воскресенье, 28 июля 2019 г.

Самарқанддаги Бекатлар

Кечагидай эсимда, Тошкентга илк борганимда автобус бекатлари анча хароб эди. Шундан сўнг ҳукумат доирасида қарор чиқарилдими ёки шаҳар ҳокимининг қарори эдими эсимда йўқ, Тошкент шаҳри кўчаларидаги бекатларни тадбиркорларга ноль қийматда бериш ва бекатларни янгитдан қуриб обод қилиб қўйганлари учун уларни мол-мулк, даромад солиқларидан озод қилиш ҳақида қарор чиқди ва бекатлар тадбиркорларга бўлиб берилди. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги аксарият автобус бекатлари ўша пайтларда урф бўлган оқ ғиштдан чиройли қилиб қурилди ва тадбиркорлар бекатларнинг бир қисмини савдо дўкончалари, бир қисмини айвонча шаклида одамлар ўтириб автобус кутишлари учун скамейкалар қуриб қўйишди. Ўшанда, шу йўл билан Тошкент шаҳридаги хароб бўлиб ётган  автобус бекатлари анча обод бўлиб, чиройли кўринишга келган эди. Ўшандан кейин Тошкентда қилинган бу иш мамлакатимизнинг бошқа айрим ҳудудларида ҳам тарқоқ ҳолда, қисман жорий қилинди.

Хабарларинг борми ёки йўқми яқинда зарньюс сайтида Самарқанд шаҳридаги бекатларни тадбиркорлар эгаллаб олгани, йўловчилар ёзнинг иссиғида, қишнинг ёғинли кунларида автобус кутиб ўтирадиган пана жойлар қолмагани ва бунга чек қўйиш лозимлиги ҳақида ёзилган мақола чиқди. Ўша мақолани ким ёзган бўлса ҳам анча кўпиртириб ёзган. Сабаби, Самарқанд шаҳридаги бекатларнинг аксариятида савдо дўкони борлиги билан бирга ёнида йўловчилар учун скамейкалар ўрнатилган айвончаси ҳам бор. Қолаверса аксарият бекатлар ўша бекатда дўкон очиб фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан ойнаванд қилиб қурилган. Тўғри, инкор қилмайман, ўша мақолада ёзилгандай бекатнинг асосий қисмини савдо дўкони қилиб эгаллаб олиб, йўловчилар учун кичик жой қолдирган тадбиркорлар ҳам 1-2 та бўлиши мумкин. Аммо, энди ўша 1-2 та ноинсофроқ тадбиркорни деб Самарқанд шаҳридаги бекатларни обод қилиб дўкон очиб ўтирган, ҳалол савдосини қилаётган,барча тадбиркорларни ёмонотлиқ қилиш, уларни дўконини тортиб олиб бузиш ёки бекатга қўшиб юбориш нечоғлик тўғри? Бу масаланинг муҳим бир томони.
Масаланинг иккинчи бир муҳим томони шундаки бекатларнинг бир қисмида савдо дўкони очиб ишлатаётган тадбиркорлар кўп марта кузатганман, бекат атрофларини супуриб, сидириб, тозалаб ўтирадилар. Агар, эртага бекатлардан савдо дўконлари йиғиштирилса ва қаровсиз қолса улар яна ахлатхонага айланади. Яъни бекатни уёқ-буёғи доимий назоратда тозаланиб, супирилиб, сидирилиб турилмаса, қисқа кунларда ҳаммаёқ ивирсираб, скамейкаларга "севги тарихлари" ёзилиб ёки улар синдириб олиниб дабдаласи чиқарилади.

Масаланинг учинчи яна бир муҳим томони шундаки Самарқанд шаҳрида агар юзта бекат бўлса бу дегани юзта одам иш билан банд, юзта одам рўзғорининг қора қозонини шу бекатдаги савдо дўкончаси билан ўтказаяпти дегани. Шунингдек ана шу юзта тадбиркор камида ҳар ой 1 миллиондан турли солиқлар, пенсия фонди, ер-мулк солиғи каби тўловлар тўласалар бу бир ойда 100 млн, бир йилда 1.2 млрд сўм бўлади. Хўш, мундоқ қараганда одамларнинг кўзига арзимаган бўлиб кўринагинан бекатлардаги кичик савдо дўконларидан шаҳар бюджетига йилига 1 миллард сўмдан ошиқ маблағ келиб тушса, кимни "бели оғрийди?"

Энди тасаввур қилайлик, шаҳардаги барча бекатлардаги дўконлар бузиб ташланди. Биринчидан шаҳардаги тегишли ташкилотлар ҳамма дўконни 1-2 йилда ҳам шаҳар бюджети ҳисобидан қайта тиклай олмайди. Иш бошланади. 5-10 қурилади ва қарабсизки бу иш туя гўшти еб турибди-да.
Иккинчидан, юқорида ёздим бекатларда кеча-кундуз назорат бўлмаса қисқа вақтда ўша бекатларни ойнаси синдирилади, скамейкалар яроқсиз ҳолга тушади, атрофи ахлатхонага айланади. "Ким қилади бу ишни?" деб ҳайрон бўлманг, бундай "қўли қичиганлар" етарлича бор. Нима, ёлғон ваҳима кўтариб трамвайни тўхтатиб қўйганларга битта бекатдаги ойна ва скамейка чикора бўптими?
Учинчидан, эътибор берганман аксарият бекатлардаги дўкончилар биттадан ишчи олганлари ҳам бор. Шундай экан агар масалан 100 та бекатдаги дўкон бузилса бу дегани камида икки юзга яқин одам ишсиз бўлади дегани. Хўш, бекатлардаги дўконлар бузилиши ортидан ишидан айрилганлар кейин нима қилади? Ҳокимият ёки Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб борадими ёки Россияга ишлагани кетадими?
Тўртинчидан, оқибати ўйланмасдан бу иш қилиниб бекатлардаги дўконлар бузилиши ортидан шаҳар бюджетига ҳам анчагина зарар етади.

Хўш, нима қилмоқ керак?
Шаҳар кўчаларидаги бекатлар мониторинг қилиниши керак ва йўловчилар учун етарлича шароит ўрнатиб қўйган ва ҳалол савдосини қилаётган тадбиркорларга ўша ўзи фаолият юритаётган бекатларни тоза ва озодалигига қараб, ўша жойни супириб, сидириб, тозалаб ўтиргани учун ташаккурнома бериш керак. Мабодо сал инсофдан четга чиқиб, дўконини сал меъёрдан каттароқ қилганларга дўконини меъёрга келтириш ва йўловчиларги қулайлик яратиш талаби билан огоҳлантириб, уларга аҳволни ўнглаш учун маълум бир муддат бериш керак. Ана шунда муаммо ҳал бўлади.

суббота, 27 июля 2019 г.

Чўққи сари

Чўққи остига соат 20 ларда етган бўлсак яна 1-2 соат ўша ерда кутишимиз ва кейин чиқишни бошлашимиз лозим экан. Биз кечки овқатни еб олайлик деб энди ўтириб овқатлана бошлаган эдик, кимдир "тепаликка чиқишдан олдин овқатланманглар, тўқ қорин одамни беҳузур қип қўяди" деди. Шу билан кимдир озроқ овқатланди, кимдир овқатланмади.
Иссиқ кийимларни кийган бўлсакда ҳаво бироз этни жунжиктириб турарди. Кўпчилик қатори биз ҳам "қачон чўққи томон кўтарилишни бошлар эканмиз?" бетоқат бўлаёздик. Биздан бошқа ҳамманинг қўлида калтак бор, бизнинг иккита калтагимиз пастда, Кўлда қолиб кетибди. Мени калтагим эса уйда қолиб кетган эди. Ўзимга ишонаяпман, калтаксиз ҳам чиқа оламан деб. Аммо, калтакни олиш керак экан.

Ниҳоят бир гуруҳ одамлар чўққи томон йўл бошлади, ортидан биз эргашдик. Бошида билинмади. Аммо, бироз юриб оёғимиз оғриб қолди. Озгина юрамиз, ўтирамиз, яна озгина юрамиз, ўтирамиз. Шу тариқа соат саҳар 3 гача анча йўл юриб қўйдик. Бошида одамлар жипсроқ бўлиб юришди. Кейин кимдир олдинга ўтиб кетди. Кимдир ортда қолиб кетди ва 4-5 кишилик тарқоқ гуруҳларга бўлиниб кетдик.
Биз тўрт киши бўлсак, иккита шеригимиз ҳам биздан ортда қолиб кетишди. Пастда бизга йўлни тушунтиришганда тик тепаликка чиққандан кейин уёғи чўққига қараб қиялаб кетилади, йўл оғир эмас дейишувди. Биз тик жойлардан тепага чиқдик ва 4-5 киши сўқмоқни йўқотиб қўйдик. Бунга сабаб катта муз бўлаги бўлди. Яъни сўқмоқдан юриб боравердик, олдимиздан муз бўлаги чиқди. Бизга иложи борича муз бўлаги устидан юрмаслигимизни, муз бўлагида сирпаниб пастга тушиб кетишимиз мумкинлигини ёки музни ўзи ҳам таги нам, кўчиши мумкинлигини, шу учун муз бўлаги чиққанда ё уни тепасидан ёки пастидан айланиб ўтиш айтилган эди. Биз дуч келган муз бўлагини тепасидан айланиб ўтишни имкони йўқ эди, остидан айланиб ўтдик ва сўқмоқни йўқотдик. Аслида сўқмоқни қидириш хаёлимизга ҳам келмади. Сабаби, бу йил одам энди чиқаяпти, сўқмоқни қор, ёмғир ювиб билинмайдиган қилиб юборган деб ўйладик. Аслида эса сўқмоқ бор экан. Фақат биз қоронғуда уни кўрмаганмиз. Ўзимиздан олдингилардан йўл сўрайлик десак, улар чироқлари кўринмайдиган даражада узоқлашиб кетишган эди. Шу туфайли биз сўқмоқда адашиб, ёнга қиялаб юриш ўрнига тоғ-тош оралаб яна тепага чиқиб кетибмиз.  Соат 4 га яқинлашганда биз Ҳазрати Султон чўққиси рўпарасидаги бошқа бир чўққида эдик. Тўғримизда, бироз нарида, Ҳазрати Султон чўққиси турарди, аммо биз чўққи томон юра олмасдик. Ўртада камида 300 метрлик музлик бор эди. Биз чўққига бориш учун орқага қайтиб пастга тушишимиз, сўнг пастдан қиялатиб юриб чўққига боришимиз мумкин эди. Агар шундай қилсак биз қуёш чиқишини томоша қила олмас эдик. Турган жойимизнинг баландлиги ҳам қарийб Ҳазрати султон чўққисидай бор эди. Хуллас, биз ўша турган жойимиздан қуёш чиқишини кузатадиган бўлдик. Турган жойимизнинг Тожикистон тарафи тик жарлик эди. Узоқдан Ургут, Панжекент тоғлари кўриниб турар эди. Рўпарамизда эса Сурхондарёнинг Сариосиё ва Бойсун туманларидаги баланд тоғлар турарди. 4600 метрли тоғни тепасида туриб фақат тоғ, музлик ва дараларни кўрасиз холос. Шунингдек у ерда туриб дунё фақат тоғ-тошлардан иборат деган бир фикр ҳам хаёлимдан бировга ўтди. 😀

Бир пайтлар тв.дан тибетликларни кўрсатганда баланд тоғлар тепасида ҳеч нарса ўсмаслигини кўрсатишган эди. Ҳазрати Султонга чўққиси атрофида ҳам ҳеч нарса ўсмас экан. Пастда бел баравар ўт бор эди. Юқорига чиқишда ўтлар сийраклашиб борди. Энг тепада эса биронта гиёҳ унмас экан.
Иссиқ кийинган, буни устига юриб бироз исиган бўлсак ҳам энг тепада -2, -4 градус совуқ бўлди деб тахмин қилдим.

Қуёш чиққанидан сўнг шерикларимизни топдик. Сўнг биргалашиб ортга қайта бошладик. Қуёш чиққандан кейин озгина масофа қолган чўққининг энг тепасига чиқишга бизда на куч, на бардошимиз қолган эди.

Пастга тушар эканмиз, кечаси қоронғуда у йўллардан қандай чиққанмиз, кўриб ҳайрон қолиб,  ваҳмимиз келди. Йўл анча тик ва анча хавфли эди.
Очиғи, тепага чиқишда "тушиш бунча чарчатмайди, осон бўлади" деб ўйлаган эдик. Аммо тушиш чиқишдан ҳам азоб бўлди. 4 соат деганда қайтиб тушдик. Сўнг, бизни кутиб турган машинага ўтириб келган йўлимиз билан орқага, Китобга қайта бошладик.

Умуман олганда чўққига чиқиб тушиш роса азоб бўлди. Аммо, мен борганимга афсусланмадим. Кимлардир бу саёҳатга борса чўққинини тепасига чиқар, балки чиқа олмас, энг муҳими табиатнинг ажойиб манзараларидан, Яратганнинг мўжизаларидан баҳраманд бўлиб қайтади. Ортга қайтаётганимизда "қайтиб тоққа чиқиш деса ўрнимдан жилмайман" дедик. Аммо, мана энди чарчоқлар чиқиб кетганда ўйлаяпман, тақдир қилган бўлса мен бу чўққига чиқиш учун кейинги йилда ҳам албатта бораман.

пятница, 19 июля 2019 г.

Ҳудудий электр тармоқлари АЖ ёки коммунистик бошқарув

Очиғи хоҳ тан олайлик, хоҳ тан олмайлик, бизда аксарият ташкилотларда ҳанузгача коммунистик бошқарув асоратлари, эътиборга олиб қўйинг, "коммунистик бошқарув" демаяпман, "коммунистик бошқарув асоратлари" деяпман, билиниб қолади.
Масалан, бугун эрталаб аксарият ОАВда *"Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистоннинг баъзи туманлари светсиз қолди – Тахиатош ИЭСда йирик авария"* сарлавҳаси билан хабар эълон қилинди. Бу хабар нима ҳақдалиги сарлавҳасидан маълум бўлиб турибди.
Шу ҳодиса ҳақида берилган хабарларда аввалига авария дейилди, кейин эса "авария эмас носозлик" дейилди.
Энди қизиғини эшитинг. Бугун, 18 июль куни Самарқанд вилоятининг аксарият ҳудудларида чироқ светофордай бўлиб турди. Ёнади, 3-4 соатдан кейин ўчиришади. 2-3 соатлаб ўчиқ туради, кейин яна ёқишади, яна ўчиришади, куни билан аҳвол шундай бўлди. Охири кечга бориб бу ҳолатга чидай олмадим ва Ургут туман электр тармоқлари корхонасига қўнғироқ қилдим. Менга жавоб берган ходим чироқнинг светофордай бўлиб ёқиб-ўчирилаётганига Тахиатошдаги авария, носозликни сабаб қилди ва "Энергетика тизимимиз яхлит ҳолда ишлайди. Шу учун Тахиатошдаги носозликнинг асорати бизгача келаяпти. Вилоят тинимсиз равишда "аҳоли пунктларини навбати билан ўчиринглар" деб буйруқ бераяпти. Ҳатто ўзлари ҳам вилоятдан туманимизга берилаётган электр энергияни узиб қўйяпти" деди. Шундан сўнг вилоят электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларидан бирига қўнғироқ қилдим. Унинг айтишича у Тахиатошдаги носозликнинг Самарқанд вилоятидаги электр энергияси таъминотига таъсир кўрсатиши ёки кўрсатмаслигини билмайди. Аҳоли пунктларида чироқнинг ўчирилишига Тошкентдан, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бош офисидан "аҳоли пунктларининг чироқлари навбати билан ўчиринглар" деб буюришаётгани сабаб бўляпти ва шу сабабли улар чироқни ўчиришаяпти. (Ургут ва Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхоналари ходимларининг аудио ёзуви бор).

Шунингдек охирги кунларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнирг турли вилоятларида чироқ ўчириб қўйилиши билан боғлиқ шикоятлар кўп ёзилаяпти. Хўш, нега ёзнинг иссиғида электр таъминоти ёмонлашаяпти? Ҳудудий электр тармоқлари АЖнинг мақсади нима? Бир қарасанг Афғонистон билан бу мамлакатга электр энергияси экспортини ошириш ҳақида шартнома имзолайди. Яна бир қарасанг Қозоғистон томондан Ўзбекистонга энергия экспортини бошладик деган хабарлар чиқади?
Булар нима қилмоқчи? Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида чироқ тез-тез узилиб, буни натижасида аҳолида АЭСга нисбатан симпатия уйғотишми, "АЭС қурсак шу ҳолат юз бермайди" деб? Бунга ишониш қийин. Унда бугун қишда ўчмаган чироқ нега ўчирилаяпти, жавоб берадиган одам борми? Балки Ургут туман ЭТК ходими айтгандай Тахиатошдаги авариянинг таъсири бошқаларга ҳам бўлаётгандир?
Ундай десак энергия таъминотидаги узилишлар мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб олдиндан бор.

Юқорида гапни коммунистик бошқарув асоратлари билан бошлавдим. Ҳудудий электр тармоқлари АЖ да тахминимча коммунистик бошқарув асоратларидан яхшигина сақланиб қолган. Акс ҳолда, Тахиатошда носозлик бўпти, зудлик билан брифинг уюштириб у ҳақда ва унинг асоратлари ҳақида маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлмасмиди? Брифинг ҳам уюштирмасин, телеграм канали бор, 15 июлдан бери ҳеч нарса жойланмаган ва доим кимдир мақтаб нимадир ёзса ёки АЖнинг ўзи 50 млнлаб маблағ ўтказиб чиқартирган пиар мақоласини бериб турадиган, ана ўшанда эълон беришсин, Тахиатошда нима бўлган, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида чироқ нега светофордай ўчиб ёнаяпти. Бу қийин иш эмаску.  Балки ҳақиқатдан ҳам Тахиатош асоратлари мамлакатнинг бошқа ҳудудлари, масалан Самарқандда ҳам билинаётгандир. Шу учун ҳам Ҳудудий ЭТ АЖ Самарқанд вилоятида вақти-вақти билан чироқни ўчириб қўйишга буйруқ бераётгандир ва биз бир суткада 3-4 марта 3-4 соатлаб чироқсиз қолаётгандирмиз. Лекин кун.уз сайтида берилган хабарда
*"Тахиатош ИЭС Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлайди. 18 июль куни эрталаб Тахиатош Иссиқлик Электр Станциясида (ИЭС) йирик авария юз берди. Натижада Хоразм вилояти ва Қорқалпоғистон Республикасининг бир неча туманлари электр энергиясиз қолди"* деб маълумот берилган, аммо Тахиатошдаги авариянинг мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги энергия таъминотидаги узилишларга сабаб бўлиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Балки Тахиатошни баҳона қилиб, мамлакат бўйлаб чироқни ўчириб, афғонларга "сизларга экспортни оширамиз" деб берган ваъдани бажаришаётгандир.

Нима бўлганда ҳам факт шу-ки, балиқ бошидан сасияпти ва жойларда чироқнинг ўчирилиши бевосита "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг Тошкентдаги бош офисидан берилмоқда.

П.С. Ҳозир соат 21:40 ва соат 17:00 ларда ўчган чироқ ҳанузгача ёнмади. Ҳаҳ, уйинг куйсин, "Ўзбекэнерго"!