вторник, 17 апреля 2018 г.

Мактаблар таъмири кимнинг гарданида?

Ахийри бечора ўқитувчиларнинг нолалари Президентга етди. Куни кеча Президентимизнинг ташаббуси билан бош вазир А.Арипов бюджет ташкилотларининг, хусусан ўқитувчиларнинг ва соғлиқни сақлаш ходимларининг кўчаларга мажбурий меҳнатга олиб чиқилиш ҳолатларини муҳокамаси учун видеоселектор ўтказди. Ушбу селекторда қатор вилоят раҳбарларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини жойларда мажбурий равишда кўчаларга ободонлаштириш ишларига жалб қилингани учун ҳайфсанлар, танбеҳлар берилди ва ҳокимлар қаттиқ огоҳлантирилди.

Ўқитувчиларнинг ўзларига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилинишлари анчадан бери жамиятимиз учун оғриқли масалалардан бири бўлиб келмоқда эди. Ниҳоят бу иш энди барҳам топади. Ҳарҳолда шундай умид қиламиз. Аммо ўқитувчиларнинг муаммоси бу билан тугамайдиганга ўхшаяпти. Президентимизнинг Ўтган 2017 йилнинг декабрь ойида чиқарган қарорига кўра таълим муассасалари металлом йиғиш ишларидан озод қилиндилар. Аммо баъзи жойларда бу иш "ихтиёрийлик" ортида давом эттирилаётганини эшитдик. Аммо нима бўлганда ҳам бу қарордан кейин аксарият жойларда таълим муассасалари металлом йиғиб беришдан қутилишди. Мана энди эса мутасаддилар томонидан турли ишларга жалб қилинишдан ҳам қутилишади. Аммо яна бир масала борки ўқитувчиларни тезроқ ўша ишдан озод қилишимиз керак. Бу ҳам бўлса мактаблардаги синфхоналарни ёзги таъмирлаш ишларидир.

Агар қонун ҳужжатларига, турли ҳисоботларга қарасангиз мамлакатимиздаги барча мактаблар давлат томонидан таъмирланмоқда. Аммо амалда аксарият мактаблар ўқувчилар орқали ота-оналардан пул йиғилиб ўқитувчилар томонидан таъмирланмоқда ва ҳеч бир ҳисоботда "фалон мактаб ота-оналардан йиғилган маблағ ҳисобига янги ўқув йили учун таъмирланиб тайёрланди" деган ёзувни кўрмайсиз.

<<Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дейилган.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт масалаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Молия вазирлиги ҳузуридаги буюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ва Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
 
Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан идоравий бўйсунувдагиларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини, ҳамда  бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.>>

Уч-тўрт кун бўлиб қолди, ўғлим "дада ўқитувчимиз айтди ремонтга пул берар экансиз" деб қолди. Шу пайт мени яна "закунчилигим" тутди-ю ўғлимга "бориб ўқитувчингга "дадамни ўзлари олиб келиб берар эканлар" деб айт" деб уни мактабга жўнатиб юбордим. Ўғлимни жўнатдим-у ўтириб "бекор қилдим, шу ўн мингни берсам бўларди" деб ўйладим ва мендан ремонтга деб пул ололмай бир хўрсиниб қўйган ўғлимга, ўғлимдан пул ололмайдиган ўқитувчисига раҳмим келди. Ўн минг нима дегани. Овқатланаман деса кўчада бир марта овқатланишга етмайдиган пул. Аммо мактаблар давлат таъминотида-ку. Демак бизни мактабимизга ҳам ёзда янги ўқув йилига синфхоналарни таъмирлаб қўйиш учун пул ажратилади. Аммо қайсидир қорни катта ҳаромхўр, болаларнинг, мактабнинг ҳаққидан қўрқмай ўша пулларни ўмариб ейди. Хўш, шуларни била туриб хам гарчи арзимас бўлса-да нега ўша ўн минг сўм пулни беришим керак? Қолаверса ўша ўн минг сўм пулни арзимас деяпман-у аммо аксарият оилаларнинг уч-тўрт нафардан болалари мактабда ўқишини инобатга олсак уларнинг ҳар бирига бериладиган ўн мингларни йиғсак салмоқли сумма бўлиб қолади. Буни устига ўша ўн минг сўмни топган бор, топмаган бор.

Бугун укамникига бордим. Қарасам бешинчи синфда ўқийдиган ўғли "мактабга бормайман" деб йиғлаб ўтирибди. Отаси эса уни кўндира олмай ҳалак. Сабаби билан қизиқсам укам ўғлига мактабни ремонти деб ўн минг сўм бераяпти. Аммо ўғли кўнмаяпти. Уни айтишича синфидаги болаларни баъзилари ремонтга деб қирқ минг, эллик минглаб пул олиб бориб беришган. Ҳатто қизларнинг баъзилари ҳам йигирма минг, ўттиз минглаб пул олиб бориб беришган. Укамни ўғли ҳам камида ўттиз минг берасизлар, бўлмаса болалар устимдан кулишади, акс ҳолда мактабга бормайман" деб йиғлаб ўтирган экан. Укам уни "ўқитувчингга "дадам ўзлари яна олиб келиб берар эканлар" деб айт" деб мактабга жўнатди.

Йўқ, мен ўзига тўқ, топиш-тутиши яхши ота-оналарнинг болалари ўқийдиган мактабларга молиявий ёрдам қилишларига қарши эмасман. Аксинча буни қўллаб-қувватлайман. Аммо бу иш ҳаммага мажбурий бўлмаслиги керак. Ёрдам беришга имкони борми, марҳамат ёрдам бераверсин. Лекин ёрдам беришга имконияти йўқларни тинч қўйишсин.
Шунингдек мабодо ўзига тўқ ота-оналар боласи ўқийдиган мактабга қандайдир ёрдам берар экан, бунақа ишлар мамлакат бўйлаб ҳисоб-китоби юритилиб, ХТВ  ҳисобот берган пайтда "мактабларда турли ишларга сарфланган маблағларни фалон фоизини ота-оналар ажратган ёрдам пули орқали битирдик" деб қўшиб кетишсин. Бу масаланинг бир жиҳати.
Иккинчи бир муҳим жиҳати шу-ки ўқитувчи қачонгача ўз ўқувчилари орқали гадойлик қилиб пул йиғади? Эсимни таниганимдан бери биламан ўқитувчилар ўзига бириктирилган синфхоналарни чиройли қилиб оқлаб янги ўқув мавсумига тайёрлаб қўйиши керак. Ҳар ёзда шу аҳвол. Аммо бу ҳол қачонгача давом этади. Қачон бизнинг ўқитувчиларимиз фақат ва фақат таълим беришни ўзи билан шуғулланишади?  Қачон мактабларни янги ўқув йилларига тегишли ташкилотлар тайёрлайди. Ёки бу муаммо ҳам қачонки президентимиз аралашсаларгина ўз ечимини топадими? Ёки бунга ҳам бош вазирнинг видеоселектори керакми?

Масаланинг учинчи жиҳати шуки таълим муассасаларининг капитал ва жорий таъмирлаши давлат томонидан, шунингдек Молия ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан қилиниши керак экан, ўша пуллар қайерга кетаяпти? Кеча бош вазир иштирокидаги видеоселекторда бош вазир вилоят ҳокимларидан ободонлаштириш ишларига ажратилган маблағлар қайерда ва қандай ишлатилганини сўради. Шундай экан энди мактабларни таъмирлаш ишлари учун давлат ва жамғарма  ажратаётган пуллар қайерда ва қандай мақсадларда ишлатилаётганини сўраб-суриштирадиган вақт келмадими? Ёки бунга ҳам Президентимиз аралашиши, бош вазир видеоселектр ўтказиб тегишли одамларни турғазиб қўйиб ҳисобот сўраб танбеҳ бериши керакми?

"Ўзи нима хоҳлайсан?" деб менга савол беринг. Мен ўқитувчиларнинг эрталаб мактабга ишга келишларини, белгиланган дарсларини ўтиб уйларига қайтишларини, бўш вақтларида ўз муаммолари билан шуғулланишларини, оилаларига етарлича вақт ажратишларини, ёзда бериладиган таътилларини одамга ўхшаб ўзлари хоҳлагандай ўтказишларини, "ихтиёрий равишда ўзи чиқаяпти" деб турли ишларга мажбурланмасликларини хоҳлайман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий