Ургут йўлсозларидан инновацион ғоя: Республика аҳамиятидаги йўлни шағал билан ҳам таъмирлаш мумкин
Ургут йўлсозлари янги инновацион ғояни ўзлаштиришибди. У ҳам бўлса, ўзи шундоқ ҳам асфальти йўқ бўлиб кетиб, шағали чиқиб қолган Республика аҳамиятига эга бўлган йўлни, яна қайта шағал билан текислаб чиқишаяпти. Бу янгилик учун Ургут йўлсозларини бемалол биронта Республика даражасидаги, йўғе, халқаро даражадаги мукофотга тавсия қилса ҳам бўлади. Агар қандайдир халқаро даражадаги мукофот ташкилотчилари Ургут йўлсозларининг янги "инновацион" ишларини кўриб қолса, аниқ мукофот беради. Қолаверса, Ургут йўлсозларининг, ўзи шундоқ ҳам асфальти йўқ бўлиб кетиб, шағали чиқиб қолган йўлни, буни устига йўлнинг даражаси Республика аҳамиятидаги йўлни яна шағал билан равон қилиб қўйишлари ҳар қандай "мукофот"га арзийди.
Энди асосий гапга ўтсак. Шу йил баҳорда Ургут тумани Испанза қишлоғи аҳолисидан Республика аҳамиятига эга бўлган Ургут-Булунғур йўлининг шу қишлоқнинг учта маҳалласи, шунингдек Ургут шаҳри "Юқори Торинжак" маҳалласидан ўтган қисми жуда ҳам хароб аҳволдалиги, неча йиллардан бери бу йўлнинг таъмирлашни сўраб ёзмаган ва бормаган жойлари қолмагани, аммо ҳеч ким шу йўлни таъмирлаб бермаётгани, 2017 йилдан сиёсат бироз ўзгарганидан сўнг Ургут йўлсозлари бу йўлнинг озгина бир қисмини таъмирлаганлари, қолган қисми Республика аҳамиятига эга йўл мақомига умуман мос келмайдиган даражада хароб бўлиб ётгани ҳақида мурожат тушган эди. Ўшанда мурожатни ўрганиш учун бориб йўлни аҳволини кўрганимизда ҳақиқатдан йўлнинг ҳолати жуда ёмон аҳволда эди. Шундан сўнг Ургут туман йўл идорасига бориб, тегишли мутасаддилардан изоҳ олган эдик.
Ўшанда, бизга изоҳ берган Ургут туман йўл идораси масъули, бош муҳандис Шодиев Эрмат "Республика аҳамиятидаги йўллар Молия вазирлиги қошидаги Йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъмирланишини, Ургут йўлсозлари таъмирланиши лозим бўлган йўлларни смета харажатларини вилоят йўл идорасига жўнатганини, энди Молия вазирлиги қошидаги йўл жамғармаси пул ажратса ушбу йўлни таъмирлаб беришлари мумкинлигини, акс ҳолда бу йўл 2019 йилда ҳам шу ҳолатда қолаверишини ва 2020 йилги режаларга ўтиб кетиши мумкинлигини маълум қилган эди. Шундан сўнг Ургут туман йўл идорасига нима дейишимизни билмай индамай чиқиб кетган эдик. Тўғрида, Республика аҳамиятига эга бўлган ушбу йўл учун маблағни Тошкентдан ажратишса, Ургут йўлсозларининг қўлидан нима ҳам келарди ва улар бизга жавобан нима ҳам десин?!
Ўшандан кейин, мана орада 6-7 ой вақт ўтди. Яқинда бизга ана шу Ургут-Булунғур йўли масаласида шу йўлнинг бир қисми ўтган "Жайратепа" маҳалласининг раиси Ҳиммат Ахмедов мурожат қилди. Унинг айтишича Ургут йўлсозлари "маблағ йўқ" деб баҳона қилишаяпти. Сабаби, баҳорда "Тошкентдан, Молия вазирлиги пул ажратса йўлларингни таъмирлаймиз, акс ҳолда бошқа имкониятимиз йўқ" деган Ургут йўлсозлари ёзи билан туманнинг бошқа турли ҳудудларидаги йўлларни асфальт қилишган. Лекин, негадир Ургут-Булунғур йўлининг Торинжак ва Испанза қишлоғи участкаларидан ўтувчи қисмини таъмирлаб беришмаган.
Шу йўлни охиригача кўриш учун бу сафар ушбу йўлнинг Тожикистонга ўтувчи "Жартепа" божхона маскани жойлашган Самарқанд-Айний халқаро йўлигача бўлган 22 километрли қисмини автомобилда бориб кўриб келдик. Минг афсуски бекор қилибмиз. Сабаби, Ургут-Булунғур йўлининг нафақат Испанза ва Торинжак қишлоқларидан ўтган 5-6 километрли участкаси, балки узунлиги 22 километрни ташкил этувчи Ургут-Жартепа йўлининг аксарият қисми жуда ёмон аҳволга тушиб бўлибди.
Яна бир қизиқ томони бу йўлни ўтган йили ЎзЛиДеП дан Олий мажлисга депутат этиб сайланган депутат Меҳриддин Муҳаммадиев ҳам таъмирлата олмаган экан. Ўшанда "Испанза" қишлоғига аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида ташриф буюрган ЎзЛиДеПнинг Олий мажлисдаги депутатига қишлоқ аҳли, депутатга шикоят қилса у дарров йўлни таъмирлатиб берадигандай шу йўл муаммоси масаласида ҳам мурожат қилишган. Ўшанда депутат жаноблари қатнашган мажлисда ҳозир бўлган Ургут туман йўл бўлими мутасаддиси ушбу йўлни 2018 йилнинг охиригача таъмирлаб беришни депутатни олдида ваъда берган. http://www.uzlidep.uz/news-of-party/3439
Аммо, не ажабки ушбу йўл ҳанузгача таъмирланмади. Демак, туманлардаги йўл бўлимлари Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатига ёлғон ваъдалар беришдан зиғирчалик қўрқмайди. Акс ҳолда бу йўл ўтган йил кузни ўзида таъмирланиб кетар эди.
Бу йўлнинг аҳамияти жуда катта. Сабаби, бугун Тожикистондан мамлакатимизга кириб келаётган меҳмонлар ва сайёҳлар Ургут туманига айнан шу йўл билан кириб келишади. Шу учун ҳам ушбу йўл энг биринчи таъмирланиши лозим бўлган йўл ҳисобланади. Аммо, бугун тумандаги аксар йўллар таъмирланган ҳолда, ушбу йўл жуда ёмон аҳволда қолаяпти.
Яқинда маҳалла раисининг илтимоси билан шу йўлни яна бориб кўрдик. Биз борганимизда Ургут йўлсозлари асфальти йўқ бўлиб кетиб, шағали чиқиб қолган ўша йўлга яна шағал тўкиб, уни текислаяптилар. Менимча, бу энди "мана, биз ҳам қараб турганимиз йўқ, ишлаяпмиз" қабилида қилинган иш. Аммо, ўзи шундоқ ҳам шағали чиқиб қолган йўлга яна қайта шағал тўкишдан нима наф борлигини очиғи тушунмадик. Агар, мақсад йўлни бироз текислаб қўйиш дейиладиган бўлса шағал билан текисланган йўл битта ёғингарчиликдан сўнг яна дабдаласи чиқиб қолади.
Аҳоли билан ушбу йўл масаласида узоқ суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича ушбу йўлнинг капитал таъмирланганига 20 йилдан ошган. Ундан кейин нима қилинган бўлса аҳоли пул йиғиб ҳашар йўли билан ямаб турган, ямашни имкони бўлмаган жойларига озроқ бўлса-да асфальт ётқизишган, шағал тўкиб текислашган.
"Баъзи йилларда об-ҳаво жуда серёғин келган йилларда йўл бўлимига бориб кўчанинг сув ювиб юборган қисмларини йўл текисловчи техника билан текислаб беришни сўраганимизда йўл бўлимидагилар "ёқилғимиз йўқ" деб жавоб берган пайтлар ҳам бўлган. Шунда "ёқилғини ўзимиз қуямиз" деб техникани олиб келиб ёқилғисини қуйиб йўл текислатганмиз. Йўлнинг аҳволини кўраяпсиз, куз-қиш-баҳор мавсумларида лой, ёзда эса чангида туриб бўлмайди. Ёғингарчилик мавсумида бу йўлда юришнинг ўзи азоб" деди маҳалла фаолларидан бири.
Аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш жараёнида бу йўлдан қанча аҳоли фойдаланиши ҳақида сўрадик. Уларнинг айтишларича бу йўлдан 150 мингга яқин аҳоли фойдаланар экан.
Воқеани ўрганиш жараёнида бир масала табимни бироз тирриқ қилди. Ушбу йўлнинг баъзи жойларида аҳоли йўлга чиқиб кетиб, турли қўшимча бинолар қуриб келавергани учун йўл анча торайиб қолган. Буни натижасида эса аксарият жойларда пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ. Аҳоли билан учрашганда шу масалани ҳам кўтардим. Уларнинг айтишларича аҳоли томонидан йўлни қисқартириб, тротуарни эгаллаб олинишига шу пайтгача ҳамма ташкилотлар бефарқ қараган. Маҳалла раисларини аксарият ҳолатларда одамларга гапи ўтмаган. Тегишли ташкилотлар эса индашмаган. Буни оқибатида эса йўлнинг ёқасида яшайдиган айрим аҳоли вакиллари ўзбошимчалик билан пиёдалар йўлакчасини эгаллаб олаверган. "Тегишли ташкилотлар келиб пиёдалар йўлакчасини очиб қўймаса, бу ишга маҳалла раисларининг кучи етмайди, ҳозир одамлар ёмон бўлиб кетди" дейишди улар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий