Қонун устиворлиги – эсимни таниганимдан бери бу сўзларни эшитаман. Бу сўзларнинг маъноси менинг фикри ожизимча қонун ҳамма нарсадан устун ва энг аввало унга итоат қилиш ва ҳар қандай ҳодисага қонунан баҳо бериш, қонунан чора кўриш керак деганидир.
Аммо, шундай бўлаяптими? Мамлакатимизда қонун устиворлиги қай даража? Оддий одамлар ҳам, мутасадди шахслар ҳам қонун устиворлигига қанчалик амал қилишади? Ҳамма ишларга қонунга асосланиб, қонунан чора кўрилаяптими?
Мени фикримча бизда ҳали қонун устиворлиги ўрнатилиши учун, уни ўрнатиб бўлса, албатта, анча бор. Кеча ҳам, бугун ҳам аҳоли назаримда ҳар қадамда қонун бузилишига дуч келди ва келаяпти.
Келинг, бизда шу пайтгача қонун устиворлиги бўлмаганини исботлаш учун тарихни ёзиб ўтирмай, бу кимларгадир ёқмаслиги мумкин(кимлардир деганда 26 мусаффо осмон остида яшадик деб ўша даврни мақтайдиганларни назарда тутаяпман), охирги пайтларда содир бўлаётган воқеаларни мисол қилиб келтира қолай.
Яқинда Андижоннинг Жалақудуқ туманидан бўлган бола ўн кундан ошиқроқ вақтга таг туги билан йўқолди. Исбот талаб қилмас факт шуки уни уйидан Ички ишлар ходимлари олиб кетишган. Бунга сабаб эса, гарчи ўша Ички Ишларнинг Андижон вилоят бошқармасида ишлаётган юқори лавозимли шахснинг ўзи инкор қилган бўлсада унинг енгил машинасининг юкхонасида бўлган VSF ҳарфлари урилган номерни кўриб қолгани, видеога олгани бўлди. Билишимча нимададир гумонланувчини Ички Ишлар идоралари 72 соатдан ошиқ ушлаб туришга ҳаққи йўқ, ундан уёғига суднинг қарори керак. Шу ўринда шу ишга ҳам ўзимнинг фикримни билдириб кетай, менга қолса гумонланувчини шундоқ идорага олиб кетиш учун ҳам олдин суднинг қарорини олиш лозимлигини жорий қилиш керак. Ёки жа нари борса 1 сутка қип қўйиш керак. Жалақудиуқлик бола эса ўн неча кун суднинг қарорисиз қаерларгадир тиқиб қўйилди. Бу иш қонунга тупириб қўйиш бўлди.
Яна бир ҳолат Фарғона вилоятидаги чегара ҳудудида бир болани Чегара қўшинларида хизмат қиладиган йигитлар куппа-кундузи, ўша ерда яшовчи аҳолининг кўзи ўнгида муштлаб, яна бейсбол таёқчаси билан аёвсиз уриб, сочидан тортиб азоб беришгани ҳолати. Чегара қўшинлари мутасаддилари бу ишга изоҳ берар экан, ўзининг ходимлари ҳатти-ҳаракати нечоғлик қонуниний бўлганини изоҳлашдан кўра калтак еган йигитнинг "у ўзи фалон бўлган, писмадон қилган" таржимаи ҳолини ёзиб чиқди. Ўша йигитлар олдин ҳам қонунни бузган бўлиб чиқсин, бу чегара қўшинлари ходимларига уларни уриб, сочидан судраб азоб бериш ҳуқуқини бермайдику.
Яна бир иш бу Олмазор туман ҳокимининг собиқ ўринбосари А. Ваҳобов ва кун.уз мухбири Р. Исроилов ўртасида бўлган можаро бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ҳеч қандай чора кўрилмагани. Ҳодисада Ваҳобов айбдорлиги аниқ. Сабаби, у олдинига Исроилов олдимга келиб ўзини таништирмади деди, эртаси куни эса у 6 ой олдин келиб менга пора таклиф қилиб ер сўраган эди деди. Исроилов эса у билан ўша можаро бўлган куни илк марта кўришгани ҳақида айтиб чиқди. Ана шундай ҳолатда ўртоқ прокурорларимиз наздида Ваҳобовни айблаш учун деталлар, аргументлар етарли эмас экан. Аслида эса, мени фикримча ҳаммаси етарли.
Очиғи, қонунни биргина мутасаддилар эмас, оддий одамлар ҳам бузиб туради. Мен оддий одамларнинг ҳам қонунни бузишдарини оқламаган ҳолда айтаман, оддий одамларнинг қонунга амал қилмаслигидан кўра, мутасаддиларнинг қонунга амал қилмаслигини оқибатлари ёмон ва кенг кўламда бўлади. Қолаверса қонун устиворлигини ўрнатишда олдин мутасаддиларнинг қонунга итоат қилишларининг аҳамияти катта. Тўғрида, халқни йиғиб мажлис ўтказиб қонун устивор бўлиши лозимлиги ҳақида ваъз ўқисаю, ўзи ва ташкилоти қонунга итоат қилмаса, унда ўша ваъзнинг фойдаси бўлмайди. Қачонки олдин мутасаддилар қонунга итоат қилса, ана шунда қонунга итоат қилишда халқни ҳам ўз ортидан эргаштира олади. Акс ҳолда эса юраверамиз қонун устивор бўлмаган жамиятда қонун устиворлигидан ваъз ўқиб.
Комментариев нет:
Отправить комментарий