Сарлавҳани ўқиб Тоғай Муроднинг "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" асари эсингизга тушдими? Бу мақола у асар ҳақида ҳам, Тоғай Мурод ҳақида ҳам эмас. Сарлавҳани ҳамоҳанглиги шунчаки тасодиф холос.
Ёки "касал" сўзини эшитиб "бу ҳозир бир касалхонани танқид қилади ёки бирон бир духтирни" деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам адашасиз. Бу мақолада ҳақиқатдан ҳам танқид қиламан, аммо духтирни ҳам эмас, касалхонани ҳам эмас. Балки ўзимизни, ўз соғлигига эътиборсиз юрган кишиларни танқид қиламан.
Бир жойимиз оғриб касалхонага боргандан ўша касалхонада навбат кутиб ўтирган чоғимиздан жонимиз оғриётганига қарамай ҳозир жа оммавий бўлиб кетган ижтимоий тармоқлар орқали борган касалхонамизни, навбатида турган духтиримизни танқид қилиб ёзишни бошлаймиз. Ундан кейин духтир ёзиб берган дорилар рўйхатини ҳам расмга тушириб қўйиб, остида дори-дармонларнинг қимматлигидан нолиб бошлаймиз. Ундан кейин эса уйимизга келиб духтир белгилаган ташхис орқали даволанишни бошлаймиз ва биздан олдингилар касал нима эканлигини билишмаганини, бугунга кунга келиб эса биз нозик бўлиб кетганимиз туфайли касалдан бошимиз чиқмаётгани ҳақида бизга осма қуяётган духтирга "лекция" ўқишни бошлаймиз. Бечора духтир ҳам бизнинг оҳ-воҳимизга ўрганиб кетганидан тасдиқ маъносида бошини сарак-сарак қилиб тураверади. Даволаниш охирига етиб, бу учун анчагина маблағимиз, вақтимиз, асабимиз кетганидан жаҳлимиз чиқиб, асабимиз бузилиб яна бошқатдан касал бўлиб қолаверамиз. Ҳа, биз шундаймиз. Духтирларни "ноинсоф"лигини биламиз, дориларни "қиммат"лигини биламиз, касалхоналарда касалларни "одам ўрнида" кўрмасликларини биламиз ва ҳоказо ва ҳоказо ҳамма нарсани биламизу аммо бизга энг кераклиси бўлган ўз соғлигимизни ўзимиз қадрига етишимиз кераклигини билмаймиз. Ўз соғлигимизни қандай эҳтиётлашни билмаймиз. Ўз соғлигимизни ўзимиз онгли равишда йўқотаётганимизни билмаймиз.
Келинг узоққа бормайлик. Чекиш, хоҳ у нос бўлсин, хоҳ у сигарет бўлсин соғлигимизга катта зарарлигини биламиз. Аммо зарарлигини билсак ҳам чекаверамиз.
Спиртли ичимликлар соғлигимиз учун зарарлигини яхши биламиз. Аммо уни зарарлигини билиб ҳам айримларимиз истеъмол қилаверамиз.
Газли ва рангли ичимликлар ҳам меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда зарарлигини, зарар бўлганда ички органларимиздан муҳими ҳисобланган жигаримиз кушандаси эканлигини ҳам биламиз. Аммо бўкиб истеъмол қилаверамиз.
Спорт билан оз-оздан бўлсада ҳар доим шуғулланиш соғлигимиз учун ниҳоятда катта фойда эканлигини ҳам биламиз. Аммо ўз соғлигимизни йўқотиб бораётганимизни сезиб ўтирсак ҳам бу иш билан шуғулланмаймиз. Бу учун пул тўлаб спортзалга бориш шарт эмас. Эрталаб туриб бироз югуришни ўзи ҳам кифоя қилади. Аммо шуни ҳам қилмаймиз.
Бизнинг таомларимиз жудаям мазали. Аммо ҳаддан ошиқ истеъмол қилганда бу мазали таомларимиз туфайли танамизни ёғ босиб буни натижасида томирларимизни холестирин батамом эгаллаб юрак ва қон-томирларимизда қон айланишда муаммолар келиб чиқиб юрак касалини орттириб олишимизни ҳам биламиз. Аммо ўша оғир таъомларни сурункали равишда тўйиб еб юраверамиз.
Аксариятимизни ўз соғлигимизга ўзимиз эътиборсиз бўлиб маишатга, ҳаддан ортиқ тўйиб овқат ейишга ўтиб кетишимиз ҳам бор гап.
Бизнинг юртимизда ўсадиган кўпгина шифобахш ўсимликлару қуруқ меваларнинг довруғу оламга кетган. Аммо аксариятимиз ҳатто бир йилда бир марта ҳам наъматак ёки ўрик туршак кабиларни қайнатиб ичиб кўрмаймиз. Исталган духтирдан сўрасангиз кийик ўтини тез-тез дамлаб ичиб туриш киши соғлиги учун ниҳоятда фойдали бўлишини ёки профилактика учун бир йилда икки-уч марта тўрт-беш кунлаб жўхорини сўтасини қайнатиб ичиб юриш соғлик учун ниҳоятда фойдалигини таъкидлаб айтади. Аммо инсоф юзасидан айтингчм сиз жўхорини сўтасини охирги марта қачон қайнатиб ичгансиз? Ўзи, умуман бирон марта ичганмисиз? Масалан мен бундан ўн беш йилча олдин бир марта овқатдан заҳарланиб жигарим шишганда духтирнинг тавсияси билан қайнатиб ичгандим. Соғлигим учун фойдаси кўплигини ҳам билгандим. Ундан кейин эса қайнатиб ичганим йўқ.
Ҳар хил меваларнинг қуритилганидан қайнатиб тайёрланган компот ҳам киши соғлиги учун ниҳоятда фойдалидир. Бозорларда уни нархи ҳам қимматмас. Аммо уй шароитида компотни қачон қайнатиб ичганингизни эслай оласизми? Мен эслай олмайман.
Яна бир шифобахш нарса, оддий нонжийдани қачон еганингиз эсингиздами? Ёки туршакни қачон қайнатиб ичганингиз эсингиздадир. Мени эса эсимда йўқ.
Кейин тоза пок ҳолда юриш ҳам тозаликни бир гаровидир. Аммо афсуски кўпчилик бу масалада ҳам ўта эътиборсиздирлар.
"Соғликни қадрини касал бўлган одамдан сўра" деган гап бор. Ҳаммамиз тирик жонмиз. Касал бўлиб жонимиз оғрийди. Яна кўраяпмиз касал бўлган одамлар қанчалар маблағ сарфлашаётганларини. Вақтларини, соғликларини йўқотаётганларини. Шундай экан биз касалхонани аҳволини, духтирларни муомаласини танқид қилишдан олдин ўз соғлигимизга эътиборли бўлишимиз керак.
Ҳозирги замонда касал бўлиш жудаям оғир. Буни касалдан боши чиқмаётган инсонлар яхши билишади. Шундай экан, энди бу дунёда касал бўлиб бўлмайди.
Бу мавзуда бир латифа бўлар эди. "Яҳудий касал бўлмасдан олдин ўзини соғлигини текширтиргани духтирга боради. Рус касал бўлгандан тезда духтирга боради. Ўзбек эса касалини ўтказиб юбориб энг охирида духтирга боради".
Буни латифа дедиму, аслида латифа эмас, ҳаёт ҳақиқати шундай. Биз ўзимизни эҳтиётлашни билмаймиз. Ўз соғлигимизни қадрига етмаймиз. Ана ундан кейин эса касал бўлиб бошқаларни айблаб юраверамиз.
Р.С. Албатта юқоридагиларга амал қилиб юрсангиз доимо соғлом юрасиз дейишдан йироқман. Дардни ҳам, унинг давосини ҳам Яратган беради. Аммо бу билан киши ўз соғлигини ташлаб қўйиб ҳам бўлмайди. Киши ўзини эҳтиёт қилади, зарарли ва заҳарли нарсалардан ўзини тияди. Соғлом ҳаёт кечиради. Қолгани эса Худодан. Нима дедингиз?!
Комментариев нет:
Отправить комментарий