суббота, 24 декабря 2016 г.

Футбол фақат Марказ учун керакми?

Мен оддий бир футбол мухлиси сифатида футбол доим мухлислар учун ўйналади деб ўйлайман. Балки адашаётгандирман. Футболчи ўзини ҳаётини яхши таъминлаш учун ўйнар, жамоа эгалари фойда учун ўз қўлида футбол жамоасини ушлаб турар. Кимдир обрў учун, кимдир пул учун ўйнар. Аммо мен барибир ўз фикримда қоламан.  Мухлисларсиз футбол ҳам бир тийин, футболчи ҳам бир тийин, футбол жамоаси ҳам бир тийин.

Ким нима мақсадда футбол атрофида ва ичида юрмасин улар мухлисларсиз ҳеч нарсага эриша олмайдилар. Шундай экан ҳар қандай жамоа доим мухлисларга тўла стадионда тўп суришни хоҳлайди. Футболчилар ҳам ўзларига тўп текканда мухлисларнинг олға бошлаб ҳайқиришларидан илҳом олиб янада шиддат билан тўп тепадилар.
Футболга оид нашрларни, интернет сайтларини кузатиб борар эканман мени доим олису яқин юртлардан келиб юртимизда ўйнаётган ёки ўйнаб кетган футболчиларнинг интервьюларини ўқиш қизиқарлидир. Чунки улар доим ўз интервьюларида Ўзбекистонда одамлар футболни ниҳоятда яхши кўришларини, айниқса вилоят ўйингоҳлари мухлислар билан кўпинча тўла бўлишини ва стадион тўла мухлислар қаршисида ўйнаш футболчига қўшимча куч ва завқ беришини таъкидлаб айтадилар. Бу гапларни ўқиб очиғи фахрланаман. Аммо пойтахт стадионларига мухлисларнинг ташрифи ҳақида бундай деб бўлмайди. Баъзи жамоаларнинг ўйинига ҳатто баъзида бор йўғи 200 мухлис! тушмаган пайтлари ҳам бўлаяпти.

Аслида бу мақола мухлисларнинг ташрифини таҳлил қилиш ҳақида эмас. Аммо қўйида ёзмоқчи бўлган мулоҳазаларимни мухлисларга ҳам алоқаси борлиги учун гапни мухлислардан бошладим.

Гап вилоятларда жойлашган стадионларга мухлисларнинг ташрифи ҳақида борар экан айрим вилоятларимизда Олий лигада қатнашадиган жамоанинг йўқлиги ёки айрим вилоятнинг жамоаси биринчи лигадан олий лигага чиққан пайтда, яна қайсидир вилоятнинг жамоаси олий лигадан биринчи лигага равона бўлиши ўша вилоятдаги футбол мухлисларини катта футболдан бебаҳра қолдираяпти.
Вилоят жамоаларининг бундай паст натижа кўрсатишларининг асосий сабаби бу маблағ етишмовчилигига бориб тақалиши бу ҳеч кимга сир эмас.
Ана шу ерда бир мулоҳаза туғилади. Вилоятларда мухлислар катта футболга ташна бўлиб турганларида пойтахтда мухлисларсиз ўйнаётган бир нечта жамоанинг бўлиши ёки  ташкил этилиши қанчалик тўғри?

Узоқ йиллар мобайнида пойтахтимиз Тошкент шаҳридан миллий чемпионатимизда учта барқарор жамоа иштирок этиб келганди. Булар "Пахтакор", МҲСК ва "Трактор" жамоаларидир. Орада "Чилонзор" жамоаси, кейинчалик МҲСК тарқатиб юборилиб ўрнига ИИВнинг "Академия" жамоалари ҳам Олий лигамизга бирровга гастролга ташриф буюргандай бир икки мавсум ўйнаб кейин яна йўқлик қаърига сингиб кетдилар.
Кейин тўсатдан "Бунёдкор" (тузилган пайтдаги номи "Қурувчи" эди)  лойиҳаси бошланди. Йўқ жойдан янги жамоа тузилди ва жамоага бақувват ҳомийлар ҳомийлик қилишни бошладилар. Жамоа олдинига МҲСК стадионида вақтинчалик ўйнаб турди. Кейинчалик эса "Жар" стадиони жаҳон андозаларига мос равишда таъмирланди. Чимлари алмаштирилди. Эски МҲСК стадиони ўрнидан янги стадион қурилиши бошланди. Энди шу ерда савол туғилади. Мана шу "Бунёдкор" лойиҳаси қайсидир бир вилоятда ташкил қилинса бўлармиди? Албатта бўларди. Аммо Бунёдкорни тепасида бошида хусусий компаниялар туришгани учун уларга "жамоани фалон жойда ташкил қил" деган босим ўтказиб бўлмасди. Шу учун ҳам бу жамоани эгалари уни ўзлари ҳоҳлаган жойда туздилар ва ўзлари ҳоҳлаган жойларида стадион қурдилар.
Аммо пойтахтимизда фаолият юритаётган яна бир жамоа "Локомотив" жамоаси ҳақида бундай деб бўлмайди. "Ўзбекистон Темир Йўллари" (ЎзТЙ) ОАЖ бу давлатга қарашли компания ҳисобланади ва унинг фаолияти бутун Ўзбекистонни ҳамма жойини қамраб олади. Шундай экан ЎзТЙ ОАЖ "Трактор" жамоасини йўқ қилиб, уни стадионини бузиб ташлаб, уни ўрнида янги стадион қурганча, шу жамоани Термизда, ёки Гулистонда ташкил қилса ва суперзамонавий янги стадионни шу шаҳарлардан бирида қурса ҳам бўлар эди.
Кейин ўша шаҳарлардан бирида кичикроқ бўлса ҳам 4  ёки 5 юлдузли бир меҳмонхона қуриб қўйса нур устига аъло нур бўларди ва жамоа ўзининг халқаро ўйинларини бемалол ўтказаверарди.
Шу баҳона яна битта шаҳримиз яхши бир меҳмонхона ва замонавий стадионга эга бўларди. Кейин ўша шаҳарлардаги футбол мухлислари рақобатбардошли яхши бир жамоага эга бўлардилар. Яна бу нарса ОФКнинг олдида, турли мусобақаларни  ўтказишни сўраганимизда қўл келарди. Чунки 25 йилдан бери ОФКнинг ёки ФИФАнинг Ўзбекистонга жиддийроқ мусобақаларни ўтказиш учун бермаётганинига вилоят марказлари бўлган аксарият шаҳарларимизда, аэропорт, йўллар, стадионлар ва меҳмонхоналарнинг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлмоқда. Агар Локомотив лойиҳаси юқоридаги икки вилоятдан бирида ташкил этилганда, ЎФФ бир ўқ билан камида тўртта қуённи урарди. Биринчидан Олий Лигада жамоаси бўлмаган вилоятлардан бирига катта футбол қайтарди, иккинчидан ўша вилоят маркази бўлган шаҳарда ажойиб бир стадион қуриларди. Учинчидан эса ўша вилоят жамоаси Ўзбекистондаги энг барқарор ва бой компаниялардан бири бўлмиш ЎзТЙ ОАЖ дек барқарор бир ҳомийга эга бўларди. Тўртинчидан эса яна бир шаҳарда ажойиб стадион қурилгани учун ЎФФнинг ОФК ва ФИФА олдида тили узунроқ бўларди. Яна темирйўлчиларнинг ўйинларига фан клуб баҳона Темир Йўл институти ва лицейида ўқийдиган  "мухлислар" мажбурий олиб борилмасди. Вилоятлардаги катта футболни соғинган мухлисларни ўзлари стадионларни тўлдириб ўтиришарди. Жамоа эса бошқа шаҳарда ташкил қилинса ҳам "Локомотив" деб номланаверарди.
Пойтахтдаги аҳволни эса ҳамма кўриб билиб турибди. Аммо энди бу лойиҳа амалга ошиб, ғишт қолипдан кўчиб бўлди. Бу жамоа пойтахтга ўрнашиб бўлди. Аммо барибир бу жамоани ТТЗ даҳасида собиқ Трактор жамоасининг стадиони ўрнига қурган янги стадиони халқаро талабларга жавоб бермаяпти ва жамоа халқаро ўйинларини, ё Бунёдкорда ёки Пахтакор стадионида ўтказишга мажбур бўлмоқда.
ЎзТЙ ОАК нинг раҳбарияти Локомотив жамоасини пойтахтимизда ташкил этишни режалаштирганларида пойтахтимизда яна бир нечта жамоа Олий Лигада иштирок этишини ва уларнинг ўйинларига мухлисларнинг ташриф буюриши Олий Лига жамоалари ичида энг паст кўрсаткичларни ташкил этишини билишганми ёки йўқми менга қоронғу. Аммо футбол фақат мухлислар учун ўйналишини ҳисобга оладиган бўлсак ўйинларига кам сонли мухлис ташриф буюрадиган бу жамоани пойтахтда ташкил этилиши кўпчилик мухлислар томонидан хато иш бўлгани таъкидланади. Албатта келажакда бу ишни нечоқлик тўғри ёки нотўғри бўлганини албатта кўрамиз.

Мақоланинг бошида футбол мухлислар учун ўйналишини эсладим. Ҳақиқатдан шундай. Аммо пойтахтимиздан Олий Лига ўйинларида қатнашаётган жамоалар ҳақида бундай деб бўлмайди. Вилоятларда ҳатто Биринчи Лига ўйинларига стадионларга 3000-4000 киши  атрофидаги мухлислар ташриф буюраётган бир пайтда пойтахт жамоаларининг ўйинларига 300-500 томошабиннинг тушиши бу ғоят ачинарли ҳолатдир. Шу жумладан мамлакатимизнинг энг кучли клуби бўлмиш Локомотив жамоасининг ҳам уй учрашувларига.

Бу мақола "Локомотив" жамоасини ёки уни раҳбариятини танқид қилиш мақсадида ёзилмади. Шунчаки шу жамоа катта футболдан бенасиб юрган вилоятларнинг бирининг марказида қурилганда  жамоа келажаги анча самарали ва истиқболли бўлиши ва ўша вилоят мухлисларига ҳам яхши бўлиши ҳақида фикр юритдим холос. Яна, юқорида ҳам айтдим бу жамоа пойтахтга ўрнашиб бўлди деб, шундай экан бу жамоа катта футболдан бенасиб қолаётган вилоятлардан бирининг марказига кўчсин ҳам демайман. Фақат келажакда шу воқеалардан тўғри хулоса чиқариб яна қандайдир бир давлат корхонаси жамоа тузаман деса у жамоани яна пойтахтда тузмай уни катта футболдан бенасиб юрган вилоятлардан бирининг марказида ташкил этиш тузукроқ иш бўларди демоқчиман холос.

Комментариев нет:

Отправить комментарий