понедельник, 28 мая 2018 г.

Бизга бегона бўлиб бораётган ўзбекона лутф.

Бир пайтлар, Собиқ Иттифоқ даврида суратга олинган "Бензаколонка маликаси" фильмини кўпчилигимиз кўрганмиз. Ана ўша фильмда фильм бош қаҳрамони бўлган қиз бензоколонкада ишлар экан бензоколонка мудирига "Қани эди биз ҳар бир ёқилғи қуйиш учун келаётган ҳайдовчига "Марҳамат, хуш келибсиз" десак. Кетаётганида эса "Яхши боринг, яна келиб туринг" деб  уни очиқ чеҳра билан кузатсак. Биз-чи, биз нима қилаяпмиз? Ёқилғи қуйиш учун келаётган ҳайдовчига то у чиқиб кетгунча ола қараймиз. Саволларига тўнғиллаб жавоб берамиз. Шу ҳам муомала бўлди-ю?!" деб бензоколонка ходимларининг ҳайдовчиларга нисбатан қилаётган терс муомалаларини танқид қилади. Назаримда бизни ҳозирги ҳолатимиз ўша "бензоколонка маликаси" айтгандай. Ўзаро муомалада лутфни билмаймиз.
Сал нарсага асабийлашамиз, жаҳлимиз чиқади ва охири сўкиб юборамиз. Ҳатто ўзим ҳам шундайман.  Нега  бундай бўлганмиз, қачон бундай ҳолга тушганмиз аниқ билмайман. Аммо 4-5 авлод олдинги ота-боболаримизни биздай жиззаки ва асабий одамлар бўлганларига ишонмайман. Ҳа, шунчаки ишонмайман. Тахминимча бундай ҳолат бизда октябрь тўнтаришидан кейин бўлди.

Баъзида бизни ана шу жиззакилигимиз ва тез асабийлашишимизни сабабини кимлардир оилалардаги иқтисодий тангликка олиб бориб боғлайди. Аммо мен бу фикрга ҳам қўшилмайман. Сабаби, агар тез асабийлашиш ва жиззакиликнинг келиб чиқиш сабаблари иқтисодий тангликка бориб тақалса унда бизнинг иқтисодий тарафдан яхши таъминланган одамларимизнинг ҳам жиззаки ва тез асабийлашишларини нима деб баҳолаш мумкин?

Бу масалада ўзимизнинг ҳолимиз ўзимизга аён, ён атрофимиздаги мамлакатларда яшайдиган бошқа миллатларга қарайман ва ана шу жиззакилик иллатини уларда ҳам кўраман. Россияда ҳам шу аҳвол, Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам, Украинада ҳам шу ахвол; одамлари сал нарсага тутақиб кетадиган жиззаки. Ажабо, бир пайтлар СССР деб, ҳозирги кунда МДҲ деб аталадиган ҳудудда жойлашган мамлакатларнинг аксариятининг фуқароси ана шу жиззакилик дарди билан касалланган. Тасодифми бу? Тахминимча йўқ.

Қайердан ўқиганим ва исми эсимда йўқ бир ғарблик тадқиқотчи ёзади; "Дунёнинг жуда кўп давлатларида бўлдим. Оддий одамлар орасида юриб уларнинг характерлари ва менталитетларини ўргандим. Африкада ҳам бўлдим, Жанубий Америкада ҳам бўлдим, Осиёнинг кўплаб мамлакатлприни кезиб чиқдим.  Жами беш қитъадаги саксондан ошиқ мамлакатда бўлдим.  Одамларни кузатдим ва шунга амин бўлдим-ки дунёдаги энг жиззаки ва асабий одамлар Собиқ Иттифоқ ҳудудида жойлашган давлатларда яшашади. Мен Россияда, Украинада, Кавказ ва Марказий Осиёдаги мамлакатларда бўлдим. Уларнинг ҳаммасида умумий бир жиҳатни кўрдим; ҳаммасида аксарият одамлар жиззаки ва тез асабийлашадилар. Шимолий Африка давлатларида бўлдим  Эронда бўлдим, Жанубий Америкадаги давлатларда бўлдим, одамлари кўча-куйда жудаям лутф билан муомала қиладилар. Улар менга ўхшаган чет элликларга эмас, ўзаро бир-бирларига анча лутф билан муомалада бўлишади. МДҲ мамлакатларида эса одамлар чет элликларга яхши муомала қилиб ўзларини анча дўстона кўрсатадилар, аммо бир-бирларига анча асабий муомалада бўладилар. Мен уларнинг нега бунақа эканликларини кўп ўйладим ва тахминий хулосам шу бўлди-ки ҳадеб тузум алмашавериши ва ҳар бир келаётган тузум  улар кутмаган сиёсатни юритиши ушбу минтақа одамларни асабий қилиб қўйган.
Масалан, Марказий Осиё давлатлари аҳолиси;  улар юз йилдан ошиқроқ даврда тўрт-беш марталаб тузум ўзгарганини гувоҳи бўлдилар. Уларда аввал ўз миллий давлатчиликлари бўлган. Кейин уларни Чор Россияси босиб олиб тамомила бошқача сиёсат юритган. Ундан кейин эса ҳукуматга тўнтариш йўли билан коммунистлар келдилар ва ўзларидан олдинги тузумларга қараганда тамомила терс сиёсат юритдилар. 1991 йилда улар яна ўзларининг миллий давлатчиликларига эга бўлдилар ва яна сиёсат ўзгарди. Агар жахон тарихини яхшилаб ўргансангиз бундай қисқа фурсатда кўп маротаба бир-биридан тубдан фарқ қилган тузум ўзгаришлари бўлган бошқа ҳудудларда кўрмайсиз. Қизиғи бу ҳудуд СССР номи билан яшаган пайтда ҳатто давлат раҳбарлари алмашганда ҳам тузум ўзгаргандай бўлаверган. Чунки Ленин бошқача сиёсат юритган. Ундан кейин тахтга ўтирган Сталин  ҳукмронлик қилганда тамомила бошқа тузум яратган. Ундан кейинги Хрушев  хукмронлик қилган пайтда  Сталинни қилган ишларини қоралаб чиққан ва  унинг сиёсатидан тамомила фарқ қиладиган сиёсат юритган. Агар сиз ғарбдаги исталган давлатни ёки АҚШ ҳукмдорларининг юргизган ички сиёсатларига қарасангиз уларда бундай кескин ўзгаришларни кўрмайсиз. Кейинги ҳукмдор ўзидан олдингисини ишини давом эттириб кетаверган ва ички сиёсат кескин ўзгаришларга учрамаган. Тўғри, уларда ҳам қандайдир кичик ўзгаришлар бўлган, аммо МДҲ давлатларидагидай қисқа муддатда тўрт-беш марталаб катта ўзгаришларга учрамаган.   Буни устига икки марта рўй берган жахон урушлари  ҳам айнан шу минтақа одамларида оғир асорат қолдирган ва одамлардаги жиззакиликни ошишига сабаб бўлган".

Мана биз ҳақимизда чет эллик  холис бир тадқиқотчининг берган хулосаси. Мен уни нега "холис бир тадқиқотчи" деяпман. Чунки у бизга туҳмат қилмаяпти  балки кўрганларини, кузатганларини ёзаяпти.  Биз у берган хулосага мос одам бўлиб бўлганмиз. Сал нарсага асабийлашамиз, жиззакилик қиламиз, керак бўлса жанжаллашамиз ва бошқаларни хуморимиздан чиққунимизча сўкамиз. Агар сизда ўша чет элликнинг биз ҳақимизда "уларда ўзаро муомалада лутф йўқ, аксарияти асабий" деб берган хулосаларига шубҳа бўлса, узоққа бормайлик агар автоуловингиз бўлса унга ўтириб шундоқ катта кўчага чиқишингиз кифоя; одамларни қанчалик асабий ва жиззаки эканларини кўрасиз қўясиз. Буни билишингиз учун сиз светофорни чироғи яшил чироғи ёнганда бироз суст ҳаракат қилиб ўз машинангизни ўрнидан кечроқ қўзғатишингиз ёки қайрилаётганингизда машинангиздаги қайрилиш чироғини ёқишни эсдан чиқариб қўйишингиз ёки тўхтаб пиёдага йўл беришингиз кифоя қилади. Ана ўшанда сиз билан ёнма-ён кетаётган одамларнинг қанчалик жиззаки ва асабий эканликларини кўрасиз. Улар сизни светофорнинг яшил чироғи ёнганида нимадир сабаб билан ўрнингиздан икки сония кеч қўзғалганингизни ҳам кечиришмайди. Машина ойнасидан бошларини чиқариб ошкора сўкиб кетишади.

"Ҳа энди, машинада юрганда диққат билан юриш керак, паришонхотир бўлсангиз ЙТҲ юз бериб кимдир жабрланиши мумкин, шунга ён-атрофингиздаги бошқа ҳайдовчилар асабийлашади" деб бу гапимга гап топиб беришингиз мумкин. Шу учун майли келинг, бошқа ҳолат мисолида жиззакиликларни кўрамиз. Сиз бирон марта бирон жойда навбатда турганмисиз? Ўша навбатни қайерда эканини фарқи йўқ; у пул олинадиган кассами ёки шифохонами, бошқами фарқи йўқ, одамлар навбатда турадиган жойда албатта жанжал бўлади, асаббузарликлар бўлади.

Ана шундай асаббузарликлар, жиззакилик ва арзимаган нарсада бир-бирини  ҳақорат қилиш бизга одат бўлиб қолди. Бир танишим Тошкент Шарқшунослик институтида форс тили факультетида ўқийди. Домлаларидан бири Эрондан келиб дарс берар экан. Ўша домла ҳам ўз ўқувчиларга эронликларнинг ҳаёт тарзини ҳикоя қилиб бериш асносида; "Бизнинг эронликлар ўзаро муомалада бир-бирларига ниҳоятда гўзал лутф билан муомалада бўладилар. Ортиқча асабийлашмайдилар, жиззакилик қилмайдилар. Сиз ўзбекистонликлар бу масалада улардан анча ортдасизлар. Сизларда ўзаро муомалада бир-бирларингга жиззакилик ва асабийлашиш ҳаддан ортиқ" дер экан.
Шу ўринда эронликларнинг ўзаро лутф билан бир-бирларига муомала қилишганига яна бир мисол. Бу мамлакатга борган танишларимнинг сўзларига кўра йирик шаҳарларда машиналар ҳам кўп. Лекин кўчаларда йўл ҳаракати белгилари ва светофорлар етарлича ўрнатилмагани учун кўчаларда тез-тез йўл транспорт ҳодисаси рўй берар экан  ва ҳайдовчилар тез-тез бир бирларининг машиналарини туртиб олар эканлар. Аммо машиналарига қанчалик зарар етганига қарамай ҳеч ҳам айбдорни қидиришмас,  бир-бирлари билан жанжаллашмас эканлар. Аксинча, бир-бирларини соғлиқларинини сўраб, енгил тўқнашувларда "ҳаммаси Худодан" деб бир-бирлари билан хуш кайфиятда хайрлашиб кетаверар эканлар. Энди шу ҳолатни бизда кўринг. Арзимаган нарсада бир-бири билан жанжаллашган, бир-биридан айб қидирган. Четдан қараганда ўта хунук ҳолатни кўрасиз.

Ёки Туркия мамлакатига борганлар туркларнинг бир-бирларига ниҳоятда лутф билан муомала қилишларини кўп кузатганларини ва биз уларнинг олдида ўта қўпол одамларга айланиб қолишимизни гапирадилар. Уларда турли дўконларга харидор кирганда дўкондорлар ундан "нима оласиз, сизга нима керак?" деб эмас, балки "марҳамат,  сизга қандай ичимлик берай, чой ёки қаҳвами?" деб сўрар эканлар. Харидор сотувчидан турли молларни кўрсатишни сўраб охирида ҳеч нарса харид қилмай чиқиб кетса уни хуш кайфият билан кузатиб қолишар экан. Агар бизда шу ишни қилсангиз сотувчи тўнғиллаб сизни аниқ сўкиб кузатади.

Назаримда бизнинг ана шу жиззакилигимиз оиламиздан бошланади. Кейин кўча-куйга кўчади. Охири бориб ишхоналаримизда давом этади. Шу туфайли ҳам кўпгина ташкилотларга қандайдир юмуш билан борсангиз сизни еб қўйгудек бўлиб ола қараб кутиб олишади, қўпол муомала билан кузатиб қўйишади.
Буни хаммаси ўша жиззакилик ва тез асабийлашишнинг қон-қонимизга сингиб кетганининг оқибатидир.

суббота, 26 мая 2018 г.

Ёшлар китоб ўқимай қўйди(ми?)

Бироз ўтмиш ҳақида.

Эсимда, мактаб кутубхонасига аъзо бўлиб, у ердан китоб олиб ўқий бошлаганимда учинчи синфда ўқир эдим. Орадан бир-икки йил ўтиб қишлоғимиздаги «сельсовет кутубхонаси» деб аталмиш кутубхонага ҳам аъзо бўлдим ва у ердан ҳам китоблар олиб ўқий бошладим. Яна бироз ўтиб туманимиз марказидаги кутубхонага аъзо бўлдим. Йўқ, мен мактабимиз ёки қишлоғимиз кутубхонасидаги ҳамма китобларни ўқиб тугата олганим йўқ. Шунчаки ёш ақлимда «туман кутубхонасида ҳам зўр китоблар бўлиши керак» деган тушунча шакллангани учун ўша кутубхонага ҳам аъзо бўлаверганман. Мактабимиз кутубхонасига аъзо бўлиб илк ўқиган китобим орадан узоқ йиллар ўтган бўлса-да ҳануз эсимда; у Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлган ўзбекистонлик жангчилар ҳақида эди.
Буларни ҳозир нега эслаяпман? Чунки китоблар ҳаётимда азиз бўлган ва маълум маънода тарбиямга ижобий таъсир қилган нарсалардан биридир. Тан оламан, агар китоблар оламига кириб бормаганимда жамиятда қандай одам бўлиб етишишим фақат Яратганга аён эди. Шу туфайли ҳам китоблардан беҳад миннатдорман.

Ёшларга тарбия бериш қийинми?

Кўпинча «ўз вақтида тўғри тарбия бера олмаган» деб, болаларнинг тарбияси бузилиб кетишида ота-оналарни айблашади. Мен уларнинг айбдорлигини инкор қилмоқчи эмасман. Улар айбдор, аммо боласига тўғри тарбия бера олмагани учун эмас, балки боласида ўз вақтида китобга муҳаббат уйғота олмагани учун ҳам айбдордирлар. Агар ҳар бир ота-она ўз боласида китобга меҳр уйғота олганида ҳозир ҳар қанча уриниб ва ҳарчанд бош қотириб ҳал қила олмаётганимиз ёшлар билан боғлиқ турли муаммолар камроқ бўлармиди?!
Ҳозир телеканалларда бола тарбияси ҳақидаги кўрсатувлар кўп. Уларда иштирокчилар ота-оналарнинг ўз боласига тўғри тарбия бера олмаётгани, ота-она уззукун ишда бўлгани ёки ота чет давлатларга ишга кетиб, она эса ўз ишларидан ортмай болалар кўп вақт қаровсиз қолиб кетаётгани ҳақида фикр билдиришади. Ҳатто баъзи кўрсатувларда оммага кўрсатиш учун қаровсиз қолиб кетган болани ҳам топиб келишади. Роса муҳокама қилишади, аммо натижа йўқ. Сабаби... Бир пайтлар ёшлигимизда отам Россияга майиз сотаман деб кетиб қолаверганида биз ҳам бир неча ойлаб қаровсиз қолиб кетар эдик. Аммо отамнинг бизга қилган яхшилиги, бизга берган энг асосий тарбияси ўзи китобларни яхши кўргани ҳолда бизда ҳам китобга муҳаббатни уйғота олгани эди. Энг муҳими ўша пайтларда ҳамма жойда, мактабда, қишлоғимизда, туманимиз марказида биз бемалол фойдалана оладиган кутубхоналар бор эди.
Шундан келиб чиқиб айтаманки болаларнинг қаровсиз қолиши ҳамма замонда ҳам бўлган.  Аммо ўша қаровсиз қолаётган болаларни китоб билан дўстлаштириб қўйсак, бу ишимиз уларнинг одоб-ахлоқини телевизорда ёки мажлисларда муҳокама қилгандан кўра яхшироқ натижа берармиди.

Бугунги кундаги муаммоларимиздан бири болаларда китобга меҳр уйғотилмаётгани бўлса, иккинчи ва асосий муаммомиз жойларда кутубхоналарнинг ҳам йўқлигидир. Ҳа, мен «кутубхоналар етишмаслигидир» демасдан «кутубхоналар йўқлигидир» деяпман. Бизда бир пайтлар биз бемалол фойдаланган кутубхоналар энди йўқ. Охирги 27 йилда бор кутубхоналар ҳам ёпилиб, улардаги китоблар йўқ бўлиб кетгани ҳолда аҳоли сони қарийб бир баравар ошганини инобатга олсак, ўзимиз ҳам, ёшларимиз ҳам китобдан қанчалик узоқлашиб кетганимиз аён бўлади.
Балки муболаға қилаётгандирман, аммо жамиятдаги ёшлар билан боғлиқ муаммоларимиз маълум миқдорда ўша кутубхоналаримизнинг йўқлиги туфайли келиб чиқмоқда.

Ёшлар китоб ўқимай қўйдими?

Катта ёшдагилар яхши эслашади, собиқ иттифоқ даврида аҳоли китобхон эди. Шунга яраша ҳар бир мактаб, қишлоқ, туман маркази ўз кутубхонасига эга эди. Афсуски, мустақилликка эришилгандан кейин ўша кутубхоналардаги китобларнинг аксарияти «бизга ёт бўлган китоблар» сифатида баҳоланиб, йўқ қилиб юборилди. Ҳатто кераклилари ҳам сақлаб қолинмади. Қишлоқлардаги кутубхоналар ҳам ёпилиб кетди. Туман марказларидаги аксарият кутубхоналар ҳам аянчли аҳволга тушди. Бугунги кунда уларнинг кўпи фаолият кўрсатмаяпти. Ишлаётганларида ҳам айтарли ва арзирли китоблар йўқ. Алифбомиз ўзгариб китоб ва кутубхоналар билан боғлиқ муаммоларимиз янада катталашди. Сабаби, ҳануз ёшлар учун лотин алифбосидаги китоблар кам чоп этилаяпти. Шундай шароитда ёшлар қандай ва қанақасига китоб ўқисин? Китобни қаердан олсин? Бунинг устига эл-юртдаги аксарият одамлар уйида ўзи ва болалари учун кутубхона қилиб қўйишдан кўра чойхонада улфатчилик қилишни, тўй-маъракаларни яхши кўрса, ёш авлод қаердан китоб ўқисин?
Китоб дўконларига кирганингизда у ерга келадиган мактаб ва коллеж ўқувчиларини бирон марта диққат билан кузатганмисиз? Мен кўп кузатганман. Ёшлар китоб дўконига кирганда турли китобларни кўриб кўзлари қувнайди. Олиб варақлаб кўрадилар, охирида эса муқованинг тепасига ёки орқасига ёзиб қўйилган нархни кўриб бироз олдин чақнаб турган кўзлари маъюсланиб, китобни секин ўрнига қўйиб қўядилар ва дўкондан чиқиб кетадилар. Бизда олдингидай ҳар қадамда кутубхона бўлса ёшлар бемалол фойдаланарди. Аммо ҳозирча бунинг иложи йўқ.
«Бола китобни яхши кўрса ота-онаси «тушлик қиласан» деб берган пулларини йиғиб ҳам китоб олади» деб айтишингиз мумкин. Хўш, шундай йўл билан у нечта китоб ололади? Ундан кўра кутубхонадан олиб ўқигани яхши эмасми? Қолаверса, тушликка пул бера оладиган ота-оналар бор, бера олмайдиганлари бор.

Нима қилмоқ керак?

Ёшларнинг китобни яхши кўришини, китобдан унчалик узоқлашиб кетмаганини Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи ва халқ орасида Дима Қаюм номи билан машҳур бўлган Дилшод Болтабоев ташкил этган «Халқ кутубхонаси»га келаётган ёшларнинг сонидан ҳам билса бўлади.
Шунингдек ҳар доим китоб дўкони олдидан ўтиб қолсам албатта дўконга кираман ва кузатаман, ёшлар билан гавжум бўлади. Ёшларимизда китобга қизиқиш кучли. Аммо ҳамма китобсевар ёшларнинг ҳам китоб сотиб олишга имконияти бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, энг мақбул иш жойларда кутубхоналар ташкил этишдир.
Биз ёшларимизнинг китобхон бўлиб, маънан етук инсонлар бўлиб етишишларини хоҳлар эканмиз, дўстимиз Дима Қаюмнинг «Халқ кутубхонаси»га ўхшаш кутубхоналар ҳар бир маҳаллада бўлишини таъминлашимиз керак. Халқ кутубхонаси очаман деган кўнгиллилар чиқса одамларнинг уйида бўлса ҳам очиш керак ва ўз уйида кутубхона очган инсонларга солиқлардан имтиёз берилиши ёки кутубхона очгани учун меҳнат стажи ёзилиши керак.
Шунингдек ҳукуматимиз ёшлар ўртасида бўлар-бўлмас тадбирлар ўтказаётган турли ташкилотларга ажратаётган маблағнинг бир қисмини жойларда кутубхона қуришга йўналтирса ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сиз бунга нима дейсиз?

понедельник, 21 мая 2018 г.

Қўрқув салтанатидан сабоқлар.

Мени бир дўстим бор. У билан учрашганимизда суҳбатимиз доим баҳс билан бошланади, баҳс билан тугайди. Мени фикримча 2016 йил сентябр ойидан кейин мамлакатимизда кўп яхши ўзгаришлар бўлаяпти, бундан кейин ҳам яхши ўзгаришлар бўлишда давом этади инша Аллоҳ. Уни фикрича эса арзимаган ўзгаришларни айтмаса аҳвол олдингидан баттар бўлаяпти. Юрт раҳбарини буйруқ ва фармонларини жойларда бажаришмаяпти. Ҳокимлар ҳам, бошқа амалдорлар ҳам ўз билганидан қолмаяпти. У шу гапларни гапираётганида мен "хўш,  ҳокимлар, амалдорлар  президентни буйруқ ва фармонларини олдин қойиллатиб бажарармиди?" деб савол бериб уни гапини бўлиб қўйишдан ўзимни тийиб тура олмайман.
Навбат менга келганда ўша машҳур "сентябрь"дан кейин бўлган ижобий ишларни санай бошлайман. Аммо рақибимга бу таъсир қилмайди. Мен давом этаман;  "Агар билсангиз, яхши ўзгаришларни энг каттаси  жамиятда қандай ўринда туришидан қаттий назар у одамлардаги қўрқувни бироз кўтарилгани бўлди. Эсланг, "энг авжига чиққан" 2013-16 йилларни, одамларни кўчада гапирган гапи учун ҳам айблашди. Ҳатто аҳвол шу даражага етдики сиз бир даврага бордингиз. У ердагиларни бир иккитасини яхши танимаяпсиз. Аммо у ҳам миллатдошингиз, шевасидан танияпсиз ўзингиз билан бир жойдан. Ана шу даврада оддий танқидни ҳам ёки бир иш юзасидан ижобий таклифингизни ҳам билдира олмас эдингиз. Эртаси куни тегишли жойга олиб бориб "нима, сен Президентимизни олиб бораётган сиёсатларига қаршимисан?" деб сўроққа тутишларини хоҳламаслик учун ҳам гапира олмас эдингиз. Танқид-ку майли, ҳеч кимга ёқмас, аммо бир иш юзасидан таклифингизни айтишга қўрқар эдингиз. Бугунги кунда эса ана шу қўрқув анча чекинди. Тўғри, бугун ҳам танқид қилиш жуда осон эмасдир. Аммо оз бўлса-да танқид бўлаяпти. Кўча-куйда фикрларингизни билдириш эса осон бўлиб қолди".

Иккаламиз бир-биримизни гапимизни зўрға эшитар эканмиз биримиз гапираётганимизда, ўз "фактлар"имизни келтираётган вақтимизда иккинчимиз гапни ўртасидан бўлиб савол ташлаб "рақиб"имизни довдиратиб қўйишни ҳам қойиллатамиз.
Дўстим шундай муҳитда катта бўлганки у ҳеч қачон мамлакатимиздаги кўплаб инсонлар дуч келган муаммоларга учрамаган.
У журналист бўлмаган. Жамиятдаги муаммоларни, ҳукумат томонидан йўл қўйилган камчиликларни ёзмаган ва бу иши учун "акалар"нинг назарига тушмаган. Маҳкамада жавоб бермаган.
У диндор ҳам бўлмаган. (Диндор деганда диннинг арконларига тўлиқ амал қилишни назарда тутмаяпман, балки оддий намоз ўқиб юрган одамни назарда тутаяпман. Энди узун кўйлак кийиб, соқолни ўстириб юришни мутлақо имкони бўлмагани бу бошқа мавзу). Қандайдир иккита вилоят ўртасидаги назорат постидан ўтаётганида бир формали ёки формасиз мулозим унинг паспортини текшираётиб "намоз ўқийсизми?" деб берган саволига "алҳамдулиллаҳ ўқийман" деб берган жавоби ортидан кетаётган машинасидан тушириб қолдирилиб маҳкамага олиб бориб сўроқ қилинмаган. Ўша сўроқда бир амаллаб "мен президентимизни ҳар бир олиб бораётган олийжаноб ишларини ёқлайман, улар халқга жуда меҳрибон" деб  ҳийла ишлатиб чиқиб кетмаган. Рўмолни томоғининг тагидан ўраб юрган хотини бир дардга чалинганда уни пойтахтга даволатиш учун олиб бораётганида йўлдаги назорат постида тўхтатилиб, кейин хотини иккаласини вилоят марказига олиб бориб, куни билан уларни ўша ердаги маҳкамада сақлаб, текшириб, ўзи хақидаги маълумотлар "ҳаммаёқ тоза" чиққанига қарамай "хотининг ибодат либосида юрибди" деб касал аёлни куни билан сарсон қилганлари етмагандай унга отни калласидай жарима солиб юборишмаган.
Йўлда кетаётганида ЙПХ ходимлари тўхтатиб, унинг ҳужжатларини текшириш ўрнига телефонини текшириб ичида Хайрулла Хамидовнинг биргина "хижобли аёл" шеърининг ролигини кўриб, ўша телефонни текшириш учун олиб қўйиб, кейин эса "ичида таъқиқланган диний манба бор экан" деб телефонни мусодара қилиб, камига яна энг кам иш ҳаққининг 40-50 баравари миқдорида жаримага солинмаган.
Кўча-кўйда, мамлакатимизда коррупция урчигани оқибатида ҳатто аксар маҳалла раисларигача  ҳаромхўр бўлиб кетиб маҳалладаги кам таъминланган оилалар, фарзанд туққан оналар олиши керак бўлган пулларни турли йўллар билан ўзлаштириб ейишаётганини гапириб, буни оқибатида махкамада сўроққа чақирилиб "сиз давлатимиз сиёсатига қаршимисиз?" деб сўроққа тутилмаган.
Одамлар турли усуллар ёрдамида қўрқувда ушлаб турилганини билмаган.
Ишида ишлаб, дўстлари билан ҳар кун маишатини қилиб юраверган.

Ана шу учун хам у 2016 йилдан буёғига катта ўзгаришлар бўлаётганини, энди одамлар эътиқоди учун, кўчада гапирган гапи учун, аёллар бошидаги рўмоли учун таъқиб қилинмаётганини, аксинча энди бутун мамлакат бўйлаб Қуръон, ҳадис мусобақалари ўтказилаётганини, аёлларнинг рўмолига ҳеч ким осилмаётганини(бу масалада ҳали қилинадиган ишлар бор, аммо улар бошқа мавзу), мамлакатдаги ёпиқ турган кўплаб масжидлар бугун очилиб у ерда одамлар ибодат қилаётганларини, энди одамлар  қўрқувда, хавотирда яшамаётганини, булар эса кам ўзгариш эмаслигини балки тушунмаётгандир.

Ана шундай баҳслардан бирида у "ҳозир, ўша 2016 йилдан олдинги даврни қоралаётганларнинг аксарияти ўша даврда ҳам ишлашган-ку. Ўша даврда одамларга қилинган ноҳақликларда иштирок этишган-ку" деб қолди. Шунда мен унга Собиқ Иттифоқни Сталиндан кейин бошқарган Никита Хрушевни эслатдим. Никита Хрушев 1956 йилда, КПССнинг 20-съездида Сталинни "у қонхўр ва золим эди" деб таърифлаган машҳур нутқини гапиради. Ўша нутқида у Сталин даврини қоралайди ва Сталин ва унинг тузуми томонидан халққа қилинган жиноятларни эътироф этади. Ўша пайтда Сталин вафот этганига унча кўп бўлмаган, халқнинг аксар қисми ҳали ҳам уни "ота" деб билар,  унинг зулмини кўрмаган инсонлар уни шунчаки ёмонламас, унинг зулми остида эзилган инсонлар эса уни ёмонлаб гапиришга қўрқар эдилар. У вафот этган куни аза очиб йиғлаган халқ ҳали ҳам уни номини ҳурмат билан тилга олар, шоп мўйловли суратини эса уйининг тўрига илиб қўйган эди. Ана шу пайтда томдан тараша тушгандай Никита Хрушев уни "қонхўр жаллод" деб ўтирибди.
Албатта, шундоқ ҳам қўрқув салтанатидан чиқиб келган халқ янги раҳбарга нима деса ҳам лом-лим дея олмас, Сталин даврида "даврини сурган" айримлар ич-ичларидан унинг Сталин ҳақидаги рози бўлмас эдилар. Аммо...
Аммо, Сталиннинг жазо машиналари орасида суяклари синдирилган миллионлаб инсонлар Хрушевнинг ўша нутқини ҳайрат ила, зўр мамнуният билан кутиб олдилар.

Никита Хурушевнинг ўша нутқидан кейин мамлакатдаги қўрқув исканжаси чекинди. Одамлар бироз енгил нафас ола бошладилар. Кечалари билан ухламай "мени ҳозир олиб кетгани келиб қолишади" деб жон ҳовучлаб эрталабгача ухламай ўтириб чиққан инсонлар энди хотиржам ухлай бошладилар.  Мамлакатдаги кўплаб соҳа одамлари бироз эркинликни ҳис қила бошладилар. Дўстимни мантиғига кўра Никита Хрушев ҳам урушдан кейин то ўлгунича Сталинни ёнида юрган, унинг қатағон машинасининг мурватларини кимларгадир қўшилиб бураган ва қатағонларда у ҳам қатнашган эди. Аммо, ўшанда у ўша зулмларда мажбурликдан қатнашган ва буни ич-ичидан истамаган экан. Акс ҳолда у ўша машҳур нутқини гапирмас ва Сталинни "қонхўр ва жаллод эди" демас эди. Ўшанда Хрушев Сталин тиклаган ёвузлик салтанатида ҳеч нарсани ўзгартирмай ҳукмронлик қилавериши ва ҳаммасини қўлига олиб  ҳукмини суриб яшайверса ҳам бўларди. Аммо у буни хоҳламади ва мамлакат ҳаётини, одамлар онгини ўзгартириб юборган машҳур нутқини гапирди ва мамлакат ҳаётини ҳам, одамлар онгини ҳам ўзгаришига сабаб бўлди.
Албатта, Хрушев ҳам бошқалар қатори хатолардан холи бўлмаган. Аммо унинг энг катта хизмати бу ўша даврда Сталин қатағонлари туфайли одамлар онгида ўрнашиб қолган  қўрқув ҳиссини йўқота олгани эди.
Унинг ўша нутқидан кейин Сталин шахсига сиғиниб юрганларнинг айримлари ундан хафа бўлишди. Аммо ундан хафа бўлганлардан кўра, тарихий адолатни қарор топтиргани учун ундан миннатдор бўлган мазлумларларнинг сони кўп эди.
Ўшанда Хрушевни ёнида турган инсонлардан бири "нега шу гапларингни Сталин тириклигида айта олмагансан" деб сўраганида у "агар шу гапни ўша пайтларда Сталинга эмас, кўчадаги оддий нотаниш бир инсонга айтганимда ҳам ҳозир сен мени қабримга гул қўйиб келиб юрган бўлар эдинг" деб жавоб берган экан.

Гап Хрушевдан кетар экан ёзувчи Тоҳир Малик домла ўзининг "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" автобиографик китобида Хрушев билан боғлиқ бир ишни эслайди. Домла ўтган асрнинг 80-йилларидп Москвада бўлганида қабристонлардан бирига қайсидир адибни қабрини зиёрат қилгани боради. У ерда ўша адиб билан Хрушевнинг қабри ёнма-ён жойлашган экан. Қараса қабрда кўплаб янги узилган гуллар қўйилган эмиш. Бунга қабристон назоратчиси "кўмилганидан бери унинг қабрига турли одамлар доим гул қўйиб кетадилар. Бу иш бирон кун канда бўлгани йўқ" деб айтиб беради. Бу воқеага изоҳ берар экан, Т. Малик домла Хрушевнинг фаолияти ҳам хатолардан холи бўлмаган бўлса-да у Сталиндан қолган ёзувлик салтанатини парчалаб ташлаганини ва бу ўз даврида катта қаҳрамонлик бўлганини ёзади ва унинг ўша ишидан миннатдор бўлган кишилар ҳанузгача унинг қабрига гул қўйиб кетаётган бўлишлари мумкинлигини эътироф этади.
Ён атрофини ўша, ёвузлик салтанатининг гумашталари ўраб турганига ва унинг бошлаган ислоҳотларига қарши бўлганлар кўп бўлганига қарамай Хрушев катта юрак билан, жасорат билан Сталиндан мерос қолган ёвузлик салтанатини йиқита олди.
Ўшандан кейин ёвузлик салтанатининг жазо машиналарига тушиб мажақланиб ўлиб кетган, яримта бўлиб қолган миллионлаб инсонларнинг ишлари қайтадан кўриб чиқилди ва улар батамом оқланди. 

2016 йил, сентябрь ойидан кейин бизда бўлаётган ишларни Хрушев ислоҳотларига қандай боғлиқлик жойи борлигини билмайман. Аммо шуни биламанки бизда ҳам тепамиздаги  шахс бир пайтлар ўзи ҳам 2016 сентябргача бўлган қўрқув тузумида ишлаган бўлса ҳам ўша тузумнинг қилган ишларига ич-ичидан асло рози бўлмаганини билдираяпти. Шу учун ҳам бугунги кунда ҳамма соҳада ислоҳотлар бошлаб, ҳаммасини ўнглашга уринаяпти. У 2016 йил сентяр ойидан кейин ҳам ўша эски тузумни йўлидан кетаверса ва ҳеч нарсани ўзгартиришга уринмай "Ўзбекистон келажаги буюк давлат" деб шиорларни ёздириб, камига ўша шиор ёнида портретини илдириб мазза қилиб юраверса ҳам ҳеч ким унга индай олмас эди. Аммо у бошқа йўлдан кетди. Ўтган йигирма олти йил тушунарсиз ва хато тизимда яшаганимизни, одамлар қўрқувда ушланганини, қилган хатоларимизни тан олаяпти ва ҳаммасини ўзгартириш учун вақт сўраяпти, бирдамлик сўраяпти. Мен унга ишонаяпман. Худо хоҳласа ҳали яхши кунларимиз олдинда.