понедельник, 29 января 2018 г.

Чемпионларни тинч қўйишимиз керак(ми?)

Икки кун аввал Хитойда бўлиб ўтган 23-ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатида терма жамоамиз ғалаба қозонди ва ҳаммамизни хурсанд қилди. Кеча эса ярим тун ва совуқ ҳаво бўлишига қарамасдан аэропортда ва пойтахтимиз кўчаларида бу терма жамоамизни ўн минглаб юртдошларимиз муносиб кутиб олиш учун кўчага чиқдилар. Улар орасида бош вазиримизнинг бўлгани ҳам таҳсинга сазовор. Яна менга энг маъқул бўлган жиҳати мухлислар озгина тартибсиз ҳолда бўлган бўлсалар-да ошиқча вақт йўқотмай футболчиларимизни ярим кечада бўлса ҳам тақдирлаш маросимини ўтказишгани бўлди. Тўғри-да, катта ғалабага ҳисса қўшган футболчилар ўз уйларига, ота-оналарининг олдига Президентимиз совға қилган янги "Малибу" автомашиналарида кириб бориб уларнинг кўзларини қувонтиришларига нима етсин.

Шу ўринда мени бошқа нарса ўйлантираяпти. Биз шу пайтгача спортнинг қайси тури бўлса-да қитъа ёки жаҳон даражасида ғалаба қозониб ғолиб бўлган спортчиларимизни назаримда хаддан ортиқ кўтар-кўтар қилиб кўп сарсон қилиб юборганмиз. Йўқ, мен бу ерда улар рағбатлантирилиб машиналар, квартиралар ёки бошқа совғалар олганларини назарда тутмаяпман. Улар катта ғалабаларга осонлик билан эришишмаган, уларга ким қандай совға беришни хоҳласа бераверсин, улар шунга лойиқдирлар, мен уларни тинмасдан турли тадбирларга чақиришларини назарда тутаяпман. Исталган спортчи ёки спортчилар катта ғалабага эришиб қайтганларидан кейин бизда турли керак, нокерак тадбирлар бошланиб кетади. Ҳали мактабга, ҳали коллежга, хали ОЎЮга, хали радиога, ҳали телевиденияга ва ҳоказо ва ҳоказо бошқа жойларга чақираверишади, олиб бораверишади ва охир-оқибат ўша спортчиларда камида беш-олти ой спорт билан шуғулланиб ўз формасини сақлаб туриш учун вақт ҳам қолмайди.
Бу масалада ҳатто кўча-кўйда; "Қачон телевизорни қулоғини бурасанг чемпион бўлиб келган фалон спортчи ёки спортчилар. Бу каналга олсанг кулинария хақидаги кўрсатувда овқат пишираётган бўлади, яна битта каналга олсанг қўшиқ айтаётган бўлади, яна битта каналда эса билимдонлар билан қўшилиб саволларга жавоб топаётган бўлади. Булар спорт билан қачон шуғулланади?" деган ҳажвия ҳам юради. Бу гаплар ҳажвия тарзида айтилган бўлсада лекин айни ҳақиқатдир.

Узоққа бормайлик, олимпиада чемпионлари бўлиб келган боксчиларимизни эслайлик. Бокс жамоавий спорт тури бўлмагани туфайли ўшанда чемпион бўлиб келган боксчиларимиз ҳаммаёқда талаш бўлиб кетдилар; ҳали униси билан  уёқда тадбир, буниси билан буёқда тадбир дегандай. Боксчиларимиз ўшанда турли телеканалларимиздаги турли муҳаррирлар томонидан бўлган таклифларга йўқ дея олмай телевизорга чиқиб овқат ҳам пиширдилар, рақсга ҳам тушиб бердилар, ҳатто овга чиқиб балиқ ҳам тутиб бердилар. Ана шундай тадбир-у, кўрсатувларда улар қимматли вақтларини ва спорт формаларини қанчалик йўқотишларини ва бундай йўқотишлар спортчиларга кейинги мусобақаларда салбий таъсир қилиши мумкинлигини спортга алоқаси бўлмаган кулинария кўрсатувининг режиссёридай оддий одамлар қайердан билсинлар. Тўғри-да, телевидениядаги бир кўрсатувнинг муҳаррири олимпиада чемпионини таклиф этиб кўрсатувининг рейтингини оширса бўлди, қолгани билан уни нима иши бор.  Шундай экан, ўша беҳуда тадбирлар ва ишларни чемпион бўлган футболчиларимиз билан такрорлашмайди деб умид қиламиз.

Майли, чемпионларимизни ўқув масканларига бориб ўқувчилар билан учрашув ўтказишларига қарши эмасман, бу иш ёш авлодни спортга қизиқтиради, уларнинг ватанпарвар бўлиб ўсишларига сабаб бўлади. Аммо шуни ҳам меъёрида қилиш керак. Энди чемпион спортчиларни турли хил бўлган, бўлмаган тадбирларга, телекўрсатувлар-у, радио эшиттиришларга чақиравериб уларни ўзларини машғулотларидан, спорт билан вақтида шуғулланишларидан тўсиб қўймаслигимиз керак. Шу жумладан кеча Осиё чемпиони бўлиб келган йигитларни ҳам. Аксинча уларга ўз устларида яна қаттиқроқ ишлашларига шароит қилиб бериш керак. Ана шунда бу фуболчиларимиз ҳам олдинги қандайдир мусобақада яхши қатнашиб келган футболчиларимизга ўхшаб йўқолиб қолмай янада узоқроққа борадилар ва келажакда Ватанимиз байроғини янада юксакроққа кўтарадилар деб ўйлайман.

Мен юқорида кеча чемпион бўлиб келган футболчиларимизни назарда тутиб ёздим, аммо шу гаплар исталган спорт туридан чемпион бўлиб келган спортчиларга бирдай тааллуқлидир. Шундай экан уларни турли тадбирларга судрайдиган кишилар шу ҳақда ҳам яхшилаб ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

воскресенье, 28 января 2018 г.

"Қўрқоқ" Гвардиола.

Эсимда, Барселона мураббийлигидан кетганидан кейин Гвардиола ҳақида мухлислар, нафақат мухлислар, балки бутун футбол афкор оммаси "у энди қайси жамоани бошқараркин?" деган тахминлар урчиб кетди. Унга кўплаб жамоалардан таклифлар тушарди. Улар орасида АПЛнинг ҳам бир неча жамоаси бор эди. Улар орасида Мачестер сити рахбарияти ҳам Пепни ўзига оғдириш учун кўп ҳаракат қилишди.  Гвардиоланинг ўзи эса бироз дам олмоқчи бўлганини айтди бўлди, бошқа хеч нарса демади ва таътилга чиқиб кетди.  Бироздан кейин эса унинг Мюнхеннинг Бавария жамоаси билан шартнома тузгани ҳақида хабар тарқалди. Ана шундан кейин футбол оламида унинг ана шу қарорини қизғин муҳокама қилиш бошланиб кетди ва аксарият мухлислар уни қўрқоқликда айбладилар. Уларнинг фикрича Пеп АПЛ жамоаларидан тушган таклифни рад этиб, бекорга Бавария билан шартнома имзоламаган. У АПЛдаги рақобатдан қўрққан. Яна, ўша Пепни айблаган мухлисларнинг "доно" фикрларига кўра "Гвардиола Испанияда хам, Германияда ҳам асосан қисқа пас билан ўйналадиган тактика қўллади ва ўша тактикаси тўп учун кураш асосан ҳавода кечадиган АПЛда Пеп ўзининг тики-такаси билан ҳеч нарса қила олмайди" дейишди.

Ўшанда ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам Гвардиола қўрқоқдан олиб қўрқоққа солинди. Ўша пайтда уларга жавоб бериб бўлмас эди. Жавоб бериш учун вақт ва қачонлардир Пепнинг АПЛ жамоаларидан бирига ўтиб натижа кўрсатишини кутиш керак эди. Уч мавсум Бавария мураббийи бўлган Пеп у ерда умумий ҳисобда еттита соврин ютди ва ниҳоят уни бир пайтлар қўрқоқликда айблаган мухлисларга муносиб жавоб бериш учун охирги йилларда ҳар йили чемпионлик учун кураш одтб борадиган жамоалардан бири бўлмиш Манчестер Сити билан шартнома имзолади.

Ўтган 2016-2017 йилдаги натижа кўпчиликнинг назарида ўша Пепни "АПЛда ҳеч нарса қила олмайди, у ҳаводан ўйналадиган лигада ҳеч нарса юта олмайди" деб "башорат" қилган мухлисларнинг Пеп ҳақидаги фикрлари тўғри туюлгандай таасурот қолдирди. Жамоа ЕЧЛга илиниб қолишдан бошқа хеч иш қила олмади. Чемпионлик улоғини эса Конте бошчилигидаги Челси илиб кетди. Албатта бунда Пепнинг ўзига умуман нотаниш бўлган лигада илк марта ўйнаётганини ҳам инобатга олиш лозим.

Ҳозирги натижаларини кўриб айтамизки Пеп  ўтган йил ўз кучини АПЛни ўрганишга сарфлаган экан. Бу йилги мавсумда у Манчестер Сити билан чемпионлик йўлида дадил кетмоқда. Буни устига у АПЛдай кучли лигада энг кўп ғалаба бўйича 18 та кетма-кет ғалабаси билан мутлақ рекордчи бўлди. Яна қаторасига 4 марта ойнинг энг яхши мураббийи бўлиб бу масалада ҳам мутлақ рекордчи бўлди. Яна бир натижа бўйича ҳам у танҳо; у энг кўп ғалабалар серияси бўйича Ла лига, Бундеслига ва АПЛда рекордчи ҳисобланади.
Умуман олганда Гвардиола бу йилги мавсумда ўзининг "испанча" ва "барселонача" услуби билан тўп асосан ҳавода ўйналадиган АПЛни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Энг муҳими у ўз қўл остидаги ўйинчиларга ҳам бу услубни ўргата олди.

Мумкин у бу йилги натижаларини кейинги йилда такрорлай олмас. Балки АПЛда кейинги мавсум чемпион бўла ҳам олмас. Аммо у бор йўғи бир ярим мавсумда ўзига АПЛда ҳайкал қўя олди. Шу билан бирга жаҳоннинг энг зўр мураббийи эканини ҳам исботлаб бўлди.

вторник, 23 января 2018 г.

Иқтисодий ривожланишнинг Самарқандча варианти.

Кечадан бери ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокимига нисбат берилган аудиёзув айланиб юрибди. Бу аудио ёзувга кўра Фарғона вилояти ҳокими Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида бўлган фожеада шу вилоятнинг Тошлоқ туманидан бўлган тўққиз нафар фуқаро хақида сўз юритиб, бу туманни иқтисодий қолоқликда айблайди ва туман аҳолисини кишига оғир ботадиган сўкиниш билан сўкади. Мен қўйида ҳокимнинг сўкинишига эътиборингизни қаратмоқчи эмасман. Агар ўша аудиоёзувдаги овозлар ҳақиқатдан ҳам Фарғона вилояти хокимига тегишли бўлса бунга чора кўрадиган Президентимиз бор. Мен ўша аудиоёзувда эшитганим, вилоят хокимининг Тошлоқ туманини ўзини ўзи боқа олмаслиги, доим вилоят ҳокимиятидан ёрдам кутиши ҳақидаги гапларига эътиборингизни қаратиб, айнан шу масала юзасидан фикр билдирмоқчиман.

Ҳаммамизга маълумки юртимиздаги ер ости ва усти қазилма бойликлари ҳам, аҳолининг жойлашуви ҳам мамлакатимиз бўйлаб нотекис жойлашган. Баъзи вилоятларда аҳоди кам бўлса, баъзиларида кўп. Қазилма бойликлар ҳам шундай; баъзи вилоятларда кўп бўлса, баъзиларида умуман йўқ. Бу ҳолат туманлар ўртасида ҳам ана шундай нотекис тақсимланган.
Юртимизда ҳар бир туманнинг географик жойлашувидан тортиб, аҳоли сони, ер майдони, ҳатто одамларининг менталитетигача бир-биридан фарқ қилади. Баъзи туманларнинг одамлари кўпроқ ишбилармонроқ бўлсалар, баъзи туманларнинг одамлари эса оддийроқ, дехқонроқ ва ер билан тиллашиб юрибдилар холос. Шунга энди ўша ишбилармони кўп бўлмаган туманга ўша туман жойлашган вилоят ҳокимининг "сенлар кунингни кўролмайсан, сенларни мен боқаяпман" дейиши қанчалик тўғри? Унинг ўрнига ўша вилоят ҳокими ўша ривожланмай қолаётган туманга бошқа туманлардаги ишбилармонларни таклиф этиб ўша туманни ҳам ривожлантиришни йўлга қўйса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Ана шу ерда ўзим яхши билган ҳудуд мисолида буни тушинтиришга уринаман.
Кимдир билар, кимдир билмас, Самарқанд виллятида жойлпшган Ургут тумани азалдан ўзининг савдогарлари, ишбилармонлари билан танилган туман ҳисобланади. Октябрь тўнтаришидан олдин бу туман ҳудудида яшайдиган савдогарлар  бутун Марказий Осиё, хатто олис Хитой, Яқин Шарқдаги мамлакатларга маҳсулот олиб боришган ва улардан ўзимизга олиб келишган. Кейинчалик хусусий тадбиркорлик ва савдо-сотиқни  батамом таъқиқлаган   Собиқ Иттифоқ даврида ҳам бу туман одамлари қочиб-пусиб бўлсада ўз савдогарликларини қилаверишган. Ўз томарқаларида етиштирган қуруқ меваларни Россиядаги шаҳарларга олиб бориб сотиб юришган. Шу билан биргаликда азалдан бу туманда ҳунармандчилик кенг ривожланган. Мустақиллигимиздан кейин берилган кенг имкониятлар бу тумандаги тадбиркор ва ишбилармон инсонларга қўл келди ва туман ҳар соҳада ривожлана бошлади. Кўпчилик билмас бу туманнинг аҳолиси аллақачон ярим миллион бўлган. Ери эса кам, аҳоли тиқилинч яшайди. Ана шу шароитда анча йиллардан бери Самарқанд вилоятида ҳам, Ургут туманида ҳам кимлар ҳоким бўлиб ишлаган бўлса турли сабабларга кўра, баъзилари ер тополмаслиги, баъзилари яна бошқа сабаблар билан бирга  Ургут тумани ҳудудида ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўя олмаган ургутлик тадбиркорларни қўшни туманларга йўллаб, ўша қўшни туманларда фойдаланилмай қолаётган объектларни уларга бериш ёки ўзлари ишлаб чиқариш қувватини қуришлари учун ер ажратиш ишларига катта эътибор бердилар. Ана шу туфайли ҳам бугунги кунда қўшни Жомбой, Булунғур, Тойлоқ, Самарқанд, Пастдарғом туманларида кўплаб ургутлик тадбиркорлар ўз ишлаб чиқариш корхоналарини очганлар.

Ургутлик тадбиркорларнинг бундай ишлари Президентимизнинг ҳам эътиборларидан четда қолмади ва янги ташкил этилган "Ургут эркин иқтисодий ҳудуди"нинг  филиаллари Самарқанд вилоятининг яна иккита туманида ташкил этилди ва ўша иқтисодий худудда яна янгидан янги ургутлик тадбиркорларнинг корхоналари очилаяпти. Ана шундай ишлар ҳозирги кунда Самарқанд вилоятининг мамлакатимиз ишлаб чиқаришдаги ҳиссасини кўпайишига сабаб бўлди. Яна ўша иқтисодий жиҳатдан ортда қолаётган туманларнинг ривожланишига сабаб бўлди.

Ана шу ерда савол туғилади; хўш, нега ана шу Самарқанд вилоятида қилинган ишларни Фарғона вилоятининг ҳокими қила олмайди?
Ҳаммамиз биламиз Фарғона вилояти ҳам азалдан савдо-сотиқ ва ҳунармандчиликдан Ургутликлардан олдинда бўлган бўлган бўлса бўлганки, асло ортда бўлмаган. Бу вилоятда ҳам кўплаб тадбиркорлар бор. Хўш, нега ўша Тошлоқ тумани қолоқ экан, ўзини ўзи боқа олмас экан, самарқандликларга ўхшаб вилоятнинг бошқа туманларида турли сабабларга кўра ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўя олмаётган ёки кенгайтира олмаётган тадбиркорларни Тошлоқ туманига йўллаб бу туманда уларга ўз фаолиятларини бошлашларига, корхоналарини очишларига кўмак бермайдилар?
Балки менинг хабарим йўқдир Фарғонада ҳам шундай ишлар қилингандир, лекин вилоят хокимига нисбат берилаётган аудиоёзувга кўра Тошлоқ тумани ҳанузгача ўзини ўзи боқа олмаётган экан бу масалада ишлар суст олиб борилган деб хулоса чиқариш мумкин.

Умуман олганда Самарқанд вилоятида қилинган ўша ишни ҳар бир вилоятда қилса бўлади. Бу ишда вилоят ҳокимининг роли жудаям катта.

Р.С. Юртимизда шов-шувларга, одамларнинг нафратига сабаб бўлган ўша аудиоёзув балки ҳақиқий эмамдир, Фарғона вилояти ҳокими у гапларни гапирмагандир, балки Тошлоқ тумани қолоқ туман хам эмасдир, аммо мамлакатимизда ҳали ҳам баъзи тумаларда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари паст эканини инобатга олсак Самарқанд вилоятида ургутлик тадбиркорлар билан қилинган ишлар барибир бошқа вилоятлар учун ўрнак сифатида қилиниши керак бўлган иш бўлиб қолаверади.

Саломат бўлинглар.

воскресенье, 21 января 2018 г.

Энг кам иш ҳаққига яшаб бўладими? Ўртача маъошгачи?

Халқимизда "Қорни тўқнинг, қорни оч билан нима иши бор?" деган ибора бор. Бу ибора осмондан олиб гапирилмаган ёки бекорга ҳам гапирилмаган. Ҳақиқатдан ҳам аксарият пул муаммоси бўлмаган ҳолда тўкин-сочин дастурхон билан яшайдиган инсонларнинг бугун иккитагина нонга пул топса олиб ейдиган, топа олмаса оч ўтирадиган инсонлар билан назаримда ишлари бўлмаяпти. Ҳар биримиз бу иборанинг топиб айтилганига ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз.
Йўқ, ҳозир айнан шу мавзуда ёзмоқчи эмасман. Қорни тўқларни муҳокама қилмоқчи ҳам эмасман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Қўйида жамиятимиздаги маъжозий маънодаги "қорни очлар" , аҳолининг кам таъминланган қатлами, ишга лаёқати бўлмаган, ёки болаликдан ногиронлар, ёки ёшга доир арзимаган нафақа олиб тирикчилигини амаллаб ўтказиб юрган инсонлар ҳақида фикр билдирмоқчиман.

Ҳаммамизга маълум 2017 йил 1 декабрдан бошлаб энг кам иш ҳаққининг миқдори эълон қилинди. Унга кўра мамлакатимизда ўша кундан бошлаб энг кам иш ҳаққи 172.240 сўмни ташкил этади. Ёшга доир пенсия ва болаликдан ногирон бўлганларга 336.880 сўм нафақа берилади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқороларга бериладиган нафақа миқдори эса 206.720 сўмни ташкил этади.

Энг кам иш ҳаққини эълон қилишда ҳар доим  юқорида келтирганим;
1). "Ёшга доир пенсия оладиганлар".
2). "Болаликдан ногиронлар".
3). "Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар".
4). "Мехнатга лаёқатсиз инсонлар"
тилга олинади ва уларга тўланадиган нафақалар миқдори аниқ қилиб кўрсатилади.
Шунингдек "аҳолининг  кам таъминланган қатлами"га ҳам биринчи навбатда шулар киради.  Ана шу ерда савол туғилади; агар, улар ёшга доир пенсия олишса, болаликдан ногирон бўлишса улар олаётган 336.880 сўм маблағ уларга оддий яшашлари учун етарли бўлаяптими?
Ёки улар зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар бўлишса, ҳозирги кунда улар олаётган 206.720 сўм уларнинг бир ой оддий яшаши учун етарли бўладими?

Қачон телевизорни "қулоғини бурасам" бир депутат, ё қайсидир вазирлик ходими ёки яна қандайдир бир масъул шахс "аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам қилиб фалон қилдик, писмадон қилдик" деб аллақайерлардаги ҳисоботларни айтиб турган бўлади. Лекин ўша "аҳолининг кам таъминланган қисмига қилинган ёрдамлар" нималардан иборат бўлганини бирида айтишади  бирида эса ҳисоботдан парча айтиб бериш билан чекланишади. Йўқ, кўраяпмиз, аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи  кишиларнинг қандайдир қисмига ёрдамлар қилинаяпти. Аммо  юз фоиз ҳаммасига ҳам эмас.

Ўша аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи "ёшга доир пенсия оладиганларнинг, болаликдан ногирон бўлганларнинг, зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларнинг, меҳнатга лаёқатсиз фуқороларнинг орзу-ҳаваслари йўқ дейсизми? Ёки уларнинг айби меҳнатга лаёқатсизлиги-ю, болаликдан ногирон эканликларими?  Э, йўқ. Уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор. Уларнинг ҳам аксариятида оила бор, бола чақа бор, рўзғор тебратиш ташвиши бор. Хўш, бугунги кунда уларга берилаётган нафақалар уларга орзу-ҳавасларига етишишлари уёқда турсин ҳатто уларнинг оддий яшаши учун қанчалик етарли, буни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Таниш-билишларингиз, қариндош-уруғларингиз ёки қўни-қўшниларингиз орасида ўшандай инсонлар бўлса, улар ўзларига берилаётган арзимас нафақа пули билан қандай яшаяптилар хеч эътибор берганмисиз? Мен уларнинг аҳволларини ўйлаб кўрганман, мен уларнинг аҳволига эътибор берганман, улар қийинчиликда, мамлакатимиз бўйича ҳисоблаганда турмушнинг энг паст даражасида яшаяптилар.

Ахир 336.880 сўмни "ёшга доир пенсия оладиганлар ва болаликдан ногиронлар" бир ой давомида нимага ҳам етказа оладилар? Ёки 206.720 сўм нафақани "зарур иш стажига эга бўлмаган ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар" нималарга етказа оладилар? Буни бир яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Ўзи ногирон  бўлса, ё меҳнатга лаёқатсиз бўлса ёки пенсия ёшига етган кекса бўлса ва оладиган нафақаси етмаганда жисмоний меҳнат қилиб пул топа олмаса  улар қандай қилиб яшаши, қандай қилиб тирикчилигини ўтказиши керак? Саволлар кўп, жавоб эса йўқ.

Шу ерда ўқувчиларда, "Ўша болаликдан ногирон бўлганларга ҳозиргидан юқорироқ миқдорда нафақа тайинласа ҳам етмайди. Шу учун уларни ўзига мос иш билан таъминлаш керак. Ана шунда  давлат бераётган нафақа билан бирга ўзлари ишлаб топаётган маблағни улар ўртача турмуш кечириш учун етказишади" деган фикр туғилаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, ҳозир соғлом инсонлар учун етарлича иш ўрнилари топилмаётган вақтда ногиронларни иш билан таъминлаш осон эмас.

Аҳолининг кам таъминланган қисмини яшаш шароитларини ўрганар эканман уларнинг оладиган нафақа миқдори билан баъзи нарсаларнинг нархини солиштириб кўрдим. Шунда аниқ бўлдики аҳолининг кам таъминланган қисми ҳозир оладиган нафақа пулини ҳеч нарсага сарфламасдан йиғиб борганда ҳам кўпгина рўзғор учун зарур бўладиган нарсаларни харид қилиш учун анча йиллар кутишига тўғри келар экан. Бу дегани улар ана шу нарсаларни бир умр сотиб ололмасдан ўтишлари ҳам мумкин деганидир. 
Баъзи нарсаларни масалан, оддий ва ўртача нархдаги  автомашинани сотиб олиш учун улар ўша нафақа пулларини ҳеч нарсага ишлатмасдан йиғсалар уларга 20-30 йиллаб вақт керак бўлар экан. Қимматроқ автомашина сотиб олиш учун эса ҳатто умр бўйи йиғсалар ҳам етмас экан.

Қўйида улар оладиган нафақа билан оддий рўзғорга керак бўладиган буюмлар нархларининг солиштирмаси;

1). Ўртача баҳоланадиган янги автомашина олиш учун энг кам иш ҳаққининг камида 250 баробари миқдорида маблағ керак. Бу дегани энг кам иш ҳаққи оладиган одам оладиган нафақасини ишлатмасдан йиғиб борса ҳозирги ҳолатда 20 йилдан кейин Дамас ёки Матиз машинасини харид қила олади. Агар қимматроқ машина олишни хоҳласа камида 40-50 йил вақт керак.
Агар ўша киши ёшга доир пенсия оладиган ёки болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336.880 сўм нафақа олувчи шахс бўлса ўртача машина олиш учун 12-15 йил нафақасини йиғиб бориши керак. Агар ўша шахс қимматроқ машина олмоқчи бўлса  25-30 йил нафақасини йиғиб бориши керак.

2). Совуткич, телевизор, газ плитаси, кир ювиш машинаси каби рўзғорга зарур керак бўладиган буюмларнининг оддийроғи ва ўртачароғини  олиш учун  энг кам иш ҳаққининг 10 бараваридан тортиб, 30-40 бараваригача бўлган маблағ керак. Демак, энг кам иш ҳақи оладиган одам ана шу буюмлардан арзонроғини олиши учун қарийб бир йиллик нафақасини йиғиши, яхшироғини олиш учун эса икки-уч йиллик нафақасини йиғиб бориши керак.

3). Агар  кам таъминланган шахс уй қурмоқчи ёки тайёрини сотиб олмоқчи бўлса бунга унинг бир умрик нафақа пулини йиғса ҳам етмаслиги мумкин.

4). Энг кам иш ҳақига бугунги кунда бор-йўғи 4-5 кг атрофида  суякли гўшт беради.
Меҳнатга лаёқатсизлар оладиган 206.720 сўмга эса 5-6 кг атрофида суякли гўшт беради.
Болаликдан ногиронлар ва ёшга доир пенсия оладиганлар тўланадиган 336.880 сўмга эса 8-9 кг атрофида гўшт беради.

5). Энг кам иш ҳақига Қозоғистонда тайёрланган ёки Қозоғистон буғдойидан ўзимизда янчиб тайёрланган 1 қоп олий нав ун беради. Ўзимизнинг ундан эса 1-навлисидан  2 қоп беради.

Мен юқоридаги рўйхатни яна давом эттираверишим мумкин, аммо ишонинг, ҳозирги кунда энг кам иш ҳаққи билан ўлчанадиган маблағга ёки ёшга доир пенсия оладиганлар, болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336.880 сўм пулга ҳатто бир киши ҳам бир ой тирикчилик ўтказиши амримаҳол.  Энди зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз инсонларга тўланадиган 206.720 сўмга бир ой яшаш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.

Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда икки йил олдингига қараганда нархлар икки-уч баравар ошиб кетган кунларда 336.880 сўм ёки 206.720 сўм маблағ билан қандай яшаш мумкин. Энди ўзбекнинг тўй-томошаси, аза маросимлари ёки бошқа урф-одатларини қўйиб турайлик, бу маблағлар яшаш учун кундалик оддий ейиш-ичишга етмайди. Нима бундай инсонлар тўй қилмасинларми? Ёки уларда бошқа харажатлар йўқми?
Умуман олганда ҳозир аҳолининг кам таъминланган қисми бир ойлик ейиш-ичишига етарли бўлмайдиган нафақа пули олмоқда.

Юқорида мен "аҳолининг кам таъминланган қисми" ҳақида ёзаяпман-у, аммо аҳоли орасидаги "ўртача маъош"га ишлаб юрганларнинг ҳам аҳволи ҳавас қилгулик эмас. Улар ҳам оладиган маъошларини нимагадир етказсалар, яна нималаргадир етказа олмай, ойдан-ойга қўл учида зўрға яшаяптилар.
Шу мақолани ёзиш асносида кўз олдимга 600 минг сўмдан ошиқроқ маъош оладиган танишим келди. Ана шу 600 минг сўмдан ошиқроқ  пул танишимга кейинги ой яна маъошини  олгунича рўзғор тебратишга етмайди. Бўлмаса танишим  маъошини бир сўмини ҳам ошиқча жойга сарфламайди. Ҳаммаси жой-жойига ишлатилади. Аммо барибир етмайди. Энди ана шу 600 минг атрофидаги маъошга оила тебратаётган кўплаб одамларнинг аҳволини қанчалик қийинлигини сўрайверинг.

Бизда энг кам иш ҳақининг оширилиши графикасига қарасам баъзи йилларни айтмаганда ҳар доим йилига бир марта оширилган. Яқинда Президентимизнинг қарорлари билан бундан буён ойлик-маъошлар йилига икки марта оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам маъош олиб ишлайдиган кўплаб инсонлар учун яхши хабар бўлди.  Аммо шу ерда яна бир мулоҳаза туғилаяпти. Кўпинча энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг маъошлари ошади, лекин хусусий иш берувчилар турли сабабларни кўрсатиб маъошларни оширмайдилар. Агар давлат миқёсида энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда  шуни ҳам инобатга олиб энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир каттами, кичикми хусусий, қўшма ёки хорижий корхоналарга ҳам маъош оширишни қонунан мажбурий қилиб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда давлат корхонасида ишлайдими ёки хусусий компаниялардами ҳамманинг маъоши бирдай кўтарилар эди.

Кейин яна бир фикр; иш ҳақларининг оширилиши графикасига қарасам иш ҳақлари шу пайтгача доим 1.1, 1.12, 1.15 фоизда кўтарилган экан. Нарх-наволар кескин ошиб кетаверишини инобатга олиб бундан буёғига иш ҳақлари 1.5 ёки 2 ёки ундан ҳам баланд фоизларда оширилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Умуман олганда биз бугунги нафақа ва маъошлар билан 2014 йилдаги нафақа ва маъошларни солиштирсак ўсиш унча катта бўлмаган. 15.12.2014 дан 118.400 сўм бўлган. 01.12.2017 дан 172.240 сўм бўлди. Демак нафақа ва маъошларнинг ошиши шу уч йилда 50% га хам етмаган. Аммо нарх-наволар ана шу ўтган уч йилда икки-уч баравар ошиб кетди. Шу учун хам нафақа ва маъошларни энди салмоқли фоизларда ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда турли нафақа ва маъошлар хисобига яшайдиган аҳолининг ҳам  фаровонлиги, иқтисодий аҳволи бироз яхшиланарди.