Мустақил бўлиб жаҳон харитасида Ўзбекистон деган шарафли номни пайдо бўлганига ҳам 25 йил бўлди. Шу 25 йил мобайнида иқтисодиёт дейсизми, ё қишлоқ хўжалиги дейсизми, ё спорт, маданият таълим тизими дейсизми ривожланиб бу соҳаларда сезиларли ютуқларни қўлга киритдик. Шулар жумласидан спорт соҳасида ҳам кўплаб оламшумул ютуқлар қўлга киритилди. Биз Собиқ Иттифоқ даврида спорт соҳасида "иккинчи даражали" эдик ва миллатдошларимиз минг зўр иқтидор эгаси бўлишмасин Московдан ҳатлаб хорижга катта-катта мусобақаларга чиқа олишмас эди. Мана энди юртимиз мустақил бўлиб спортчиларимиз жаҳон ареналарида ўзларини кўрсатиб юртимиз байроғини баландларга кўтармоқдалар. Яна юртимизнинг турли гўшаларида қурилаётган турли спорт иншоотлари у даврларда қайда эди? Биз мустақиллик йилларида спортнинг турли соҳаларида катта ютуқларга эришдик. Аммо спорт турларини қироли бўлмиш футболда биргина 1994 йилдаги Осиё Ўйинларидаги ғалабани айтмаганда бошқа арзирли бирон бир ютуққа эришмадик. Бўлмаса юртимизни турли шаҳарларида қанчалаб янги стадионлар қурилди, қанчалаб болалар футбол мактаблари очилди. Футбол билан шуғулланиш учун ёшларга қанчалаб шароитлар яратилди. Аммо натижа бўлмаяпти. Масалан мустақиллик йилларида 5 та Жаҳон Чемпионати учун саралашларда қатнашдик. Аммо ҳозирча ҳамма уринишларимиз муваффақиятсизлик билан тугаяпти. Ҳозир эса 6-ЖЧ учун саралашда қатнашаяпмиз. Аммо натижалар жудаям кишини қувонтирадиган даражада эмас. 5 ўйиндан 9 очко жамғарган ҳолда гуруҳимиздаги икки асосий рақобатчиларимиз бўлмиш Эрон ва Ж.Кореяга уч очкони осонгина тортиқ қилдик.
Мен ҳозир қўйида ўтказган ўйинларимизнинг таҳлили ёки ўйинларимиз статистикасини бермоқчи эмасман. Диққатингизни бошқа бир масалага қаратмоқчиман.
Шу ўтган йилларда бизда кам сонли хорижлик мураббийларни айтмаса (де Силва, Гёде, Боб Хоутон) асосан ўзимизни маҳаллий мутахасислар термамизда бош мураббий бўлиб ишлашди. Ва ҳар сафар ўзимизнинг мураббийларимиздан кимдир терма жамоамизга бош мураббий бўлар экан албатта ўзи термага келишдан олдин ишлаган жамоасидан терма жамоамизда тўп суришга лойиқми ё йўқми ўйлаб ўтирмасдан кўплаб ўйинчиларни ҳоҳ расмий ўйинлар, ҳоҳ ўртоқлик учрашувлари бўлсин чақираверишган. Баъзида бу ҳақда журналистлар ўша термамизнинг "маҳаллийчи" бош мураббийларига эътироз билдириб савол берганларида улар "Қўл остимдаги ўйинчиларнинг имкониятларини яхши биламан, улар термада ўйнашга муносиб" деб ҳаммалари доим бир хил жавоб беришган. (Термамизнинг ҳозирги бош мураббий С.Бабаян ҳам ўзининг собиқ жамоаси Пахтакор ўйинчиларини доимий равишда термага чақиравериб журналистларнинг саволларига юқоридагидай, термамизнинг "маҳаллийчи" бош мураббийлари учун шаблондай бўлиб қолган жавобини бермоқда)
Бу мавзуда ёзар эканман очиғи раҳматли Маҳмуд Раҳимовдан олдин термамизда ишлаган мураббийлар бу масалада қандай йўл тутишганини эслай олмайман. Аммо М.Раҳимовдан буёғига ишлаган мураббийларни ишини ёзадиган бўлсам ҳам қарийб бир китоб бўлгулик воқеалар бор.
1999 йил, М.Раҳимов Самарқанднинг "Динамо" жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган ҳолда терма жамоамизнинг ҳам бош мураббийи эди. Ўшанда эслайман ўртоқлик ўйинларида ҳам, расмий ўйинларда ҳам у терма жамоада динамочиларнинг бир нечта ўйинчиларини ўйнатган эди. Ўшанда терма жамоани ўзагини динамочилар ташкил этишарди десам ҳам ёлғон гапирмаган бўламан. Қизиғи у ўйнатган ўйинчиларни аксариятини Маҳмуд акани фожеали вафотидан кейин терма жамоамизга бош мураббийи бўлган Саркисян терма жамоага умуман чақирмаган. Аммо "қўл остимдаги ўйинчиларнинг имкониятларини яхши биламан" деган Раҳимов ҳақиқатдан ўзининг қўл остидаги ўйинчиларини имкониятларини яхши билган экан. Чунки ўша 1999 йилда у 2000 йилда Ливанда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогининг саралаш ўйинларида ўша даврларда жудаям кучли ўйин кўрсатган БАА терма жамоасини енгиб (саралаш ўйинлари шу давлатда бўлиб ўтганди) Осиё Кубогига йўлланма олганди. Мана шу ишлари туфайли бу мураббий вафотидан кейин ОФК томонидан бир овоздан Осиёнинг 1999 йилдаги "энг зўр мураббийи" бўлганди. Унга бу совринни вафоти учун эмас, балки иқтидори ва машаққатли меҳнати учун беришганди.
М.Раҳимовнинг вафотидан сўнг терма жамоамиз бошқарувига яна бир "маҳаллийчи" маҳаллий мутахасис Саркисян тайинланди ва у қисқа муддатда Раҳимовдан қолган терма жамоани бошқатдан тузди ва бу термага ўша даврда ўзи бошқараётган Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасидан бир гала футболчиларни жалб қилди. Журналистларни "Раҳимов давридаги терма жамоа яхши ўйин кўрсатаётган эди, нега уни тарқатиб жамоани бошқатдан туздингиз?" деган саволларига у ҳам ҳаммамизга маълум ва машҳур бўлган шаблон жавобни берди. "Мен ўз қўл остимдаги ўйинчиларни имкониятларини яхши биламан ва бу ўйинчилар бўлғуси ўйинларда албатта ўзларини яхши кўрсатишади". Саркиянни ўзбек футболини ривожига қўшган ҳиссасини камситмаган ҳолда айтаманки у ёлғончи экан ва терма жамоага таклиф этган ўйинчиларини имкониятларини яхши билмас экан. Акс ҳолда 2000 йилда Ливанда бўлиб ўтган Осиё Кубогидан терма жамоамиз батамом шарманда бўлиб қайтмас эди.
Ундан кейин терма жамоамизда маълум вақт Гёде ишлади ва у қандай ишлади, ўзини қўл остидаги ўйинчиларни термага кўпроқ чақирдими ё йўқми билмайман. Ҳарҳолда уни термадаги ишини гарчи термамиз билан катта ютуқларни қўлга кирита олмаган бўлса-да футболчилар ҳам, мутахасислар ҳанузгача мақташади. Демак у термамизда чин кўнгилдан ишлаган.
Гёдедан кейин термамизда янгидан-янги Инилеев, Абрамов, Қосимов каби "маҳаллийчи" маҳаллий мураббийлар ишлаб кетдилар. Ва уларнинг ҳар бир ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда терма жамоамизга ўзлари ишлаган жамоалардан кўпроқ ўйинчиларни жалб қилганлар. Масалан Абрамовни ўз "суюкли" "Тракторчи" ўйинчилари бўлса, Қосимовни ҳам ўз "Бунёдкорчи"лари бор эди. Мана энди бугунги кунда терма жамоамизнинг ҳозирги бош мураббийи бўлмиш Бабаян ҳам ўзидан олдинги "маҳаллийчи" маҳаллий мураббийларимизнинг изларидан бориб, ҳатто улардан ҳам ўтказиб иш олиб бормоқда ва ўтган йил ҳам, бу йил ҳам миллий чемпионатимизда унчалик яхши ўйин кўрсата олмаётган бўлса-да у ўзининг собиқ жамоаси "Пахтакор"нинг анчагина футболчиларини доимий равишда термага чақириб келмоқда. Унга бу ҳақда эътироз билдириб савол берган журналистларга у ҳам ўзидан олдингилар айтиб кетган шаблон гапларни айтиб ўз қўл остида ўйнаган ўйинчиларининг имкониятларини у ҳаммадан яхши билишини таъкидлаб келмоқда. Ва шу туфайли ҳам термада унча яхши ўйин кўрсата олмаётган Сергеев, Лобанов каби ўйинчиларни терма жамоамизга доимий жалб қилмоқда. (Кечаги Ж.Корея билан бўлган ўйинда Лобановнинг ёғ босган қорнини ҳатто корейслар роса масхара қилишди. Аммо фойдаси йўқ. Биз у ўйинни ютқазиб бўлганмиз) Бабаян бошчилигидаги терма жамоамиз ҳозирча 5 ўйиндан 9 очко олди холос. Унда ҳам Сурия ва Қатар терма жамоалари устидан зўрға ғалаба қозонди. Биргина Хитой терма жамоасига қарши бироз тузукроқ ўйин кўрсатилди холос. Асосий рақобатчиларимиз бўлмиш Эрон ва Ж.Кореяга уч очкодан тортиқ қилинди. Ана шу иккита мағлубиятдан кейин мухлисларимизни аксариятида термамизни 2018- йилда Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ га чиқиш умиди сўнди. Чунки, биринчидан юқоридаги икки жамоа ўзига кераклик пайтда ўзига кераклик натижани қўлга кирита олади. Иккинчидан Бабаянни "маҳаллийчи"лиги олдинги мураббийлар даврида маҳаллийчилик бизга қандай зарар келтирган бўлса шундай зарар келтиришини ҳамма билиб ўтирибди.
Шундай экан Бабаян ҳеч бўлмаганда бундан буёғидаги ўйинларда битта, иккита бўлса-да ўз "севимлилари" бўлиб қолган ўйинчилар ўрнига бошқаларга ҳам имкон бериши керак. Акс ҳолда Россиядаги мундиалда қатнашиш бизга армон бўлиб қолиши мумкин.
Сўнгги сўз; Маҳаллий мутахасисларимизнинг ана шундай "маҳаллийчилик" қилиб охирида шармандали натижа кўрсатаверганлари учун ҳам аксарият футбол мухлислари, журналистлар ва мутахасислар доим, термамизга маҳаллийчиликни билмайдиган ва маҳаллийчилик қилиб ўз ўйинчиларини ўтказмоқчи бўлган маҳаллийчиларни буйруқларига ва маслаҳатларига кўнмайдиган хорижлик мураббийни тайинланишини орзу қиладилар. Аммо бу орзу неча йиллардан бери орзулигича қолиб кетмоқда. Умид қиламиз футболимиз мутасаддилари бу масалани ҳам яхшилаб ўйлаб кўрадилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий