вторник, 6 августа 2019 г.

Ургут, ўзгарган нотариус

Ургут ҳақида кимдир билар, кимдир билмас. Уни УДР – Ургут демократик республикаси деган ҳазиломуз номи ҳам бор. Унинг бу  ҳазиломуз номга эга бўлишининг сабаби бу туман аҳолиси ҳам, маъмурлари ҳам азалдан кўпам марказ жорий этиб қўйган қонун-қоидаларга бўйсунавермаган. Масалан, СССР даврида ҳеч қаерда ҳеч қандай ижара ҳақида гап бўлмаган. На ер, на мулк. СССР да 5000 га яқин район бўлган. Уларни орасида фақатгина Ургутда 1978-1980 йиллардан бошлаб тамакизорлар, узумзор ерлар халққа ижара қилиб берилган эди.
(Ҳали бу ҳақда батафсил мақола қиламан).
Худди шунингдек кечагача "бобомни ери, катта бобомни ери" деб одамлар бобосидан қолган ерга эгалик қилар эди. (Шахсан мен ва укам ҳозир иморат қуриб ўтирган ва яқинда туман ҳокимининг қарори билан эгалик ҳуқуқи олган еримиз катта бобомиздан қолган. Шунингдек ҳозир фермердан ижарага олиб ишлатиб юрган еримиз ҳам катта бобомдан қолган)
Бошқа соҳаларда ҳам шундай.
Айниқса нотариус соҳаси ўта тартибсиз эди ва нотариуслар ану кунгача хоҳлаганидай ишларди. Нотариусга кириб нима иш билан келганигизни айтар эдингиз. У ҳисоблаб "мана бунча бўлади" дерди. Ишингизни бажариб берганидан сўнг пул кассага тўланмас, нотариусни ўзига  берилар эди.  Ташқарига чиқиб қўлингиздаги қоғозга қарасангиз "ундирилди" деган жойига тўлаган пулингизни 60% ёзилган бўлар эди. Улар сиз қўлига берган пулдан белгиланган тўловни тўлаб, қолганини "хизмат ҳаққи" сифатида олиб қолар эдилар Ўша пайтларда нотариусларга турли ишлар билан кириб, неча марта жанжаллашиб чиқиб кетганман. Аммо, ўша пайтларда Адлия вазирлигининг ўзидан назорат кучли бўлмагани учун нотариуслар хоҳлаганидай ишлар эди.
Қолаверса, неча марта кўрганман сиздан пул олишда камида 5-6 та хизматни санаб, улар учун сиздан пул олар эди, аммо сизга берган қоғозда кўрсатмас эди.

Бугун, миниб юрган машинамнинг ишонч қоғози муддати тугади ва мен отамнинг номларидан ўзимни номимга ишонч қоғози олиш учун яна Ургут шаҳридаги нотарусга бордим. Навбат экан, ярим соатча кутдик. Ҳужжатларни ёзиб берадиган котиба бўшади ва бизни ҳужжатимизни ёзди. Сўнг телефон номеримизни тизимга киритиб, қўлимга квитанция берди. Телефонимга "сизнинг тўловингиз фалон пул бўлади, агар ошиқча сўрашса фалон рақамли ишонч рақамига қўнғироқ қилинг" деган смс хабар келди.  Бориб белгиланган маблағни тўлаганимдан кейин телефонимга  "Фалон пул тўладингиз" деган иккинчи смс келди. Қайтиб бориб нотариусга кирдик. Ҳужжатларни кўрди ва отамнинг паспортларини текширишда олдида турган бир ускуначага  отамнинг бармоқларини бостирди ва шу орқали маълумотларни текширди. Шундан сўнг ҳужжатимизни имзолаб, ташаккур айтиб бизни кузатиб қўйди. Ҳужжатларимизни тайёрлаган котиба ҳам жуда хушмуомала экан. Умуман олганда ҳаётимда биринчи марта нотарусдан хушкайфият билан чиқдим ва олдинлари доим асаблар бузишиб жанжаллашиб чиққанларим эсимга тушди.
Қолаверса, авваллари неча марта кўрганман сиздан пул олишда камида 5-6 та хизматни санаб, улар учун сиздан пул олар эди, аммо сизга берган қоғозда кўрсатмас эди. Бугун нима хизмат учун қанча пул тўладим, ҳаммаси тийин-тийинигача ишонч қоғозида кўрсатилди.

Очиғи, Адлия вазирлигининг айнан нотариуслар фаолиятини қаттиқ назоратга олиши, уларни ошиқча таъмагирликка йўл қўймайдиган тарзда ишлашга ўтказиши, бу йўлда телефон рақамлари орқали бажарилган иш ва тўланган сумма ҳақида маълумот бериб, мабодо ошиқча сумма олишса қўнғироқ қилинг деб ишонч рақамларини қайта-қайта юбориши, ҳаммаси ўз ўрнига тушибди.
Ургутдай марказнинг қонун-қоидаларини унча ҳам писанд қилмайдиган жойни нотариусларни тартибга олишибдими, демак вазирлик анча  халқ манфати учун анча тер тўкибди.

Бугун нотариуслардаги ҳолатни кўриб айьаман: шаффофлик мана шундай бўлади ва бошқа вазирликлар ҳам янгича ишлаш тартибига ўтишда Адлия вазирлигидан ўрнак олсалар яхши бўлар эди.
Нотариусларнинг иш жараёни устидан ўрнатилган назоратни кўриб, қойил деб юбордим.
Бўларканку, мана шундай ишлаш тизимига ўтса ҳам.
Раҳмат сенга Адлия!

П.С. Кўпинча сўрашади, эътироз билдиришади: "Нега ютуқларни ёзмайсизлар?" Мана, ёзаяпмизку 😄

воскресенье, 4 августа 2019 г.

Коррупция мамлакат заволидир

Коррупция мамлакат заволидир

Эрталаб туман марказига ишга бориш учун қишлоғимдаги кўчага чиқаман. Бир машина келиб тўхтайди. Танийман, киракаш-таксичи. Аммо на машинасида таксининг махсус белгилари бор, на махсус рақам таққан, на тегишли ҳужжатлари бор.
Йўлда кетар эканмиз озроқ юриб катта йўлдан маҳаллани ичидаги йўлга буриламиз. Таксичига ҳайрон қарайман.
– Ака, йўлда солиқ, ЙПХ ва "Ўздарётранс"дан текширувчилар бугун "ов" қилиш учун рейдга чиқишибди, шу учун маҳаллани ичидан айланиб чиқиб кетамиз.
Уни гапларини эшитиб ҳайрон бўламан:
– Бунақа қочиб-пусиб юргандан кўра лицензия олиб қонуний ишласанглар бўлмайдими? Шунда мана бундай яқин йўл қолиб, маҳаллани ичидаги узоқ йўлдан сарсон бўлиб юрмасдингиз вақт йўқотиб, ёқилғини ошиқча сарфламай. Қолаверса ҳеч кимдан қочмас эдингиз, кимлардандир тилингиз ҳам қисиқ бўлмас эди.
– Э, қани эди шундай қилсак. Менга ҳам мана шундай қочиб-пусиб юриш ёқади деб ўйлайсизми? Қонуний ҳужжат қилиб, лицензия олиб ишлаш учун тегишли корхонага бордим. Хўжайини "мени корхонамда машинам кўп, шу учун сени корхонамга қабул қила олмайман", деди. Кейин роса илтимос қилганимдан сўнг "Майли кўндирдинг, фақат ҳужжат-пужжат қилиб ўтирмайсан, кунлик тўлов фалон сўм, эрталабдан кирани қилаверасан. Тўловни ходимим "питак"дан йиғиб олади. Агар вилоятдан, "Ўздарётранс"дан текширув бўлиб рейдга келиб қолишса огоҳлантирамиз, ўша куни кира қилишга чиқмай турасан. Бошқа кунлар ишлайверасан. Агар бу шартимга кўнмай, "йўқ, мен ҳужжат билан ишлайман" десанг мени бошимни оғритмай бошқа корхонага боравер. Қолаверса ҳужжат билан ишлайдиган бўлсанг машинангни махсус рангга бўяшинг, йўловчиларни саломатлик суғуртаси бор, уни олишинг, шунингдек "Ўздарётранс"ни бир йиллик лицензияси ҳам фалон пул, уни олишинг лозим бўлади. Шу учун тинчгина мени таклифимга кўниб ишлайвер" дейишди. Қарасам уларни шартига кўниб ишлашдан бошқа чорам йўқ. Ҳозир энди ана шу тартибда ишлаяпман. Кейин билсам корхона аксарият киракашларга шундай шартларни таклиф қилган ва шу туфайли бошқа кўпгина йўналишларда кира қилаётган ҳайдовчилар ҳам худди мендай ишлашар экан. Вилоятдан, "Ўздарётранс"дан текширувчилар келса корхона ходимлари ёки раҳбари огоҳлантиради, ўша куни ишга чиқмаймиз, бошқа пайтларда бемалол ишлайверамиз.
Лекин, шу ўринда бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдим, ҳамма таксичилар ҳам қонуний ишлаш тарафдори эмас. Корхона менга шарт қўйиб, мен мажбурликдан бу шартга кўнган бўлсам, кимлардир корхонага  "илтимос, ҳужжатлаштириб ўтирмайлик, кунлик тўловингни ол, вилоятдан текширув келса огоҳлантирасан, ўша куни ишга чиқмайман, бошқа кунлар эса кўп қатори ишлайвераман" деб илтимос қилиб борганлар ҳам бор. Яъни таксичиларни ҳам ҳар хили бор демоқчиман.
Таксичининг гапларини эшитиб ҳайратим ошиб бораверди.
– Тахминингизча корхонага кунлик тўлов қилиб, сизга ўхшаб ишлайдиган нечта ҳайдовчи бор? Унинг қарамоғида қонуний ишлайдиган машиналар ҳам борми ўзи? – сўрайман.
– Ҳар бир маҳалла йўналишига 4-5 тадан машина кира қилади деб ўртача ҳисобласак тахминимча 100 дан ошиқ енгил машина ва "Дамас"лар бор. Балки 200 та ҳам бўлиши мумкин. Чунки, ўзларининг айтишича тумандаги асосий йўллардан бири бўлган шу катта йўлни охиригача бўлган ҳамма қишлоқ ва маҳаллаларга борадиган йўналишларни улар олишган ва бошқа корхона йўқ.
Энди қонуний юрадиган машиналарига келсак, ҳа, бор. Корхонанинг бир нечта "Дамас" ва сариқ рангга бўялган бир нечта енгил машиналари бор. Улар шаҳарлараро йўналишларда юришади шекилли, бу ерларда унча кўрмаймиз.
Ишонасизми, вилоятдан, "Ўздарётранс"дан рейд келадиган кун шу музофотдаги турли қишлоқлар ва маҳаллаларда кўчаларда одамлар такси ёки "Дамас" кутиб анча сарсон бўлишади. Сабаби, ўша куни менга ўхшаб корхона билан келишиб ноқонуний ишлайдиган киракашлар ишга чиқишмайди. Корхонанинг қонуний юрган оз сонли "Дамас"лари эса аҳолини ташиб улгура олмайди. Буни оқибатида эса одамлар кўчаларда такси ёки "Дамас" кутиб сарсон бўлишади.
– Таксичиларга бериладиган махсус авторақамларинг бўлмаса, машинани махсус рангга бўямаган, ҳужжат қилмаган бўлсанглар, унда ҳар кун эрталаб эрталаб тиббий кўрикдан ўтиш нима бўлади?– деб саволимни давом эттираман.
– Қизиқмисиз, умуман ҳужжатимиз бўлмаса тиббий кўрик ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?
– Кунлик тўловни тўласангиз ҳам сизнинг ҳеч қандай ҳужжатларингиз йўқ ва мана ҳозир қочиб юрибсиз. Шундай экан, ўша корхонага кунлик тўловни тўламай шу иш билан шуғулланаверсангиз бўлмайдими? Барибир ўша корхона ҳам сиз тўлаётган пулни ўз ҳисоботларида кўрсатмаяпти ва ноқонуний даромад олаяпти?
– Буни мутлақо иложи йўқ. Корхона биз одам оладиган бозор олдидаги "питак"ка битта одамини қўйиб қўйган. Биздан кунлик тўловни ҳам асосан ўша одам йиғиб олади. Уни бизга "корхонамиз ходими" дейишган, аммо тахминимизча у корхона ходими эмас, шунчаки кўчадан топиб қўйиб қўйишган. "Питак"да ўша "ходим" ва корхонага кунлик тўловни тўламай ишлашни хоҳловчи айрим ҳайдовчилар ўртасида тез-тез жанжал бўлиб туради. Кўпинча ходимнинг ҳайдовчига кучи етмаса ва кунлик тўловни ундира олмаса туман ЙПХ ёки солиқчиларидан кимнидир ёки корхона раҳбарларидан бирини чақиради ва улар келиб "кунлик тўловни берилмаса барибир ишлашга қўймасликларини, шу йўналишни улар сотиб олганларини ва ўзларининг ҳам "харажатлари борлигини" уқтириб, кунлик тўловни тўлашни хоҳламай ишламоқчи бўлган ҳайдовчиларни кунлик тўловни тўлашга охири кўндириб кетишади.
– Сизларни шу ҳолатда ишлаётганларингни туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари, солиқчилар, ҳокимият вакиллари билишадими? – савол беришда давом этаман.
– Ҳаммаси билишса керак. Ахир куни билан ўзимиз "бекат" қилиб олган бозор олдидаги кўчада турамиз, йўловчи чақирамиз, ўтиб қайтиб кўришади. Ҳа, аниқ билишади. Аммо, ҳаммамиз кўраяпмиз ҳокимиятлар учун ҳозир асосий муаммо нима қилиб бўлса ҳам одамлар иш билан банд бўлсин ва ишсиз қолиб зинҳор ҳокимият ва халқ қабулхонасига ёрдам сўраб, иш сўраб бормасин. Шу учун ҳам улар бизнинг қандай ишлаётганимиз билан қизиқишмайди. Қандай ишласак ҳам ҳокимиятга ёрдам сўраб бормай рўзғоримизни эплаб, кунимизни кўрсак бўлди. Энди ИИБ ЙҲХБ ва солиқчиларга келсак, улар ҳаммасини билишса ҳам балки шу принципдан келиб индашмас. Балки биздан ҳеч қандай ҳужжатсиз кунлик тўловни олаётган корхона уларни "доля"сини бериб турар.
– Сиз кунлик тўловни тўлаяпсиз, лекин ўша пул корхонанинг ҳисоботларида кўрсатилмаяпти. Қонуний ишласангиз тўлаган пулларингиз ҳисоботларда кўрсатилади ва ўша пулдан солиқ тўланиб мамлакатимиз равнақига хизмат қиладику. Қолаверса ўшанда тинч ишлайсиз, ҳозиргидай қочиб юрмайсиз.
– Тўғри гапингиз. Аммо, боя ҳам айтдим мен кира қиладиган қишлоғимиз йўналиши шу корхона ҳисобида экан. Ҳарҳолда улар ўзлари шундай дейишади. Шундай ҳолатда мен бола-чақамни боқиш учун ё бу корхонани шартига кўниб ишлашим керак ёки чорасиз ўтиришим керак.
Мени энг ҳайратлантирадигани шу-ки, вилоят марказидан ноқонуний такси фаолиятини текшириш учун келадиган "Ўздарётранс" ходимлари асосан келиб бизни овлашга ҳаракат қилишади, лекин "қани мана бу йўловчи ташиш билан шуғулланаётган корхона қандай тартибда ишлаяпти?" деб корхоналарнинг ишини жиддийроқ текширишмайди. Аммо, агар жиддийроқ текширишса ҳам уларнинг ишидан камчилик топа олишмайди. Сабаби, бир неча марта рейдларда қўлга тушиб қолган таксичилар "мен кунлик тўловни корхонага тўлаяпман, агар уни тўламасам, ўша корхона мени нафақат бу йўналишда, балки бу атрофдаги бошқа йўлларда ҳам юргани қўймайди" деб уларга айтишди. Ана шунда ўша ерда бўлган корхона раҳбари ёки ходими "Бу ёлғон гапираяпти. Буни ҳам, ноқонуний юрган бошқа таксичиларни ҳам неча марта "рўйхатдан ўтиб қонуний ишланглар" деб огоҳлантирганмиз. Аммо, биронтаси гапимизга кирмаган ва доим ноқонуний фаолият юритади" деб, биздан кунлик тўлов йиғиб олишини инкор қилиб, қайтага бизни қонунбузарга чиқариб, ўзини оппоқ кўрсатиб юборди. "Ўздарётранс"дан келганлар ҳам бизни эмас, уларни гапига ишонишди. Шу тариқа корхона раҳбари ва ходимларининг айби ошкор бўлмаяпти.
– Сизларда аҳвол шундай бўлса, демак мамлакатимизнинг бошқа
ҳудудларида ҳам мана шунақа бозорлар, бекатлар олдида махсус рангга бўялмаган машиналар йўловчи чақириб ўтиришади, туман марказларидан турли қишлоқларга борадиган йўналишларда хизмат қилишади, улар ҳам сизлардай ишлар эканда?!
– Бошқа туманларда ҳам кира қиладиган танишларимиз бор, улар ҳам шу тахлит, худди биздай ишлашади. Кунлик нормани ўзлари юрадиган йўллардаги "йўналишларни эгаси" бўлган корхона йиғиб олади ва шу тариқа улар ҳам ноқонуний фаолият олиб боришади.
– Муаммоларни ва вазиятни қисман билдим. Ҳозирги вазиятда сизларни қонуний ишлашларинг учун нима ишларни қилиш керак, соҳага қандай ислоҳотлар ўтказиш керак?
– Агар "ҳамма қонуний ишласин, давлатга ҳам солиқ тушсин" дейиладиган бўлса биринчи навбатда "Дамас"лар ва енгил машиналар учун йўловчи ташиш лицензиясини нархини арзон қилиб, уни солиқдан ёки масалан ДХМ дан индивидуал тарзда беришни йўлга қўйиш керак. Шунингдек йўловчи ташиш суғурта нархини арзон қилиш керак ёки бутунлай бекор қилиш керак. Ана шунда соҳада анча тартиб бўлади ва ҳозирги кунда кимларнидир чўнтагига бекитикча кириб кетаётган пул, қонуний айланади ва давлатга ундан солиқ тушади. Мана яқинда таксиларни сариққа бўяш тартиби бекор қилинди. Энди машинани бўямай, елимли махсус қоплама ёрдамида такси рамзларини тушириб ҳам ишлайверса бўлади. Бу яхши, лекин ҳали соҳани тубдан ислоҳ қилиш иши навбатини кутиб турибди.
Ҳозир кунига "фалон мингдан" деб бир ойда анча пулни корхонага шунчаки тўлаб юбораяпмиз. Агар қонуний ишлаймиз десак бунга қўшимча "Ўздарётранс"дан йиллик лицензия ва суғурта пули, ҳаммаси йиғилиб анчагина харажат бўлади. Бундан ташқари кўраяпсиз, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар қиммат. Шу учун ҳар бир таксичилик билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчига максимал даражада енгилликлар бериб, аввало қандайдир корхоналарга аъзо бўлиб ишлаш қоидасини бекор қилиш керак ва сўнгра таксичиларга юқорида айтганимдай солиқдан ёки ДХМ томонидан ҳар бир киракашга якка тартибда алоҳида, арзонроқ лицензия бериш тартибини йўлга қўйиш керак. Ана шунда давлатга солиқ тушади. Акс ҳолда биз таксичилар кимларнидир чўнтагини қаппайтириб юраверамиз.

П.С. Олдинги постларимда ёзганимдай мени якка шахслар аралашган ёки камёб учрайдиган коррупция ҳолатлари ва уларнинг ечимлари эмас, балки бутун бошли тизимларнинг коррупция ботқоғига ботгани ва уларнинг ечими кўпроқ қизиқтиради.
Юқоридаги ҳолат ҳам гарчи савол-жавоб шаклида ёзилган бўлса ҳам битта таксичи билан гаплашиб эмас, балки айнан шу ҳолатни анча йиллардан бери кузатиб, гувоҳи бўлиб юрганим натижасида ёзилди ва айнан шундай ҳолат мамлакатимизнинг барча туманларида содир бўлаяпти.
Юқорида ёзганимдай агар шу соҳа ҳам ислоҳ қилинса ва таксичилик қилмоқчи бўлган ҳайдовчилар учун талаблар енгиллаштирилса, лицензия учун тўловлар арзонлаштирилса мамлакатимиз бўйлаб жуда катта сумма солиқ тушумлари тушади. Ҳозирча эса лицензия ва солиққа тушиши лозим бўлган пулни аксарият ҳолларда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхона раҳбарлари ўзлаштириб юбормоқда. Ўйлайманки бу ёзганларим Адлия вазирлигини эътиборидан четда қолмайди ва соҳада қабул қилинган қарор ва қонунларни ислоҳ қилишда асқотади.

воскресенье, 28 июля 2019 г.

Коррупция урчиган бир соҳа ҳақида ёки автомашина техпаспортига "соз" деб муҳр уриш қанча туради?

Коррупция урчиган бир соҳа ҳақида ёки автомашина техпаспортига "соз" деб муҳр уриш қанча туради?

Коррупциянинг урчигани – бу мамлакат ривожига тўсиқ, тараққиётига болта уришдир.
Шу учун ҳам коррупцияни максимал даражада камайтириш ёки бутунлай йўқотиш ҳар бир мамлакатнинг бошқарув тизими учун ҳам, фуқаролари учун ҳам муҳим вазифа саналиши керак.
Қўйида, бугунги кунда коррупция ўта урчиган бир соҳани ёзмоқчиман. Бунда ҳам қарс икки қўлдан чиққанидай коррупциянинг  урчиши икки томоннинг ҳатти-ҳаракати билан содир бўлаяпти.
Яна бир гап, мени якка шахслар дуч келган коррупцион ҳолатдан кўра бутун бошли тизимлардаги коррупцион ҳолатлар, уларнинг келиб чиқишлари ва ечимлари кўпроқ қизиқтиради. Шу учун ушбу постимда тизимлардан биридаги коррупцион ҳолатлар ҳақида сўз юритаман.

Сиз узоқ туманларда, туман марказларида кечки пайт айрим машиналарнинг ёритгич чироқларининг фақат бир тарафи ёнган ҳолда, иккинчи тарафи ўчиқ ёки ёритгич чироқнинг биттаси узоқни ёритувчи, биттаси эса яқинни ёритадиган ҳолда қийшайиб ёритишини ёки орқа тўхташ ёки бурилиш чироқлари куйиб қолгани учун ёнмаётган ҳолда ҳаракатланаётганига кўзингиз тушганми? Ёки, ўша туманлардан бирида кундузи машинангизда юрибсиз, тўрт тарафи пачоқланиб, буёқлари кўчиб, тақилган шинаси мутлақо талабга жавоб бермайдиган даражада едирилиб кетган ёки олд ойнаси ёрилиб кетиб харита чизилгандай бўлиб қолган машиналарнинг ҳаракатланаётганига-чи, кўзингиз тушганми? Мени бундай машиналарга тез-тез кўзим тушиб туради. Ҳатто, орқа бамперлари нимадир сабаб билан узилиб тушган машиналарнинг ҳам кўчаларда бемалол юрганларини кўрганман. Бундай машиналарнинг ҳаммаси қонунан олиб қараганда носоз ҳисобланади. Бундай машиналарни кўчада ЙПХ ходими кўрганда тўхтатиши ва уларга нисбатан қонуний чора кўриши керак. Шунингдек бундай машиналар ЙҲХБ томонидан ҳар йили бир марта ўтказиладиган техник кўрикдан ўтиш учун борганда уларни техник кўрикдан ўтказаётган ЙҲХБларига тегишли усталар ўшандай машиналарни носоз жойларини кўрсатишлари ва машина эгалари ўша носоз жойларни тузатиб келгандагина "соз" деб маълумотнома бериши ва кейин туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи ўша маълумотномага қараб машиналарнинг техник паспортига "соз" деб муҳр уриб, имзо қўйиб бериши керак. Агар ўша носоз машиналарнинг носоз жойлари тузатилмаса уларга "соз" деб муҳр ва имзо қўйилмаслиги керак. Амалда эса бундай бўлмаяпти. Аксарият туманларда бу иш шунчалик коррупция ботқоғига ботган-ки, агар "ҳаққини"  берсангиз ҳар қандай носоз машинага "соз" деб муҳр ва имзо уриб беришади. Аксарият туманларда машиналарни техник кўрикдан ўтказишда қонунда белгиланган тўловдан 3-4 марта ошиқ бўлган суммаларда нархлар белгилаб олинган. Ҳар бир туман ИИБ ЙҲХБда фуқаро кийимида икки-уч нафар одам ўтирибди. Улар ўша ерда ишлайдиган ходимми ёки бошқами очиғи билмайман. Борасиз, уларга техник кўрикка келганингизни айтасиз ва ҳозир машиналарни техник кўрикдан ўтказиш неча пул бўлаётганини сўрайсиз. Бу ишнинг тўлови энг кам иш ҳақининг 10% бўлган ҳолда сизга энг кам иш ҳақининг камида 40%-50% ни айтишади. Сиз ўша ерда шу пулни берасиз ва банкка ҳам бориб юрмайсиз, устага ҳам. Ўша "ҳожатбарор" ходимлар ҳаммасини ўзлари "ҳал қилишади". Агар, сиз эрталаб бориб машинангизнинг техник паспортини ва улар сўраган пулни бериб кетсангиз, улар ИИБ ЙҲХБ бошлиғига муҳр ва имзони қўйдириб туришади, тушдан кейин кечроқ келиб олиб кетаверасиз.

Ана шу коррупция жараёнида фақат ЙПХ ходимларини ҳам айблаб бўлмайди. Бу ерда машина эгаларининг ҳам яхшигина айби бор. Қанақасига? Тушунтираман.
ИИБ ЙҲХБ да ўтирган фуқаро кийимидаги ўша одамлар ҳар-ҳар замонда текширув келиб қолишидан ёки кимнидир ушлаб беришидан қўрқиб қонуний ишлаб ҳам қолишади. Бу бир йилда бир ёки икки марта бўлади. Ўшандай пайтларда сиз машинангизни техник кўрикдан ўтказиш учун олиб борсангиз сизни аввал кассага жўнатишади. Бориб қонунда белгиланган ЭКИҲнинг 10% миқдоридаги тўловни тўлаб келасиз. Шундан сўнг сизни ЙҲХБ га тегишли ўзларининг усталарига юборишади. Усталарга борганда маълум бўлдики сизни олд ойнангиз ҳаммаёғи синиб, ёрилиб кетган ва бу аҳволда юриш мумкин эмас. Уни алмаштириб келиш керак. Қолаверса тўртта шинангиз ҳам едирилиб бўлган, уларни зудлик билан алмаштириш керак. Сиз бу гапларни эшитиб бир чўчиб тушасиз. Чунки олд ойна ва тўртта шинани алмаштиришга ҳазилкам пул кетадими? Устани олдидан чиқиб тўғри ИИБ ЙҲХБ да ўтирган ўша фуқаро кийимидаги "ҳожатбарор" ходимларни олдига борасиз. Уларга ҳозир олд ойна ва тўртта шина алмаштиришга пулингиз йўқлигини, шу учун бир амаллаб беришларини илтимос қиласиз ва улардан бирининг олдига секин 80 ёки 100 минг сўмни қўясиз. Улар сизга бу ишни мутлақо иложи йўқлигини айтишади. Сиз эса янгилашингиз лозим бўлган олд ойна ва тўртта шинага кетадиган пулни ўйлаб янада қаттиқроқ илтимос қиласиз, ялинасиз ва охири уларни кўндирасиз. Улар пулингизни ва машинангизни техник паспортини олиб қолиб, "тушдан келинг тайёр бўлади" дейишади, сиз тушдан кейин келиб, "соз" деб муҳр ва имзо урилган техник паспортни олиб, хурсанд бўлиб кетаверасиз.

Бу йил машинани илк бошқаришга ўтирганимга 11 йил бўлди. 11 йилдан бери кузатаман, дуч келаман аҳвол шу.
Ҳайдовчилар ва ИИБ ЙҲХБ да ўтирган фуқаро кийимидаги ходимларнинг айнан машинани техник кўрикдан ўтказиш жараёнлари шунақа бир-бирига чамбарчас боғланиб кетганки, бунда коррупцияни қандай йўқотса бўлади, ўйлаб ўйимга ета олмайман. Шу ерда савол туғилиши мумкин, "нега бу ҳолатга ҳайдовчилар индамайди ёки кўз юмиб кетади ёки коррупциянинг бир иштирокчиси бўлади?" деган.
Буни сабабини тепада қисман ёздим, батафсил тушунтираман: Ҳайдовчилар орасида ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган, машинани техник кўрикдан ўтказиш нархи ЭКИҲнинг 10% эканини яхши биладиганлари бор. Улар баъзида бориб ИИБ ЙҲХБда ўтирган ўша ходимларга "закунчилик" ҳам қилишади "нега тўлов ЭКИҲ 10% бўладию, сенлар бунча пул сўраяпсан?" деб. Шунда ходимлар юқорида ёзганимдай дарров банкка ва ундан ўтиб усталарга юборишади. Табийки усталар айб топаман деса ҳар қандай машинадан "айб" топади. Ана шунда ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган "закунчи"ларга ҳам машинасининг носоз бўлган қаеринидир анча пул сарфлаб таъмирлатиб келгунча тинчгина "ҳожатборор" ходимлар сўраган пулни бериб ишини битириб кетиш осонроқ туюлади ва аксарият ҳолларда "ҳожатбарор" ходимларнинг олдига ўзлари қайтиб келиб, илтимос қилиб ялинишади. Машинасида носозлик борлигини аниқ биладиган ҳайдовчилар эса "ўз ҳақ-ҳуқуқларини" талаб ҳам қилиб ўтирмайди. Аксинча, "ҳожатбарор" ходимларга "банкка бор, устага бор" деб одамни сарсон қилмай, илтимос "кўп қатори" мана шу пулни олингда "соз" деб муҳр билан имзони урдириб бераверинг", деб ўзлари илтимос қилиб, ялинишади. "Ҳожатбарорлар" эса бундай илтимосларни ерда қолдиришмайди.
Қизиқиб кўрдим, мамлакатимиздаги аксар қишлоқ туманларидаги ИИБ ЙҲХБ да машинани техник кўрикдан ўтказиш жараёни ана шундай бўлаяпти. Буни натижасида эса кўчаларимиз техник тарафдан носоз машиналар билан тўла. Шу туфайли ҳам кўчаларимизда юз бераётган ЙТҲ маълум қисми ана шу носоз машиналар иштирокида юз бераяпти.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдим, жойларда ИИБ ЙҲХБ даги бу коррупцион ишлардан ЙҲХБ бошлиқларининг ҳам яхшигина хабари бор. Аммо, улар "кунлиги томиб турибдику" қабилида ходимларнинг ўшандай ноқонуний ишларига кўз юмишаяпти. Шунингдек, ҳатто ўзим гувоҳи бўлганман бундан 7-8 йил аввал, туман ЙҲХБ бошлиғи билан "таниш" бўлган дўстимиз ЙҲХБ бошлиғини кўчада кетаётган жойида кўриб қолиб, югуриб бориб машинасининг техник паспортига "соз" деб муҳр урдириб, имзо қўйдириб олган ва "хизмат ҳаққи"ни шундоқ кўчани ўзида чўнтагига тиққан эди.

Очиғи, айнан шу ишда коррупцияни қандай йўқотишни билмайман. Ижтимоий тармоқларда айрим хориж давлатларида машиналарни техник кўрикдан ўтказиш ҳар 3, 5 ёки 7 йилда ўтказилиши ҳақида ёзишаяпти. Бизда ҳам шу ишдаги коррупцияни йўқотиш учун шу амалиётни жорий қилса бўлар. Аммо, бундай қилинса кўчаларимизда техник носоз машиналар баттар кўпаяди.
Яқинда эшитдим, эски машиналар учун утилизация солиғи жорий қилинар экан ва шундан кейин одамлар ёши 20 ёшдан ошган машинаси учун ё утилизация солиғи тўлар экан ёки эски машинасини утилизацияга топширар экан. Балки шу қонун жорий этилганидан сўнг кўчаларимизда эски, носоз машиналар камайса бизда ҳам машиналарни техник кўрикдан ўтказиш оралиғини ҳар йил эмас, балки ҳар 3 ёки 5 йилга чўзса мақсадга мувофиқ бўлиб, бу иш ортидан содир бўлаётган коррупцион ҳолатлар камаяр. Чунки, ҳозир ҳам техник паспортда ҳар йили соз деб муҳр ва имзо қўйиб беоилгани билан, ҳақиқатда ўша машиналар ҳаққоний техник кўрикдан ўтказилаётгани йўқ. Шундай экан техник кўрик муддатини 3 ёки 5 йилга узайтириш бу соҳадаги коррупцион ишларни анча камайтирар эди. Ҳозирча эса, менинг рўйхатимда бу соҳа Ўзбекистондаги энг коррупция урчиган соҳа бўлиб қолаяпти ва бошқа ҳолатлардаги каби бу ерда ҳам юқорида ёзганимдай бунга ҳар икки томон, соҳа ходимлари ҳам, ҳайдовчилар ҳам бирдай ҳисса қўшаяптилар.