суббота, 22 июля 2017 г.

Қишлоғимдан чиқмаган чемпионлар.

Ҳар гал жаҳон миқёсида ўтадиган спорт мусобақаларини кузатар эканман юртимиз спортчиларини кўриб бир хўрсиниб қўяман. "Нега бизнинг туманимиздан турли спорт турлари бўйича шунақа зўр спортчилар чиқмайди?" деган савол ичимни тирнайди. Ҳатто спорт турларининг қироли бўлмиш футболда ҳам 0.5 миллион аҳоли истиқомат қиладиган туманимиздан олий лигада бор йўғи 2 та футболчи ўйнайди. Бири Достон Абдураҳмонов, яна бири Зойир Пиримов. Қизиғи иккаласи ҳам туманимизда эмас, балки вилоят марказидаги футбол мактабда, кейинчалик пойтахтимиздаги футбол мактабда ўқишган.

Хусусан бошқа спорт турларида ҳам бизнинг тумандан таниқли спортчилар йўқ. 2016 йил, Рио Одимпиадасида паралимпия терма жамоамиз таркибида туманимиздан чиққан бир бола қандайдир спорт тури бўйича совриндор бўлди. Эшитганим шу.

Биздан нега тузукроқ спортчилар, футболчилар чиқмаслиги сабабини кўп ўйлайман. Балки туманимиз одамлари тадбиркорликка уста халқ, шу учун боласини қандайдир спортчи бўлишидан кўра яхши бир тадбиркор бўлишини хоҳлар. Аммо мен бошқа сабабларни кўраман. Туманимизнинг бошқа қишлоқларини билмайман, аммо бизнинг 30 минг аҳолиси бор қишлоғимизда на спорт мажмуаси бор, на бир стадион.
Спорт мажмуаси олдиндан, Собиқ Иттифоқ давридан бери йўқ. Қишлоқ марказидаги стадионнинг ўрнига бошқа жой топилмагани учун коллеж қурилгандан бери энди стадионимиз ҳам йўқ.

Мен юқорида қишлоқ аҳолиси ва ёшларини қийнаб келаётган муаммони ёзаяпман. Энг ёмони қишлоғимизда 6 та мактаб бор ва уларнинг баъзисида кичикроқ қилиб қурилган спорт зали бўлса, баъзиларида ўша ҳам йўқ. Шу 6 та мактабнинг ҳеч бирида тузукроқ спорт майдончаси ва стадион йўқ.

Айниқса бизнинг маҳалламиздаги мактабда аҳвол ўта қониқарсиз. На спорт майдончаси бор, на спорт зали бор ва на стадиони бор. Йўқ, бир пайтлар бор эди. Кейинчалик ўша спорт майдончаси ва стадионни ўрнини кимлардир эгаллаб олди ва шу билан энди ҳеч нарса йўқ. Қизиғи шунда-ки мактабдаги шу аҳволга 20 йил бўлиб қолди. Аммо мактабга спорт майдончаси ёки спорт зал қуриб беришни ҳеч ким хоҳламайди. Бу масалада ҳокимиятга мурожат қилиш фойдасиз. Чунки бу масала билан шуғулланадиган "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси" бор. Жамғарманинг эса доим жавоби тайёр; "Сабр қилинглар, навбати билан қуриб берамиз. Худо хоҳласа кейинги йил режамизда сизларнинг мактабларинг ҳам бор". Эҳҳе, неча йиллардан бери эшитганимиз шу жавоб. Бу масалада ҳар йил бориб мактабимиз директорига саволлар бераман ва у юқорида ёзганимдай жамғарма ходимларининг жавобларини тўтиқушдай такрорлайди. Аммо натижа йўқ. Шу йил баҳорда мактаб директори билан яна шу масалада гаплашдим. Яна ўша жавоб; "Яқинда жамғарманинг туман бўлими бошлиғига учрашдим, бизнинг мактабимизнинг навбати 2018 йилда келар экан". "Ахир неча йилдан бери шу гапни айтасиз "кейинги йил" деб, ўша навбатни жамғармадагилар қандай мезонлар бўйича тузишади" десам, директор "билмасам"дан бошқа гапни билмайди.

Юқорида гапимни нега бизнинг ҳудудлардан, қишлоқлардан чемпионлар, кучли спортчилар, футболчилар етишиб чиқмаслиги билан бошлагандим. Хўш, айтингчи бунақа аҳволда биздан қанақасига чемпионлар чиқсин? Қанақасига машҳур футболчилар чиқсин? На мактабида ва на маҳалласида спорт билан шуғулланиш учун тузукроқ жойни ёки спорт зални ўзи бўлмаса?

Бу масалада нега жон куйдириб ёзаяпман. Сабаби болалар спорт билан шуғулланишса соғлом ўсишади. Яна, айниқса ўсмир ёшдаги болалар хаётида спорт билан шуғулланиш муҳим. Чунки айнан ана шу ёшда ўсмирларда турли салбий иллатларга мойиллик пайдо бўла бошлайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш эса ўсмир болаларни маълум маънода ана шу салбий иллатларга илашиб қолишдан асрайди. Шу учун ҳам ҳар бир мактабда, ҳар бир маҳаллада болалар спортнинг турли хил турлари билан шуғулланишлари учун спорт майдончалари ва стадион керак.

Бу муаммо биргина менинг маҳалламдаги мактаб ва қишлоғимга тегишли эмас, балки бутун мамлакатимиздаги аксар мактаблар ва қишлоқларга тегишли муаммодир.
Айниқса бу йилдан мактабларнинг яна 11 йиллик қилиниши ортидан бу муаммо янада долзарблашади. Умид қиламиз тегишли ташкилот бу муаммоларга албатта эътибор қаратадилар.

суббота, 15 июля 2017 г.

"Катта жамоа"лар.

Сарлавҳани кўриб ҳайрон қолаяпсизми "гап нима ҳақда экан" деб? Мен бугун "катта жамоа"лар ҳақида ёзмоқчиман. Уларнинг нега катта эканлигини эса сабр қилиб ўқиб бораверсангиз тушуниб оларсиз.

Менинг ўзимни футбол масаласида шахсий мулоҳазаларим ва шахсий фалсафам бор. Ана шу фалсафамга кўра дунё футболида миллий терма жамоалар орасида ҳам, миллий чемпионатларда иштирок этадиган оддий жамоалар орасида ҳам "катта жамоа"лар бор. Уларнинг "катта жамоа" даражасига чиқишининг ва фалсафамга кўра "катта жамоа" деган ном олишларининг асосий сабаби улар ҳал қилувчи паллада ўзларини тутиб оладилар ва ўзларига керак бўлган натижани кўрсата оладилар. Юқорида ёзганимдай бундай "катта жамоа"лар миллий терма жамоалар орасида ҳам бор, миллий чемпионатларда ўйнайдиган жамоалар орасида ҳам бор. Масалан ўша дунёга донғи кетган Реал, Барселона, Бавария, Ювентус, МЮ, МС, Челси каби жамоалар ана шундай жамоалар сафига кирадилар. Бу сафга яна анча жамоаларни киритсам бўларди. Аммо рўйхат узун бўлиб кетишида мантиқ кўрмадим учун шуларни ёздим холос.
Миллий терма жамоалардан эса Бразилия, Аргентина, Франция, Италия, Германия каби терма жамоалар катта жамоалар ҳисобланишади.
Бу ерда ҳам рўйхатни қисқароқ қилдим. Зеро ёзмоқчи бўлганим қандайдир терма жамоа ҳақида эмас, балки ўз футболимиз, ўз терма жамоамиз ҳақида. Шу учун катта жамоалар сафига яна қайсидир терма жамоани киритаманми ёки йўқми буни аҳамияти йўқ.

Юқорида баъзи жамоаларни нега "катта жамоа"лар ҳисоблашимни айтдим. Энди ўзимизга тегишли бўлган Осиё минтақасига келсак Япония, Корея, Австралия, Эрон терма жамоалари менинг ўша ҳеч ким тушунмайдиган футбол фалсафамга кўра "катта жамоа"лар ҳисобланишади.

Эслайлик, биз олдинги ЖЧ нинг саралашида М.Қосимов мураббийлигида Жанубий Кореяда шу юртнинг терма жамоасига қарши ўйнаганмиз. Агар ўша ўйинни ютсак ЖЧга чиқамиз. Агар дурранг ўйнасак ҳам бизда зўр имконият бўлади. Ж.Кореяга эса фақат ғалаба керак. Ана шундай ҳолатларда "катта жамоа"лар ўз ишларини қилишади ва ўзларига керакли натижани қўлга киритишади. Тўп бизнинг дарвозамизга А.Шораҳмедовга тегиб автогол сифатида кириб кетадими ёки корейслар пенальтидан уришадими аҳамияти йўқ. Корейслар ўзларига сув ва ҳаводай керак бўлган уч очкони барибир қўлга кириташади вассалом. Ва улар менинг фалсафам бўйича "катта жамоа" бўп қолаверишади.

Демак, "катта жамоа"лар шундай жамоаларки энг керакли пайтда улар ҳар қандай йўл билан хоҳ у мураббийнинг баланпарвоз гаплардан иборат интервьюси орқали рақибга майдон ташқарисида ўйиндан олдин руҳий зарба берибми ёки бошқа ишлар биланми барибир ўз мақсадларига эришадилар. Кичиклар эса ярим йўлда қолиб кетаверадилар.

Шу тобда мен нега "катта жамоа"ларни эслаб қолдим. Сабаби биз мустақилликка эришган йилларимиздан бошлаб ҳанузгача "катта жамоа"ларга яқинлаша олмаяпмиз. Уларни шунчаки енгга олмаяпмиз. Лекин "катта жамоа"лардан бири бўлиш ҳақида ниятимиз, орзуимиз бор. Аммо ҳаракатимиз, аниқроғи бу йўлда аниқ-тиниқ ёзилган режамизни ўзи йўқ.
Эсланг, Хитой ҳам биздай эди. Аммо улар узоқ йиллик режалар тузиб катта жамоа бўлиш иштиёқида тинимсиз ҳаракат қилмоқдалар ва тахминимча уларнинг бу йўлдаги меҳнатлари яқин йилларда ўз мевасини беради ва Хитой терма жамоаси ҳам "катта жамоа"лар сафига қўшилади.

Шу тобда қандайдир "катта жамоа"лар деб бошингизни қотираётганимнинг сабаби билдингиз "катта жамоа" бўлиш мақсадга эришиш йўли билан бўлади ва бизда ҳам ҳозир ўз мақсадимизга эришишимиз учун зўр имконият юзага келган. Яъни бизнинг терма жамоамиз ЖЧга чиқиши учун кимнидир қоқилишини ёки кимнидир камроқ тўп ўтказиб, кимнидир кўпроқ тўп уришини кутмаймиз.   "Қолган иккита ўйинни ют ва ЖЧга чиқ". Нисбатан осон иш. Аммо биз "катта жамоа" бўла олмаганимиз учун ҳам терма жамоамизнинг қолган иккита ўйинни ютиб ЖЧга чиқишига аксарият мухлислар ишонишмаяпти. Лекин барибир бу имкониятдан максимал фойдаланишимиз ва хозирча "катта жамоа" бўла олмасакда ўша Ж.Корея каби "катта жамоа"ларга қарши муносиб ўйнай олишимизни, уларни мағлубиятга учрата олишимизни ҳаммага кўрсатадиган вақт келди. Агар ҳаммаси ўйлаганимиздай бўлиб қолган иккита ўйинни ютиб ЖЧга чиқа олсак ишонинг уёғи минтақамиз бўйича ўлчаганда "катта жамоа"лардан бири  бўлишимиз учун бор йўғи бир қадам қолади холос. Атиги бир қадам.

Биламан шу фикрларни терма жамоа мураббийлари ва футболимиз раҳбарлари ҳам ўйлашаяпти. Аммо қуруқ ўйлаш бн иш битмайди жаноблар. Ишлаш керак, ҳаракат қилиш керак. Охиригача курашиш керак.

среда, 12 июля 2017 г.

Қадри йўқ қадрсиз ўқитувчилар ёки яна коллежлар ҳақида

11 йиллик мактаб таълими қайта тикланар экан бунга сабаб қилиб коллежларда давоматнинг пастлиги, ўқувчиларнинг назоратсиз қолиб кетаётгани ҳам сабаб қилиб кўрсатилди. Ҳар нарсанинг "лекин"и бордай мен хам коллежларда нега давомат паст бўлган ёки нега ўқувчилар назоратсиз қолиб кетишган ана шуларнинг "лекин"и хақида бироз фикр билдиргим келди.

Коллежларни ривожлантириб ундаги таълимни юксак даражага олиб чиқиш учун авваламбор уларнинг моддий техник базалари зўр қилиниши керак эди. Бизда нима бўлди? Қоғозда ҳаммаси зўр, аммо амалда хатто оддий чироқ йўқ. Қилиб қўйган генераторлари хўжамкўрсинга, борми, бор. Ёки кўпгина касбга тегишли асбоб-ускуналар ҳам етарли эмас. Мураккаброқ ускуналар ҳам ўзига яраша бор. 

Кейин коллеж ўқитувчиларига юкланган юкламалар оддий мактабларникидан кўпроқ ва баттароқ бўлди. Айтсам биров ишонади, биров ишонмайди; коллежларга ҳатто нечадир килограммдан рангли метал йиғиб бериш мажбурияти ҳам бор. Буни ўзим ҳам билмасдим. Яқинда маҳалламиздаги коллеж директори айтиб қолди. Очиғи буни эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки энг арзон рангли металнинг хам килограмми фалон пул. Шундай экан шўринг қурғур ўқитувчилар рангли металларни қайердан топсин? Ўқувчисига опкелишни буюргани билан фойдасиз, у кўчада ётган нарса эмас, барибир топиб кела олишмайди, топиб келишни хоҳлашмайди ҳам. Ва охир-оқибат бундай мажбуриятларни ўқитувчилар ўз маъошидан тўлайди. 

Бундан ташқари турли ҳашарлар ҳам ўқитувчиларнинг жонига тегиб кетган ва мана шу ҳашарбозликлар ҳам коллежлардаги таълим сифатини пасайиб кетишига сабаб бўлди ва бўлмоқда. Масалан; Биз яқинда Имом Бухорий мажмуасига бормоқчи бўлдик ва Жомбой тарафдан юрдик. Қарасак кўча тўла аёлу-эркак. "Барака топишсин, кўчаларни тозалаб қўйишаяпти" деб ўйладик. Йўлдан ҳашарчиларни кузатиб борар эканмиз сув олиш учун бир дўконнинг олдида тўхтадик. Дўконни атрофида ҳам ҳашарчилар кўча тозалашаяпти, уйларни орқасини бўяшаяпти. Шерикларим магазиндан сув олиб чиққунларича мен ҳашарчиларнинг бири билан "ҳорма-бор бўл" қилдим ва бироз гаплашиб қолдим. Унинг ҳасрат ва надомат билан айтишича кўчада ана шу биз кўрган ҳашарчилар Жомбойга қўшни бўлган тумандаги лицей ва коллежларнинг ўқитувчилари экан. Мен ундан "Нега Жомбойга қўшни тумандан келиб ҳашар қилаяпсизлар, нима ўзларида ҳашарчи йўқ эканми? Уйларнинг кўча тарафини бўяб бераяпсизлар, нима бу уйларда ҳеч ким яшамайдими?" деб сўрадим. У "уйларда одам бор, аммо негадир вилоят Олий ва ўрта махсус таълими бошқармасининг буйруғига кўра Президентимизнинг ташрифларидан олдин айнан бизни хашарга олиб келишган" деди. Унинг гапларидан шу нарса аниқ бўлдики  Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташриф буюришларида Имом Бухорий мажмуасига боришлари ҳам назарда тутилган ва вилоят катталари буни олдиндан билишар экан. Шу учун ҳам кўчаларни тозалаттириб уйларни кўча томонини буяттиришаётган экан. Ўшанда мажмуага Жомбой тумани орқали бориладиган йўлларни тозалаш, кўча юзидаги уйларнинг орқа деворларини бўяш каби ишларни қўшни тумандаги лицей ва коллежларнинг ўқитувчилари зиммасига юклашган. Нима Жомбойнинг ўзида ўқитувчи йўқ эдими? Ёки маҳалла раисларига буюриб бўёқ ёки оҳакни олиб берса ҳар бир одам ўз уйининг орқасини бўяб қўя олмас эдими? Бўяб қўя олар эди. Аммо вилоятдаги собиқ каттанинг ўзи қўшни тумандан экан, буни устига ўша қўшни туман ҳокими бўлиб ишлаб турган жойидан вилоятга катта бўлиб борган экан ва шу туфайли ўзини кўрсатмоқчи бўлиб ўзининг туманидан одам чақирганми ёки ўзининг туманини ўқитувчиларини баттар хор қилиб бутун вилоятда уларнинг хор эканликларини кўрсатмоқчи бўлганми билмадиму аммо факт шу Жомбойдан эмас балки ўзининг туманининг ўқитувчиларини вилоят Олий ва ўрта таълим бошқармаси орқали буюртириб (балки хокимият орқали буюртиргандир, буёғи менга қоронғу) Жомбойда 3 кун кўчаларда ишлатиб тентиратишаётган экан. Биз эса тасодифан бунга гувоҳ бўлдик.

Хўш, бу ахволдан кейин коллежларда қанақасига таълим сифати бўлсин? Ўқитувчи дарс ўтиш ўрнига қўшни туманга бориб уч кунлаб кўча тозалаб юрса унинг дарслари нима бўлди? Ўша ўтилмай қолган дарсларда ўтириши керак бўлган талабалар ахволи нима бўлди?  Қанақасига кейин ўзбекнинг боласидан олим чиқсин, ўқитувчиси  кўча тозалаб юрса? Бу ахволда қанақасига бола назоратда бўлади, ўқитувчиси уч кунлаб коллежга келмай хашарда юрса? 
Мактаблар 11 йиллик бўлса зўр бўлади деб ўйлаётган жаноблар, хомтама бўлманглар. Агар мактаб бўладими, коллеж бўладими ёки яна қандайдир бошқача ном билан аташадими фарқи йўқ, ўша таълим муассасига қандайдир юкламалар таълим тизимига алоқаси йўқ ташкилотлар ва шахслар томонидан юкланаверар экан таълим тизими коллеждан мактабга ўзгаришининг фойдаси йўқ ва хаммаси ўша "эски тос, эски ҳаммом" ҳолида қолиб кетаверади. Ўқитувчи ҳашарга кетаверади ёки ўқувчиси эплаб олиб келолмаган металломни ўзи қидириб уйма-уй юриб дарс қолдираверади ва охир-оқибат ўша ўсмир ёшдаги асов ёшлар мактабдаям назоратсиз қолиб кетаверишади. 
Шундай экан таълим сифатини ошириш учун биринчи навбатда таълим муассасалари ўзларига умуман дахли бўлмаган турли  ЮКЛАМАЛАРДАН ОЗОД ҚИЛИНИШЛАРИ КЕРАК. Акс холда таълим мактабга кўчадими ёки яна бошқача таълим усули қўллариладими фарқи йўқ, таълим сифатида ҳам, ўсмирлар тарбиясида ҳам хеч қанақанги олдинга силжиш бўлмайди.

Р.С. Ҳашарда юрган ўқитувчининг исм-шарифини сўрамадим. Зеро бунинг қизиғи ҳам йўқ эди, ундайларнинг сони кўп. Фақат ана шундай ўта машаққатли касбда меҳнат қилиб юрганлари учун уларга раҳмат айтдим холос.