Яқинда юселл уяли алоқа компаниясидан бир смс хабар келди. Мана ўша хабар:
Now communication during Umrah and Hajj is just for 3500 UZS/min. In roaming with Ucell! For more information visit: www.ucell.uz/fpc
Гарчи инглиз тилини унча билмасам ҳам бу смс хабардаги Umrah, Hajj, roaming сўзларидан компания Умра ва Ҳажга борадиган зиёратчиларимиз учун ўз роуминг хизматларини таклиф этаётганини тушундим. Ажабланарлиси компания ушбу смс хабарини ўз мижозларига фақат инглиз тилида жўнатаяпти. Ўзбекча ёки рус тилидагисини жўнатгани йўқ.
Шундан кейин мен ушбу уяли алоқа компаниясининг ўз мижозларига жўнатаётган смс хабарларини кузата бошладим. Аксарият хабарлар инглиз тилида жўнатилаяпти. Яна бир қисми эса фақат рус тилида. Ўзбек тилида жўнатилаётган хабарлар эса фоиз ҳисобида энг камини ташкил этмоқда.
Кузатишларим натижасида яна шуларни аниқладим-ки бу уяли алоқа компаниясининг мижозлари ўз ҳисоб балансларини текширганда ҳам, интернет пакетларнинг қолдиқларини текшириб кўрганларида ҳам, ussd кодлар орқали олинадиган турли хабарларнинг аксарияти инглиз тилида келади.
Ана шу ерда, муҳтарам ўқувчиларда "Хўш, шунга нима бўпти? Инглиз тилида жўнатса қайтага яхшику, одамлар инглиз тилига хам кўзлари ўрганиб бораверади" деган фикр ҳам туғилиши мумкин. Мен юртдошларимизни чет тилларини ўрганишларига қаршилигим йўқ. Аксинча, бу ишни қўллаб-қувватлайман. Қачонки ўз тилини билса ва ҳурмат қилса хоҳласа мингта тилни ўргансин. Аммо ўз тилини унутиш, ҳурмат қилмаслик, менсимаслик ҳисобига чет тилларини ўрганадиганларни, чет тилларда гаплашадиганларни оқламайман ва ундай инсонларни тушунмайман. Энди юселлга қайтсак, агар ушбу компания ўз мижозларига жўнатадиган ҳар бир смс хабарини ўзбек тилида жўнатиб орқасидан рус вс инглиз тилларида ҳам жўнатса асло қаршилигим йўқ. Аксинча буни қўллаб-қувватлайман. Аммо, мамлакатимизда давлат тили ўзбек тили бўлган ҳолда бу компания муҳим хабарларни фақат инглиз тилида жўнатишини эса умуман оқлаб бўлмайди.
Энди ўша юқорида матнни келтирганим Умра ва Хажга борувчиларга арзон нархларда роуминг хизматини кўрсатиш ҳақидаги компания смс хабарига келсак Умра ва Ҳажга борадиганлар ичида кўпчилик инглиз тилини мутлақо билмайди. Шундай экан компания нимага асосланиб бу хабарни ўз мижозларига инглиз тилида жўнатаяпти? Ёки бундан бошқа кўпгина смс хабарлар ҳам инглиз тилида жўнатилаяпти. Умуман олганда бу ҳолатни ким назорат қилади? Агар кимдир назорат қилса нега бу компанияга тилимизга қилаётган ҳурматсизлиги учун ҳеч ким чора кўрмайди? Ҳатто Умра ва Ҳажга борадиганлар инглиз тилини билишганда ҳам компания ўз мижозларига ушбу смс хабарини ёки бошқа шунга ўхшаш смс хабарларини инглиз тилидагисини жўнатар экан унда ортидан ўзбек тилидагисини ҳам жўнатиши керак.
Ёки ussd кодлари билан олинадиган хабарларни ҳам икки тилда, ҳам ўзбек тилида, ҳам инглиз тилида жўнатишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Умуман олганда мамлакатимизга кириб келадиган халқаро компания ва фирмаларга ўз маҳсулотлари қадоғида ёки хизмат кўрсатганда халқаро тиллар билан бирга ўзбек тилидан ҳам албатта фойдаланишни қаттий талаб қилиб қўйишимиз керак. Ана ўшанда мақсадга мувофиқ иш қилган бўламиз. Шуни унутмайлик-ки тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, чет элдан келаётганлар умуман ҳурмат қилмайди.
P.S. Ушбу мулоҳазаларни қоралаб қўйганимга бир ойдан ошди. Ўшандан кейин телефонимга юселл компаниясидан фақат инглиз тилида ёзилган турли хабарлар келиши тўхтагани йўқ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий