суббота, 17 августа 2019 г.

ГКЧП қандай содир бўлган эди?

Уч кун яшаган Фавқулодда вазият давлат қўмитаси, СССР тарқаб кетишини тезлаштирган ҳодиса ҳақида

ГКЧП–Государственный Комитет по чрезвычайному положению, ўзбекчаси ФВДҚ–Фавқулодда вазият бўйича давлат қўмитаси бундан роппа-роса 28 йил аввал, бор йўғи уч кун давлат тўнтариши ортидан СССРда ҳукмрон бўлган қўмита номи.

1985 йил, 11 март санасида СССР "тахти"га ўтириб, Совет Иттифоқи коммунистик партиясининг биринчи котиби лавозимини олган Михаил Сергейевич Горбачёв сал ўтмай мамлакатда "қайта қуриш" номи остида янги ислоҳотлар бошлаганини маълум қилди. Олдинига ислоҳотларнинг олдинга силжиши бироз сустроқ бўлди. Ахир, Сталин вафотидан кейин 30 йилдан ошиқ вақтда бир хил тартибда ишлаб келган амалдорларни ўзгартириш жуда қийин эди. Аммо, 1986 йилдан бошлаб мамлакатдаги аксарият тартиблар ўзгарди. Биринчи навбатда Горбачёв 1986 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган КПСС нинг 27-съездида Афғонистондаги беҳуда урушни тўхтатиш ва қўшинларни босқичма босқич бу мамлакатдан олиб чиқиш ҳақида гапирди. Шундан сўнг ўша йили октябрь ойида илк 6 полк Афғонистондан олиб чиқилди. Шунингдек Горбачёв мамлакатда коммунистик партиянинг гегемонлигига чек қўядиган қарор қабул қилди ва энди одамларга бошқа партиялар тузишга ҳам рухсат берилди. Шунингдек диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлди ва мамлакатда 1991 йилгача кўплаб турли конфессияларга тегишли бўлган ибодатхоналар қайта очилди, янгилари қурилди.
Сўз эркинлиги масаласида жуда катта олдинга силжишлар кузатилди.
Энг муҳими, турли миллатларда миллий ўзликни англаш, шу жумладан мустақилликка интилиш ҳаракатлари бошланди. 1987-88 йиллардан бошлаб Болтиқбўйи давлатлари 1940 йилда СССР уларни зўрлик билан босиб олгани, шу туфайли энди улар СССР таркибидан чиқиб мустақил бўлишлари ҳақида турли чиқишлар қила бошладилар.
1990 йилга келиб, бир пайтлар иккинчи қутб сифатида дунёни титратган СССРнинг тарқаб кетиш эҳтимоли анча ойдинлашди. Бу пайтга келиб Болтиқбўйи давлатлари СССР бошқаруви остидан чиққанларини бир томонлама эълон қилиб, ўзларини ўзлари бошқариш йўлига ўтган эдилар. Шунингдек, 1990 йилга келиб бир пайтлар социалистик тизимнинг муҳим бўлаклари сифатида СССРнинг қаноти остида унга суянчиқ бўлган Шарқий Европа давлатлари бўлмиш Польша, Болгария, Венгрия, Руминия, Югославия, Чехословакия, Албания каби мамлакатлар социалистик бошқарув усулидан воз кечиб, Ғарбий Европа томон юз бурдилар. Ўшанда уларда мамлакат раҳбари бўлиб турган раҳбарларнинг айримлари бу ишларга ўзлари бошчилик қилган бўлсалар, айрим қаршилик қилганлари халқ томонидан ағдариб ташланди. Буни ортидан социалистик тузумларнинг ҳарбий бўлинмаларини бирлаштирган ва бир пайтлар НАТОга қарши куч ўлароқ ташкил этилган Варшава Шартномаси Ташкилоти(ВШТ, рус.ОВД) ҳам 1991 йил, 1 июль санасида тарқаб кетди. Бунгача эса Шарқий Европадаги собиқ социалистик мамлакатларда СССР ҳарбий базаларини фаолият юритишига қарши кўплаб намойишлар ҳам бўлиб ўтди ва буни натижасида СССР Шарқий Европадаги бир қатор мамлакатлардаги ўз ҳарбий базаларини ёпиб, уларда фаолият юритган қўшинларини СССРга қайтарган эди.

СССРнинг Европа марказидаги муҳим таянч нуқтаси, Германия демократик республикаси 1990 йил, 3 октябрда йилда Германия федератив республикасига қўшилди ва шу тариқа Германия бирлашди. СССР эса Европа марказидаги муҳим таянч нуқтасидан айрилди. СССР аҳолиси бу воқеаларни синчковлик кузатар ва шуни ортидан СССРда яшовчи турли миллатлар, иттифоқдош республикаларда мустақиллик учун ҳаракатлар кучайиб бораверди. Шу йўлда, 1990 йилда иттифоқдош республикаларнинг аксарияти Мустақиллик декларациясини қабул қилди.
Маълумот: Ўзбекистон ўзининг Мустақиллик декларациясини 1990 йил, 20 июнда қабул қилган.

Мустақиллик декларациясининг бирин-кетин қабул қилиниши–бу иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик йўлида қўйган илк муҳим қадамлари эди.
1991 йилга ўтиб эса мустақиллик учун ҳаракатлар бироз жонланди.
Ўша пайтда СССР раҳбари сифатида ишлаб келаётган Гобачёв 1988-89 йилларда ҳам, 1990-91 йилларда ҳам мамлакатнинг турли ҳудудларида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бирмунча хотиржам қаради. Айниқса 1990-91 йилларда СССРнинг турли ҳудудларида мустақиллик учун қилинаётган ҳаракатларга ҳам бирмунча босиқ муносабатда бўлди. Аммо, Москвада ўтирган СССРнинг бир нечта юқори мартабали шахсларига ўша пайтда СССРда рўй бераётган ҳодисалар маъқул келмади ва улар Горбачёвни ҳодисаларга муносабат билдиришда кўнгилчанлик қилаётганликда айблашди.
1991 йил, 17 март куни СССРда умумхалқ референдуми ўтказилди. Унда қатнашган аҳолининг 77.85% СССРни сақлаб қолиш учун овоз берди. Шундан сўнг Горбачёв СССРни тарқатиш ва унинг ўрнига Мустақил давлатлар иттифоқи Конфедерациясини тузиш режасини эълон қилди. Режага кўра 20 август куни иттифоқдош республикалар раҳбарлари Мустақил давлатлар Иттифоқи конфедерацияси битимини имзолашлари керак эди.
Бу режа СССРни сақлаб қолиш тарафдорлари бўлган кўпгина раҳбарларга ёқмади.

1991 йилнинг 4 август куни Горбачёв дам олиш учун Қримдаги ҳукуматга тегишли Форос дам олиш резинденциясига жўнаб кетди. 16 август куни Горбачёв Форосдан туриб 20 август куни таътилдан қайтиши ва иттифоқдош республикалар билан Мустақил давлатлар иттифоқи Конфедерацияси шартномасини имзолашини маълум қилди.

1991 йил, 18 августдан 19 августга ўтар кечаси СССР президенти Горбачёвнинг мамлакатда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатидан норози бўлган бир гуруҳ раҳбарлар унинг СССРни тарқатиб юбориб ўрнига Мустақил давлатлар иттифоқи Конфедерациясини тузишига қарши чиқиб, СССРда давлат тўнтариши уюштирдилар ва Горбачёвни Қримда, ҳукуматга қарашли Форос дала ҳовлисида дам олаётган жойида назоратга олиб, унга СССРни тарқатиш ва ўрнига Мустақил давлатлар иттифоқи Конфедерациясини тузиш ҳақидаги режасини бекор қилиш талабини қўядилар. Аммо, Горбачёв бу талабга кўнмайди. Шундан сўнг улар Горбачёвни дала ҳовлидан чиқа олмайдиган қилиб назоратга оладилар ва мамлакатда Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси тузилганини ва мамлакатни вақтинча шу қўмита бошқариши ҳақида бутун мамлакатга телевидения ва радио орқали эълон қилдилар.

Уларнинг давлат тўнтаришини содир этишларига асосий сабаб СССРни сақлаб қолиш эди. Улар Горбачёв 1991 йил, 20 август куни СССРни тарқатиб юбориш ва унинг ўрнига Мустақил давлатлар иттифоқи конфедерациясининг тузилишини эълон қилса ўзлари эгаллаб турган мансабларидан айрилишлари аниқлигини яхши билар эдилар. Шу учун ҳам улар СССРнинг тарқатиб юборилиб, ўрнига Мустақил давлатлар иттифоқи конфедерациясининг тузилишига мутлақо қарши эдилар.
Улар, мамлакат бошқарувини қўлга олар эканлар давлат тўнтариши қилганлари ҳақида умуман гап бўлмади. Фақатгина Горбачёв охирги пайтларда СССРни бошқариш лаёқатини йўқотганини, шу туфайли мамлакат тақдири жар ёқасига келиб қолгани, Горбачёв охирги кунларда соғлиги ёмонлашгани туфайли истеъфо бергани ва даволанаётгани, шу сабабли мамлакатни янги раҳбар тайинлангунча ушбу қўмита бошқариб туриши ҳақида телевидения ва радио орқали узундан-узун мурожатномани ўқиб бердилар.

Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси таркибида СССР вице-президенти Геннадий Янаев, СССР Бош вазири Валентин Павлов, СССР Ички Ишлар вазири Борис Пуго, СССР Мудофа вазири Дмитрий Язов, СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раҳбари Владимир Крючков, СССР Мудофа вазирининг 1-ўринбосари Олег Бакланов, СССР Деҳқонлар иттифоқи раиси Василий Стародубцев, СССР Қурилиш, Транспорт, Алоқа ва Давлат корхоналари ва объектлари ассоциацияси президенти Александр Тизяковлар бор эдилар.

Шунингдек уларни СССР Мудофа вазирининг ўринбосари, қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Валентин Варенников; СССР Президенти аппарати раҳбари Валерий Болдин; КПСС МҚ котиби, Сиёсий бюро аъзоси Олег Шенин; СССР Президентини қўриқлаш хизмати бошлиғи Вячеслав Генералов; КГБ СССР ДХҚ  қўриқлаш хизмати бошлиғи Юрий Плеханов, СССР Олий Кенгаши раиси Анатолий Лукьянов ва яна бир қатор юқори мартабали амалдорлар қўллаб-қувватладилар.

Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитасини ДХҚ нинг "Альфа" гуруҳи, Мудофа вазирлигининг Дзержинский, Ҳарбий десант қўшинларинирг Тула дивизияси, Таман мотоўқчи дивизияси ва Кантемир дивизиялари актив қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек давлат телерадиокомпанияси ҳам ФВДҚ ихтиёрига ўтди.
Қўмита раҳбари СССР вице-президенти Геннадий Яннаев бўлди.

1991 йил, 19 августда "мамлакат раҳбари Горбачёвнинг соғлиги ёмонлашгани туфайли, мамлакат конституциясининг 127.7-моддасигига кўра Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси мамлакат бошқарувини ўз қўлига олганини" эълон қилган ФВДҚ мамлакатнинг айрим ҳудудларида фавқулодда вазият жорий этилганини эълон қилди.
Шунингдек ФВДҚ мамлакатда коммунистик партиядан бошқа партиялар фаолиятини тақиқлади. Митинглар уюштириш, намойиш ўтказиб кўчаларга чиқишларни ҳам тақиқлади.

Яна бир қарорга кўра эса "Труд", "Рабочая трибуна", "Известия", "Правда", "Красная звезда", "Советская Россия", "Московская правда", "Ленинское знамя", "Сельская жизнь" газета ва журналларидан бошқа ҳар қандай газета журналларни чоп этиш тақиқланди.
Бу пайтда мамлакат раҳбари Горбачёв Қримдаги Форос ҳукумат дала ҳовлисида ташқи дунёдан узилган ҳолда назорат қилинди.

1991 йил, 19 августда армия бўлинмалари ва ҳарбий техникалар Москва шаҳридаги барча шоҳкўчаларни назоратга олди. Айниқса Кремлга келадиган йўллар қаттиқ назорат қилинди.
Ўшанда Москва шаҳрига 4000 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 362 та танк 427 та бронтранспортер ва БМП лар олиб кирилган эди.
Шунингдек Ленинград, Таллин, Тбилиси, Рига шаҳарлари атрофига қўшимча ҳарбийлар жалб қилинди.

Турли шаҳарларда ҳарбий бўлинма ва техникаларнинг киритилиши Москва ва яна бир қанча шаҳарларда оммавий намойишлар бошланиб кетишига сабаб бўлди.
Одамлар СССРнинг йирик шаҳарлари бўлган Ленинград, Киев, Минск ва бошқа шаҳарларда ФВДҚга қарши намойишларга чиқдилар.
ФВДҚнинг Горбачёвни Қримдаги ҳукумат дала ҳовлисига қамаб қўйиб, мамлакат бошқарувига эгалик қилишни бошлаши ўша пайтда аксарият соғлом фикрли кишиларга ёқмади. ФВДҚ аъзолари ўз баёнотларида "Горбочёвнинг соғлиги ёмонлашгани учун" дейишгани билан кўпчилик давлат тўнтариши бўлганини билиб бўлган эди.
Ўша ҳолатда ФВДҚга энг асосий қарши куч сифатида ўртага РСФСР раҳбари Борис Елцин ва у бошчилигидаги РСФСР раҳбарияти чиқди. Елцин ўша кунларда кетма-кет иккита фармон эълон қилди. Уларда ФВДҚнинг мамлакатга вақтинчалик раҳбарлик қилаётгани ноқонуний экани, улар Горбачёвни соғлиги ёмонлашди деб халқни алдаётгани, аслида эса улар СССРда давлат тўнтариши амалга оширгани, шу учун РСФСР раҳбари ва у бошлиқ раҳбарият ФВДҚ нинг ҳеч қандай қарор ва буйруқларига бўйсунмаслигини, мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари бўлган Горбачёвни ўз қонуний ўрнига қайтариш ҳақида ёзилган эди.

Шундан сўнг РСФСР Олий кенгаши жойлашган бино(кейинчалик у "Оқ уй" деб аталди)ФВДҚга қарши кураш маркази бўлди ва давлат тўнтаришига қарши бўлган кўп минг сонли москвалик намойишчилар намойиш ўтказиш учун шу бино олдига тўпландилар.
Бино атрофига Таман дивизиясининг аскарлари келиб жойлашишди.

Шунда Борис Елцин Таман дивизиясига қарашли танклардан бирининг рўпарасига чиқиб ўзининг "Россия фуқароларига мурожат"ини ўқиб берди. У ўз мурожатида ФВДҚ мамлакат конституциясини қўпол равишда бузиб, мамлакатда давлат тўнтариши уюштирганини, ҳар бир фуқаро ФВДҚнинг ушбу ноқонуний ишлига ўзининг муносабатини билдириши ва мамлакатнинг қонуний раҳбарини ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиши лозимлиги ҳақида гапиради.
Ўшанда мурожат остига РСФСР президенти Борис Елцин, РСФСР Министрлар Кенгаши раиси Иван Силаев, РСФСР Олий кенгаши раиси Руслан Хасбулатовлар имзо чекишган эди.

1991 йил, 19 август куни кечки пайт ФВДҚ аъзолари матбуот анжумани ўтказдилар. Унда СССР бош вазири Валентин Павлов ҳам қатнашди.
ОАВ ходимлари берган турли-туман саволлар олдида ўшанда ФВДҚ бошлиғи Яннаев анча асабийлашди. Буни ҳатто матбуот анжуманини телевизорда томоша қилаётган томошабинлар ҳам сезишди.

1991 йил, 20 август куни Москвада ФВДҚ га чарши катта ва кўпминг сонли намойишлар бошланиб кетди. Шундан сўнг ФВДҚ Москвада комендантлик соатлари жорий этди.
Оқ уй атрофида бинони ФВДҚ буйруқларига бўйсиниб ҳаракатланаётган ҳарбийлардан ҳимоя қилиш учун қурол кўтарган кўнгиллилар отрядлари пайдо бўлди.
Уч кун ичида маълум бўлдики, ФВДҚ нинг давлат тўнтаришини фуқаролар мутлақо қўллаб-қувватламади. Шундан сўнг Москвада жойлашган ҳарбийлар Елцин бошчилигидаги демократик кучлар тарафига ўтганларини эълон қилдилар.
Шундан сўнг, 1991 йил, 21 август куни Москвадан ҳарбий қўшинлар ва ҳарбий техникаларни олиб чиқиш бошланди. Ўша куни  соат 11:30 да  РСФСР Олий кенгашининг навбатдан ташқари фавқулодда сессияси иш бошлади
Сессияда депутатлар РСФСР бош вазири Иван Силаев ва РСФСР вице президенти Александр Руцкойга Қримга бориб, Горбачёвни озод қилиб Москвага олиб келиш топшириғини қўйди.
22 август куни Ту-134 самолётида Россия ҳукумати раҳбарлари Горбачёвни озод қилиб, оиласи билан бирга эсон-омон Москвага олиб келди.

Шундан сўнг ФВДҚ барча аъзолари қўлга олинди. Уларга РСФСР Жиноят кодексининг 64-моддасига кўра Ватанга хиёнат қилиш айби қўйилди. Қамоққа олинишлар бошланганда давлат тўнтариши қатнашчиларидан бири бўлган СССР Ички ишлар вазири Борис Пуго ўз жонига қасд қилди.
Қамоққа олинганлар орасида СССР Олий Совети раиси Лукьянов ҳам бор эди.

Шундан сўнг тергов бошланиб кетди. Орадан бироз ўтиб ФВДҚ уюштирганлар турли муддатларга қамоқ жазоси олдилар.
1994 йил, 23 февралда Россия Давлат Думаси томонидан эълон қилинган амнистияга кўра ФВДҚ аъзоларининг ҳаммаси авф қилинди ва қамоқда сақланаётганлари қамоқдан озод қилинди.

Ўшанда СССР аҳолиси уч кун таҳликада яшади. Айниқса ҳарбийлар томонидан ўраб олинган Москва шаҳрида вазият анча оғир эди. Алалоқибат тинч аҳоли вакилларидан уч кишининг ҳалок бўлганини айтмаганда ҳаммаси яхшилик билан тугади.

Энг муҳими ФВДҚ аъзоларининг давлат тўнтаришига уриниши СССРнинг тезроқ тарқаб кетишига сабаб бўлди. Бу ҳодисадан кейин иттифоқдош республикалар аввал режалаштирилган Мустақил давлатлар Иттифоқи битимини ҳам имзолашни хоҳламадилар ва ўз мустақилликларини эълон қилдилар.
Болтиқбўйи республикалари биринчи мустақилликларини эълон қилган бўлсалар, Қозоғистон энг охирида, 1991 йил, 16 декабрда ўз мустақиллигини эълон қилди.
1991 йил, 25-26 декабрь кунлари СССР Олий Совети Республика Кенгаши СССРни тугатилгани ҳақида декларация қабул қилди. Горбачёв СССР президенти лааозимидан кетганини эълон қилди ва шу тариқа, 70 йил мобайнида дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган катта бир қудратли давлат парчаланиб кетди. Шу нарсани таъкидлаш лозимки, ўшанда ФВДҚ давлат тўнтаришини содир этмаганида ҳам бу давлат барибир парчаланар эди. Сабаби, юқорида ҳам ёздим иттифоқдош республикаларда миллийликка қайтиш, мустақил бўлишга уриниш ўзининг юксак чўққисига чиққан ва СССР раҳбари сифатида Горбачёв бу ишларга анча хотиржам қараётган эди.

Шунингдек, 1989-1990 йилдан бошлаб СССРнинг турли ҳудудларида миллатчилик авж ола бошлади. Буни натижасида Озарбайжонга тегишли Тоғли Қорабоғда этник арманилар Боку бошқарувига қарши исён кўтариб, ўртада қуролли можаро бошланиб кетди. Грузияда эса мухторият ҳуқуқига эга бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия исён кўтариб мустақил бўлишини эълон қилди.
Қирғизистон жанубида қирғизлар этник ўзбекларга тажовуз қилиб, қонли можаро келтириб чиқардилар. Молдавияда асосан руслар ва гагаузлар яшайдиган Принестровье ўлкасида Кишинёв бошқарувига қарши исён бошланди. Шу тариқа, 1990 йилдаёқ том маънода бошбошдоқликлар юзага келиб, бундай ҳолатда СССРнинг давлат сифатида узоқ яшамаслиги ойдинлашиб бўлган эди. ФВДҚ нинг давлат тўнтаришига уриниши эса асосан СССРни сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракат эди. Бу иш муваффақиятсизликка учрагач СССРнинг парчаланиши содир бўлди ва шу тариқа СССР номи ҳам, давлати ҳам тарих қаърида қолиб кетди. Жаҳон харитасида эса ўн бешта янги мустақил давлат пайдо бўлди.
Тарихчилар ва таҳлилчилар СССРдай катта ва кўпмиллатли давлатни  урушларсиз ва қон тўкилмасдан тарқашини шу давлатда яшаётган турли миллатлар учун ҳам, тарих учун ҳам муваффақиятли ҳодиса деб ҳисоблайдилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий