суббота, 2 ноября 2019 г.

Муҳташам юз йил ҳақида

Охирги пайтларда сериал дейилса кўз олдимизга Туркия келадиган бўлиб қолди. Бугун турли телеканалларимизнинг ҳар бирида ҳеч бўлмаганда битта туркиялик ижодкорлар суратга олган сериал эфирга узатилаяпти. Уларнинг мавзуси жуда хилма-хил. Очиғини айтиш керак, туркиялик ижодкорлар сериаллар суратга олишда бой ижодий тажриба тўпладилар. Бугун улар суратга олган турли мавзулардаги сериаллар дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилмоқда. Айниқса, улар томонидан суратга олинган тарихий мавзудаларги сериалларни бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб томоша қилишаяпти.

Ана шундай сериаллардан бири "Муҳташам юз йил"("Muhteşem Yüzyıl") тарихий сериалидир.
Бу сериал илк марта 2011 йилнинг январ ойида Туркиянинг Star TV телеканалида намойиш этилган. Сериалнинг якуний қисмлари 2014 йил, июнь ойида эфирга узатилган.
"Муҳташам юз йил" сериалида Усмонийлар империясида султонлик қилган Султон Сулаймон ва унинг хотини Хуррам Султон давридаги ва ундан кейинги даврлар воқеалари тасвирланган.
Ушбу сериални суратга олиш учун ўша пайтда 50000м² майдонни эгаллаган жуда катта суратга олиш майдончаси қурилган.

Сериал тўрт мавсум қилиб ишланган.
1-мавсуми 1-24 серияларни, 2-мавсум 25-63 серияларни, 3-мавсум 64-103 серияларни, 4-мавсум 104-139 сенияларни ўз ичига олган. Ҳар бир серия 90-140 минутни ташкил этган.
Ўша пайтда, сериалнинг 1-мавсуми эфирга узатилаётган вақтда унинг қолган мавсумларини навбати билан суратга олаверишган.
Ушбу сериал ўша пайтда олдинма-кейин дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларида зўр муваффақият билан намойиш этилган. Айниқса, Россия, Қозоғистон, Сербия, Руминия, Германия ва яна бошқа кўплаб мамлакатларда сериал жуда машҳур бўлди. Рейтингларда юқори ўринларни эгаллади.

Ўзбекистонда ушбу сериал илк марта ўзбек тилига ўгирилиб Миллий ТВ телеканалида 2018 йил, 10 декабрдан бошлаб намойиш эта бошланди. Ушбу сериал бундан 7 йил аввал, 2012 йилда дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилганида аксар юртдошларимиз томоша қилишган эди. Аммо, ушбу сериални Ўзбекистондаги намойиши бошлангандан кўпгина юртошларимиз уни яна катта қизиқиш билан томоша қилмоқда ва бемалол айтиш мумкинки намойиш бизда ҳам зўр муваффақият билан ўтаяпти.
Буни, бир неча кун олдин сериал қаҳрамонларидан бири шаҳзода Мустафо қатл қилинган серияси кўрсатилганда, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ўша воқеа кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан ҳам билса бўлади. Юртдошларимиз, шаҳзода Мустафонинг отаси Султон Сулаймон тарафидан қатл этилгани учун ижтимоий тармоқларда анча қайғуриб изоҳлар қолдиришди. Мустафо сериалнинг 123-сериясида қатл қилинади. Лекин бизда аксарият ҳолларда турк сериалларининг бир серияси 3-4 бўлакка бўлиниб қўйилишини инобатга олсак, бизда у сериалнинг бошқа сериясида қатл этилди.

Хўш,  шаҳзода Мустафо ким эди?

Шаҳзода Мустафо Султон Сулаймоннинг ўғилларидан бири. У 1515 йилда туғилган.
1533-1541 йилларда Маниса вилоятининг, 1541-1553 йилларда Амасия вилоятининг ҳокими бўлган. 1953 йилда Манисада қатл этилган.
Мустафо Султон Сулаймоннинг тўнғич ўғли эмас, унгача султоннинг Маҳмуд ва Мурод исмли икки нафар ўғли бўлган.
1520 йилда Султон Салим Ёвуз вафот этади ва тахт унинг ўғли, Маниса вилоятининг ҳокими Сулаймонга ўтади. Орадан бироз ўтиб султоннинг иккита тўнғич ўғли вафот этади ва Мустафо ёлғиз валиаҳд бўлиб қолади.
Аммо, 1521 йилда Султон Сулаймон ўзининг Хуррам-Султон номли хотинидан ўғил фарзанд кўради. Уни Меҳмед деб атайдилар.

Сериалга кўра шундан сўнг Хуррам-Султон нима қилиб бўлса ҳам ўғли шаҳзода Меҳмедни валиаҳд қилиш пайига тушади. 1541 йилда Султон Сулаймон Хуррам Султоннинг босими ва фитналари ортидан шаҳзода Мустафони Маниса вилояти ҳокимлигидан бўшатиб, пойтахтдан анча узоқдаги бир вилоят бўлган Анисияга ҳоким қилиб жўнатади. Унинг ўрнига эса Хуррам Султондан туғилган ўғли шаҳзода Меҳмедни ҳоким қилиб тайинлайди. Шу тариқа Хуррам Султоннинг маккорона сай-ҳаракатлари билан шаҳзода  Мустафонинг валиаҳд бўлиш имкониятлари пасайиб кетади.
1944 йилда шаҳзода Маҳмед вафот этади. Мустафонинг Маниса вилоятининг ҳокимлигига қайтиши имконияти пайдо бўлади. Аммо, кутилмаганда Султон Сулаймон Маниса вилоятига ҳоким қилиб шаҳзода Мустафони эмас, балки Хуррам Султондан туғилган яна бир ўғли шаҳзода Салимни тайинлайди. Шунингдек, валиаҳдликка яна бир номзод, шаҳзода Боязид ҳам бор эди.

Ўша пайтда халқ орасида бу уч валиаҳдликка номзод шаҳзодалар орасида Мустафонинг обрўси анча баланд бўлган.
Ўша пайтда нима қилиб бўлса ўз ўғлини валиаҳд қилишга уринган Хуррам Султон ўз мақсадига эришади ва вазир Рустам Пошшо билан тил бириктириб шаҳзода Мустафога қарши кўплаб фитналар уюштиради. Шу билан бирга Султон Сулаймонга тинимсиз шаҳзода Мустафони ёмонлаб, гўё  шаҳзода Мустафо пайт пойлаб отасига қарши тўнтариш уюштириш пайида деб Султон Сулаймонни ишонтиради.
1953 йилда Хуррам Султон ва Рустам Пошшо тил бириктириб шаҳзода Мустафога қарши уюштирилган фитналар ўз кучини кўрсатади ва Султон Сулаймон ўз ўғли шаҳзода Мустафони "ҳаётига хавф солаётганлик"да айблаб, уни ўлим жазосига ҳукм этади ва шу тариқа шаҳзода Мустафо қатл этилади. Орадан бироз ўтиб Мустафонинг етти ёшли ўғли Мустафо Меҳмед ҳам қатл этилади.

Тарихий манбаларда ёзишларича Султон Сулаймон шаҳзода  Мустафони қатл этиш масаласида бир қарорга келганидан кейин бу ҳақда билиб қолган шаҳзода Мустафонинг онаси Моҳидаврон Султон ўғлини огоҳлантириб мактуб ёзиб юборади. Аммо, шаҳзода Мустафо ўзининг отаси томонидан қатл қилинишига мутлақо ишонмайди ва мактубдаги огоҳлантиришни эътиборсиз қолдиради. Шаҳзода
Мустафонинг қатлидан сўнг у бошқарган армия ва Яничарлар гуруҳи Султон Сулаймонга қарши чиқади ва шаҳзода Мустафонинг қатлида муҳим роль ўйнаган Рустам Пошшони жазолашни талаб қилади. Шундан сўнг Султон Сулаймон Рустам Пошшони вазифасидан озод қилишга мажбур бўлади.

Сериалда тарихий ҳақиқатлар бузиб талқин қилинганми?

Муҳташам юз йил сериали Туркияда намойиш этилар экан, у ҳақда энг аввало тарихчилар ва Ислом уламолари, Ислом тарихи устида тадқиқот олиб бораётган олимлар танқидий фикр билдирдилар. Тарихчи олимлар сериалдаги кўплаб ҳодисалар нотўғри талқин қилинганини, сериалда тарихий ҳодисаларнинг анчаси фильм сценарийнависи ва ижодкорлари томонидан ўйлаб топилиб қўшилгани, аксинча тарихий фактлари бор ҳодисалар эса ташлаб кетилганини ёзиб чиқди. Туркиядаги кўплаб уламолар, диний олимлар эса фильм ижодкорларини Султон Сулаймон ва унинг оиласини ва фильмдаги кўпгина тарихий шахсларнинг ўзини тутиши, ҳатти-ҳаракатлари тарихий фактларга зидлигини, Султон Сулаймон ва унинг атрофидагилари сериалда тасвирлангандай ҳаёт кечирмаганини ёзиб чиқди.

Туркия телевидения ва радио кенгаши берган маълумотларга кўра сериал Туркияда намойиш этилганидан сўнг сериалда тарихий фактлар бузиб кўрсатилаяпти деб томошабинлардан 70 000 шикоят тушган.
Сериалда тарихий фактлар бузиб талқин қилингани ҳақидаги эътирозларга ўша пайтда ҳатто Туркия Бош вазири бўлган Ражаб Тойиб Эрдоған ҳам қўшилган ва у  "Муҳташам юз йил" ижодкорлари ёшларга шонли Туркия тарихини бузиб, қора буёқларда кўрсатаяпти" деган эди.

Умуман олганда сериалда акс этган тарихий воқеаларнинг фақат негизи тарихий ҳақиқатга тўғри келади. Воқеа-ҳодисалар талқинида ёлғон жуда кўп. Масалан, сериалда Султон ҳарами жуда очиқ тасвирланган. У ерга бегоналар ҳам бемалол кириб-чиқаяпти. Аслида эса ундай бўлмаган. Ҳарамга бегоналарнинг кириши мутлақо тақиқланган. У ерга фақат Султон ва унинг ўғиллари кира олган. Ҳарам хизматчилари ва канизаклар умуман эсдаликлар ёзиб қолдирмаган. Усмонийлар империясининг "Муҳташам юз йил" тасвирланган пайтдаги ҳукмдори Султон Сулаймоннинг характери, одатлари ва ҳиссиётлари ҳақида фақат унинг Хуррам Султон билан ёзишган хатларидан маълумот олиш мумкин.
Сериалда кўрсатилган ҳарамдаги тартиб-қоидалар, канизакларнинг ва Султон хотинларининг ўзларини тутишлари, ҳарамдаги ҳаёт, сериал қаҳрамонларнинг Европада ўрта асрда кийилган либосларга ўхшаш либослари – буларнинг барчаси сериал ижодкорларининг тарихий ҳақиқатларни бузиб кўрсатишидир.

Тарихчилар ўрганишлари учун Усмонийлар империясининг Султон Сулаймон даврига тааллуқли бўлган ҳужжатлар жуда кам сақланиб қолган. Ўшалардан хулоса чиқариб айтиш мумкинки, Усмонийлар салтанати бошқаруви ёпиқ турдаги бошқарув бўлган.
Султон Сулаймон ҳарами ҳақида баъзи маълумотлар хорижлик элчиларнинг эсдаликларида сақланиб қолган. Улар Султон Сулаймон саройида ўша даврда бўлиб ўттган воқеа-ҳодисаларнинг аксариятини ёзиб борган. Кейинчалик оғиздан-оғизга ўтиб борган ўша маълумотлар анча бўрттирилган ва натижада одамларнинг Хуррам Султон ҳақида салбий фикрлаши ҳосил бўлган. "Муҳташам юз йил" сериали намойишидан сўнг Хуррам Султон ҳақидаги салбий қарашлар баттар  кучайди ва одамлар наздида Хуррам Султон Султон Сулаймонни ўзига бўйсундириб олган маккора ҳамда, бошқа шаҳзодаларнинг қатли эвазига ўғлини тахтга ўтқизган ёвуз ниятли аёл сифатида гавдаланди.

Шунингдек, сериалда Султон Сулаймоннинг характери ва ҳаёти ҳам анча бирёқлама қилиб кўрсатилган. Султон Сулаймон ҳаётининг асосий қисми жанг-жадалларда ўтади. Аммо, сериалда унинг асосан Саройдаги ва ҳарамдаги ҳаёти кўрсатилган. Кўрсатилганда ҳам анчайин бузиб талқин қилинган ҳолда.
Лекин, шунча шикоятларга қарамай сериал ўша пайтда Туркияда намойиш этилган йилларда жуда баланд рейтингларда турди ва 2011-204 йилларда сериални ўзи ва унда роль ижро этган актёр ва актрисалар Туркиянинг ўзида кўплаб номинациялар бўйича 50 дан ошиқ турли совринлар олди.

Сериал воқеалари шаҳзода Мустафонинг отаси Султон Сулаймон томонидан қатл қилинар экан, тарихчилар унинг қатлини Султон Меҳмед II томонидан тузилган Усмонийлар империясининг қонунлари ёзилган "Қонуннома" билан боғлайдилар.

Меҳмед Фотиҳ II "Қонуннома"сида қандай қонунлар бор эди?

Ўзбекистон Миллий Энциклопелиясида Меҳмед Фотиҳ ҳақида берилган маълумотларда шундай дейилган:
Меҳмед ул-Фотиҳ даврида Усмонли турк империясининг илк қонунлар мажмуаси («Қонуннома») тузилган. Меҳмед ул-Фотиҳ ҳарбий ва маъмурий бошқарув ислоҳоти ўтказиб, армия ва давлатни мустаҳкамлаган. У олим ва фузалоларга ҳомийлик қилган, қурилиш ишларига катта эътибор берган, ҳукмронлиги даврида мамлакатда 380 та масжид қурдирган, Истанбул университига асос солган. Фотиҳ Султон Меҳмед ул-Соний форс, юнон ва араб адабиёти-ни яхши билган, ўзи ҳам «Авний» та-халлуси б-н шеърий девон битган.

Усмонийлар империясида муваффақиятли ҳукм сурган Султон Меҳмед II ҳукмронлик қилган йилларда у томонидан "Қонуннома" эълон қилинган. Кейинчалик у "Фотиҳ қонуни" номи билан машҳур  бўлади. "Фотиҳ қонуни"да мамлакат тахтини бошқаришдан тортиб, сиёсат масалаларигача турли нормалар батафсил белгилаб берилган эди.
Қонуннинг бир боби салтанатни бошқаришга бағишланган ва унда бўлажак султонларга ўз оға-иниларини ўлдиришлари белгиланган. Яқин-яқингача турк тарихчилари Султон Меҳмед II тахт ворислари бўлмиш валаҳдларга бундай маслаҳат бермаганини, бу гаплар европалик нохолис тарихчилар томонидан ўйлаб топилган уйдирма эканини таъкидлаб келишар эди. Аммо, бу қонунни чиқарилганига ва уни айнан Султон Меҳмед чиқарганига туркларнинг ўзлари далил топганини эълон қилди. Аммо, ўша далиллар ҳозирча тарихчилар томонидан якдил тасдиқланмади.
Султон Маҳмед II томонидан жорий қилинган ва "Қонуннома"га кирган деб даъво қилинадиган ўша қонунга кўра султонлик тахтига ўтирган валиаҳд мамлакат тинчлиги, яхлитлиги ва пароканда бўлмаслиги учун тахтга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган бошқа даъвогарларни ўлдириши лозим бўлган.
Бугунги кунда ана шу боб ёзилган "Қонуннома"нинг ёлғиз қадимий бир нусхаси Венадаги кутубхонада сақланмоқда.
Унинг қўлёзмасида1650 йил 18 март санаси қайд этилган ва ана шу нусха 1815 йилда немис тилига ўгирилган ҳолда "Султон Муҳаммад II Кодекслари" номи билан чоп этилган.

Бугун, Усмонийлар империяси тарихи устида тадқиқот олиб бораётган олимларнинг аксарияти Султон Меҳмед II "Қонуннома"ни тузганини, аммо унда султонлик мартабасига чиққан валиаҳдларга ўз яқинларини ўлдириш ҳақида ҳеч гап ёзилмаганини, "Қонуннома"да ундай боб йўқлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрларига кўра Султон Меҳмед II дан сўнг "Қонуннома"га ўзгаришлар киритилган ва айнан султонликка эришган валиаҳд томонидан тахтга даъво қилиши мумкин бўлган бошқа шаҳзодаларни ўлдириш ҳақидаги боб қонунга кейин киритилган. Олимлар бунга асос қилиб Султон Меҳмед II нинг Ислом динига жуда қаттиқ амал қилганини ва Исломда айбсиз кишиларни ўлдириш оғир гуноҳ бўлиши ҳақида Меҳмед II жуда яхши билганини келтирадилар ва шу туфайли ҳам у бундай адолатсиз ва оғир гуноҳга сабабчи бўладиган қонунни чиқариши мумкин эмас деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрига кўра бу қонун "Қонуннома" тўпламига Султон Меҳмед II давридан кейин, ўз фарзандларини аввалига валиаҳд, сўнгра султон қилиш пайида бўлган турли маликалар фитнаси билан кимлардир томонидан қўшилган бўлиши ҳам мумкин.
Яна бир тахминга кўра "Қонуннома"га киритилган тахтга даъвогар шаҳзодаларни қатл қилиш ҳақидаги боб европаликлар томонидан қўшилган бўлиши ҳам мумкин. Бу версияни илгари сурадиган тарихчиларнинг даъвосича "Агар, "Қонуннома"да ўшандай боб бўлганида, у ушбу қонуннинг бошқа нусхаларида ҳам ўша боб бўлиши лозим эди ва шу боб ёзилган нусханинг бор йўғи битталиги ва унинг ҳам Австрияда, Венада сақланиши жуда шубҳали.

Нима бўлганда ҳам Усмонийлар империясида мамлакат тинчлигини асраш, яхлитлигини сақлаб қолиш, шаҳзодалар ўртасида тахт учун қуролли можараролардан қочиш учун тахтга даъво қилиши мумкин бўлган шаҳзодаларни қатл этиш одати бўлган ва бу одат анча йиллар амалда бўлди.
Аксарият тарихчиларнинг фикрича бу одатнинг Султон Меҳмед II га алоқаси йўқ ва аксарият шаҳзодалар тож-тахт учун бўлган фитналар туфайли ўлдирилган.
Аммо, бугун бу гапга қўшилмайдиган ва тарихда Усмонийлар империясида шаҳзодаларнинг ўз оталари ёки валиаҳд оғалари томонидан қатл этилишларини "Султон Меҳмед II томонидан тузилган "Қонуннома"да ёзилган ўша машҳур қонунга кўра қатл этилган" деб ҳисобловчилар ҳам анчагина.

Усмонийлар империясида айнан валиаҳд масаласида яна бир ёзилмаган қоида бор эди. Турли хотинларидан ва канизакларидан бир нечталаб ўғли бўлган султонлар тириклигида қайси фарзандини валиаҳд бўлишини эълон қилмас, аммо валиаҳдликка мўлжаллаган ўғлини пойтахтга яқинроқ вилоятга ҳоким қилиб тайинлар, валиаҳдликка лойиқ кўрилмаган шаҳзодалар эса пойтахтдан узоқ вилоятларга ҳоким қилиниб жўнатилар эди.
Бунинг сабаби шу эдики, султон вафот этганда пойтахтга яқин вилоятда ҳокимлик қиладиган шаҳзода пойтахтга бошқалардан аввал етиб келар ва ҳокимиятни қўлга олар эди. Усмонийлар империясида норасмий валиаҳдларни вилоят ҳокими этиб тайинлайдиган вилоят бу пойтахтга яқин Маниса вилояти эди. Ҳозир шу тобда буни эслашимдан мақсад, айнан Султон Сулаймоннинг ўғли Мустафо ҳам аввалига ана шу Маниса  вилояти ҳокими бўлган. Бу шаҳзода Мустафонинг норасмий валиаҳд эканини англатар эди. Аммо, Хуррам Султоннинг сай-ҳаракатлари билан Мустафо пойтахтдан узоқдаги бошқа бир вилоятга ҳокимликка ўтказилиб, ўрнига Хуррам Султоннинг ўғли Маҳмеднинг ҳоким этиб тайинлангани, шаҳзода Меҳмед тўсатдан вафот этганидан сўнг Хуррам Султоннинг яна бир ўғли шаҳзода Салимнинг Маниса вилоятига ҳоким этиб тайинланиши – бу Мустафонинг валиаҳдлиги бекор қилиниб, ўрнига Хуррам Султоннинг ўғли валиаҳд бўлганини англатар эди.
Умуман олганда Маниса вилояти ҳокимлиги бўлажак султонлар учун султонлик кафолати вазифасини бажарувчи амал эди.
Айрим ҳолларда пойтахтдан узоқ вилоятларга ҳокимликка жўнатилган баъзи шаҳзодалар ана шундай тартибга қарши бош кўтариб итоат қилишни хоҳламас ва ундай шаҳзодалар дарҳол жазоланар эди. Уларнинг айримлари келажакда салтанатга хавф сифатида кўпинча қатл этилар эди. Бу каби ҳодисалар сериалда яхши очиб берилган.
1876 йилда Усмонийлар империясида қабул қилинган Конституцияга кўра ҳокимият гап-сўзсиз тўнғич ўғилга ўтиши ҳақида белгилаб қўйилди. Шундан сўнг шаҳзодалар орасидаги баҳслар бироз тинчиди. Аммо, бу пайтга келиб Усмонийлар империясининг бор йўғи ярим асрлик умри қолган эди. Унгача эса 17-18 асрларда валиаҳд шаҳзодалар тарафидан тахтга рақобатчи бўлмасин деб кўплаб шаҳзодалар аёвсиз қатл этилган. Бунда эса Султон Сулаймоннинг хотини Хуррам Султонга ўхшаган маликалар катта роль ўйнаган.

Умуман олганда "Муҳташам юз йил" сериали гарчи айрим ҳолларда тарихий фактлар четлаб ўтилган ёки тарихда юз бермаган ҳодисалар қўшиб юборилган бўлсада муваффақиятли чиққан. Актёрларнинг аксарияти муносиб номзодлар бўлган. Сценарий яхши ёзилган. Воқеаларнинг ривожланиб бориши ҳам анча қизиқарли. Шунингдек, ушбу сериал ижодкорлари томонидан либослар гарчи улар ўрта аср Европа кийимларига  ўхшаш бўлиб қолган бўлсада анчайин синчковлик билан танланган. Шунингдек тарихий бинолар, тарихий буюмлар масаласида жуда синчковлик билан ишлашган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий