суббота, 23 марта 2019 г.

Турсуной Охунова

Куни кеча ижтимоий тармоқларда ва бир қатор сайтларда
*"Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира майдони ободонлаштирилди"*
сарлавҳаси билан [хабарлар берилди](https://www.xabar.uz/ncf)

Ўша хабарларга кўра:
_Тошкент вилояти Чиноз туманининг «Яхши ният» қишлоғида туғилиб, камолга етган биринчи ўзбек механизатор аёли, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова шарафига кўп йиллар аввал барпо қилиниб, сўнг бир қадар қаровсиз қолиб кетган хотира майдони ободонлаштирилиб, гўзал маънавият масканига айлантирилибди.
Турсуной Охунова бюсти реставрация қилиниб, хотира майдони қайта қурилди, анча вақт қаровсиз қолиб кетган музей тикланиб, маданият марказига айлантирилибди. Шу муносабат билан Чиноз туманининг «Яхши ният» маҳалласида шу хотира майдонида  тадбир ўтказилибди._

Мен бу хотира майдонининг таъмирланганини, тадбир ўтказилиб Турсуной опани эслашгани учун раҳмат дейман. Лекин бир нарсага қаршиман: Зинҳор опанинг ҳаётини, фаолиятини ёш қизларга, аёлларга ўрнак қилиб кўрсатишмасин. Чунки, опа ифлос ва манфур тузум бўлган коммунистик тузумнинг қурбони бўлган. У аёллигини, нозик хилқатлигини эсдан чиқариб, кечаю-кундуз тиним билмай, химикат сепилган далаларда ишлаб ўз соғлигидан айрилган. Манфур тузум эркакларни эзиб эксплуатация қилиб бўлганидан сўнг, Турсуной опа тимсолида ўзбек аёлларига чанг солди ва опани бу йўлда байроқдор қилиб, қолган аёлларни ҳам эксплуатация қилмоқчи бўлди ва бу йўлда қисман муваффақиятга эришди ҳам. Опа қадр кўрмади демайман, ҳаётлигида унга кўплаб унвонлар, шу жумладан: 2 марта Социалистик меҳнат қаҳрамони (1959, 1978), 3 марта "Ленин" ордени (1959, 1975, 1978), "Қизил байроқ ордени" (1957), "Илғор меҳнати учун" медали (1965) ва "Ленин" мукофотини (1967) беришган. Аммо, у мукофот олдим деб дам олмаган, ишдан ортга чекинмаган., Тўғрироғи уни дам олишга қўйишмаган. Ҳатто, бўш вақтида ҳам ҳали ёққа тадбирга, ҳали буёққа сеъздга етаклайверишган. Чунки, мамлакат аёлларига опани ўрнак қилиш ортидан яна кўплаб Турсунойларни етиштириб чиқариш ва уларни оғир меҳнатларга жалб қилиш керак эдида. Опа мукофот берганлари сайин кўпроқ ва янада кўпроқ меҳнат қилаверган. Манфур тузумга эса мана шу керак эди: Опанинг ўзи ҳам дам олмасин, яна миллионлаб ўзбекистонлик аёлларни ортидан эргаштирсин.

Турсуной опа бор йўғи 46 йил яшаган (1937-1983). Уни яқиндан таниганларнинг эсдаликларда ёзишларича у ёши 40 га кирмасданоқ бир нечта оғир касалликларни ортириб олган экан. Аммо, манфур тузум уни ўша ҳолида ҳам тек қўймай, "сиз миллионлаб хотин-қизларнинг кўз ўнгидасиз, сизни касал бўлиб ётишингиз асло мумкин эмас" деб уни ўша ҳолида далага чиқариб пахта териш машинасига ўтқазишаверишган. Опа умрининг охирида қаттиқ бетоб бўлиб қолиб, пахта териш машинасига чиқиш уёқда турсин, ўрнидан тура олмай қолганидан кейин, нима бўлса ҳам ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида уни олиб бориб Москвадаги ҳукуматга тегишли Кремль касалхонасига ётқизишади. Мамлакатнинг энг кучли врачлари уни жонини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишади. Аммо, узоқ йиллик оғир жисмоний меҳнат ва пахта даларига аёвсиз сепилган химикатлар ўз ишини қилиб бўлган эди. Опа ўша ерда вафот этади. Уни олиб келиб Чиғатой қабристонига дафн этишади. Ўшанда опани жонини сақлаб қолишга уриниш бу бир жафокаш инсонга ёрдам бериш учун эмас, балки манфур тузум ўзи кашф этган қаҳрамон аёл ҳақида халқ орасида, аёллар орасида "мана, оғир меҳнат туфайли ўлиб кетди" деган гап тарқаб кетишидан, буни ортидан эса мамлакатда оғир ишларга жалб қилиниб эксплуатация қилинаётган аёлларининг "қўллари совиб" оғир ишларда ишламай қўйишларидан ташвиши туфайли эди.

Опани Яратганнинг Ўзи раҳмат ва мағфират қилсин. Опа тимсолида аёл нозик хилқат эканлиги, у эркаклар учун ҳам машаққатли иш саналадиган оғир ишлар учун яратилмаганини, аёл ўз хилқатидан келиб чиқиб яшаши, ишлаши лозимлигини тарих бизга кўрсатиб берди.

Олой бозоридаги саргузаштлар давоми

Шундай қилиб, қайерга келиб қолган эдик. Ҳа, Олой бозоридаги саргузаштларимга.
Ўша пайтларда (бундан 10-15 йил олдин) бу бозорда ишлаган солиқчи жуда ноинсоф бир одам эди. Олдинги постларимда ёзганман, биз қуруқ мева улгуржи сотадиган бозорда ҳафтада икки кун савдо қилар эдик. Бошқа кунлар биз турадиган қаторнинг расталари бўш турар эди. Ана шу икки кунда бутун мамлакатимиздан камида 400-500 нафар одам йиғилиб келар, эди.  Бозор тушумларини анчаси шу одамлардан йиғиб олинар, қолаверса бозор атрофидаги ошхоналар дейсизми, бошқа хизмат кўрсатиш шаҳобчалари дейсизми ҳаммаси шу икки кунда ўша келадиганлар ҳисобидан яхши савдо қилиб олар эди. Қисқаси "улгуржичи"лар ҳафтада икки кун бозорда туриб ҳаммани участковой, бозор маъмурияти, атрофдаги дўкон ва ошхоналар ҳаммасини чўнтагига пул киришига сабабчи бўлар эди. Фақат солиқ улгуржичилардан пул ундира олмас эди. Кўпчиликнинг қўлида МФЙ дан "ўз томарқасида фалон-фалон нарсалар етиштиради, тегишли жойга кўрсатиш учун берилди" деб ёздириб олинган маълумотнома бўлар эди. Қолаверса ҳафтада бор йўғи икки кун турилади. Шу учун ўша солиқчи бизга қараб тишини ғичирлатар, аммо қўлидан бир иш келмас эди. Ўша пайтда бозорда ҳар кун туриб савдо қиладиганларни айримлари патент олган, қолганлари эса ойма-ой ўша солиқчига белгиланган "доля"ни тўлар эди.
Бизнинг юкларимиз ортилган Камазлар Жума куни саҳар боради. Юклар тушириб ўша куни бозорни ўтказамиз. Қолган савдо шанба куни тушгача давом этади ва шу билан кейинги ҳафта жума кунигача бозорда бўлмаймиз, уйга қайтамиз.
Кунлардан бир кун эрталаб Камаз шофёрлари "солиқчи юкларни туширгани қўймаяпти" деб телефон қилиб қолди. Ҳаммамиз йиғилиб Камазни олдига бордик. Қарасак ўша солиқчи, Камазларни олдида турибди. Бизни кўриб, "Сенлар оддий бир маълумотнома билан юрибсанлар, аммо биламан, ҳамманг йиллар давомида келиб кетасан. Томарқангни маҳсулоти нима йил давомида тугамайдими? Ҳамманг патент қиласан. Бу юкларни эса давлатга ўтказиб юбораман" деб гапириб ташлади. Унга бозорни асосий тушумини биз кўтараётганимизни, қолаверса бозор атрофидаги кўпчилик биз келишимиз туфайли савдо қилиб қора қозонини қайнатаётганини гапирдик. Аммо у "менга нима?" деб туриб олди. Охири камида юзтача одам бозор директорини олдига қараб кетдик. Бориб эшигини олдида тўпландик. У тепадан, иккинчи қаватдан бизни ғала-ғовуримизни эшитди шекилли деразадан қараб "нима гап?" деди. Шунда одамлар бири қўйиб бири воқеани тушунтиришга уринди ва ҳар ким ўзича гапиравергани учун ғала-ғовур баттар кучайди. Шунда у "Уч-тўрттанг хонамга чиқ, қоганинг зудлик билан тарқал, муаммони ҳал қиламиз. Бориб юкларингни тушираверинглар" деди.
Шундан сўнг уни олдига чиқиб вазиятни тушунтирдик. Агар шунақа босим бўлаверса биз улгуржичилар бошқа бозорга кетишимизни билдирдик. Ўша бозорқўм ақлли, тушунган одам эди. Гапни бизга миннатдорчилик билдириш билан бошлади ва солиқчи томонидан тушунмовчилик бўлганини, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтди ва охирида "Укалар, сизлардан илтимос, мабодо нимадир муаммо чиқса бунақа тўпланиб намойиш қилманглар. Икки-учтанг секин олдимга кел. Нима муаммо бўлса ҳал қиламиз. Ҳозир шу ишларингни тепароқдан биронтаси эшитса мен шунчаки ишдан кетмайман, аниқ қамаламан" деди. Эслайман, ўшанда Андижон воқеаларига 2-3 йилча бўлган, тепада ўтирган "барака топкурлар"дан қўйи раҳбарларга "Бирон жойда одамлар тўда бўлганини эшитмай. Агар шундай бўлса ўзингдан кўр" деб қаттиқ огоҳлантириш берилган экан. Буни ўша ерда бизга ўша бозорқўм айтган эди.
Шундан кейин у зудлик билан ҳалиги содиқчини чақиртирди ва бизни олдимизда уни роса сўкди ва охирида "Эшитиб қўй, агар яна шу улгуржичиларга осиладиган бўлсанг мендан яхшилик кутма. Сен ишлайман десанг қолганлар ҳам етиб ортади. Энди бор йўқол, кўзимга кўринма" деб қувиб юборди. Ўшандан кейин ўша солиқчи анча пайт бизни қатордан ўтса худди биз отасини ўлдиргандай бизга ола қараб ўтиб-қайтиб юрди.

вторник, 12 марта 2019 г.

Бошқаларга осон тутманг

Кеча бир даврада тиббиёт ходимларидан гап очилганда мен "тиббиёт ходимларига ҳам, улар бирга ўқитувчилар ҳам етарли маош олмаётганини, маоши камлиги етмагандай юклама кўплигини, уларнинг иши оғирлигини, ҳозир уларнинг аксарияти ўз соҳаларида фидокорлик билан ишлашаётганларини, айниқса ўқитувчилар фидокорлик кўрсатаётганларини" гапирдим. Мен гапираяпман-у, биттаси луқма ташлади: "бошқаларнинг ҳам маоши каттамас-ку, нега уларни айтмаяпсан?" Мен унга жавобан: "Тўғри, бошқаларнинг ҳам маоши кўп эмас, аммо айнан шу икки соҳа: таълим ва тиббиёт одамлар учун энг зарур, энг бирламчи соҳа эканини, агар таълим сифати ривожлантирилса фарзандларимиз онги ривожланиши, буни ортидан эса келажакда мамлакатда ҳар томонлама билимли ва етук кадрлар шаклланиб, кейин улар мамлакат бошқарувига келиб, мамлакатни ривожига муносиб ҳисса қўшишларини мумкин, яъни таълим соҳаси мамлакат ривожланиши учун энг муҳим соҳалардан бири. Энди тиббиётга келсак, бу соҳа ҳам мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Ўз фуқароларининг соғлиги ҳар бир мамлакат учун муҳим бир иш бўлиши лозим. Тиббиёт соҳасидагиларнинг маошини салмоқли суммада оширмаса ҳеч қачон тиббий хизмат кўрсатиш сифатли бўлмайди" дедим.
Шунда кимдир "Э, уларга катта маош тўланса ҳам барибир пациентни қўлига қарайверади" деди. Мен эса бундай бўлмайди дедим. Ўртада баҳс бошланди. У десам, бу дейишди. Бу десам у дейишди. Қисқаси, ҳар бир гапимни инкор қилишаяпти. Шу орада яна биттаси: "Боядан бери "фидокорлик, фидокорлик" деб бошимизни оғритасан, пули(маош)ни олгандан ишлайди-да" деб қолди.
Мен эса шу тобда буларни синаб кўришни хоҳладим ва уларга бир савол билан мурожат қилдим: "Хўш, ҳозирги ҳолатда, сенларни миянгга бир ўқитувчи ёки врачга керак бўладиган билимни шундоқ солиб қўйишса ва қўлингга тайёр дипломни бериб, "марҳамат,  келинг бўш ўрнимиз бор, таълим ёки тиббиёт соҳасида ишланг" дейишса ишлармидинг?"
Давра оғир сукунатга чўмди. Мен билан баҳслашаётган қисқа муддатга бўлса ҳам ўзларини ўқитувчи ёки врачни ўрнига қўйиб кўришди, шекилли, чамамда.
"Йўқ, ишламас эдим", жавоблар бир овоздан шундай бўлди.
"Шошманглар, ҳозир, ҳамманг уч-тўрт сўм келиб турган ишларда ишлаб юрибсан. Биринг тадбиркор, бозорда савдо қиласан. Жа ошиб-тошиб кетмаган бўлса ҳам тирикчилигингни ҳаммадан яхши ўтказаяпсан. Яна биринг фермер, гарчи банкдаги ҳисобингдаги пулга ўзинг хўжайин бўлмасанг ҳам рўзғорингни эплаб юрибсан. Яна биринг яна қандайдир ишдасан. Хўш, агар ишсиз юрган бекорчи бўлганингда қўлингда диплом бўлса, таълим ва тиббиёт соҳасида,  ҳозирги ҳолатида, ҳозирги маошларга кўниб ишлармидинг?" Бу сафар кўпроқ ўйлашди. "Йўқ ишламасдим" жавоблар яна ўшандай бўлди.
"Нега?" сўрайман улардан.
"Иши оғир. Уйимда учта фарзандимнинг тўполонидан бошим оғриб кетади. Энди бир синф болага нимадир ўқитиб, ўргатиш, уларни тўполон қилишга йўл қўймай ушлаб ўтириш қийин. Буни устига эрталабдан кечгача шу иш билан шуғулланиш, йўқ бўлмайди. Тиббиёт соҳаси ҳам оғир. Олдинга келадиган ҳар бир беморни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни операция ёки енгил муолажа қилиш, яра, чаққа, жароҳатларни даволаш, уларни оғриқ туфайли қиладиган инжиқликларига чидаш, йўқ-йўқ, мени асабим дош бермайди", деди бири. "Агар, таълим соҳасида ҳам, тиббиётда ҳам, маошни ҳозиргидан 2-3 баравар оширишса-чи, тассаввур қил сенлар бекорчисан, ўшанда ишлармидинг?"
Яна бироз ўйлашди.
"Йўқ, ишламас эдим", жавоб яна шундай бўлди.
Уларни нега бунақа жавоб бераётганларини англаб турган бўлсам ҳам ўзимни ажабланган кишидай кўрсатиб "Нега ишламайсан, ахир ишсизсан, маоши анча яхши бўпқолди...". "Йўқ ишламасдим, сабабини юқорида келтирдим. Шунга қўшимча сифатида айтаман, шахсан менга минг яхши ойлик тўласа ҳам, кимларнидир қўл остида, гап ёки сўкиш эшитиб ишлаш ёқмайди. Буни устига ҳар икки соҳада ҳам икки тарафдан гап эшитасан: бири ўзингни тепангда турган бошлиқларингдан, иккинчиси халқдан. Ҳа, ҳа халқдан. Ҳозир, айни шу замонда тиббиётда ишлаб ҳам, таълимда ишлаб ҳам ҳеч кимдан раҳмат эшитмайсан. Қайтага, ҳаммадан фақат сўкиш эшитасан. Шундай экан, ҳатто қўлимда дипломим бор ҳолда ишсиз бўлсам ҳам, бу икки соҳада ишламайман", жавобни қаранг.
"Хўш, гапни нимадан бошлавдик, дўстлар? Тиббиёт ва таълим соҳасида ишлайдиганларга яхшироқ маош тайинлаб, шу йўл билан таълим ва тиббиёт соҳасида сифатни ошириш ҳақида эди,  хўш нима дейсизлар, шу фикримга?" мен уларга баҳсни бошида берган саволимни қайтарман.
Баҳсда енгилган ўртоқларим қўл силташади: "Э борее, қўлингдан келса ана ошир, лекин бизни бошимизни оғритма. Биз дам олиб,  чарчоқларни чиқариш учун йиғилганмиз, сени ижтимоий муаммоларингни ҳал этиш учун эмас".

Мен билан баҳслашаётганларнинг ҳатто ишсиз қолишса ҳам, тузукроқ маош беришса ҳам таълим ва тиббиёт соҳасида ишламасликларини олдиндан билар эдим. Чунки улар, ҳозир шу иккита соҳада ишлаш жуда қийинлигини яхши билишади. Ҳозир ўқитувчи бўлиш ёки тиббиёт соҳасида ишлаш (айниқса вилоят ва туманларда) осон эмаслигини, бу учун кишида пўлатдан асаб бўлиши кераклигини билишади.  Шунчаки тан олишмайди. Ёки четдан қараб бу икки соҳада ишлайдиганларга осон тутишади.
Бундай қарашлар нафақат ўртоқларимда, балки бутун жамият шундай ўйлайди: "Ишлаётган бўлса пулини олаяпти" ёки "Пулини олаяптими, ишласин". Аммо, ана шу гапни гапираётганлар ақалли бир кунгина ўқитувчи ёки врач бўлиб кўрсинлар, ана кейин кўрамиз аҳволларини.
Бу ерда фақат тиббиёт ва таълим соҳасини гапираяпман-у, аслида ким қайси соҳадагиларга осон тутаётган бўлса, ўша соҳада бир кунгина ишлаб кўрсин, ана ундан кейин, ўша ишни енгил ёки оғирлиги ҳақида балки хулосаси ўзгарар. Шахсан ўзим "Фалон соҳадагиларга осон тутар эдим, қизим, ўғлим шу соҳани эгаллаб, ишлаяпти. Иши роса оғир экан. Мен олдинлари уларни ичкаридан билмай, уларга осон тутиб гапириб юбораверар эканман. Мана энди иши оғирлигини билаяпман" деган гапларни кўпчиликдан эшитганман.
Шундай экан, ҳар қандай соҳада ишлаётганларни танқид қилишдан,  уларга осон тутишдан олдин, уларни ўрнида,агар имконият беришса ўзингиз ишлармидингиз, ишласангиз сиз ўзингизни қандай тутар эдингиз, ҳаммасини яхшилаб  ўйлаб кўринг. Фикр билдириш эса қочмас.

понедельник, 11 марта 2019 г.

Саида Зуннунова 2

Ш. Рашидовни "Қудратли тўлқин" романини муҳокамада озгина танқид қилганимдан кейин Саида учун ҳам, мен учун ҳам ҳамма йўллар ёпилди. На матбуот, на босмахона, на радио, на тв, ҳаммаси биз учун бекилди.
Шундай қийин кунларнинг бирида Яшин ака чақириб қолди. Қисқагина учрашувда у бизга матбуот эшиги биз учун ёпилганини билдик.
– Мафкура бўлим бошлиғи Нишоновга учрашайлик, аҳволни тушунтирайлик, – дедим.
– Нишонов билан иш битмайди. Энг юқорига чиқиш керак, – маслаҳат берди Яшин ака. Бир уриниб кўраман. "Биринчи" билан учраштиришга ҳаракат қиламан.
Учрашишимиз лозим бўлган куни эрталаб 9 дан, кечки 5 гача Марказқўм эшигида ўтирдик. Тинкамиз қуриб, чарчаб, ҳолдан тойдик. Олим Ҳафиз Абдусаматов ўша ерда ишлар эди. Эрталабдан бери ўтирганимизни кўрган экан. Олдимизга чиқиб нима иш билан келганимизни сўради. Шундан кейин у бутун жавобгарликни ўз бўйнига олиб ичкарига киришимизга рухсатнома олиб берди. Ичкарига кириб "Биринчи"нинг эшиги олдида ҳам 2 соат кутдик. Котиба кириб биз келганимизни айтса ҳам бизни чақирмади. Охири унинг ҳам уйга кетадиган пайти бўлди. Аммо, бизни кўришга тоқати йўқ эди. Лекин, бир кабинетда ўтира олмайди-ку. Бизни ичкарига чақиришга мажбур бўлди.

У бизни жуда совуқ кутиб олди. У нима мақсадда келганимизни билар эди. Шу учун гапни чалғитиб, қўриқ ерларни ўзлаштириш соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида бир соатча гапирди. У тез-тез соатига қарар, "кетақоласаларинг бўларди" дегандай бизга мутлақо алоқаси йўқ гаплар билан тинкамизни қуритар эди.
– Сурхондарёга кетишим керак. Бошқа гапларинг бўлмаса сизларга жавоб, – деди у бир пайт.
– Биз учун ҳамма йўллар бекилди, сабабини билолмаяпмиз, – деди Саида. Ўзингиз биласиз, адабиётдан бошқа тирикчилигимиз йўқ. Сиздан ёрдам сўраб келдик. Айтинг, йўлларимизни очиб қўйишсин.
Бу гап унга малол келгандай бўлди.
– Бу ишларга мени қандай алоқам бор? Бирор номаъқул иш қилгандирсизларки, йўлларингизни бекитишган. Устозингиз ёрдам бермадими?
У устозинг деб А. Қаҳҳорни айтаётган эди.
– Биз куротларга бормасак. Сайр-саёҳат қилмасак. Бирдан-бир борадиган жойимиз ёзувчилар боғи. У ерда Қаҳҳор билан қўшнимиз. Кўз-кўзга тушганда саломлашмасдан ўтиб кетишга андиша қиламиз.
Саиданинг гапи унга таъсир кўрсатди шекилли, сал юмшади:
– Кўришманглар демайман, кўришинглар. Аммо эҳтиёт бўлинглар. Қаҳҳор яхши одам эмас. Унинг этагидан ушласанглар косаларинг оқармайди. Ўша ерда Уйғун яшайди. В. Зоҳидов бор. Шевердин яшайди. Ана ўшаларникига боринглар. Улар соф одамлар.
У ўзининг қанчалик ёлғон гапираётганини ўзи билиб турар эди.
– Энди мени қамамайдими? – дедим мен.
– Йўқ, – деди у.
– Тўрт йилдан бери босмага тайёрлаб қўйилган китобим чиқмаяпти. Агар шу китобим чиқмаса, билмадим рўзғорни қандай ўтказамиз?!
– Айтаман, чиқазишади, – деди у.
11 соат кутиб учрашганимиз, холоскоримиз деб ўйлаганимиз раҳбар олдидан қуп-қупуқ бўлиб чиқиб кетдик. Китобим ҳам чиқмади. Матбуот эшиклари Саида иккаламиз учун ҳам очилмади.
Украинада бир қиссам чоп этилиб рўзғорни бир нави ўтказиб турдик.
Бизга нега бунақа муносабат бўлаётганини Саида иккаламиз ҳам яхши билар эдик. Ҳаммаси, ўша "Қудратли тўлқин"ни танқид қилганимдан кейин бошланган эди.

Саид Аҳмад, "Йўқотганларим ва топганларим"

P.S. С. Аҳмад ёзаётган ушбу воқеалар Ш. Рашидов билан содир бўлади. Лекин, эсдаликларни ўқиётиб қарасам 1-2 жойни айтмаганда бошқа жойларда Рашидовни номини тилга олмаган экан. Фақат "биринчи", "катта" деган сўзларни ишлатган экан.
Инсон борки, хатодан холи эмас. Шу жумладан Рашидов ҳам. Ўзи журналистика ва ёзувчиликдан чиқиб келгани учунми адабий ҳаётга умрининг охиригача аралашиб юради. Асарлар ёзади. Муҳокамаларда ўша асарларини озгина танқид қилган ёзувчиларни кечира олмайди ва улар учун ҳаммаёқни ёптириб ташлайди. Жумладан М. Исмоилий, А. Қаҳҳор, С. Зуннунова, С. Аҳмад кабилар ўз вақтида "катта"дан яхшигина жабр чекишади. Аммо, кексайиб борар экан, Шароф ака ўз асарларини танқид қилган ёзувчиларга ноҳақлик қилгани тушуниб етади. Аммо, хатони тўғирлай деса ўзидан жабр кўрганларнинг аксарияти вафот этган бўлади. Фақат М. Исмоилийга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби" деган унвонни бериб, ўз айбини бироз ювади.