Бугун варрак учираётган бир болани кўриб болалигим эсимга тушиб кетди. Мен болалигимда, у пайтда ҳали мактаб ўқимасдим, осмонда варракни ўзи учади деб ўйлардим. Ипсиз ва бировнинг бошқарувисиз. Нега бунақа ўйлаганимни ҳалигача тушунмайман. Акс ҳолда болаларнинг варракларини ғалтаклар ёрдамида учиришганини неча марталаб кўрганман. Ишонсангиз, ҳатто бир марта уйимиз тепасида учаёган варракни пастга, олдимга тушишини бир неча соат кутганман. Охири зерикиб кўчага ўйнагани чиқиб кетганман.
Ҳозиргиларни билмайман-у, бизнинг болалик давримизда ҳар фаслнинг ўз ўйинлари бўларди. Қишда қорбўрон, баҳорда варрак учириш, ёзда ғўра бўла бошлаши билан ёнғоқ ўйнаш, кузда эса ланка тепардик. Ҳеч қайси бола кузда варрак учириб, баҳорда ланка тепмасди.
Ҳозирги болаларга мазза. Хоҳласа Хитойдан келтирилган тайёр варрак бор. Хоҳласа ҳар қандай плёнка материалга ингичка ёғочни Х қилиб боғлаб варрак қилиб учириб кетаверади. Бизнинг болалигимизда эса варракдор бўлиш қийин масала эди. Ёш болалар минг уринишмасин варрак ясай олишмас эди. Мабодо ясасалар ҳам унча ўхшата олишмас, ясаган варраклари осмонга чиққандан кейин туғри учмасдан "шох ташлаб" безор қилиб юборарди. Шу сабабли ҳам варракни кўпинча ёши каттароқ одам қилиб берарди.
Варрак ясаш ўшанда катта бир бош оғриқ эди. Олдин маҳалладаги магазинчини олдига бориб харидорларни нарсасини ўраб берадиган қоғозидан олиш учун илтимос қилиш керак. У ёш болаларга қоғоз бермайди. Ишга амакимизни ,ёки дадамизни қўшамиз. Улар сўрашса магазинчи йўқ демай беради. Ана ундан қамиш қидирардик. Бир амаллаб қамиш топганимиздан кейин елим ўрнида ишлатиш учун бир пиёла суюқроқ хамир ясаб, ана ундан кейин "ҳамма нарса тайёр, варрак ясаб беринг" деб дадамизга ёки амакимизга харшаха қилишга ўтардик. Тўғри, юқорида айтганимдай унгача варрак ясашга ўзимиз ҳам уриниб кўрган ва варрак ясашни ўхшата олмаган бўлардик. Катталарнинг эса бизга варрак ясаб беришга баъзида вақтлари бўларди, баъзида эса йўқ.
Бир амаллаб варракни ясатиб олганимиздан кейин унга дум ва уни учириш учун ғалтак топиш муаммоси пайдо бўларди. Думни-ку уйдан эски латта-путталарни йиртиб, бир-бирига боғлаб эплардик, аммо ғалтак муаммо бўларди. Онамиз уйдаги тикиш-бичиш ишларида ишлатадиган ғалтакни бермасди. Магазинда ўша пайтда беш тийин турадиган ва номи "ўнинчи ғалтак" деб аталадиган ғалтакни олишга эса ҳар доим ҳам пул топа олмас эдик. Онамизни бизга ғалтак бермасликларини сабаби бизнинг варрак учиришимиз кўп эди. Ғалтак ишлатишимиз кўп эди. Шу туфайли ҳам ўзи ишлатишга олиб келган ғалтагини бизга ҳадеб беравермас эди. Яна ғалтак учун пул топа олмаганимизда уйдаги ғалтакни секин онамизга билдирмай ўғирлаб чиқардик. Ҳар гал варрак ясар эканмиз онамиз ғалтакни бекитиб қўярди ёки "ғалтакка тегманглар" деб қаттиқ огоҳлантирар эди. Биз эса барибир, ё ўғирлардик ёки сотиб олишга пул топардик.
Катталар ясаб берган варрак бизни азиз нарсамизга айланарди. Болалар тортқилаб йиртиб қўяди деб уни анча-мунчага кўчага кўтариб чиқавермасдик. Тўполончироқ ёши катта болалар "кел бирга учирайлик" деб варрагимизни қўлимиздан олиб қўйиши ҳам мумкин эди-да.
Эсимда ана шундай машаққат билан ясалган биринчи варрагимни учириш учун маҳалламиздаги тепаликка олиб чиқдим. Ёнимда бирга учиришни хоҳлайдиган "меҳрибон" акалар пайдо бўлишди. "Учираману, осмонга чиққандан қўлингга бераман" деб биттаси варрагимни қўлимдан олиб учира бошлади. Шамол яхши эсиб турибди. Варрагим осмону фалакка кўтарилиб кетди. Ҳалиги бола варрагимни ипини қўлимга тутқазди. Ғалтакни охиригача қўйиб юбордим. Варрагим осмонда нуқтадай кўриниб қолди. Шу онда хаёлимга ўша икки соат тагида ўтириб пойлаганим ва олдимга тушмаган "ипсиз" учадиган варрак эсимга тушди. Мен ҳеч нарсани ўйламасдан варрагимни варрагимни ўшандай бировни бошқарувисиз учишини хоҳлаб ипини қўйиб юбордим. Олдимдаги "меҳрибон" ака "нима қилдинг ахмоқ?" деди-ю варрагимни тушган жойидан олиш учун тепаликдан пастга ўқдай отилиб кетди. Варракни ипи узиладими ёки қўлдан чиқиб кетадими бориб тушган жойидан биринчи бўлиб ким бориб олса варрак ўшаники ҳисобланарди. Эгаси бошқа даъво қила олмас эди. Бу болалар ўртасида ёзилмаган қоидага айланарди. Варрагимни қўйиб юборганимдан "меҳрибон" аканинг варрагимни тушадиган жойини мўлжаллаб ўқдай югириб кетишининг сабаби шу эди.
Қўйиб юборган варрагим мен хоҳлаганимдай осмонда учмади. Чайқала-чайқала қайергадир тушди. Шунда биринчи марта варракнинг бошқарувсиз ўзи уча олмаслигини билдим. Унгача эса варракни осмонга чиқариб қўйиб юборишади ва у эркин ҳолда қанот қоқиб ўзи учади деб ўйлаган эканман. Хато қилганимни, адашганимни билдим. Машаққатлар билан ясатган варрагим қўлимдан кетганини ҳам тушундим ва тепаликдан тушиб кетдим. Ортимдан болалар мазах қилиб кулиб қолишди.
Ундан кейин ҳам кўп варрак учирдим. Ўзим ясашни ўргандим. Маҳалламиздаги ўша тепалик ҳозир ҳам бор. Энди болалар у тепаликка чиқишмайди. Варракларини шундоқ ҳовлиларидан туриб учираверишади. Энди ундай варраклар ҳам йўқ. Болаларнинг онги ўсиб варрак ясашда уста бўлиб кетишди. Пули бори Хитой варрак олиб учиради. Пули йўғи эса бир парча плёнка топса бўлди, қандайлигини аҳамияти йўқ , дарров ундан варрак ясайди қўяди. Энди қамишни ҳам кераги йўқ, нима топса ишлатаверади. Елим ўрнида ишлатиладиган хамирни ҳам кераги йўқ, плёнкага қамиш ўрнида ишлатадиган исталган нарсасини икки-уч жойдан ип билан боғлаб қўяди бўлди. Ҳозирги варракларга ҳатто думни ҳам кераги йўқ. Думсиз учиришаяпти.
Ҳозир маҳалладаги болаларни "замонавий" варракларини кўриб ўша машаққат билан варрак ясаган даврларни, ўша варрак учирадиган тепаликни эслайман, қўмсайман.
Даврлар ўзгарди.
Оқибатлар ўзгарди.
Манфатлар ўзгарди.
Одамлар ўзгарди.
Болалар ўзгарди.
Варраклар ўзгарди.
Тепаликлар ўзгарди.
Менинг кўнглим эса ўзгармади. Болаликдаги ўша кўнглим мен билан бирга.
Ҳамон ўша-ўша ҳолида...
Комментариев нет:
Отправить комментарий