среда, 18 апреля 2018 г.

География фанидаги "рассомчилик".

Охирги пайтларда ўқитувчилар муаммоси, таълим сифатининг пастлиги ҳақида кўп ва хўп гапирилаяпти. Албатта, ёш авлоднинг саводли, илмли бўлиши ҳар бир мамлакат учун долзарб бўлиши керак. Аммо ҳозирча бизда таълим соҳасида дарсликлардан тортиб, ўқитувчиларга бўлган муносабатгача етарлича муаммолар бор.

Мен географияга жудаям қизиқаман. Айниқса иқтисодий, ижтимоий географияга. Дунёдаги турли мамлакатлар аҳолисининг этник таркиби, уларнинг иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигидаги етакчи соҳалари, мамлакатлардаги аҳоли сони, уларнинг пойтахтларида қанча аҳоли яшаши мен учун жудаям қизиқ. Ўйлайманки бу кўпчилик учун ҳам қизиқ.

Географиянинг бир қисмида маълумотлар анча-мунчада ўзгармайди. Ер шари бўйлаб ўтган меридианлар, параллел чизиқлар, уларнинг узунлиги, мамлакатларнинг пойтахтлари, улар териториясининг ўлчамлари ва ҳоказолар. Аммо иқтисодий кўрсаткичлар, қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, мамлакат аҳолиси, шунингдек турли аҳоли пунктларидаги аҳоли сони, турли мамлакатларнинг экспорт-импорт салоҳияти ўзгарувчандир. Ана шу сабаблар туфайли ҳам мактабларда, ўрта махсус билим юртларида, ОТМ да ўқитилаётган иқтисодий география дарсликлари, программалари, шунингдек шу дарсликларга илова тарзида чиқарилган турли карталар тез-тез янгиланиб туриши ва улар янги маълумотлар билан бойитилиб туриши керак. Акс ҳолда айнан иқтисодий ва ижтимоий география фанини ўқиётган ўқувчилар, талабалар "замондан орқада қолиб кетиб", кўпгина янги воқеа ҳодисалардан, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлардан бехабар қолиб кетишлари ёки, шунингдек турли мамлакатлар, турли шаҳарлардаги аҳоли сонининг ўсиш динамикасидан бехабар қолиб кетиб, мияларида эски маълумотларни кўтариб юришлари ҳам мумкин.

Қўлимда 9-синф ўқувчилари учун чиқарилган "Дунёнинг иқтисодий ва ижтимоий географияси" китоби ва "Дунёнинг иқтисодий ва ижтимоий географияси" атлас картаси. Бу китоб ва картадаги  дунё давлатларидаги турли иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳаси умумий маъмумотлар ва жадваллар асосида ёритилган. Шунингдек дунё давлатлари ҳам минтақасига қараб алоҳида варақларда уларнинг умумий територияси, аҳолисининг сони, пойтахтида қанча аҳоли яшайди ҳаммаси кўрсатилган. Қисқаси ушбу китоб ва атлас карта  9-синф "Жаҳон иқтисодий ва ижтимоий географияси" фани учун етарли маълумотлар билан бойитилган. Аммо...
Ҳамма гап ана шу "аммо"да-ки ана шу китоб ва атлас картадаги маълумотлар жудаям эски.
Китоб тўлдирилган ҳолда 2014 йилда қайта чоп этилган. Аммо ушбу китобда аксарият маълумотлар  2011 ва 2012 йиллардаги маълумотлар берилган экан. Буни китобдаги ва картадаги кўпгина статистик маълумотлар ёнида қавсни ичида (2011 й.), (2012 й.) тарзида ёзиб қўйилганидан ҳам билиб олса бўлади.

Картанинг охирги варағида маълумот берилишича карта 2007 йилда тузилган. 2013 йилда эса тузатилган ва нашр этиш учун тайёрланган ва ўша йили нашр этилган.
Қизиғи карта илк марта 2013 йилда, 2011-12 йиллардаги статистик маълумотларга асосланиб чоп этилган бўлса-да ҳанузгача ўзгартирилмасдан ўша ҳолида чоп этилиб келинаяпти ва қўлимдаги карта  2017 йилда чоп этилган. Картадаги маълумотларга кўра  мамлакатимизда  29.555.400 киши яшайди. Бу маълумот  2012 йилники. Ҳозир эса мамлакатимизда 32 миллиондан ошиқ аҳоли яшаяпти.  Шу тариқа  картада бошқа давлатлардаги аҳоли сони ва турли пойтахтларнинг аҳолисининг сони ҳам 2011 ва 2012 йиллар маълумотига кўра берилган. Ундан кейин дунёнинг баъзи давлатларида аҳоли сони сезиларли камайди. Баъзиларида эса ошиб кетди. Аммо бизнинг ўқувчиларимиз ҳанузгача 2011 ва 2012 йилнинг маълумотини ўрганишаяпти.
Шунингдек картадаги кўплаб иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигига тегишли маълумотлар ҳам ана шундай эски маълумотлар асосида берилган.

Химия, физика, алгебра ва бошқа бир қатор фанларда маълумотлар ўзгармайди. Аммо география фани бу бошқа масала. 6-7 йил уёқда турсин, ҳатто 3-4 йилда ҳам география фанидаги турли маълумотлар ўзгариб кетиши мумкин. Шу учун ҳам фикримча айнан география фани дарсликларини янги маълумотлар билан бойитиб ҳар 3-4 йилда чоп этиб янгилаб туриш керак. Акс ҳолда бу фандан таълим олаётган ўқувчилар эски маълумотларни ўрганиб, янги маълумотлардан бехабар қолиб кетаверадилар.

Масалан; мустақил бўлганимиздан кейин 2000-05 йилларгача биз пахта толасини етиштириш бўйича дунёда Хитой ва АҚШдан кейин учинчи ўринда, пахта толаси экспорти бўйича эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда турганмиз. Аммо бугунга келиб йилдан-йил пахта майдонлари қисқартирилиб уларнинг ўрни бошқа қишлоқ хўжалиги экинларига бўшатилиб берилаётганлиги, шунингдек ўзимизда хам тўқимачилик ва текстиль саноати ривожланиб бораётгани ва шу туфайли пахта толасининг катта қисми ўзимизда қайта ишланаётгани туфайли биз бугунги кунда пахта толасини етиштириш бўйича ҳам, уни экспорти бўйича ҳам биринчи бешликка ҳам кирмаймиз.
Бу хақда эса ўқувчиларга асосан география фани хабар беради. Ана шу учун хам география китобларининг тез-тез янгиланиб туриши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мен фан олимпиадаларида айнан география фанидан қандай саволлар берилар экан, ана шу китоб ва картадаги эски маълумотлар бўйичами ёки янги маълумотлар бўйичами шуни билиш учун мактабда география ўқитувчиси бўлиб ишлаётган ўқитувчи билан гаплашдим.
Ўша ўқитувчининг айтишича фан олимпиадаларида саволлар дарсликда берилган маълумотлар бўйича берилади. Аммо айрим ҳолларда ўқитувчиларнинг ўзларини атестациядан ўтказиш пайтида ўқитувчининг қўлига етиб келмаган китоб маълумоти бўйича ҳам саволлар бериб қолишади.

Шунингдек география фани бўйича яна бир муҳим муаммо бор экан-ки бу ҳақда ўқитувчи куйдириб батафсил гапирди;
- Китоб ва карталардаги маълумотларнинг эскилиги, 2018 йилги ўқув йилида ҳам ўқувчилар 2011-12 йиллардаги маълумотларни ўрганаётганлари бу ҳам муаммо. Аммо мактабларда география фанини ўқитиш жараёнида яна бир муаммо борки бу ҳақда гапирмасам бўлмас. География китобларига илова тарзида чиқарилган карталарга яна қўшимча илова тарзида бўялмаган карталар ҳам чиқарилган. Ўқувчи йил давомида ўтилган мавзу бўйича ана ўша бўлмаган картани ҳам бўяб боравериши керак. Бу эса ўқувчи учун умуман кераксиз машғулот. Кераксиз машғулотлиги шунда-ки карталарда турли давлатларни турли рангларда белгиланиши бу ҳеч нарсани англатмайди. Бу иш шунчаки давлатларни бир-биридан осон ажратиш учун қилинади. Шундай экан карталарда турли давлатларнинг рангларини бўяш ўқувчига ҳеч нарса бўрмайди. Қайтага уни қимматли вақтини олади холос. Ўқувчилар эса фойдалироқ нарсаларни ўрганиш ўрнига ана шу кераксиз иш билан шуғулланишга мажбурдирлар. Бу масаланинг биринчи жиҳати.
Иккинчи жиҳати шундан иборатки мактаб ўқувчилари учун чиқарилган оддий  қаламларда ўн икки хил ранг бор. Картада эса йигирмадан ошиқроқ ранг берилган. Энди ўша ўқув йили давомида бўяш шарт бўлган картадаги рангларни ҳаммасини топиб, қайси рангга қайси рангни қўшиб бўяса ўша керакли ранг чиқишини эса ўқувчилар билишмайди. Буни билиш учун эса ўқувчи камида рассом бўлиши керак.
Масаланинг учинчи муҳим жиҳати шу-ки ана шу бўяш қийиндан қийин бўлган карталарни бўяйман деб бир нечта ўқувчимни кўриш қобилиятида муаммолар бўлди ва улар кўз шифокорига мурожат қилишга мажбур бўлдилар.

- Ана шу бўяш керак бўлган картани қониқарли тарзда, тузукроқ қилиб бўяйдиган ўқувчилар ҳам борми? - сўрайман.
- Ҳа, бор. Агар синфда 25-30 нафар ўқувчи ўқиса уларнинг орасидан география фанига қаттиқ қизиқадиган 2-3 нафар ўқувчи дарслар давомида бироз қониқарли тарзда бўяб чиқишади. Аммо юқорида хам айтдим улар охир-оқибат кўз шифокорига мурожат қилишга мажбур бўлишди. Қолган ўқувчилар эса бири кўзини асраш учун, яна бири вақтини тежаш учун картани наридан бери қилиб қониқарсиз бўяб қўя қолади. Бу ишнинг мураккаблигини билиб ҳам биз ўқитувчилар уларга индамай қўя қоламиз.
Ишонсангиз ўтган йил икки-уч ўқувчим география фанидан фан олимпиадасида туманда ғолиб бўлиб вилоят босқичида ҳам қатнашган, совринли ўринларни олган эдилар. Бу йил ана ўша ўқувчиларимни ота-оналари уларнинг география фанидан фан олимпиадасида қатнашишларини умуман хоҳлашмаяпти. Сабаби уларнинг кўриш қобилиятларида муаммолар бўлган ва улар кўз шифокорига мурожат қилишган. Буни сабаби эса кўз нурини кетказиб карта бўяшнинг оқибати.
- Картани бўяш ўқувчи саломатлиги учун зарарли экан, буни устига ўқувчининг билимини оширишга хизмат қилмайдиган юмуш экан, бу ҳақда ХТВ нинг юқори идораларига шу ишни ўқув режасидан олиб ташлаш ҳақида мурожат қилганмисизлар? - сўрайман мен.
- Мурожат қилганмиз, фақат вазирликка эмас, балки туман ХТБга "вазирликка етказинглар шу муаммони" деб мурожат қилганмиз. Аммо уларнинг айтишича география фанидан ўқув режаси вазирлик томонидан тузилади ва агар вазирлик лозим топсагина ўша картани бўяш ўқув дастуридан олиб ташланади. Мурожат қилинса-ю агар лозим топишмаса аҳвол ўзгаришсиз қолаверади.
Биз ўқитувчиларнинг фикримизча болаларга оғир юклама қилиб бўш картани аслига қараб бўятиш ўрнига ўқувчиларга дунё мамлакатларини, тоғлар, дарёлар, денгизлар ва ҳоказоларни чуқурроқ ўргатсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек ана шу бўяш учун ўқувчиларнинг вақтини олаётган, уларнинг соғлиқларига салбий таъсир кўрсатаётган карталар дарсликларга қўшиб ижара қилиб берилмайди ва уни ўқувчилар сотиб олишлари керак. Яна ўша бўялиши керак бўлган картани ишлаб чиқариш учун қанчалаб қоғоз ва меҳнат сарфланаяпти. Агар ХТВ ана шу масалани ўрганиб чиқса ва ўқувчиларни шу ишдан халос қилса анча қоғоз ва меҳнат ҳамда ўқувчиларнинг пуллари тежаб қолинар эди.

Ўқитувчи билан гаплашиб бўлганимдан кейин қўлимга дарсликка илова тарзида берилган картани ва унга илова тарзида берилган бўялиши керак бўлган картани олдим ва ёнма-ён қўйиб кўрдим. Йўқ, мен география фанига қанчалик зўр қизиқмай бу бўяш керак бўлган картани эплаб бўяй олмайман. Кўзим ҳам дош бермайди, асабим ҳам. Назаримда ҳатто рассом учун хам бу картани аслига ўхшатиб бўяб чиқиш осон эмас. Мен юқорида гапни 9- синфлар учун чиқарилган география китоби ва картаси хақида ёзиб бошладим. Аммо карта бўяш 7- синф ўқувчилари учун ҳам бор экан.
Ўйлайманки ана шу мақола орқали бу муаммо вазирликка ҳам етади ва улар мактабларда география фанини ўқитишни қайтадан кўриб чиқадилар ва болаларнинг соғлиқлари учун муаммо бўлаётган ва уларнинг қимматли вақтларини олаётган карта бўяш ишини дарс режаларидан чиқариб ташлайдилар.

P.S Мабодо бу масалада бошқаларнинг ҳам қандайдир фикрлари бўлса таҳририятимиз уларни хам беришга тайёр. Марҳамат, мактабларда география фани ўқитилиши юзасидан фикрларингиз бўлса бизга бемалол жўнатаверинг.

Комментариев нет:

Отправить комментарий