнчи пулини ҳам ололмайсиз. Ҳатто рўйхатдаги уч-тўртта ҳужжатдан биттасида камчилик бўлса ҳам пулни ололмай юраверасиз. Қонун ҳамиша қонун. Шу учун сиз ҳеч қандай эътирозларсиз маҳалла раиси берган ҳужжатларни келтирасиз.

Аммо...., аммо негадир қандайдир давлат ташкилотлари, муассасалари сиздан пул олмоқчи ёки йиғмоқчи бўлсалар уларнинг қўлида қандайдир қонуний ҳужжати бўлмайди. Энг қизиғи сиз ўша беришингиз керак бўлган пул учун қандайдир ҳужжат сўрасангиз сиздан хафа бўлишади ва сизни дарров "давлат сиёсатига қарши бўлган одам"га чиқаришади қуйишади. Масалан, мактабда ёки коллежда ўқийдиган болангиз ўқитувчиси металлом ва макалатура олиб боришини  сўраётганини айтади. Уйингизда металлом йўқ. "Болам, уйимизда металлом йўқ, бориб ўқитувчингга айт" дейсиз. Эртаси куни болангиз "дада уйимизда металлом бўлмаса пулини олиб борар эканман" деди. "Хўш, бу иш қайси қарор билан ёки қайси қонун билан қилинаяпти?" деб сиз ҳеч кимдан ҳужжат сўрай олмайсиз. Мабодо сўрасангиз дарров "нима сиз давлат сиёсатига қаршимисиз?" дейишади.

Ёки кўп жойларда чироғи ёнадими ёки ёнмайдими бюджет ташкилотида ишлайдиган одамларнинг маъошларидан қандайдир суммалар (аниқ билганим мактаб ўқитувчилари 40.000 сўм, коллеж ўқитувчилари 50.000 сўм) мажбурий ушлаб қолинаяпти. Шу туфайли чироғи унча кўп ёнмайдиган жойларда яшаётган "бюджетниклар" ёқилмаган чироқ учун электрчиларни минглаб киловатт чироқ учун қарз қилиб қўйишган, аммо ҳар гал янги маъош тарқатилганда уларнинг маъошидан яна чироқ учун ушлаб қолаверишади. "Ошиқчаси билан тўлаб қўйибман, яна оласанми" деб ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Мабодо эътироз билдирса ҳам "бу давлат сиёсати" деб эътирозчининг оғзига уришади ва "нима сиз давлат сиёсатига қаршимисиз?" дейишади.

Энди бошдан дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўрайлик. Нега кимнидир ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши ёки кимлардандир талаб қилиши "давлат сиёсатига қарши бўлиш" деб баҳоланиши керак?
Аслида эса "қандайдир маъсул шахслар ўз вазифасини сидқидилдан бажармагани бу уларнинг давлатимизнинг "ҳамма нарса халқ учун, халқнинг фаровонлиги учун" сиёсатига қаршилигини билдиради"ку!  Пардоксни қаранг-ки кимлардир ўзига тегишли вазифани бажармай, қонун-қоидаларга зид иш юритади-да, унинг ўша ноқонуний иши юзасидан сиз эътироз билдирсангиз у эмас балки сиз "давлат сиёсатига қарши" деб таърифланаверасиз, "давлат сиёсатига қарши чиқувчи шахс" бўлиб баҳоланаверасиз.
Хўш, аслида ўз вазифасини бажармаётган маъсул шахс давлат сиёсатига қаршими ёки ўз ҳаққингизни таниганингиз ва талаб қилганингиз учун сиз қаршимисиз? Буни менга ким тушинтиради?

Р.С. Бу масалада кўп ўйлайман. Наҳотки давлатимиз шунақа сиёсат олиб бораётган бўлса. Йўқ, асло йўқ. Қонунларга қарасангиз асло ундай эмас. Фақатгина айрим маъсуллар ана шу нарсани тушунмаяптилар ёки Давлат тараққиёти йўлига тўғаноқ бўлмоқдалар. Аммо бу ҳам вақтинчалик ҳолат. Худо хоҳласа кун келиб ҳаммаси из-изига тушади ва умид қиламиз сизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилишингиз асло "давлат сиёсатига қарши"лик билан баҳоланмайди.

суббота, 3 июня 2017 г.

"Садоқат"гача бўлган йўл ёки қайсар Тотти.

Бундан бир неча кун олдин Италиянинг "Рома" жамоаси ўйинчиси Франческо Тоттининг футбол билан хайрлашгани кўпчилик футбол мухлисларни ҳаяжонга солди. Йўқ, Тотти топ-футболчилар сафига кирмайди. Унинг бисотида совринлар кам. Футбол мухлисларини ҳаяжонга солган ҳолат унинг футбол билан хайрлашгани учун эмас, балки фаолияти давомида фақат битта жамоа таркибида узоқ йиллар садоқат билан тўп сургани учун эди.

Ҳа, у бутун футболчилик фаолиятини биргина Римнинг "Рома" жамоаси сафида ўтказди. Ўз вақтида унга Европанинг манаман деган жамоаларидан таклифлар тушган. Аммо у ўз жамоасини ўзгартиришни хоҳламаган. Унинг бу иши таҳсинга сазовор. Аммо танганинг яна бир томони бордай Тоттининг ҳам фаолиятини Ромада тугатишига яна бир сабаб бор. Ана ўша сабаб туфайли Тотти "Рома"да охиригача қола олди.

Маълумки ҳар қандай кучли ўйинчи ўз жамоасига Тоттидай садоқат билан ҳар қанча хизмат қилмасин ёши ўтиб боравергани сайин барибир жамоа мураббийлари, раҳбарлари ёши ўтиб бораётган ундай ўйинчилардан қутилишга ҳаракат қилишади. Улар бу йўлда баъзи ўйинчиларни сотиб қутилишса, баъзиларига шунчаки жамоадан чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишади ва ўша "қария" ўйинчи ўзига жамоа топишга ўзи уринади ёки биратўла фаолиятини тугатиб қўя қолади. Тотти билан эса бундай ҳолат бўлмади. Бунга сабаб эса у ёши ўтиб боравериб мураббийлар томонидан "жамоага керак эмас" деб хулоса чиқариладиган пайтда характер кўрсатиб ўша ўзини "чиқитга чиқараётган" мураббийлар билан аёвсиз талашди. Ҳар гал шартномаси тугайверадиган маҳалда  эркин агент сифатида жамоадан ҳайдаб юбормасликлари учун у жамоа раҳбарлари билан муросасиз курашди. Ҳа, у ўзини бахшида қилган жонажон жамоаси сафида фаолиятини тугатгунича қолиш учун бир сўз билан айтганда том маънода жанг қилди. Тоттининг ана шу қизиққонлиги ва ўзи учун курашгани ҳам маълум маънода унинг "Рома"да 40 ёшигача қолишига сабаб бўлди. Агар у ҳам бошқа баъзи ўйинчиларга ўхшаб жамоа мураббийи ва раҳбарияти олдида "одобли бола" бўлиб турганида "Рома"да ишлаган раҳбарлар ва мураббийлар уни ҳам эрта чиқитга чиқарар эдилар ва фаолиятини "Рома"да тугатишига имкон бермасдилар.

Шу ўринда Тоттидай ўз жамоаларида афсона бўлишга улгурган Касильяс ва Раулларни эслаб ўтишни жоиз деб топдим. Кўпчилик уларни ўз жамоасига садоқат кўрсатмасликда айбламайди, аммо садоқатдан гап кетганда уларни эсламайди ҳам. Шу ўринда улар жонажон жамоаларидан ўз ихтиёрлари билан кетмаганларини биров билса, биров билмайди. Уларнинг хар иккаласи ҳам Мадриднинг "Реал" жамоаси учун жонларини беришган эди. Ва улар иккаласи ҳам ўз фаолиятларини  "Реал"да тугатиш орзусида эдилар. Ўша пайтларда буни улар ўз интервьюларида бот-бот такрорлашар эди. Аммо "Реал" мураббийлари ва жамоа раҳбарлари уларга бундай имконни бермадилар ва ҳатто биттагина хайрлашув ўйинини ҳам насия қилиб уларнинг иккаласини ҳам олдинма кейин жамоадан шунчаки хайдаб юборишди. Ана ўшанда бу икки футболчига Тоттидагидай курашувчанлик хислати етишмади ва улар иккиси ҳам бошларини эггунча кўзда ёш билан Реални тарк этишди.
Шу ерда "уларга Тоттидагидай курашувчанлик етишмади" деяпману аммо уларда ўша курашувчанлик бўлганда ҳам уларни барибир "Реал"дан кеткизишар эди. Чунки "Реал" "Рома" эмас. "Реал"нинг раҳбари хам Тотти мухлисларининг нафратидан қўрқадиган "Рома"нинг рахбаридай раҳбар эмас. Агар ўшанда Касильяс ва Раулда курашувчанлик ва журъат бўлганда ҳам қаҳри қаттиқ "Реал" раҳбарияти уларни турли йўллар билан барибир жамоадан кеткизарди. Шу туфайли ҳам Тоттининг раҳбарият борасида ҳам омади келган. Агар у умрини "Реал"га бағишлаб шу жамоада тўп сурганда "Реал" раҳбарияти унга "Рома" раҳбарияти берган имкониятни умуман бермасди. Шунчаки Рауль ва Касильясга ўхшаб хайр-хўшни ҳам насия қилиб шунчаки жамоадан кетказиб  юборишар эди.

Эсланг, фаолиятининг охирги 4-5 йилида Тотти қанчалик синовларга дучор бўлганини. "Рома"га келаётган ҳар бир мураббий охирги йилларда унга ўйин амалиёти бермасликка ва шу йўл билан қаҳрамонимизни жонидан тўйдириб жамодан кетказишга уринди. У эса ҳар икки гапининг бирида мураббий унга ўйнаш учун имконият бермаётганини ва агар имконият берилса ҳали "Рома" учун бор кучини бериб ўйнашга тайёрлигини тинимсиз таъкидлайверди. Унинг бу сўзлари "Рома" ишқибозларига бошқача таъсир қиларди ва улар стадионда ҳам, жамаоанинг машғулотлар базасида ҳам тинимсиз Тоттини қўллаб-қувватладилар ва доим "Тоттига имкон бер", "Тотти биз сен билан" каби баннерларни кўтардилар. Тотти доим мухлислар ардоғида эканини билиб доим ўзига ўйин амалиёти бермаётган мураббийларга дадил қарши чиқаверган бўлса, мухлислар нафратига йўлиқишдан чўчиган мураббийлар ва раҳбарият эса Тоттига барибир ҳатто заҳирадан тушириб бўлса-да ўйнаш имкониятини бердилар. Ва охир-оқибат бундан ҳамма ютди. Тотти садоқат бобида афсона бўлди. Унга имконият берган мураббийлар ва раҳбарият мухлислар олқишига ва меҳрига сазовор бўлди. Аммо энг муҳим ишни характер кўрсатиб, курашиб Тоттини ўзи кўрсатди.
Касильяс ва Раулга ўхшаганлар эса ўз характерлари ва бўшликлари учун садоқат кўрсатишда Тотти даражасига чиқолмадилар. Аниқроғи уларнинг Тотти даражасига чиқишлари учун шунчаки имкон беришмади холос.