воскресенье, 31 декабря 2017 г.

Энди билдим, ейиш керак"ми" ёки семирган қорин "обрў"ми

Очиғи кўпинча бир мавзу калламга келиб қолса ёзишни бошлашда гапни муқаддимасини нимадан бошлашни билмайман. Мана ҳозир ҳам "тўйиб овқатланишнинг соғлиққа зарари", "АҚШ фуқоролари семириш касаллиги бўйича дунёда биринчи ўринда туришлари", "охирги пайтларда биз ҳам тобора семириб бораётганимиз" ва анчадан бери айрим одамлар орасида эшитиб юрганим "нима қилсанг қил, қандай яшасанг яша, аммо қориндан хеч нарсани аямаслик керак, яхши еб-ичиб юравериш керак" деган гаплар ҳақида нимадир ёзмоқчи бўлдим-у гапни нимадан бошлашни билмаяпман.

Гапни авваламбор семириш касаллигидан бошлай. Ҳа, ҳа, ажабланманг. Семириш бу касалликдир. Касаллик бўлганда ҳам анчайин хавфли касаллик. Бу касалликка чалинган инсонларда авваламбор ёғлар ички аъзоларни, тери остини бутунлай қоплаб эгаллаб олади. Энг ёмони эса ўша ёғлар таркибидаги холестирин танадаги қон томирларни каттасидан кичигигача батамом эгаллаб олади ва инсондаги қон айланиш тизимини ишдан чиқариб бораверади. Буни оқибатида эса инсоннинг асосий қон айлантириш механизми бўлган юракка оғир юкламалар тушади ва охир оқибат уни ишдан чиқаради. Натижада эса инсон ажалидан беш кун олдин ўлиб кетаверади.

Семизликнинг яна бир ёмон салбий томони шу-ки инсон семиргани сайин ошқозон қопи кенгайиб бораверади ва оқибатда ҳар гал овқатланганда кўпроқ ва яна кўпроқ овқат  талаб қилаверади. Сиз эса уни тўлдириш пайида бўлаверасиз. Оқибатда эса ошқозон ости без зўриқиш билан ишлайди ва охир-оқибат ишдан чиқади. Буни оқибатида эса танадаги қанд миқдорини меъёрда сақлаш тартиби бузилади ва киши қанд касалига чалинади. Қанд касалининг хавфли томони шунда-ки у инсоннинг иммун тизимини қарийб ишдан чиқаради ва инсон танаси ўзига ёпишаётган турли дардларни ўзи енга олмай қолади ва бу ҳолат ҳам инсонларнинг эрта ўлимни тезлатади.
(Албатта, қанд касаллигининг ҳаммаси ҳам ошиқча овқатланиб ошқазон ости безини зўриқтиришдан келиб чиқмайди. Бу касалликнинг пайдо бўлишига бошқа омиллар ҳам сабаб бўлади. Лекин қанд касалларнинг кўпчилик қисми бу касалликни ошқозон ости безини зўриқтириб орттириб олганлиги ҳақиқат. )
Семизликнинг инсонга яна кўплаб бошқа зарарлари ҳам бор. Бу ҳақда ёзса гап кўп.

Юртимизга меҳмон бўлиб келадиган ҳар қандай чет эллик меҳмондан мамлакатимиз, одамларнинг урф-одатлари ҳақида сўрасангиз унинг биринчи ёки иккинчи фикри бизнинг миллий ошхоналаримиз фақат оғир ҳазм бўладиган овқатлардан иборат экани ҳақида бўлади. Ҳақиқатдан шундай; бизнинг миллий ошхонамизда енгил овқатлар кам ва унинг асосини оғир овқатлар ташкил этади. Аммо бизнинг асосий муаммомиз миллий ошхонамизда эмас ёки унинг асосини ташкил этадиган оғир овқатларда эмас,  балки ўзимизнинг меъёрсиз ва ўта тўйиб овқатланишимизда. Ўша чет элликларга оғир овқат бўлиб туюлаётган овқатдан биз қорнимиз ўта тўйиб кетгунча эмас, балки оз-оздан ейлик, бизда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо биз ана ўша меъёрни билмаймиз ва тан олмаймиз.

Эсимда, анча йиллар олдин акамдай бўлиб қолган бир инсон операция бўлиб вафот этди. Унинг вафот этиш сабаби умуман бошқа бўлса-да унинг яқинлари "Мана ўзига қараб юрмади, ўзини овқатдан тийди, яхши еб-ичмади. Шу туфайли ўлди кетди. Одам қорин учун ҳеч нарсани аямаслиги керак. Қорин учун аяб тежайдиган одамнинг ҳоли шундай бўлади" деб гап тарқатдилар. Ўшанда уларга ҳеч ҳам бундай эмаслигини, у одам бошқа дард орқасидан вафот этганини ҳеч қанақасига тушинтириб бўлмади. Орадан беш-ўн йил ўтиб доим тўқ қоринда кекириб юрган ўша инсонлар ўта тўйиб овқат ейвериш ортидан бирин кетин турли дардларга чалиндилар. Бирлари қанд касалига чалиндилар. Яна бирларини эса қон-томирларини холестирин эгаллаб олиб юрак касалига чалиндилар ва оқибатда духтирлар уларга қатъий парҳез белгилаб қўйишди. Яқинда улар билан яна бир даврада йиғилишиб қолганимизда улар ортиқча тўйиб овқатланишнинг заралари ҳақида гапирганларида мен уларга ўн йил олдинги ўша "киши ўзини овқатдан қисмаслиги, яхши ва зўр овқатларни еб юриши лозимлиги" ҳақидаги гапларини эслатдим. Шунда улар ўшанда адашганларини ва ўшанда марҳум ҳаққига ҳам нотўғри фикрда бўлганларини тан олдилар. Улар-ку хатоларини тан олдилар, аммо ён атрофимизда ҳали ҳанузгача маишатни яхши кўрадиган ва бу масалада соғлигини ўйлаб, ўзларига қўшилмаган ўртоқларини "сен қорнингга аяйсан, ўладиган бу дунёда яхши еб-ичиб қолиш керак" деб камситиб юрган одамлар эҳҳе қанча. Улар ҳам кун келиб доим тўйиб овқатланавериш ортидан келиб чиқадиган дардга чалинганларида хато қилганлаиини тушунадилар, аммо унда кеч бўлади.

Киши доим меъёрдан кам еб юрса унга ҳеч нарса қилмаслиги мумкин, аммо меъёрдан ошира бошладими соғлигини йўқотиб бораверади.
Шу ўринда марҳум бувимни, отамни оналарини эслайман. 2014 йилда 95 ёшларида вафот этдилар. Вафот этгунчалари ҳам анча тетик эдилар. Вафотларидан олдин икки-уч йил қишда совуқда шамоллаб қолганларида духтирга кўрсатиб укол урдирганимизда "Мен 70 ёшимгача укол нималигини билмай яшадим. Ундан кейин олганларимни ҳам санаб бораяпман сони ҳали йигирматага етмади" деб қўярдилар. Ана шу аёл 70 ёшларидан кейин гўшт умуман емадилар. Қаттиқ овқатларни эса бошқалар  хафа бўлишмасин деб бир луқмагина олиб кейин қанча қистасак ҳам емасдилар. Яхши кўрган овқатлари сабзавотли шўрва ва қовоқ солиб тайёрланадиган овқатлар эди. Сут-қатиқни жудаям яхши кўрардилар. Мен бувимнинг 70 ёшларидан кейинги овқатланиш тартибларини ёзаяпман-у бувим унгача хам қорнилари тўйиб овқат емаганлар. Ёшликлари олдинига 30- йилларнинг очарчилигида, кейинчалик эса уруш ва урушдан кейинги йўқчилик даврларда ўтган. 60-70-йилларга келиб анча тўқчилик замони бўлган бўлса ҳам фақат нон тарафидан тўқчилик бўлган. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари ўшанда ҳам борнинг қозонида бўлган, бўлмаганнинг қозонида ҳафталаб меҳмон бўлмаган. Доим қорин туяр-тўймас ҳолда еб-ичганлари ва сабзавотлар, қовоқ солиб тайёрланган овқатларни доим истеъмол қилиб юрганлари учун у кишида касаллик бўлмагандир балки.

Ҳозирги кунда АҚШ давлати аҳоли орасида семириш ва унинг ортидан келиб чиққан юрак-қон томири касалликлари билан касалланиш кўрсаткичларида дунёда биринчи ўринда туради.  Сабаби бу давлатда ярим тайёр маҳсулотлар ва фаст фудлар кўп ва меъёридан ошиқ миқдорда истеъмол қилинади. Кейин охирги пайтларда АҚШ аҳолиси орасида  ейдиган овқатларини интернет ёки телефон орқали буюртма орқали олиб келтириб уйдан мутлақо чиқмай еб ётадиган одамлар кўпайди. Ану куни тв.нинг қайсидир бир каналида ана шундай ҳаёт тарзида яшаётган бир америкалик йигитни кўрсатишди. Йигитнинг банкда бироз пули бор ва банк тўлаётган фоизлар унинг бир ойлик ҳамма харажатларига етиб ортар экан. Шу туфайли у ҳеч қайерда ишламасдан овқатни доим уйга буюртма орқали олиб келтириб ер экан ва узу-кун уйдан чиқмай телевизор томоша қилар, интернетга кирар экан. Бундан уч-тўрт йил олдин 80 кг атрофида бўлган йигитнинг оғирлиги ҳозирги кунда 170 кг ни ташкил этмоқда экан ва у аллақачон юрак-қон томири касаллигини орттириб бўлган. Врачларнинг парҳез қилиш ҳақидаги гапларига эса у кулиб қўл силтаяпти.
Ҳа, америкаликларнинг кўпчилиги ана шундай ҳаёт тарзига ўтиб бормоқда. Уларнинг аксарияти бундай ҳаёт тарзи ҳаётларига жиддий хавф солишини билишса-да ўз нафсларини тия олмаганлари туфайли бундай ҳаёт тарзидан воз кеча олишмаяпти.

Мен юқорида АҚШнинг нафсини тия олмай семириш касаллигига мубтало бўлган ва буни оқибатида кўпгина касалликлар орттириб олган фуқаролари ҳақида ёздим-у, аммо охирги йилларда бизда ҳам  фаровонлик ошиб аҳоли орасида кўп ейиш ва буни оқибатида семириб турли касалликлар орттираётганлар кундан-кун кўпаяётгани аччиқ бўлса-да ҳақиқат. Хоҳ оилавий йиғинларда, хоҳ турли бўлган-бўлмаган маъракаларда дастурхон устига қўйиб ташланган нарсаларни кўриб кишининг ваҳми келади. Биз ўта тўйиб ейишдан ташқари исроф қилиш "касаллиги"га ҳам йўлиққанмиз.
Баъзида турли хил меҳмондорчиликда, турли йиғин-у маъракаларда бўлганимизда дастурхон устидаги нарсаларни кўриб ҳаддимиз сиғадиган жойларда "манави нарсаларни олиб қўйинг, барибир ейилмайди" десак, "қўяверинг, ейилмаса ҳам дастурхонга кўрк бўлиб тураверсин" деган жавобни эшитамиз. Ҳа биз ҳатто қўл урилмайдиган ва ўша даврада ейилмайдиган нарсаларни ҳам "дастурхонга кўрк бўлиб турсин" деб дастурхонга қўйиб ҳаммаёқни тўлдириб ташлайдиган қавм бўлдик. Бундай йиғин-у маъракаларда қорнимиз ўта тўйгунча овқатланишимиз бир қусур бўлса, еб, ичиб бўлганимиздан кейин ортиб қоладиган баъзи егуликларни исроф қилиб ташлаб юборишимиз иккинчи қусуримиздир.

Эсимда 2015 йилда Рамазон ойининг бошида беш кунгина  пойтахтимиздаги муҳташам масжид бўлмиш "Минор" масжидида ифторликда қатнашдик. Ўшанда ифторлик ҳар кимнинг ҳимматига қараб тайёрланди ва ким нима топса олиб келди. Ўшанда ифторликда дастурхонимиз шунақа ихчам ва баракали бўлди-ки мен умримда ундай ихчам ва баракали дастурхонни кўрмаганман. Дастурхонда ҳар бир киши учун бир-икки донадан қуритилган хурмо, озгинадан қовун-тарвуз ва бир ёки икки донадан сомса бўлди. Сув эса хоҳлаганча. Ишонасизми, ўшанда ифторлик тугагандан кейин биз фақат бўшаган идишларни йиғиштириб олардик. Ошиқча овқат ортиб ҳам қолмасди ёки кимгадир етмасдан ҳам қолмасди. Ифторлик дастурхонига қўйилган нарсалар ҳаммага бирдай етарди ва умуман исроф бўлмасди. Ана шундай енгил ифторлик билан биз таровеҳ намозини ҳам мазза қилиб ўқиганимиз эсимда.
Бундай ихчам дастурхонларни Рамазон ойида Умрага борган зиёратчиларимиз Макка ва Мадинада кўрганларини айтишади.

Хонадонларда бўладиган ифторликлар ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Уларда юқорида ёзганимдай "дастурхонга кўрк бериб уни тўлдириш" ва нафсни тия олмай ўта тўйиб ейиш бор холос.
Биз дастурхонни егуликлар билан доимий равишда тўлдириб ташлашга одатланиб бўлганимиз учун энди қандайдир йиғин ёки маъракаларда "исроф бўлмасин" деб ёки қўли калталигидан имкониятига қараб дастурхонга ошиқча нарсалар қўймаган, қўя олмаган одамларни "дастурхонни яхши тузамабди", "дастурхонга яхши қарамабди" деб зиқналикда айблайдиган бўлдик. Биз нафсимизни шунчалик ёмон ўргатдик-ки энди олдимизда нафсимизга яраша овқат бўлса ва ундан ошиқча нарса бўлмаса бизга худди қорнимиз тўймай қоладигандай туюладиган бўлиб қолди.
Шу гапларни ёзар эканман "одили замон" бўлган Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳуни эсладим. Хизматкори олдига озгинадан икки хил таъом қўйганда "Валлоҳи Расуллуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламни дастурхонларида ҳеч қачон икки хил таъомни кўрмаганман, ол буни биттасини" деб хизматкорига танбеҳ берган Умарни эсладим.
Ҳа шундай, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳеч қачон бир вақтда икки хил таъом истеъмол қилмаганлар. Қорнилари тўйиб кетгунча овқат емаганлар. Биз-чи, биз бугунги кунда ким бўлдигу кимга айландик. Ё алҳазар дейман, қорин қўйиб ана шу қорнига уриб "бу обрў, бу авторитет" дейдиган кимсалар ҳам бор.

Ҳа, биз нафсимизни жиловлай олмайдиган, тия олмайдиган умматга айланиб бўлдик. Бу эса касалликдир. Биз эса ана шу касалликка чалинганимиз унинг даъвоси билан шуғулланишимиз, чалинмаганимиз эса унга чалинишдан сақланишимиз лозимдир. Зеро қорин қўйиш ва семириб кетиш мусулмонга ярашмайди.

пятница, 29 декабря 2017 г.

Ҳалол ва ҳаром. Ибратли ҳикоя

    Ҳикоя қилинадики: бир қавмнинг пешвоси Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳнинг (бу зот тобеинлардан, машҳур олим бўлганлар) олдига келди ва у кишидан:
     - Эй ибн Муовия, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми нима? - деб сўради.
     - Шак-шубҳасиз ҳаром, - деб жавоб берди у.
Шунда бояги киши яна сўради:
    - Унинг ҳаром бўлиш сабаби нима? Ахир у ҳалол нарсалар бўлмиш мева ва сувнинг қайнатилишидан ҳосил бўладиган нарса-ку.
     Шунда Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳ сўз бошлади:
    - Агар кафтимга сув олиб, уни сенга сепсам жонинг оғрийдими?
    - Йўқ, оғримайди, - деди савол сўровчи киши.
     - Бир ҳовуч тупроқ сепсамчи? Жонинг оғрийдими?
     - Йўқ, -деди ҳалиги одам.
     - Агар бир сиқим сомон олиб отсам сенга тегса жонинг оғрийдими?- сўради ибн Муовия.
     - Йўқ, оғримайди, - деди сўровчи киши.
     - Энди тупроқ, сомон ва сувни аралаштириб, тайёр бўлган гувалани қуёшда қуритиб ўша  билан башаранга бир туширсам жонинг оғрийдими? -сўрадилар ибн Муовия.
     - Жоним оғриши тугул ўлдириб қўясиз-ку, -деди сўровчи киши.
     -Бас, маст қилувчи ичимликлар ҳам шундай, ҳалол нарсалар аралаштирилиб тайёрланса ҳам у ҳаром ҳисобланади.

среда, 27 декабря 2017 г.

Нархлар нега ошади?

Аслида нархларнинг ошиши кўпчиликка шундоқ ҳам маълум. Ҳатто бу ҳақда халқ ўртасида "пистачи хола ҳам пистасини нархини оширибди, сабабини сўрасак "доллар ошди, мен ҳам оширдим" деяпти" деган латифанамо гаплар ҳам юради. Аммо шундай бўлсада мен бу мавзуда яна ёзаяпман. Сабаби..., сабаби охирги пайтларда нархларнинг ошишини маълум шахсларга боғлайдиган кишиларнинг  учраётганидир. Тўғри, кўп нарса бошлиққа боғлиқ, айниқса ўз қўл остида иқтисодий муҳитни яхши ёки ёмон қилиб қўйишига, аммо барибир нарх-наволарнинг ошиши ва тушиши кўпинча шахсларга боғлиқ бўлмайди, балки пистачи хола айтганидек доллар курсининг миллий валюталарга нисбатан қийматининг ошиб-тушишига боғлиқ бўлади.

Аслини олганда эса долларнинг ошиши ва тушиши иқтисодиётга, иқтисодий муҳитга боғлиқ. Қисқаси ҳаммаси занжирдай боғланганки қўйида шуларни сизга тушинтириб беришга ҳаракат қиламан.

1) Нархларнинг ошиши авваламбор доллар ошиши ортидан келиб чиқади.

Дунёдаги аксарият мамлакатлардаги турли хил истеъмол товарларининг нархлари ўша давлатдаги доллар нархига боғлиқ. Шу жумладан бизда ҳам. Агар бирон бир давлатда доллар нархи йиллар давомида бир хил тураверар экан ўша давлатдаги истеъмол товарларининг нархи йиллар давомида ошмайди. Ошса ҳам кескин ошмай арзимаган чақа миқдорида ошади. Масалан, узоққа бормайлик, ён қўшнимиз Қозоғистонда қарийб 15 йил давомида, 2000 йилдан 2014 йилнинг кузигача бир АҚШ доллари 140-160 тенге атрофида тебраниб турди ва кўпгина истеъмол товарларининг  нархи ҳам ана шу 15 йил мобайнида ўзгармади. 2000 - йиллар бошида қўшни давлатга ўтиб бир жойдан иккинчи жойга таксида бориб 500 тенге берган бўлсам, орадан ўн беш йил кейин бориб ҳам ўша масофада таксида юриб 500 тенге берганман. Ёки 15 йил олдин нимадир бир нарсани 1000 тенгега харид қилган бўлсам, орадан 15 йил ўтиб ўша нарсани яна 1000 тенгега харид қилганман ва қўшниларимизда узоқ йиллардан бери нарх ўзгармай келаётганига ҳайрон қолганман. Худди шундай ҳолат бизда ҳам 2010 - 2015 йилларда бўлди. Ўшанда доллар курси озгина ўзгаришларни айтмаса 2500-2700 атрофида тургани учун нарх-наволар кескин ўзгаришга учрамасдан бир хил турди. Масалан, 2010 йилда 4500 - 5000 сўм бўлган 1 литр кунгабоқар мойи 2015 йилнинг бошида ҳам 4500-5000 сўм эди. Ўшанда бизда истеъмол товарларнинг нархи ошмади, аммо хизмат кўрсатиш соҳасида нархлар бироз ошди. Сабаби давлат монополиясига тегишли соҳаларда тинмай нархларни ошираверишди. Масалан, ёқилғини оширишди, ёқилғига қараб жамоат транспортлари ва хусусий таксилар нархларни оширишди. Ёки коммунал тўловлар ошди ва ҳоказо.
Аммо 2014-2015 йиллларда Россия-Украина можароси ортидан Жаҳон ҳамжамияти Россияга иқтисодий санкциялар киритди ва ўша санкциялар туфайли аввалига Россияда, кейинчалик Қозоғистонда ва МДҲнинг бошқа давлатларида доллар нархи кескин ошиб кетди. Бунинг оқибатида эса МДҲ да Россия ва  Қозоғистондан бошлаб ҳамма мамлакатларда истеъмол товарлари ва хизмат кўрсатиш нархлари миллий валюталарда кескин ошиб кетди. Шу жумладан бизда ҳам. Шу ўринда Россия иқтисодиётининг минтақа мамлакатлари иқтисодиётига таъсири катта эканлигини ва Россия иқтисодиёти юксалса ёки заифлашса  минтақа давлатлари иқтисодиётига яхши ёки ёмон таъсир қилишини ҳам эътироф этиш керак. Шундан хулоса чиқариб айтамизки нафақат бизнинг ва қўшниларимизнинг балки дунёдаги аксар мамлакатлардаги нарх-наволарнинг ошиши ёки тушиши бугунги кунда "дунё валютаси" ролини бажараётган АҚШ долларининг нархига боғлиқ. Агар доллар нархи ошса нархлар ошади, агар доллар нархи тушса нархлар тушади. Шу учун хам доллар нархини бир зайлда ушлаш ҳар бир  мамлакат иқтисодиёти, шу жумладан бизнинг иқтисодиётимиз учун хам, одамларнинг яшаш шароитлари учун ҳам жуда муҳимдир.

2) Табиат ҳодисалари ва табий равишда нархларнинг ошиши.

Истеъмол товарлари ва хизмат кўрсатиш нархларининг ошиши ёки тушиши ҳам айрим ҳолларда доллар нархининг ошиши ёки тушишига боғлиқ бўлмай табий жараёнлар туфайли ҳам рўй беради. Масалан, бунда об-ҳаво ва табиат ҳодисаларининг турлича юз бериши ҳам нархларнинг ошиши ёки тушишига яхшигина сабаб бўлади. Бунда табиат ҳодисаларининг истеъмол товарларининг асосий хом-ашё базаси бўлган қишлоқ хўжалигига таъсирини инобатга олиш лозим. Масалан, ёмғир ва қорларнинг ҳар йилгидан кам ёки кўп ёғиши, тўфон ва довуллар каби табиат ҳодисаларининг юз бериши ёки бермаслиги, тошқинларнинг юз бўлиш-бўлмаслиги буларнинг ҳаммаси йиғилиб қишлоқ хўжалигига фойда келтиради ёки акс таъсир қилади ва буни оқибатида турли  минтақаларда ёки ҳатто Жаҳон бозорида турли маҳсулотларнинг нархларини кескин ошиб ёки тушиб кетишига сабаб бўлади.  Масалан, ён қўшниларимиз Қозоғистон ва Россия Жаҳон бозорида Канада билан бирга буғдойни асосий экспортчиси ҳисобланишади. Агар бирон бир йил бу икки давлатда куз ва баҳорда ёғингарчилик кам бўлса буни натижасида буғдойдан етарлича ҳосил олинмайди ва Жаҳон бозорида буғдой ва унга боғлиқ маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетади. Ёки жаҳонда етиштириладиган гуручнинг салмоқли қисмини берадиган Хитойда турли табий омиллар, тошқинлар ёки қурғокчилик туфайли гуруч ҳосили кам олинса дарров Жаҳон бозорида гуручнинг нархи кескин ошади. Ёки яна бир мисол, икки уч йилдан бери мамлакатимизда баҳорги ёғингарчилик кам бўлаяпти ва бунинг оқибатида яйловларда пичан кам бўлаяпти. Ана шу омил ҳам таъсир қилиб бизда гўшт нархи бу йил сезиларли ошди. Ёки баҳорда ёғингарчиликлар кам бўлган йилларда Қорақалпоғистон ва Хоразмга Амударёнинг суви кам боради ва бунинг оқибатида дарё ўзани пасайиб шоди кам экилади ва ўша йили гуруч қимматлаб кетади. Бундай мисоллар жудаям кўп.

Нархларнинг ошиши янгилик эмас,

Мамлакатимизда охирги бир йил ичида ёқилғи маҳсулотлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Аммо мустақил Ўзбекистон тарихида бундай кескин нарх ошишлари биринчи марта бўлаётгани йўқ. 1994 йил август ойида миллий валютамиз сўм 1 сўм 1 АҚШ долларига тенг қийматда муомалага чиқарилган ва ўшандан бери бизда сўмимиз тинмай қадрсизланаяпти ва унинг ортидан истеъмол товарларнинг нархи кескин кўтарилиб келаяпти.
Бундай кескин кўтарилиш илк бор 1996 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида содир бўлганди. Ўшанда қора бозорда 1 АҚШ доллари 50-55 сўм бўлиб турган ҳолда уч кун ичида доллар курси 1 доллар 150 сўмга қадар кескин кўтарилиб кетди ва қисқа муддатда истеъмол товарларининг нархи ҳам кескин кўтарилиб кетганди. Иккинчи марта нархларнинг бундай кескин кўтарилиши 1998 йилнинг кузида кузатилган эди ва қора бозорда 170-180 сўм бўлиб турган 1 АҚШ доллари қисқа муддатларда 500 сўмгача кўтарилиб борган эди. Ўшанда хам истеъмол товарларнинг нархи долларнинг қимматлашувига қараб тезда кескин ортиб кетганди. Учинчи бор бундай кескин кўтарилиш 2001 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида кузатилди. Ўшанда қора бозорда 1 АҚШ доллариринг қиймати 800-900 сўмга тенг бўлган ҳолда қисқа кунларда 1600-1650 сўмга кўтарилиб кетган ва бу кўтарилиш хам нархларнинг анча ошишига тўғри келганди. Охирги кескин кўтарилиш 2015 йилда бўлиб ўтди ва 2700-2800 бўлиб турган 1 АҚШ доллари бир неча ойда 5500-6000 сўмга чиқиб кетди ва истеъмол товарларнинг нархларини кескин ошишига сабаб бўлди.
Шундай экан нархларнинг бундай кескин ошишини маълум шахсларга нисбат бериш бу умуман нотўғри бўлган тушунчадир. Тўғри, иқтисодиётимизни маълум шахслар бошқарадилар, аммо бу дегани ҳаммасига улар айбдор дегани эмас.

Умумий хулоса шу-ки хар қандай мамлакатда нарх-наво ошишига йўл қўймасликнинг энг зўр чораси бу нима қилиб бўлса-да доллар нархининг миллий валютага бўлган қийматини қимматлашувига йўл қўймасликдир. Бунда чоралар мажбурий тарзда қўлланилмайди, балки иқтисодиётни ривожлантириш, эркинлаштириш, экспортчиларни кўпроқ-қувватлаш билан қилинади. Эътибор берсангиз ҳукуматимиз ҳозир ана шу йўлдан кетмоқда ва бу йўлда тўсиқ бўлиб турган жуда кўп чекловлар олиб ташланди. Умид қиламиз хозир қилинаётган ислоҳотлар яқин йилларда ўз мевасини беришни бошлайди.

Бозорни мажбуран арзонлаштириш чора-тадбирлари эса ўзини умуман оқламайди. Масалан, кўпгина бозорларда "арзонлаштирилган маҳсулотлар" деб ярмаркалар ташкиллаштирилади. Аммо ўша арзонлаштииилган маҳсулотларнинг аксарияти нархи арзон бўлгани билан сифати жудаям паст бўлади. Чунки ким хам яхши нарсани зарарига сотишни хоҳлайди?

Шундай экан иқтисодиётни эркинлаштириб ҳаммани "эркин бозор" шароитида рақобат билан ишлашига шароит яратиб беоавериш керак. Нархларнинг кескин ошишига келсак бу тинимсиз давом этадиган жараён эмас ва доллар нархи ўсиши тўхтагандан у ҳам тўхтайди. Шундай экан эртаги кунимизга умид билан қарайверишимиз керак. Худо хоҳласа бизни яхши кунларимиз  ҳали олдинда.