Аввало гапни ўзимдан бошлай. Ижтимоий тармоқларга "Ғайрат Йўлдош", "G‘ayrat Yo‘ldosh" исм-шарифи билан кираман. Ижтимоий тармоқлар орасида мен активроқ бўлганим "Фейсбук" ижтимоий тармоғидир. Бу ижтимоий тармоқда анчадан бери қидириб юрган имкониятимни топганим туфайли кўпроқ кираман. Чунки "Фейсбук"да турли мавзулардаги ўзимнинг мулоҳазаларимни кенгроқ қилиб, мақола тарзида берса ҳам бўлади. Менга шуниси қулай. Бу ижтимоий тармоққа кирар эканман, баъзилар исм-шарифимда нега "ев" қўшимчаси йўқлиги билан қизиқадилар. Кимлардир исм-шарифимни бунақа қилиб ёзиб қўйганимни шоирлик ёки ёзувчилик, кимдир эса журналистлик, яна кимдир эса диний тарафдан деб ҳам ўйлашган. Бир неча киши бу ҳақда ўзимдан ҳам сўраган. Аммо исм-шарифимда ўрисча қўшимчани йўқлигининг юқоридаги омилларга алоқаси йўқ. Шунчаки ўзлигимга қайтишни хоҳлаганман холос.
Исм-шарифимдаги ўрисча қўшимчани олиб ташлаб нега бунақа ёзганимни сабабига келсак, тарихимизда ўтган 1990-92-йиллардаги миллий уйғониш ўша даврда ҳатто мендай мактаб ўқувчисини ҳам анча мулоҳаза юритишга, ўйлашга мажбур қилган эди. Эсимда "Шарқ Юлдузи", "Ёшлик" журналлари, Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати", "Туркистон" ва бошқа газета журналларда миллий уйғониш ҳақида кўплаб мақолалар, асарлар чиқди-ки, ўз даврида ўша мақола ва асарлар менга ўхшаган кўплаб миллатдошларимизни том маънода "уйғота олган" эди.
Ўша даврда "Улуғ оғалар" бошлиқ чиркин тузумнинг шунчалик кўп кирдикорлари ошкор бўлди-ки, ўша пайтда мен мактабни 6-7- синфларида ўқиб юрган вақтимдан-оқ ўз исм-шарифимдаги бир пайтлар "Улуғ оғалар" томонидан ота-боболаримиздан бошлаб мажбурий сингдирилган қўшимчаларни ўлгудай ёмон кўриб қолдим. Мустақил бўлганимиздан кейин бу мавзу кўтарилади ва биз тез орада исм-шарифимиздаги бу қўшимчадан қонун асосида воз кечамиз деб умид қилдим.
Аммо мустақил бўлганимиздан кейин орада шунча йил ўтди ҳам-ки ҳанузгача бу мавзуда ҳеч ким бошини қотирмаяпти.
Ўрислар Чор Россияси даврида бизни кўп ишларимизга аралашмаган. Шу жумладан эътиқодимизга ва қандай исм-шарифда юришимизга ҳам. Аммо "Октябарь тўнтариши"дан кейин Россия тепасига бир тўда ювиндихўрлар келгандан кейин улар ўз мавқеларини бизга ўхшаган чет жойлардаги халқларни тепасида ҳам мустаҳкамлаб боравериш учун бизни эътиқодимизни йўқ қилишга уриндилар. Алифбомизни икки марта ўзгартирдилар. Исм-шарифимизга ўзларига хос бўлган қўшимчаларни қўшдилар ва ўз мақсадларига эришдилар. "Ўз мақсадларига эришдилар" деганимнинг сабаби ҳатто бугунги кунда ҳам миллатдошларимиз ва юртдошларимиз орасида уларнинг бизга қилган қонхўрликларини, хунрезликларини оқлайдиганлар кам бўлса-да топилади.
Юқорида ёзганим 1990-92- йиллардаги миллий уйғонишда бевосита иштирок этар эканман, ўшанда мени энг кўп ўйлантирган саволлардан бири "Нега Кавказ халқларининг аксарияти, хохоллар, белоруслар, татарларнинг бир қисми, Болтиқбўйидаги халқлар ўз исм-шарифларини, ҳатто кўпчилиги ўз ёзувини (масалан, грузинлар, арманилар ўз ёзувларни сақлаб қолишди. Болтиқбўйи халқларида эса латин графикасига асосланган ўз алифболари бор эди) сақлаб қолишди-ю, аммо биз ўзбеклар, озарбайжонлар, қозоқлар, қирғизлар, турманлар ва тожиклар нега на исм-шарифимизни сақлаб қола олдик, на алифбомизни?" деган савол эди. Ўшанда бу саволга ҳеч ким жавоб бермаганман. Тўғрироғи ҳеч кимдан сўрамаганман. Аммо, ёш, мактаб ўқувчиси бўлсам-да ота-боболаримизни кўп ҳолатларда ўз исм-шарифини ва ўз алифбосини сақлаб қолган грузин ва арманларига қараганда саркашроқ бўлганларини, айримлари ҳатто қорнини доим тўқлаб юриш учун нарсага тайёр бўлганларини ҳам ўйладим. Акс ҳолда биз ўз эътиқодимиздан воз кечмаган ёки ўз исм-шарифимизни, ёзувимизни сақлаб қола олган бўлар эдик. Ичимиздан, ўзимиздан чиққан "қаҳрамонлар" ўша даврда ҳар ишга тайёр бўлишган ва ҳатто ўрислар "салла олиб кел" деса ўша саллага қўшиб ўз миллатдошларини, ўз юртдошларини калласини ҳам қўшиб олиб боришган. Шутуфайли ҳам биз ҳамма нарсамиздан айрилганмиз деб ўйлайман.
Грузин ва арманларнинг ўз алифбоси ва ёзувини сақлаб қолишида уларнинг руслар билан бир динда бўлганлари ҳам қандайдир роль ўйнаган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек Россия уларни биздан юз йил олдин босиб олганини ва эътиқод тарафидан улар бир хил бўлганлари туфайли уларни ҳар иккаласи ҳам ўрис билан чатишиб, Россиянинг турли бурчакларига кўчиб бориб аралашиб яшаб кетаверишганини ҳам инобатга олиш керак. Аммо бизга нисбатан бундай деб бўлмасди. Биз эътиқодимиз юзасидан ўрис билан чатишиб кета олмас эдик. Ўртада доим оралиқ масофа сақланган. Ана шу туфайли ҳам ўрислар армани ва грузинларга нисбатан биздан кўпроқ хавфсираган ва шу учун ҳам коммунист ювиндихўрлар даврига келиб нима қилиб бўлса-да бизни ҳар тарафлама айнитиб ташлаш чоралари кўрилди. Бу йўлда олдинига Ислом таъқиқланди. Мусулмонлар даъво қилмасин деб насронийлик ва яҳудийлик ҳам номига таъқиқланиб давлат бўйича умумий атеистик режим эълон қилинди. Насронийлик ибодатхоналарига унчалик тегмай асосий зарбани Исломга бериб мадраса ва мачитлар бузиб ташланди. Диний илми борлар ўлдирилди, сургун қилинди. Кейинчалик миллийликниёқлайдиган зиёлилар қатағон қилинди. Охирида эса ҳаммани бир четдан жазолайвердилар. Биз эса қўшнимизни олиб кетаётганда ҳам худди бизга навбат келмайдигандай "менга тегмаяпти-ку" деб томошабин бўлиб ўтиравердик. Эртасига эса навбат бизга ҳам келаверди.
Бу билан қониқмаган ювиндихўрлар энди бизни алифбомизга ва исм-шарифимизни ўзгартиришга тушдилар. Бу йўлда ҳам саркашлигимиз туфайли улар катта мувафаққиятга эришишди Ана ўшандан бери бўйнимизда бўйинтуриқдай исм-шарифимизда ўрисча қўшимчани "тақиб" юрибмиз.
Мана шу омиллар ҳаммаси йиғилиб қачон бўлса ҳам, ҳатто ҳужжатимда бўлмаса бошқа жойдадир барибир ўз исм-шарифимдаги ўрислардан қолган қўшимчани олиб ташлаб ёзишга қарор қилган эдим. Орадан йиллар ўтиб шу ишни ахийри ижтимоий тармоқларда бўлса ҳам бажардим. Аммо, ёмони болаларимни ҳаммасида бу ёмон кўрган қўшимчам бор. Ўшанда болаларим туғилган пайтда мен уйдан узоқда бўлганман ва туғилиш ҳақидаги гувоҳномаларни тегишли идорадан отам ёздириб олган. Ўшанда ўзим бўлсам ҳам барибир ўша қўшимчалар болаларимни исм-шарифида ёзиларди. Сабаби....
Сабаби, бир пайтлар бизда ФҲДЁ (ЗАГС) идораларида ҳатто олис туман идораларигача асосан ўрис, ёки татар ёки ўрис ва татардан ҳам баттарлашиб кетган ўзимизнинг "ўриссимон" миллатдошларимиз бўлган опалар ишлашган ва тепамизда ўтирганларнинг қатъий буйруғи билан ҳаммаёқни чалкаштириш ва бўтқа қилиш учун улар янги туғилган қиздир, ўғилдир ота-она айтган исм-шарифни қандай талаффуз қилса шундай бузиб ёзаверган. "Нега хато ёздинг" деб ҳеч ким эътироз ҳам билдирмаган. Эътироз билдирганларга ҳам улар "кечирасиз адашибмиз" демаган ва хато ёзилганларини ўзгартиришмаган. Шу туфайли бугунги кунда исм-шарифларимиз орасида шунақа ғаройиблари борки, кўриб ҳайрон қоласиз.
Оддийгина Қудратхўжаев фамилиясини бузиб Кодратхаджаев бўлиб кетгани бу кичик бир мисолдир. Бугунги кунда ҳам ФҲДЁ идораларида ходималар орасида айрим олдингиларидан ҳам баттарлари ишлаётган ҳолатлар бўлмоқда.
Бугунги кунда бизда қоғозбозлик ва бюрократия шунчалик ривожланди-ки, ҳатто исм-шарифдаги битта ҳарфи фарқ қилгани учун ота-болани ота болалигини, ака-укани ака укалигини тан олишмаган жойлари бор. Балки мана шунақа сарсонгарчиликлардан кейин ҳам одамлар "ҳаммаси чалкашиб кетади деб" ҳам исм-шарифини тўғирлашга уринмас.
Яқинда бир жойда шу мавзуда гап чиққанда ўтирганлардан бири "Мен яқинда туғилган фарзандимга гувоҳнома олишда, исм-шарифни ёзишда "ўрисча қўшимчани ёзмайсан" десам ФҲДЁда ўтирган опа "йўқ мумкин эмас бунақа ёзиш" деб қолди. Мен унга Оила кодексини келтириб "Одамларга таҳдид, хавф туғдирмайдиган маънолардаги ва ўзимизни ота-буваларимиздан қолиб келаётган исмлардан фойдаланиб болага исм-шариф танланаверилади" деб ёзиб қўйибди-ку" десам, у "бизга тепадан буйруқ бор, мумкин эмас" деб туриб олди. Охири ўртада бироз баҳслашдик ва менам қўймаганимдан кейин, "Бўпти айтганингдай қилиб ёзиб бераман, аммо сен бориб туман ИИБ ва Миллий хавфсизлик бўлимидан рухсат олиб кел" деди. Айтган жойига бордим, тегишли одамларни олдига кирдим. Улар мендан боламга нега бунақа исм-шариф танлаётганимни сўрашди. Шунда уларга бизни анча йил елкамизда ўтириб зулукдай сўрган ўрисларни ёқтирмаслигимни ва шу туфайли боламга уларни фамилиясидаги қўшимчани беришни ҳоҳламаслигимни ва бундан бошқа сабаб йўқлигини айтдим. Улар рухсат беришди ва мен боламни исм-шарифи ўрисча қўшимчаларсиз ёздирдим. Тегишли идора рухсат бергандан кейин шунчаки қизиқиш учун "Командир ФҲДЁ идораларига кўрсатма берганларинг ростми?" деб сўрадим. Шунда улар "Бу бўлмаган гап, агар энди одамларни қандай исм қўйиши ҳам бизни назоратимизда бўлса одамлар ўз болаларига "Месси", "Ишани"га ўхшаган бизга ёт бўлган исмларни қўйишига йўл қуярмидик?! Одамлар фарзандларига ўзлари хоҳлаган исм-шарифини танлаяпти-ку. Ўша ФҲДЁда ишлайдиган опа ўзидан, ишидан айрилиб қолишидан қўрқиб шунақа қилган. Бундай топшириқ ҳеч бир ФҲДЁ мудирасига берилмаган" деб жавоб берди. Очиғи қайси бирини гапига ишонишни ҳам билмадим. Аммо боламга ўрисни исм-шарифидаги қўшимчасиз исм-шариф танлаб гувоҳнома олдим" деб гапини тугатди.
Қаранг икки даврда яшаб ишлаганига қарамай иккита ФҲДЁ мудираларининг қанчалик ўхшашлигини.
Энди юқоридаги исму-шарифдаги ўрисча қўшимчаларга келсак, бу бизга керакми ўзи? Мана шу қўшимчалар туфайли ҳам дунёнинг бизни унча танимайдиган жойларида фамилиямизни эшитиб кўпчилик бизни ўрисга чиқариб қўяётгани ҳам бор гап. Биз ҳозир дуёнинг турли жойларида яшаётган миллатдошларимизни ҳам ҳисобласак қарийб эллик миллион ададга етиб қолдик. Шундай экан энди буёғига яна қачонгача ўрисларни исм-шарифидаги қўшимчалардан фойдаланамиз?
Қачон ўзимизни ота-боболаримиз яқин-яқингача фойдаланган "Фалонча, фалонча, фалонча ўғли" тарзидаги ўзимизга хос бўлган исм-шарифга қайтамиз?
Отасининг исм-шарифини англатадиган ва биз "Ўғли" , "O‘g‘li" тарзида ёзадиган сўзимизни турклар, озарбойжонлар, туркманлар "Оглу" ,"oglu" тарзида ёзишади ва талаффуз қилишади. Қозоқ ва қиргизлар эса бу сўзни "Ули" , "uli", "Улии", "ulii" тарзида ишлатишади. Демак, бизнинг "Ўғли", "O'g'li" тарзидаги талаффузни биздан бошқа ҳеч ким ишлатмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан мабодо ўзимизни эски фамилиямизга қайтсак турк, озорбайжон, туркман тилидаги талаффузга ўхшаш бўлиб қолиши мумкин десангиз, жавобим хўш ўрисча исм-шарифни қўшимчасини кўтариб юргунча ўзимизни қардошларникига ўхшаса нима бўпти? Ота-боболаримиз шундай фойдаланишган-ку. Учинчидан "Ўғли", "O'g'li" сўзи фақат отасини исми билан ишлатилади ва исму-шарифни ўзи ишлатилганда у ишлатилмай тураверади. Қолаверса "Ўғли", "O'g'li" сўзини ҳозир ҳам отанинг исми билан қўшиб ишлатаяпмиз. Аммо исм-шарифимиздаги русча қўшимчалардан воз кечмаган ҳолда.
Бизни ўз исм-шарифимизга ўрисча қўшимчани олишга бир пайтлар коммунист ювиндихўрлар мажбурлашган экан, хўш энди ўша қўшимчадан воз кечишдан бизни нима қайтараяпти? Бизга ҳозир ҳеч ким ҳеч қандай босим ўтказмаяпти-ку!
Биз, ўзи аслида мен бир пайтлар умид қилганимдек ўша энди мустақил бўлган пайтларимиздаёқ исм-шарифимиздаги ўрисча қўшимчадан воз кечиб юборишимиз керак эди. Аммо орадан шунча йиллар ўтгандан кейин ҳам ҳалиям бунга кеч эмас. Биз ўзимизни ўзбекча исм-шарифимизга энди бўлса ҳам қайтишимиз керак.
Яқинда юртимиздаги бир нечта янгилик сайтлари қўшни давлатлардан бирида ҳукумат миқёсида энди бундан буёғига исм-шарифларидаги ўрисча қўшимчалардан бутунлай воз кечиш ҳақида ҳақида қарор чиққани ва ўша қўшни давлат раҳбари 2007 йилдан бери ўз исм-шарифида ўрисча қўшимчани қўшиб ишлатмаслигини хабар бериб ёзиб чиқишди.
Хўш, қўшни давлатлардан бири шу қарорга келган бўлса, биз энди қачонгача "нимўрис" бўлиб исм-шарифимизда русча қўшимчани кўтариб юрамиз. Ё бизга мустақилликдан кейинги йигирма беш йилимиз ҳам шу ишни қилиш учун кифоя эмасми? Агар кифоя бўлмаса бизга ўз миллий исм-шарифимизга қайтишимиз учун яна неча йил керак бўлади?
Тўғри, Россияни жудаям қаттиқ яхши кўрадиганларга бу гапим ёқмаса керак. Чунки узоқ муддат қул бўлган инсон қўлидан кишан ечилганига ҳам бир муддат мослашиши қийин бўлади. Ҳатто узоф муддат тақилган кишани ечиб олинганига чидай олмай ўша кишанни бошқатдан тақиб олганлар ҳам йўқ эмас.
(Кейин бу ерда Россияни қанақалигини эмас, балки ўзимизни миллий исм-шариф қўллаш услубимизга қайтишдан фикр юритаяпман).
Фейсбукда жудаям кўп яхши инсонлар билан танишдим. Шулардан бири Абдувоҳид деган ўртоғимдир. У билан биринчи танишиб кўришганимизда ёнидагиларга мени "Танишинглар бу киши Ғайрат Йўлдош бўладилар" деб бошқаларга таништирганда ўз исм-шарифимни ўрисча қўшимчаларсиз бошқанинг тилидан эшитиб ғалати бўлиб кетганман. Кишани ечилган қулни аҳволига тушганман. Кейинчалик бу ҳолга кўникдим. Энди эса фахрланаман. Ҳа шундай, ҳатто ижтимоий тармоқларда бўлса-да исм-шарифимдаги ўрисча қўшимчадан қутилганимга, ўзимизни миллатга хос исму-шарифда юрганимдан фахрланаман. Ва хоҳлайман-ки яқин вақтларда ҳукуматимиз ҳам мана шу масалани яна бир бор кўриб чиқади ва яқин йилларда биз исм-шарифимиздаги ўрисларни қўшимчасидан батамом қутиламиз.
Сўнгги сўз. Албатта ҳозирги кунда бу масаладан бошқа кўплаб ечимини кутаётган масалалар бор. Уларни олдида бу масала жудаям арзимасдир. Аммо ишонинг мен ҳаммамизни ўз уйимизда ҳам, ёки хориждаги катта-катта минбарларда миллий исм-шариф чиқишларини, спорт мусобақаларида ҳам миллий исм-шариф билан қатнашишларини жудаям ҳоҳлайман.
Мен нафақат ижтимоий тармоқларда, балки паспортим бўйича ҳам Ғайрат Йўлдош бўлиб юришни ҳоҳлайман. Сизчи азиз миллатдошларим?
Комментариев нет:
Отправить комментарий