Кеча бир даврада тиббиёт ходимларидан гап очилганда мен "тиббиёт ходимларига ҳам, улар бирга ўқитувчилар ҳам етарли маош олмаётганини, маоши камлиги етмагандай юклама кўплигини, уларнинг иши оғирлигини, ҳозир уларнинг аксарияти ўз соҳаларида фидокорлик билан ишлашаётганларини, айниқса ўқитувчилар фидокорлик кўрсатаётганларини" гапирдим. Мен гапираяпман-у, биттаси луқма ташлади: "бошқаларнинг ҳам маоши каттамас-ку, нега уларни айтмаяпсан?" Мен унга жавобан: "Тўғри, бошқаларнинг ҳам маоши кўп эмас, аммо айнан шу икки соҳа: таълим ва тиббиёт одамлар учун энг зарур, энг бирламчи соҳа эканини, агар таълим сифати ривожлантирилса фарзандларимиз онги ривожланиши, буни ортидан эса келажакда мамлакатда ҳар томонлама билимли ва етук кадрлар шаклланиб, кейин улар мамлакат бошқарувига келиб, мамлакатни ривожига муносиб ҳисса қўшишларини мумкин, яъни таълим соҳаси мамлакат ривожланиши учун энг муҳим соҳалардан бири. Энди тиббиётга келсак, бу соҳа ҳам мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Ўз фуқароларининг соғлиги ҳар бир мамлакат учун муҳим бир иш бўлиши лозим. Тиббиёт соҳасидагиларнинг маошини салмоқли суммада оширмаса ҳеч қачон тиббий хизмат кўрсатиш сифатли бўлмайди" дедим.
Шунда кимдир "Э, уларга катта маош тўланса ҳам барибир пациентни қўлига қарайверади" деди. Мен эса бундай бўлмайди дедим. Ўртада баҳс бошланди. У десам, бу дейишди. Бу десам у дейишди. Қисқаси, ҳар бир гапимни инкор қилишаяпти. Шу орада яна биттаси: "Боядан бери "фидокорлик, фидокорлик" деб бошимизни оғритасан, пули(маош)ни олгандан ишлайди-да" деб қолди.
Мен эса шу тобда буларни синаб кўришни хоҳладим ва уларга бир савол билан мурожат қилдим: "Хўш, ҳозирги ҳолатда, сенларни миянгга бир ўқитувчи ёки врачга керак бўладиган билимни шундоқ солиб қўйишса ва қўлингга тайёр дипломни бериб, "марҳамат, келинг бўш ўрнимиз бор, таълим ёки тиббиёт соҳасида ишланг" дейишса ишлармидинг?"
Давра оғир сукунатга чўмди. Мен билан баҳслашаётган қисқа муддатга бўлса ҳам ўзларини ўқитувчи ёки врачни ўрнига қўйиб кўришди, шекилли, чамамда.
"Йўқ, ишламас эдим", жавоблар бир овоздан шундай бўлди.
"Шошманглар, ҳозир, ҳамманг уч-тўрт сўм келиб турган ишларда ишлаб юрибсан. Биринг тадбиркор, бозорда савдо қиласан. Жа ошиб-тошиб кетмаган бўлса ҳам тирикчилигингни ҳаммадан яхши ўтказаяпсан. Яна биринг фермер, гарчи банкдаги ҳисобингдаги пулга ўзинг хўжайин бўлмасанг ҳам рўзғорингни эплаб юрибсан. Яна биринг яна қандайдир ишдасан. Хўш, агар ишсиз юрган бекорчи бўлганингда қўлингда диплом бўлса, таълим ва тиббиёт соҳасида, ҳозирги ҳолатида, ҳозирги маошларга кўниб ишлармидинг?" Бу сафар кўпроқ ўйлашди. "Йўқ ишламасдим" жавоблар яна ўшандай бўлди.
"Нега?" сўрайман улардан.
"Иши оғир. Уйимда учта фарзандимнинг тўполонидан бошим оғриб кетади. Энди бир синф болага нимадир ўқитиб, ўргатиш, уларни тўполон қилишга йўл қўймай ушлаб ўтириш қийин. Буни устига эрталабдан кечгача шу иш билан шуғулланиш, йўқ бўлмайди. Тиббиёт соҳаси ҳам оғир. Олдинга келадиган ҳар бир беморни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни операция ёки енгил муолажа қилиш, яра, чаққа, жароҳатларни даволаш, уларни оғриқ туфайли қиладиган инжиқликларига чидаш, йўқ-йўқ, мени асабим дош бермайди", деди бири. "Агар, таълим соҳасида ҳам, тиббиётда ҳам, маошни ҳозиргидан 2-3 баравар оширишса-чи, тассаввур қил сенлар бекорчисан, ўшанда ишлармидинг?"
Яна бироз ўйлашди.
"Йўқ, ишламас эдим", жавоб яна шундай бўлди.
Уларни нега бунақа жавоб бераётганларини англаб турган бўлсам ҳам ўзимни ажабланган кишидай кўрсатиб "Нега ишламайсан, ахир ишсизсан, маоши анча яхши бўпқолди...". "Йўқ ишламасдим, сабабини юқорида келтирдим. Шунга қўшимча сифатида айтаман, шахсан менга минг яхши ойлик тўласа ҳам, кимларнидир қўл остида, гап ёки сўкиш эшитиб ишлаш ёқмайди. Буни устига ҳар икки соҳада ҳам икки тарафдан гап эшитасан: бири ўзингни тепангда турган бошлиқларингдан, иккинчиси халқдан. Ҳа, ҳа халқдан. Ҳозир, айни шу замонда тиббиётда ишлаб ҳам, таълимда ишлаб ҳам ҳеч кимдан раҳмат эшитмайсан. Қайтага, ҳаммадан фақат сўкиш эшитасан. Шундай экан, ҳатто қўлимда дипломим бор ҳолда ишсиз бўлсам ҳам, бу икки соҳада ишламайман", жавобни қаранг.
"Хўш, гапни нимадан бошлавдик, дўстлар? Тиббиёт ва таълим соҳасида ишлайдиганларга яхшироқ маош тайинлаб, шу йўл билан таълим ва тиббиёт соҳасида сифатни ошириш ҳақида эди, хўш нима дейсизлар, шу фикримга?" мен уларга баҳсни бошида берган саволимни қайтарман.
Баҳсда енгилган ўртоқларим қўл силташади: "Э борее, қўлингдан келса ана ошир, лекин бизни бошимизни оғритма. Биз дам олиб, чарчоқларни чиқариш учун йиғилганмиз, сени ижтимоий муаммоларингни ҳал этиш учун эмас".
Мен билан баҳслашаётганларнинг ҳатто ишсиз қолишса ҳам, тузукроқ маош беришса ҳам таълим ва тиббиёт соҳасида ишламасликларини олдиндан билар эдим. Чунки улар, ҳозир шу иккита соҳада ишлаш жуда қийинлигини яхши билишади. Ҳозир ўқитувчи бўлиш ёки тиббиёт соҳасида ишлаш (айниқса вилоят ва туманларда) осон эмаслигини, бу учун кишида пўлатдан асаб бўлиши кераклигини билишади. Шунчаки тан олишмайди. Ёки четдан қараб бу икки соҳада ишлайдиганларга осон тутишади.
Бундай қарашлар нафақат ўртоқларимда, балки бутун жамият шундай ўйлайди: "Ишлаётган бўлса пулини олаяпти" ёки "Пулини олаяптими, ишласин". Аммо, ана шу гапни гапираётганлар ақалли бир кунгина ўқитувчи ёки врач бўлиб кўрсинлар, ана кейин кўрамиз аҳволларини.
Бу ерда фақат тиббиёт ва таълим соҳасини гапираяпман-у, аслида ким қайси соҳадагиларга осон тутаётган бўлса, ўша соҳада бир кунгина ишлаб кўрсин, ана ундан кейин, ўша ишни енгил ёки оғирлиги ҳақида балки хулосаси ўзгарар. Шахсан ўзим "Фалон соҳадагиларга осон тутар эдим, қизим, ўғлим шу соҳани эгаллаб, ишлаяпти. Иши роса оғир экан. Мен олдинлари уларни ичкаридан билмай, уларга осон тутиб гапириб юбораверар эканман. Мана энди иши оғирлигини билаяпман" деган гапларни кўпчиликдан эшитганман.
Шундай экан, ҳар қандай соҳада ишлаётганларни танқид қилишдан, уларга осон тутишдан олдин, уларни ўрнида,агар имконият беришса ўзингиз ишлармидингиз, ишласангиз сиз ўзингизни қандай тутар эдингиз, ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўринг. Фикр билдириш эса қочмас.
Комментариев нет:
Отправить комментарий