среда, 4 января 2017 г.

Қўнимсизлик

Яқинда "Олмалиқ" жамоасида мураббий алмашди. Жамоага анча йиллардан бери мураббийлик қилиб келаётган Шквирин бўшатилиб, ўрнига Кумиков бош мураббий этиб тайинланди. Очиғи, бу жамоада йил давомида нима муаммолар бўлди бехабарман. Жамоа бу йил қониқарли ўйин кўрсата олмади. Жамоа ҳақида орқаваротдан турли гап-сўзлар чиқди. У гап-сўзларга қараганда жамоа раҳбарлари Шквиринни кетказиш учун бу йил жамоага етарли маблағ ажратишмади ва маъошлар вақтида берилмади. Шу туфайли ўйинчилар бу йил унчалик ҳам иштиёқ билан ўйнашмади. Аммо бу гапларни қанчалик ҳақиқат эканлигини ҳеч ким айтолмайди. Кўча-куйда, мухлислар орасида тарқалаётган турли миш-мишларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат бўлиб чиқавермайди. Нима бўлганда ҳам жамоа учун анчадан бери хизмат қилиб келаётган мураббий қониқарсиз натижа учун бўшатилди. Ўрнига янги бош мураббий келди.

Кумиков "Олмалиқ"га бош мураббий этиб тайинланар экан жамоани янгитдан ташкил этилиши ҳаммага олдиндан аён эди. Бу ерда кўчани миш-мишларига ўрин қолмайди. Янги мураббий янгидан-янги ўйинчиларни ўзининг янги жамоаси бўлмиш "Олмалиқ"га таклиф қилиши бу исбот талаб қилинмайдиган аксиома эди. Амалда ҳам шундай бўлди.

Футболимиз тарихини биладиганлар билишади, бу ҳолат бизда анъана деймизми, одат деймизми, урф деймизми шу даражагача чиқиб бўлган. Яъни, жамоага янги мураббий келар экан у аксарият ҳолатларда жамоанинг таркибини 70-80% га янгилаб жамоани бошқатдан тузади. Шу жумладан Кумиков ҳам ҳозир "Олмалиқ"га кўплаб ўйинчиларни мавсумолди кўрикка чақирди ва жамоани таркибини янгилаш ҳаракатида бўлаяпти. Мана шу ерда мураббийнинг ишини ҳам, жамоа раҳбарларининг ишини ҳам мен тушунмайдиган жиҳатлари кўзга ташланади.

Янги келган мураббийнинг ишини тушунмаслигим бу уни нега жамоа таркибини бирданига 70-80% га янгилашга ҳаракат қилишидир. Очиғи, бундай ишлар жаҳон футболида фақат бизда бўлса керак.(МДҲнинг аксар давлатларида ҳам бор) Чунки Европа томонларда жамоа муваффақиятсиз натижа кўрсатса мураббийни шартномасини охирига етказишига йўл қўймай ишдан бўшатишади. Аммо, уни ўрнига келадиган янги мураббий ҳеч қачон жамоани 70-80% га янгилашга уринмайди. Аксинча ўша олдинги мураббийдан қолган жамоага яна бир нечта ўйинчиларни таклиф этади бўлди. Унда ҳам жамоа раҳбарлари маблағ ажратишса. Қолганига мураббий ўзини қанчалик кучли тактикаларга эгалигини кўрсатиши ва ўзидан олдинги омадсиз ҳамкасбидан қолган жамоа билан муваффақиятли ўйин кўрсатса ҳам бўлишини исботлаши керак. Тўғрида, мураббийни кучи ҳам шундаку. У бошқа мураббийлардан ўз тактикалари билан, жамоани бошқариши билан, жамоа муваффақиятли ўйинлари билан фарқланиши керак.
Масалан, ўтган йил "Челси" жамоаси Моуриньо бошчилигида АПЛда яхши натижа кўрсата олмади. Жамоа раҳбарияти Мауриньони ишдан бўшатиб, уни ўрнига италиялик Контени бош мураббий этиб тайинлади. Хўш, Конте "Челси"га бориб бутун жамоани янгилаб ташладими? Асло йўқ. У фақатгина жамоага ўз тактикаларини олиб кирди ва ўйинчиларни эмас, балки уларнинг ўйинларини ўзгартирди.

Тўғри, истисно тариқасида жамоаларнинг яқин муддатларда янгиланган ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан; Абрамович "Челси"ни сотиб олганда шундай ҳолат бўлганди. Лекин, ўшанда ҳам жамоадаги ўртача ёки ўртачадан ҳам паст ўйнайдиган футболчилар сотиб юборилиб, уларнинг ўрнига жаҳон даражасидаги юлдузлар сотиб олинганди. Яна бу иш бирданига қилинмай икки мавсум давомида қилинган, ҳатто жамоа бош мураббийи бўлган Раньери ҳам "Челси" Абрамович қўлига ўтгандан тезда ишдан бўшатилмай унга етарлича имкониятлар берилган эди.
Қолган ҳолатларда эса жамоалар жамоа ўйинини бузмаслик ёки шаклланган таркибни тарқалиб кетмаслиги учун ўйинчиларни бирданига жамоадан ҳайдаб юбормай бу ишни бир-икки мавсум давомида аста-секинлик билан амалга оширишади ва яхши ўйнай олмаётган ўйинчилар билан бирин-кетин хайрлашиб уларни ўрнига яхшироқ, зўрроқ ўйинчиларни таклиф этишади. Бизда эса жамоага янги мураббий келгандан аксарият ўйинчиларнинг жавоблари бериб юборилади ва уларнинг ўрнига янги футболчилар таклиф қилиниб бутун бошли таркиб янгидан йиғилади. Шу туфайли ҳам жамоага янги таклиф этилганлар бир-бирини тушуниб ўйнаб, ўз ўйинини топгунча мавсумни ярми ортда қолади.  Энг қизиғи жамоадан кетказилган футболчилар ўрнига улардан зўрлари олиб келинмайди. Яна ўша кетган ўйинчилар савиясидаги ўйинчилар олиб келинади.

Бундай ҳолатларда аксарият ўйинчилар билан атиги бир йиллик шартномалар имзоланиши ҳам жамоа раҳбариятига ўз жамоаларини таркибини бутунлай янгилаб олишларига қўл келади. Мавсум охирида "шартноманг тугади ва сенга хайр деймиз" дейилади бўлди.  Аммо, гоҳида эшитиб қоламиз жамоа билан келгуси йил учун шартномаси бор ўйинчилар ҳам янги келган мураббийнинг "талаблари"га жавоб бермагани учун ҳам жамоа таркибидан тушиб қолади. Буни номи эса "ошкора ҳайдалиш" дейилади.

Футболимиз тарихида мавсум бошида бутунлай янгиланган жамоаларнинг муваффақиятли ўйнаб кетган ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан; 1999 йилги мавсумда Тошкент вилоятининг "Дўстлик" жамоаси ўзининг бош мураббийи бўлмиш М.Раҳимов билан биргаликда бутунлай Самарқандга кўчиб ўтиб "Самарқанд-Динамо" жамоаси учун майдонга тушган ва муваффақиятли ўйнаб кетган эди. "Самарқанд-Динамо" жамоасига ўтган футболчилар ўрнига Тошкентнинг МҲСК жамоасидан "Дўстлик" жамоасига ёппасига кўчиб ўтган футболчилар ҳам муваффақиятли ўйнашганди. Ўшанда улар ҳам "Дўстлик" жамоасига МҲСКдан ўз мураббийлари Р.Мирсодиқов бошчилигида кўчиб ўтишганди. Ёки 2001 йилда Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасининг аксарият ўйинчиларига ҳам жавоб берилиб уларнинг ўрнига "терма жамоа базасини тузиш" баҳонасида бутун Ўзбекистондаги энг иқтидорли ўйинчилар йиғиб келинган ва улар ҳам энг зўрлар бўлишгани учун жамоада янгидан йиғилганларига қарамай муваффақиятли ўйнаб бир неча марта мамлакат чемпиони бўлишган эди. "Самарқанд-Динамо" ва "Дўстлик" жамоаларига кўчиб ўтган ўйинчиларнинг муваффақиятли ўйнаб кетишларига ўшанда ҳар икки жамоага ҳам шаклланган жамоаларнинг ўз мураббийлари қўл остида бутунлай кўчиб ўтишлари сабаб бўлган бўлса, "Пахтакор" жамоасини муваффақиятли ўйнаб кетганини сабаби жамоага мамлакатнинг энг зўрлари йиғилганлиги туфайли эди.

Мен Шквиринни Кумиковдан, Кумиковни Шквириндан устун қўймайман. Иккаласини даражаси бир хил. Аммо "Олмалиқ" жамоаси раҳбарларининг наздларида Кумиков Шквириндан кучли эканлиги учун ҳам Игор акани бўшатиб ўрнига Кумиковни тайинлашди. Аммо Кумиков кучли бўлса таркибни бутунлай янгиламасдан ўша Шквириндан қолган таркибга икки-уч нафар янги ўйинчиларни қўшиб, кейин ўша таркиб билан муваффақият қозонсин эди. Ана ўшанда уни Шквириндан кучлигини биз ҳам билардик.
Янгиланган ва нисбатан кучлироқ ўйинчилар билан тўлдирилган таркиб билан эса ҳар қандай мураббий чемпион бўлмаса ҳам ўртача ва ўртачадан бироз юқори натижани кўрсата олади.

Энди жамоа раҳбарларинг ишини тушунмаганимни ҳам изоҳласам. Мана Шквирин бўшатилиб ўрнига Кумиков келгандан жамоа раҳбарлари унга кўпдан-кўп имкониятлар тақдим этишди. Шу туфайли Кумиков жамоага ўзи хоҳлаган ўйинчиларни таклиф эта бошлади. Бу учун жамоа раҳбарлари албатта анчагина салмоқли маблағ ажратишади. Худди шу ерда савол туғилаяпти. Хўш, жамоа раҳбарлари янги мураббий учун кўп имкониятлар яратишар экан, унга ҳатто жамоа таркибини бутунлай янгиласа бўладиган маблағ ажратишар экан ўша маблағларни улар Шквиринга ҳам ажратишса у ҳам ҳатто чемпионлик учун курашса бўладиган жамоани шакллантира олардику!? Тўғри, ҳар мавсум жамоа раҳбарияти бир-иккита ўйинчи сотиб олиш учун Шквиринга ҳам маблағ ажратган. Аммо Кумиковга ажратилаётган маблағ даражасида эмас. Демак ўша кўча миш-мишлари ҳам бежизга чиқмаган. Демак жамоа раҳбарияти билан Шквирин ўртасида қандайдир гап ўтган. Аммо бу ҳозирча мавҳумий тахминдир. Вақти келиб ҳаммаси очиқланар. Унгача эса воқеалар ривожини кутамиз.
Энг қизиғи, ўзи хоҳлагандай таркиб тузаётган Кумиков ҳам ҳали янги мавсумда "Олмалиқ" билан қанчалик муваффақият қозонади бу ҳам ҳали ноаниқ.
Янги мавсумда буни ҳам кузатамиз.

Юқорида мен "Олмалиқ" жамоаси мисолида жамоаларимиздаги ҳолатни бироз кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ҳа, миллий чемпионатимиз бошланган 1992 йилдан бери аксарият жамоаларимизда аҳвол шу. Қайсидир мураббийга маблағ берилмайди ёки камроқ маблағ берилади ва ундан яхши натижа талаб қилинади. Агар у яхши натижа кўрсата олмаса у ишдан бўшатилади ва ўрнига келадиган мураббийга эса катта имкониятлар ва маблағларни ошиқчаси билан берилади. Агар у Кумиковга ўхшаб чет элдан бўлса унга бериладиган имконият ва маблағнинг салмоғи янада ортади. Буни ортидан эса футболимизда қандайдир тушуниб бўлмас қўнимсизликлар юз бераверади

Бизда қўнимсизлик аҳволи ҳатто шу даражадаки баъзи жамоаларда бир мавсумда икки марта мураббий алмашгани учун икки марта таркиб бутунлай янгиланганини ҳам кўрганмиз. Мавсум бошида янги мураббий келиб ўтган йил ўйнаган таркиб ўрнига янги таркиб йиққан. Кейин у мураббий ўзи йиққан янги таркиб билан ҳам ҳеч нарсани эплай олмасдан биринчи давра охирида бўшатиб юборилиб, жамоа яна бир бошқа мураббийга топширилган. Ўз навбатида жамоани иккинчи давра бошланиши олдидан қабул қилиб олган мураббий биринчи даврада ўзидан олдинги мураббий қўл остида тўп сурган ўйинчиларни аксариятига жавоб бериб, қисқа даврда янги футболчиларни жамоага таклиф қилган. Юқорида ёзганимдай бунақа қўнимсиз ишлар фақат бизда бўлади. Шу туфайли ҳам статистика билан қизиқиб кўрсангиз бизда бир жамоада узоқ йиллардан бери тўп сураётган ва "гвардиячи" деб номланувчи футболчилар бармоқ билан санарли ҳолатда эканини кўрасиз. Бир жамоада узоқ ишлаган мураббийни эса Саркисян ва юқорида эсланган Шиквириндан бошқа энди кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз.

Мана шу ерда бундай қўнимсизликларга чек қўйиш учун ЎФФ ва ПФЛнинг қандайдир ролими, ё қандайдир қарорими ёки футболимиз равнақи йўлида қандайдир режаларими бўлиши керак. Минг афсуски ҳозирча улар футболимиздаги оммавий қўнимсизликларни томоша қилиб ўтириб, фақат томошабин ролини бажариб беришмоқда холос.

Ҳозиргина ушбу мақолани ёзиш давомида футбол сайтларидан бирида "Олмалиқ" жамоаси ўзининг 14(!) нафар футболчиси билан хайрлашгани ва улар билан янги мавсум учун шартнома тузилмаслиги ҳақидаги хабар чиқди. http://maydon.uz/?p=17193
Ўша 14 нафар футболчилар орасида Зойир Пиримов, Достон Абдураҳмонов, Муйдин Мамазулунов "Олмалиқ" каби ўртамиёна даражасида бўлган ҳар қандай жамоа ўз таркибига қўшиб олишни хоҳлайдиган ўйинчилар ҳам бор. Албатта улар жамоасиз қолиб кетишмайди. Аммо нима бўлганда ҳам футболимиздаги бундай ишлар миллий чемпионатимизнинг, футболимизнинг ривожига хизмат қилмайди холос.

Р.С.
Бу мақолани ёзар эканман мени "Олмалиқ" раҳбариятини ҳам ёки Кумиковни ҳам танқид қилиш ниятим йўқ. Яна Шквиринни ҳам мухлиси эмасман. Яна бир тарафи "Олмалиқ" жамоасининг раҳбарияти Шквиринга ва жамоанинг асосий ўзагини ташкил қиладиган бир қатор ўйинчиларга йиллар давомида имконият берди. Уларнинг бу ишлари фақат олқишга сазовор. Тахминимча "Олмалиқ" раҳбариятининг бу йил чемпионлик учун курашадиган жамоани тузиш нияти борга ўхшайди. Уларга бу йўлда омад тилайман. Бу ерда "Олмалиқ"ни мисол келтирганимни сабаби анчадан бери ёзмоқчи бўлган мақоламга айнан ҳозирги ҳолатлари билан улар тасодифан мос тушиб қолдилар холос.
Аслида эса бундай ҳолат, яъни қўнимсизлик ва жамоани батамом янгилаш олдинги йилларда қайсидир жамоаларнинг бошига тушган, бу йил мавсум ўртасига, ё охирига бориб яна қайсидир жамоаларнинг бошига тушиши мумкин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий