пятница, 8 марта 2019 г.

Кутубхоначи опа

Опага тасодифан Ургутдаги банклардан бирида дуч келиб қолдим. Қарасам, икки қўлида турли китоблар солинган иккита оғир сумка. Олдинига ҳайрон бўлдим. Нима қилиб юрган бўлса? Китоб сотармикин? У банк операторлари ўтирган залга кирар экан, олдида мижози йўқ операторлардан бирининг олдига борди. Сумкасидан бир талай китобларни олиб стол устига қўйди. Китоб жинниси эмасманми, дарров уларнинг олдига етиб бордим.
– Ака, яхшимисиз? Марҳамат, опадан китоб олинг, ижарага берадилар. Ижараси қиммат эмас, – деди оператор йигит мени кўриб. Китобларга қарадим-да, опани ҳозир вақтини олмай деб:
– Опа, бўшаганингиздан кейин озгина вақт ажратсангиз, суҳбатлашар эдик.
Опа рози бўлди. Бироздан кейин бўшаб олдимга келди.
– Ука, вақтим зиқроқ, ҳали бошқа бир нечта идора ва ташкилотларга ҳам киришим керак, шунга сизга кўп вақт ажрата олмайман  – деди у.
Шундан сўнг опа билан гаплашиб у ҳақдаги маълумотларни олдим. Бу иш билан неча йилдан бери шуғулланаётгани билан қизиқдим.
Опанинг исм-шарифи Нодира Эсанбоева экан. Ўзи Иштихоннинг Орлот қишлоғидан экан. Ургутга ҳар-ҳар замонда китоблар олиб келиб турли ташкилот ва идоралардаги мижозларига ижарага берар экан. Ижара пули қаттий белгиланмаган, 2-3 та китоб олиб қолганлардан нима беришса олиб кетаверар экан.
– Яна қайси туманларга борасиз? – сўрайман опадан.
– Самарқанд вилоятидаги қарийб барча туманларга бораман. Ургутга келаман, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур, Самарқанд, Каттақўрғон, Қўшробод туманларига, шунингдек Самарқанд шаҳридаги турли идораларда мижозларим бор, ўшаларга китоб олиб бораман.
– Бунақа қийналиб юргандан кўра битта кутубхона очсангиз яхши бўлмайдими? – сўрайман опадан.
– Шундай қилсам ҳам бўлади. Аммо, мен Иштихон туманида тураман. Уйимда кутубхона очишга шароитим йўқ. Шароитим бўлганда ҳам кутубхона туман марказида, одамлар говжум жойда бўлгани яхши. Айнан шу масалада, Иштихон туманининг марказида кутубхона очишим учун бўш бир бино сўраб мен мурожат қилмаган жой қолмади. Туман ҳокимиятидан, вилоят ҳокимиятидан ёрдам сўрадим. Ҳатто Президент порталига ҳам ёздим. Натижа бўлмади. Ҳозирги кунда Иштихон шаҳридаги хусусий бир бинонинг иккинчи қаватини ижарага олиб кутубхонамни ўша ерда ташкил этганман. Кутубхонамда жой етарли бўлгани учун китобхонларнинг ўтириб китоб ўқишлари учун ҳамма шароитни қилиб қўйганман.
Китобни ўша ерда ўтириб ўқишлари бепул. Аммо уйга олиб кетаман дейишса ҳар бир китобнинг ҳафта-ўн кунлик ижараси учун атиги минг сўмдан олиб қоламан. Ҳозир турган жойим учун ойига 300 минг сўм ижара бераяпман. Кутубхонам ҳафтада бир кун, чоршанба куни очиқ бўлади. Қолган кунлар ёпиқ туради.
Опанинг кутубхонани ҳафтада бир кун очишини эшитиб ҳайрон бўлдим ва нега бундайлиги билан қизиқдим.
– Ҳафтанинг бошқа кунлари мен бошқа туманларига китоб олиб кетаман. Кутубхонага қарайдиган одам йўқ.
– Сизга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқми? – қизиқишим баттар ошади.
– Менга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ. Фарзандларим ўқишда бўлишади. Биронта танишимни ишга олай десам қишлоғимиз туман марказидан 25 км узоқликда жойлашган ва йўлкирани ўзи келиб-кетиш 10 минг сўм бўлади. Шунингдек унга тушлик учун ҳам пул беришим ва албатта маош тўлашим керак. Ҳозирча мен бу харажатларни қила олмайман. Туман марказидан, кутубхонамни яқинидан ёрдамчи олай десам ишончли киши топа олмаяпман. Топганимда ҳам унга ҳозирча маош тўлай олмасам керак.
Агар, менга кутубхона учун жой топиб беришса ҳозир ижарага тўлаётган 300 минг сўмни тежаб, сўнг уни ёнига озроқ қўшиб ёрдамчи олсам бўлар эди ва шунда кутубхонамиз узлуксиз фаолият юритар эди.

Ҳозир мени қийнаётган муаммолардан яна бири автоулов масаласидир. Ўзимни машинам йўқлигидан қийналаяпман. Агар битта Damas ёки Labo машинам бўлганида мен кўчма кутубхонани ривожлантириш режамда бор. Ҳозир эса машинам йўқлиги учун, ўзингиз ҳам кўраяпсиз, оғир китобларни сумкага солиб кўтариб юрибман. Яқинда Президентимизни Наманган вилоятига ташрифлари давомида у кишига библиобус намойиш этилди. Ўшанда юрагим орзиқиб кетди. Худо хоҳласа битта машина олсак мен фаолиятимни кенгайтириб нафақат Самарқанд вилояти, балки қўшни вилоятлар бўлмиш Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Жиззах вилоятларига ҳам китоб олиб бора олар эдим. Айнан машина олишимда ёрдам сўраб туманимиздаги бир нечта тадбирорга мурожат қилдим, аммо ҳеч ким ёрдам беришни хоҳламади. Мен уларга "машина олиб беринглар" деганим йўқ, балки "қарзга машина олиб беринглар, секин-секин қарзимни узаман" дедим. Аммо, биронтаси бунга рози бўлмади. Халқнинг китоб ўқиши, китобхон бўлиши ҳеч кимга керак эмас шекилли, – деди опа надомат билан.
– Бу иш билан неча йилдан бери шуғулланасиз? – опадан сўрайман.
– Ўн беш йилдан ошди, – дейди у.
– Ишингизни даромади яхшими? – гарчи қўлидаги китобларга тўла оғир сумкаларни нима мақсадда кўтариб юрганини билган бўлсам ҳам, қизиқувчанлигимга бориб опадан сўрайман.
– Китобни ижараси учун оладиган пулим ўзимни уёқ-буёқларга юришим учун йўлкирага ва тушлик пулимга зўрға етади.
– Унда, сизга нима керак, шунча сарсон бўлиб, сумкаларда оғир китобларни кўтариб узоқ туманларда юриш? – савол беришда давом этаман.
– Ўзим китоб ўқишни яхши кўраман, кўп китоб ўқиганман. Шу учун бошқаларнинг ҳам китоб ўқишларини хоҳлайман. Мени энг хурсанд қиладиган ҳолат бу – мен ўқиган китобни яна кимдир ўқиган бўлса ва у билан ўша китоб ҳақида таассуротларимни ўртоқлашсам, ўша китобни ўқиган бошқаларнинг таассуротларини эшитсам. Китоб кўтариб юриб, тарқатиб, одамларга китоб ўқишни, китобхонликни тарғиб қилиб юришим ҳам аслида шу феълимдан, китоб ўқишга қизиқишимдан, бошқаларнинг ҳам мен ўқиган китобларни ўқишларини жудаям хоҳлаганимдан бошланган.

Опа билан анча суҳбатлашдим. Бир нечта ўзим ўқиган ноёброқ китоблар ҳақида сўз очсам у ҳам ўқиган бўлиб чиқаверди. Опанинг "дарди" шу иш ортидан бойлик орттириш эмас, зеро китоб ижарага бериш билан шуғулланиб бойиб кетишни мутлақо иложи йўқ, бор-йўғи одамларнинг китоб ўқишини, китоб ўқиб билимли бўлишини, дунёқараши кенг бўлишини, онги ривожланишини хоҳлайди холос.
Опанинг "кутубхона учун Иштихон туманининг марказидан битта бўш бино ва биттагина машина бўлса эди" деган гапларини эшитиб ўйлаб қолдим. Наҳотки катта бир туманда опанинг шу муаммоларини ҳал қилиб берадиган ҳеч ким топилмаса?!
Наҳотки Иштихон тумани мутасаддиларига туман аҳолисининг китобхонлиги ошишининг аҳамияти бўлмаса?! Тадбиркор акалардачи, наҳотки опага битта машина олиш учун қарз беришнинг имконияти бўлмаса?!

Очиғи, уни фидоийлиги олдида лол қолдим. Агар, шу опа қўшни туманларга оғир сумкаларда китоб кўтариб юрмай, уйини олдидаги бозорга чиқиб у-бу нарса олиб сотса ҳам ҳозир топаётган пулидан кўп пул топар эди. Уни китобга бўлган муҳаббати шу фидойиликни қилишга етаклаяпти. Фақат китобни жон-дилидан яхши кўрадиган инсонгина шу фидойиликни қила олади. Опа жудаям кўп китоб ўқиганлиги гап-сўзларидан билиниб турибди. Тўғри, опа ҳам китобларни ижарага беради. Лекин китоб ижараси ортидан топаётган арзимаган пули билан фаровон яшаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Уни топаётган арзимас пули ўзини қўшни туманларга қилаётган сафарларига етса ҳам катта гап. Опанинг гап-сўзидан маълум бўлдики китоблар ижараси ортидан топаётган уч-тўрт сўм пулини рўзғори учун ишлатиши ҳам гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки ўша арзимас пул опани ўзини харажатларидан ортиб рўзғоргача етиб бормас экан.

Очиғи, ҳаётда турли одамларни кўрдим. Бу дунёга келишдан мақсад фақат пул топиш, уни кўпайтириш, шу орқали фаровон яшаш бош мақсади бўлган (айримларини биламан ўзини ўтга-чўққа уриб топган пулига жуда фаровон ҳам яшамайди) инсонлар ўзимни атрофимда ҳам кўп. Уларни аксариятини китоб ўқиб дунёқарашини ўзгартириш, ҳаётга фақат пул топиш тарафдан эмас, балки одамгарчилик, инсонийлик тарафдан қараш деган нарсалар мутлақо қизиқтирмайди. Мен қаршимда ўтирган "кутубхоначи опа" ҳақида, унинг арзимаган ҳақ эвазига қилаётган фидокорона меҳнати ўйлар эканман дунёни мана шу опага инсонлар ушлаб тургандай бўлаверади.

P.S. Мен опага ўхшаган китоб тарғиботи фидоийлари кўпроқ бўлишини хоҳлар эдим. Умид қиламиз, яқин кунларда опага бино ва машина муаммоси бўйича ёрдам берадиган мутасаддилар ва тадбиркор акалар албатта чиқади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий