"Айбни биринчи ўзидан қидирган инсон, энг адолатли инсон". Бу гапни яна кимлардир худди шундай, ёки бироз бошқачароқ қилиб қайерлардадир ёзган бўлишиям мумкин. Шу учун бу ҳикматдай бўлиб кетган гапга муаллифлик даъво қилмайман. Аммо, бу ҳикматни ушбу ёзмоқчи бўлган блогимга бироз алоқаси бор.
Эътибор берсангиз бизда, мустақилликдан кейин бир анъана қаттиқ кучайди. Яъни, ўзимиз бажаришимиз керак бўлган вазифаларни, ҳа вазифаларимизни бажаришга ҳатто уринмаймизу, аммо бошқалар бажариши керак бўлган ишни ўша бошқалардан талаб қилишга уста бўлиб кетдик. Биз бориб талабимизни қуяётган одамларни баъзиси "ўзингчи, ўзинг вазифаларингни бажараяпсанми, мендан талаб қиласан" деса, иккинчиси шу гапни айта олмай, худди биздан тили қисиқдай олдимизда бошини эгиб тураяпти холос. Аслида ўша олдимизда бошини эгиб турган инсонларни биздан қарзи ҳам йўқ , ёки олдимизда тилиям қисиқмас. Шунчаки жамиятдаги табақалашув туфайли биз осмонга кетдик. У эса оддий бир инсон бўлиб қолаверди.
Келинг энди асосий гапга ўтайлик. Асосий гапимиз эса мактаб ва таълим сифати, ёки ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати ҳақида.
Мактаб ва таълим.
Ҳозир ота-оналарни қайси биридан сўрасангиз мактабда таълим сифати пастлашиб кетганини, ўқитувчилар ўз касбига маъсулият билан қарамаётганини, болаларни яхши ўқитмаётганини, буни натижасида боласи саводсиз бўлиб қолаётганини ёзғириб шикоят қилади. Аммо ҳамма айб мактабларда, ёки ўқитувчилардамикин? Ўша ёзғириб шикоят қилаётган, ёки кўча-кўйда гап очилганда доим мактаб ва ўқитувчиларни тинимсиз танқид қилаётган ота-оналарни айби йўқмикин? Улар оппоқмикин? Қўйида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Юқоридаги саволларга жавоб беришда, албатта гап биринчи Собиқ Иттифоқ давридаги мактаблар ва уларда берилган таълим билан бошланади. Чунки ёши катталар билишади у пайтларда мактабларда шароит ҳозиргидай бўлмасада, таълим тизими зўр ишларди. Буни сабаблари кўп эди. Аммо энг асосий сабаби иккита, учта эди.
Биринчи сабаби у даврда уйда, ота-оналар томонидан болаларга тарбия бериш жудаям муҳим эди. Ўша даврда ҳар қандай ота-она биринчи навбатда ҳозирги ота-оналардай боласини эрка қилиб, уни оғзидан чиқадиган нарсасини муҳайё қилиш ҳақида эмас, балки ўз фарзандини яхши тарбия олиши, яхши таълим олиши, одоб-ахлоқли бўлиши ҳақида кўпроқ қайғурар эди. Ва шу йўлда ҳаракат қилар эди. Агар болани уришиш керак бўлса қаттиқ уришар, эркалатиш керак бўлса меъёрида эркалатар эди. Мана шу ҳолатга яна бир бор эътибор беринг, уришиш керак бўлганда қаттиқ уришар, эркалатиш керак бўлганда меъёрида эркалатар эди. Эркалатиш меъёри уришиш меъёрида ҳеч қачон ошиб кетмасди. Ҳозир эса, тескариси. Ҳозирги бола тарбиялаётган ота-оналар уришишни тил учида қилаяптилар, эркалатишни эса ҳаддан ошириб юбораяптилар.
Демак, биринчи сабаби уйда, оилада болаларни тарбияси муҳим эди ва бу йўлда керак бўлса бироз қаттиққўллик ҳам қилинарди.
Иккинчи сабаби бу мактабларда тартиб қаттиқ эди. Эслайман ўша даврларда ўқитувчиларда ҳайбат бор эди. Мактаб ҳовлисида рўпарамиздан чиқиб қолган ўқитувчи ҳоҳ бизга дарс берсин, ҳоҳ бермасин, ёки ҳоҳ қаҳри қаттиқ , ҳоҳ кўнгли юмшоқ бўлсин биз барибир улардан ҳайбатланардик ва қўрқиб турардик. Буни сабаби гоҳида билиб-билмай тўполон қилганимизда, гапга кирмаганимизда, дарс тайёрламаганимизда, ёки дарсда орқа партада ўтириб тўполон қилганимизда ўқитувчиларни аксарияти ҳоҳ енгилроқ, ҳоҳ оғирроқ бўлсада бизни жазолар эди. Аммо, биз барибир ўқитувчимизни ёмон кўриб қолмасдик. Чунки уйда ота-онамиз тўполон қилганимизда уришиб, айтган ишларини бажарганимизда эса мақтаганларидек, мактабда ўқитувчиларимиз ҳам тўполон қилсак жазолашарди, аммо бироз ўтиб уй вазифасини аълога бажариб келганимизни кўриб, ёки дарсда яхши жавоб берганимиз учун бутун синф олдида мақташарди. Ва бу, бироз олдин тўполон қилганимизда уришганларнини ўрнини босиб кетарди ва биз мақтов эшитганимизда ўша бироз олдин жазоланганимизни унутиб юборардик.
Ўшанда жазолар турлича бўларди. Оғзаки уришишдан бошлаб, енгилидан оғирига қараб, бурчакда турғазиб қўйиш, бурчакда қўлида папкасини кўтартириб турғазиб қўйиш, ёки тепароқ синфдалигимизда бурчакда стул кўтартириб қўйиш, ундан ҳам юқори синфларда эса ҳатто хивчин билан бир иккита тушириш бўларди. Албатта бу жазолар кўпроқ ўғил болаларга қўлланиларди. Чунки қиз болалар тўполон қилишмасди ҳисоб. Ёки оғзаки уришганни ўзидаёқ йиғлаб юборишарди.
Кейин, яна бир нарса урфда эди-ки, жазоланган бола, ўзини ўқитувчиси жазолаганини зинҳор уйга бориб ота-онасига айтмас эди. Синфдаги болалар наздида бу ожизлик, сотқинлик деб ҳисобланарди. Мабодо қайсидир бола бориб ота-онасига айтса-ю, уни тарафини олиб ота-онасидан кимдир мактабга келса, кейин ўша болани синфдошлари калака қилиб юришарди.
Шу учун, онда-сонда бир шунақа ҳолат содир бўлмаса, бошқа пайт болалар уйга бориб ўзларини жазоланганларини айтмасдилар. Кейин аксарият ҳолларда ўз боласини ўқитувчиси томонидан жазоланганини эшитган ота-она ҳам мактабга югуриб келавермасди. Боласидан нега жазоланганини сўрарди ва воқеани тафсилотини эшитиб боласига "болам ўқитувчинг сени ёмон бўл деб жазоламаган, тўполон қилиб дарсга халақит қилганингдан кейин жазолайди-да" , деб насиҳат қилишарди. Ўз болаларини "дарсда бошқа тўполон қилма", деб уришишарди. Шу учун ҳам, ҳамма сабаблар йиғилиб, ўқитувчини жазолагани синфдан ташқарига чиқмасди.
Демак учинчи сабаб мана шу, ота-оналарнинг боласини тарафини олиб ҳадеб мактабга югуравермаслиги эди.
Ўшанда у кимни боласи бўлмасин бир хил жазоланар эди. Тўғри, айрим ҳолларда юқорироқ мансабда ишлайдиган одамни боласини айрим ўқитувчилар қаттиқ жазолашга ботина олмасдилар. Аммо аксарият ҳолларда "на принцип" ҳамма болалар тўполон қилса жазосини оларди.
Ана ундан кейин биз мустақил бўлдик. Дунё кўрдик. Орадан йиллар ўтиб пастак-пастак иморатларда жойлашган мактаблар батамом бузилиб, ҳамма жойда замонавий мактаблар қурилди. Шароитлар яхшиланди.
Аммо, энди ҳамма ўзгарди. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам, ҳамма-ҳаммаси ўзгарди.
Бу ўзгаришлар биринчи навбатда ота-оналарда содир бўлди. Ундан кейин ўқувчиларда ва охирида уларни таъсири остида ўқитувчиларда ва мактабдаги таълим сифатида ўзгаришлар бўлди.
Ота-оналарни ўзгарганларига келсак, ўзлари бир пайтлар мактабда ўқитувчиларни, уйда эса ота-онани қаттиққўллик билан олиб борган тарбияси остида улғайганларига қарамасдан, энди улар ўзлари ота-она бўлганларида, ўз болаларига ўзлари ҳам қаттиққўллик қилмаяптилар ва ўқитувчиларни ҳам қаттиққўллик қилишига қўймаяптилар. Буни натижасида ўқувчилар ҳам ўзгараяптилар ва кундан-кун эркин бўлиб, ҳеч кимни гапига кирмай, мактабда ҳам яхши ўқимай, саводи ва одоб-ахлоқи ўртача бўлган миллат шаклланишига сабаб бўлаяптилар.
Ўқитувчиларни ўзгаришига келсак, улар энди бир пайтлардагидай болаларни жазолаш уёқда турсин, ҳатто уриша ҳам олмаяптилар. Чунки, бирон бир ўқувчиларини қаттиқроқ уришсалар у бориб дарров мактабга ота-онасини етаклаб келаяпти ва улар ўша болаларини уришган ўқитувчини ҳақорат қилиб, болаларини бошқа уришмайдиган қилиб кетмоқдалар. Буни натижасида болада ўқитувчисини назар писанд қилмаслик одати пайдо бўлаяпти.
Ота-оналарни ўзгарганларига бир мисол келтираман. Бир пайтлар ёш бола пайтимизда амакиларимиз, тоғаларимиз, агар айтган ишларини қилмасак, ёки гап қайтарсак, ёки тўполон қилсак бир огоҳлантиришар эди, икки огоҳлантиришар эди. Ўшандаям билганимиздан қолмасак ҳатто ота-онамизни олдида бўлса-да бизни уришишар эди, ёки улардан тарсаки еган вақтларимиз ҳам бўлган. Ёки хивчин билан уришган ҳам. Ўшанда ота-онамиз олдимизда бўлишса-да тарафимизни олишмас эди. Аксинча бизни қулоқсизлигимизни кўриб "гапингизга кирмаяптими, уринг" деб туришарди.
Энди-чи, энди ундай ҳолат умуман йўқ. Ота-оналар ўзлари болаларини қаттиқ эркалатишаётгани туфайли, энди бошқаларга, у амакиси бўладими, ёки ўқитувчиси бўладими асло уришишларига, ёки уришларига йўл қўйишмаяпти.
Масалан: Мен яқинда укамни 4-5 синфда ўқийдиган ўғлини, ота ҳовлимизда йиғилганимизда тўполон қилавергани учун бор йўғи "тўполон қилма" деб уришганим учун, укам менга қовоғини солди. Хотини эса аразлаб, болаларини эргаштириб уйига жўнади. Мана ҳозирги аҳвол. Шу учун ҳам тв. каналларимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи бузилиб кетаётгани ҳақида бонг уриб гапираётган бошловчи "бир болага еттита қўшни ота-она, шу учун қўшниларни ҳам кўчадаги тўполончи болани уришишга, унга танбеҳ беришга ҳаққи бор" деса, бу сийқаси чиққан гапни эшитиб энсаларим қотиб кетади. Чунки, биринчидан ўз амакисига боласини уришишига йўл қўймаётган ота-она, боласини кўчада тўполон қилганида қўшни уришсин, бориб ўша қўшнини "энасини Учқўрғондан кўрсатиб" келар. Иккинчидан эса ўша болага еттита қўшнини берадиган тарбияси, танбеҳи, уришиши шартмас, авваламбор ўзини ота-онаси етарли тарбияни берсин. Ана ўшанда еттита қўшнини тарбиясига, танбеҳига ҳожат ҳам қолмайди.
Энди мактабларда таълим сифатини пастлигини сабабларига қарасак, юқорида ёзганим учта омил бунга сабаб бўлаяпти.
1) Ота-оналарнинг уйда-оилада ўз болаларига тартибли тарбияни сусайтириб юборганлари.
2) Болаларини уришгани учун ўқитувчиларни олдига ҳадеб болаларини тарафини олиб бораверганлари.
3) Ота-оналар ҳадеб болаларини тарафини олиб жанжал қилиб келаверганлари туфайли, мактабда ўқитувчилар эркин ишлай олмай, ҳаммасига қўл силтаб, "вақт ўтсин"га ишлаб юрганлари туфайли.
Демак, ҳамма томондан таҳлил қилинса ҳам мактаблардаги таълим сифатини пастлаб кетишига биринчи навбатда ота-оналарнинг ўзлари айбдор. Чунки улар ўз оилаларида болаларини тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари етмагандай, болаларини орқасидан мактабларга жанжал қилиб бориб, ўқитувчиларни ишларига ҳам аралашиб, ҳаммасига ўзлари сабабчи бўлаяптилар.
Ўзингиз ўйланг, бир дарсда доим тўполон қилиб ўтирадиган болага ўқитувчи танбеҳ берди, уришди бўлмади. Охири енгилгина қилиб бир тарсаки туширди. Бола шу заҳотиёқ уйга жўнади. Бориб ота-онасига ўқитувчиси урганини айтди. Ота-она эса сабабини ҳам суриштириб ўтирмасдан боласини олиб мактабга жўнади. Келиб ўқитувчини бир синф болани олдида ҳақорат қилиб, ер билан битта қилди. Камига судга бериб қаматишини айтиб дағдаға ҳам қилди. Ундан кейин директорга учрашиб, ўша ўқитувчи боласини урганини ва ундай ўқитувчиларга мактабда жой бўлмаслигини айтиб, уни ишдан бўшатиш ҳақидаги талабини ҳам қўйди. Хўш, бунақа воқеадан кейин, бир синф тўла ўқувчиси олдида шармандаа бўлган, обрўси тўкилган ўқитувчи кейин қайердан ҳам сифатли таълим берсин? Қайердан ҳам ўз ўқувчиларини келажагини ўйлаб қайғурсин?
Айтишингиз мумкин, у ўқитувчини болага тарсаки туширишга ҳаққи йўқ эди деб. Тўғри, аммо болани ота-онасини ҳам, у билан алоҳида гаплашмай, бир синф тўла болаларни олдида обрўсини тўкиб, шарманда қилишга ҳаққи бор эдими?
Гап бир тарсаки ҳақида кетар экан, эслайман, мен ўзим синфда энг аълочи ҳолимда, ўн бир йил синфком бўлиб, эҳҳе ўқитувчиларимиздан неча марта тарсаки, неча марталаб хивчинларда калтак еганмиз. Аммо бирон марта ота-онамизга бу ҳақда бориб айтмаганмиз. Чунки биз айбимизни яхши билардик. Ўша калтак ейишларимизни айримлари ота-онамизни қулоғига синфдошларимиз орқали етарди. Ўшанда улар бу ҳолни сабабини сўрашарди ва тўполон қилганимизни, ўқитувчимизни дарс беришига халақит берганимизни билиб ўзимизни уришишарди. Чунки улар ота-она сифатида характеримизни ҳам, тўполончи эканимизни ҳам, ўқитувчиларни оғир, заҳматли ишларини қийинлигиниям билишарди. Шу учун ҳам ҳеч кимни ота-онаси боласини тарафини олиб мактабга бормасди.
Шу учун ҳалигача мен ўша менга тарсаки туширган ўқитувчиларимни ҳурмат билан эслайман. Уларни ўша тарсакилари учун миннатдор бўламан.
Бу ўқитувчи-ку энди ишдан совиди, ота-оналарни раҳмати шунақа бўладиган бўлса, бошқа ўз ўқувчилари учун жон куйдирмагани бўлсин, аммо бу ҳолатни кўриб турган бошқа ўқитувчиларда ҳам, кейин шу болаларни яхшироқ илм олиши учун жон куйдириш рағбати қайердан бўлсин? Минг жон кўйдириб илм берганлари билан биров раҳмат айтмаса, аксинча келиб мана шунақа ҳақорат қилиб кетишса, хўш унда кимга керак бунақа фидокорликни? Демак бундан буёғига "вақт ўтди" қабилида ишлайверишади. Мабодо ўқувчиларни ўзлаштириши суст бўлса, ўйинқароқлик қилиб дарсларни тайёрламаса, дарс пайтида тўполон қилиб, дарсга қулоқ солмаса ҳам энди уришиб ўтиришмайди. Энди уларни ўзлаштириши билан ишлари бўлмайди.
Ҳа, мана шу тахлитда ота-оналар уйда болаларини тарбиясини сусайтириб юборганлари етмагандай, мактаб ишига ҳам аралашиб таълим сифатини сусайишига сабаб бўлдилар.
Мен бу ерда бир тарсакини оқасидан мактабга югуриб келган ота-она ҳақида ёздим. Аслида эса ҳозир ота-оналарнинг аксарияти ҳатто, ўқитувчи болаларини уришганини, танбеҳ берганини эшитиб ҳам болаларини тарафини олиб мактабга югуриб келаяптилар. Бечора ўқитувчилар охирги пайтларда тўполончи ўқувчиларга ҳатто чора кўришга қўрқиб ҳам қолдилар. Ҳа аҳвол шу даражага етди.
Шу ерда ғалати бир ҳолат юзага келаяпти. Ота-оналар бир тарафдан мактабда таълим сифати йўқ деб нолимоқдалар, иккинчи тарафдан эса мактаб ишларига аралашиб ўша таълим сифатини пастлашига ўзлари сабаб бўлаяптилар. Яъни ҳаммасига ўзлари айбдор ҳолда, яна бошқаларни айбдор қилиб, айбдор қидираяптилар.
Яна бир гап. Ҳозир ота-оналар мактабни ишига аралашмасалар ҳам таълим сифати кучайиб қолмайди. Сабаби, ота-она уйда болаларига тарбияни тартибли равишда кучайтирмас экан ва оилада тарбия суст бўлиб қолаверар экан, болалар мактабда ўқитувчиларини гапини барибир олмайдилар. Демак, таълим сифатини яхшилаш учун авваламбор оилада болалар тарбиясига ота-оналар томонидан эътибор кучли бўлиши керак . Ана ундан кейин мактабларда тартибни кучайтирса бўлади. Акс ҳолда бу йўлдаги қандайдир ҳаракатлар бесамар бўлиб қолаверади. Демак, яна гап айланиб келиб, уйда, оилада ота-онани ўз боласига бераётган тарбиясига бориб тақалаверади.
Ушбу ёзувларни ҳар ким бошқалардан вазифасини бажаришни талаб қилгунча, ўзига тегишли вазифани бажарса яхши бўлиши ҳақидаги гап билан бошлагандим.
Яна шу гап билан якунлайман. Ҳа, ота-оналар ўқитувчини вазифасини бажараяптими, ёки йўқми муҳокама қилгунча олдин ўзларини вазифаларини англаб етсалар ва ўша англаб етган вазифаларини бажарсалар яхши бўларди. Бу учун Фарҳоддай тоғни тешиш шарт эмас. Бор йўғи, оилада болалар тарбиясига кўпроқ вақт ажратиш, кўпроқ эътибор бериш, ўзлари ҳам болаларига ўрнак бўлиш, кейин мактабга тез-тез бориб болаларини дарсларида қатнашиб туриш ва ҳоказо ишларни бажаришлари керак холос.
Чунки, бола оилада яхши тарбия олмас экан, ундан мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам яхши натижа кутиш бу ахмоқликдир. Агар оилада тарбияга кўпроқ эътибор берилса ва тарбия яхши бўлса, у болани мактабдаги ўзини тутиши, ёки ўзлаштириши ҳам, ёки кўча-кўйда юриш-туриши ҳам, ҳаммаси жойида бўлади.
Шу учун ота-оналар, авваламбор ўзларини вазифаларни биринчи қойиллатиб бажаришлари, ундан кейин эса бошқалардан талаб қилишлари лозим.
Эслатма: Мени ўзим ўқитувчи эмасман. Ёки яқин қариндошларимдан ҳам ўқитувчилар йўқ. Мен фақат бу касбни шарафли касб деб биламан. Кейин оиламизда 2-3та боламизни тарбиясини эплай олмай юрган шу даврларимизда улар йил, ўн икки ой ҳар куни юзлаб болалар билан муносабат олиб боришлари қанчалик қийин ва заҳматли эканини биламан. Шу учун ҳам уларни ишларини ниҳоятда оғирлигини биламан.
Инша Аллоҳ келгусида уларни турли ҳашарларга, "пахта компаниясига" олиб чиқилишларини танқид қилиб ҳам нималардир ёзиш ниятим бор.
Комментариев нет:
Отправить комментарий