пятница, 1 ноября 2019 г.

Вегетарианлар ёки нафл рўза

Кеча, вегетарианлар ҳақида материал тайёрлаганимда очиғи ўзимни ҳам вегетариан бўп кетгим келди. Аслида гўштни жа кўп еб юбораётган жойим йўқ, лекин айрим вегетарианларнинг ҳафтанинг маълум кунларида фақат бир хил мева ёки сабзавот билан озиқланишлари мени қизиқтириб қўйди.

Кечагидай эсимда, 2010 йилнинг январь ойида ўн кунча бир стресс ҳолатига тушиб қолдим ва томоғимдан умуман ҳеч қандай овқат ўтмай қолди. Яъни, мутлақо иштаҳам бўлмади. Лекин, бўш қоп тик турмайди, нимадир ейиш керак. Овқат ўтмаяптими, унда мева еб кўрайчи деб, кечки пайт биттадан олма, нок, банан, мандаринни майдалаб еб кўрдим. Қарасам овқатдан кўра тузукроқ. Ўшанда ўнча овқат масаласида кун тартибим қўйидагича бўлди: эрталаб чой ичмайман, тушда тушлик қилмайман, кечки овқат ўрнида фақат мевалар.  Куни билан овқат емасдан оч юриб, кечки пайт мева ейман. Ўшанда, бундай кун тартибим ўн кунча давом этди. Охирги кунларга бориб бироз оздим(ўн кунда ўн килоча), тана зарарли токсинлардан анча тоза бўлди. Ўшанда жуда маза қилдим, ҳам бир енгил тортдим. Ҳанузгача ўшанда мажбуран амалга оширган парҳезимни давом эттираман дейман, аммо нафс ўлгур қўймайди.

Яна бир зўр рецепт: Рамазон ойи ёзнинг пишиқчиликларида келган йилларда 2010-2015 йиллар эди, саҳарлик ва ифторликни фақат қовун, сув ва нон билан ҳам қилганман. Ўшанда, уёқ-буёларга ифторликка таклиф этилганимда бошқа емак истеъмол қилдим. Уйда бўлганимда эса саҳарлик ва ифторлик фақат қовун, нон ва сув билан бўлди. Савол тушиши мумкин: нега айнан қовун билан?
Духтирлар қовунни қийин ҳазм бўладиган егулик ҳисоблашади. Уларнинг айтишича қовун 15-17 соатда ҳазм бўлар экан. Мен қовунни неча соат ҳазм бўлишини ўз танамда сезмаганман. Буни сабаби, қовунни ўта тўйиб есангиз ҳам масалан ёғда қовуриб пиширилган овқатлар ёки палов каби ҳазм жараёни қийин бўлмайди, ошқозонга оғир ботмайди. Лекин, ёзнинг жазирамасида анча салқин тутади ва ўша ҳазм бўлишлиги узоқ давом этиши ҳисобидан чанқатмайди. Айтмоқчи бўлганим, қовунли парҳез ҳам ўзим танамда синаб кўрганман, зўр парҳез.
Албатта, ошқозонига қовун ёқмайдиганларга буни тавсия этмайман. Бу парҳезни қилишда қовун билан қанчалик келишиш албатта инобатга олинади.

Биласизлар, бизда Ислом динида еб бўладиган ва еб бўлмайдиган ҳайвонлар, қушлар бор. Сигир, қўй ва товуқ гўшти бемалол кириб еб бўладиган гўштлар тоифасига киради. Шу учун ҳам мусулмон киши ўзига ҳалол қилиб берилгандан нарсалардан бемалол ейвериши мумкин. Аммо, шарти шуки, қорин ўта тўйиб емаслик керак. Ҳатто, қорин тўймасидан олдин овқатланишни тўхтатиш ҳақида Пайғамбаримиз САВдан тавсия қилинган ҳадис бор. Очиғи бу ҳадис ҳар доим ҳам овқвтланаётганимда эсимга келмайди, аммо бошқа сабаблар билан гоҳ-гоҳида қорин тўймасидан овқатланишни тўхтатишга тўғри келади. Ўшандай пайтларда олдинига роса хумори тутади. Аммо, орадан бирпас ўтиб ўзингизни худди қорнингиз тўйиб қолгандай ҳис қиласиз.
Буни сабабини яқинда билдим. Инсоннинг ошқозони тўйганидан 20-30 минут ўтиб мияга "мен тўйдим" деб сигнал берар экан. Биз аксарият ҳолларда ошқозонимиз миямизга сигнал бергунча овқатланишда давом этаверамиз ва қорнимиз ўта тўйиб кетганини сал кейинроқ биламиз.
Шундай экан, гарчи ўзим амал қила олмасам ҳам бир маслаҳатни берай: Бизга ҳалол қилинган нарсалардан бемалол еб ичаверинг. Лекин, иложи борича қорнингиз ўта тўйиб кетмасидан овқатланишни тўхтатинг. Кейин менга бу маслаҳат учун раҳмат дейсиз. Шунингдек, тепада ёзганим мевали ва қовунли парҳез ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бошланишига ҳафта, ўн кун қийин. Сиз бир кундан бошланг. Агар, ўша куни савоб ҳам олай десангиз саҳарда мева ёки қовун+нон-сув билан саҳарлик қилиб, сўнг нафл рўзага ният қилиб, ифторликка мева ёки қовун(албатта нон ва сув билан) есангиз яна яхши.

https://daryo.uz/k/2019/11/01/fotogalereya-dunyoning-mashhur-vegetarianlari/

Комментариев нет:

Отправить комментарий