Ш. Рашидовни "Қудратли тўлқин" романини муҳокамада озгина танқид қилганимдан кейин Саида учун ҳам, мен учун ҳам ҳамма йўллар ёпилди. На матбуот, на босмахона, на радио, на тв, ҳаммаси биз учун бекилди.
Шундай қийин кунларнинг бирида Яшин ака чақириб қолди. Қисқагина учрашувда у бизга матбуот эшиги биз учун ёпилганини билдик.
– Мафкура бўлим бошлиғи Нишоновга учрашайлик, аҳволни тушунтирайлик, – дедим.
– Нишонов билан иш битмайди. Энг юқорига чиқиш керак, – маслаҳат берди Яшин ака. Бир уриниб кўраман. "Биринчи" билан учраштиришга ҳаракат қиламан.
Учрашишимиз лозим бўлган куни эрталаб 9 дан, кечки 5 гача Марказқўм эшигида ўтирдик. Тинкамиз қуриб, чарчаб, ҳолдан тойдик. Олим Ҳафиз Абдусаматов ўша ерда ишлар эди. Эрталабдан бери ўтирганимизни кўрган экан. Олдимизга чиқиб нима иш билан келганимизни сўради. Шундан кейин у бутун жавобгарликни ўз бўйнига олиб ичкарига киришимизга рухсатнома олиб берди. Ичкарига кириб "Биринчи"нинг эшиги олдида ҳам 2 соат кутдик. Котиба кириб биз келганимизни айтса ҳам бизни чақирмади. Охири унинг ҳам уйга кетадиган пайти бўлди. Аммо, бизни кўришга тоқати йўқ эди. Лекин, бир кабинетда ўтира олмайди-ку. Бизни ичкарига чақиришга мажбур бўлди.
У бизни жуда совуқ кутиб олди. У нима мақсадда келганимизни билар эди. Шу учун гапни чалғитиб, қўриқ ерларни ўзлаштириш соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида бир соатча гапирди. У тез-тез соатига қарар, "кетақоласаларинг бўларди" дегандай бизга мутлақо алоқаси йўқ гаплар билан тинкамизни қуритар эди.
– Сурхондарёга кетишим керак. Бошқа гапларинг бўлмаса сизларга жавоб, – деди у бир пайт.
– Биз учун ҳамма йўллар бекилди, сабабини билолмаяпмиз, – деди Саида. Ўзингиз биласиз, адабиётдан бошқа тирикчилигимиз йўқ. Сиздан ёрдам сўраб келдик. Айтинг, йўлларимизни очиб қўйишсин.
Бу гап унга малол келгандай бўлди.
– Бу ишларга мени қандай алоқам бор? Бирор номаъқул иш қилгандирсизларки, йўлларингизни бекитишган. Устозингиз ёрдам бермадими?
У устозинг деб А. Қаҳҳорни айтаётган эди.
– Биз куротларга бормасак. Сайр-саёҳат қилмасак. Бирдан-бир борадиган жойимиз ёзувчилар боғи. У ерда Қаҳҳор билан қўшнимиз. Кўз-кўзга тушганда саломлашмасдан ўтиб кетишга андиша қиламиз.
Саиданинг гапи унга таъсир кўрсатди шекилли, сал юмшади:
– Кўришманглар демайман, кўришинглар. Аммо эҳтиёт бўлинглар. Қаҳҳор яхши одам эмас. Унинг этагидан ушласанглар косаларинг оқармайди. Ўша ерда Уйғун яшайди. В. Зоҳидов бор. Шевердин яшайди. Ана ўшаларникига боринглар. Улар соф одамлар.
У ўзининг қанчалик ёлғон гапираётганини ўзи билиб турар эди.
– Энди мени қамамайдими? – дедим мен.
– Йўқ, – деди у.
– Тўрт йилдан бери босмага тайёрлаб қўйилган китобим чиқмаяпти. Агар шу китобим чиқмаса, билмадим рўзғорни қандай ўтказамиз?!
– Айтаман, чиқазишади, – деди у.
11 соат кутиб учрашганимиз, холоскоримиз деб ўйлаганимиз раҳбар олдидан қуп-қупуқ бўлиб чиқиб кетдик. Китобим ҳам чиқмади. Матбуот эшиклари Саида иккаламиз учун ҳам очилмади.
Украинада бир қиссам чоп этилиб рўзғорни бир нави ўтказиб турдик.
Бизга нега бунақа муносабат бўлаётганини Саида иккаламиз ҳам яхши билар эдик. Ҳаммаси, ўша "Қудратли тўлқин"ни танқид қилганимдан кейин бошланган эди.
Саид Аҳмад, "Йўқотганларим ва топганларим"
P.S. С. Аҳмад ёзаётган ушбу воқеалар Ш. Рашидов билан содир бўлади. Лекин, эсдаликларни ўқиётиб қарасам 1-2 жойни айтмаганда бошқа жойларда Рашидовни номини тилга олмаган экан. Фақат "биринчи", "катта" деган сўзларни ишлатган экан.
Инсон борки, хатодан холи эмас. Шу жумладан Рашидов ҳам. Ўзи журналистика ва ёзувчиликдан чиқиб келгани учунми адабий ҳаётга умрининг охиригача аралашиб юради. Асарлар ёзади. Муҳокамаларда ўша асарларини озгина танқид қилган ёзувчиларни кечира олмайди ва улар учун ҳаммаёқни ёптириб ташлайди. Жумладан М. Исмоилий, А. Қаҳҳор, С. Зуннунова, С. Аҳмад кабилар ўз вақтида "катта"дан яхшигина жабр чекишади. Аммо, кексайиб борар экан, Шароф ака ўз асарларини танқид қилган ёзувчиларга ноҳақлик қилгани тушуниб етади. Аммо, хатони тўғирлай деса ўзидан жабр кўрганларнинг аксарияти вафот этган бўлади. Фақат М. Исмоилийга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби" деган унвонни бериб, ўз айбини бироз ювади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий