пятница, 4 декабря 2015 г.

Қотил момо (Ҳаётий ҳикоя)

Наргиза шу тобда ўз уй хаёлларига чўмиб ўтирибди. Аслида ўшанда қаттиқ турса бўларкан. Ахир, ўзи ҳоҳламаса, уни ҳеч ким обориб тиғни остига тиқмасдику! Мана энди у бир умр виждон азобида яшашга маҳкум бўлаяпти. Орадан шунча йиллар ўтса-да, қалбдаги жароҳат битмас экан!

Фарзандлари улғайиб, иккита қизини узатди, аммо ҳамон ёш чақалоқларни кўрса, ўша машъум иш эсига тушаверади.
Эсига тушган сайин эса, яраси янгиланаверади, виждони қийналаверади.
Мана шундай изтироли ҳолатга тушганида, доим "Қайнонам ҳам шу ҳолга тушаётганмикан, ё уни парвойига кемаётганганмикин", деб ўйлайди. Кўзи қайнонасини кўзига тушганида, уни кўзига қаттиқ тикилади, аммо қайнонасини ўша ишдан афсусдалигини ҳам, афсусда эмаслигини ҳам англай олмайди. Қайнонасини кўзлари унга ҳиссиз ва совуқ бўлиб туюлаверади.

Ўшанда бош айбдор қайнонаси бўлсада, Наргиза унга бирон марта ҳам таъна қилмади, уни айбламади. Индамай қайнонасини хизматини қилиб кетаверди. Қайнонаси уйига келганда уйини тўрига ўтқизаверди. Ҳатто ичида ҳам уни қарғамади.  Аммо ўшандан бери қайнонаси уни кўзига ҳиссиз ва совуқ кўринади. Айниқса кўзига қараганда.

Наргизага маҳалладаги ўзларига мос бўлган хонадон фарзанди бўлмиш Икромжондан совчилар келишди. Ота-онаси маслаҳатлашиб розилик билдиришди. Биринчи навбатда Икромжонни характери Наргизани ота-онасига маъқул келган эди. Икромжон ўзи бироз бўш бола бўлсада, аммо жудаям тўғри, бировнинг ҳаққидан қўрқадиган, ота-онасини жудаям ҳурмат қиладиган, бировга қаттиқ гапирмайдиган, бировга озор бермайдиган бола эди. "Учар, топармон-тутармон" бўлмаса ҳам, юқоридаги сифатлари Наргизани ота-онасига маъқул келганди. Икромжонни онасини характери оғир аёл бўлсада, Икромжон оиладаги уч ўғилнинг тўнғичи эди "Бир кун келиб укаларини навбати келганда, алоҳида бўлиб чиқиб кетади ва қизимиз ўз оиласи билан алоҳида яшайди", деб ўйлашди. Шу сабабларнинг ҳаммасини ўйлаб кўриб Наргизани Икромжонга узатишга рози бўлишди.

Тўйдан кейин Наргизани бу оилага кўникиши осон бўлмади. Бу оиланинг қонун-қоидалари туғилиб ўсиб, ўнган оиласининг қонун-қоидаларидан батамом фарқ қиларди. Наргизаларнинг оиласида ҳал қилувчи  ролда асосан дадаси эди. Тўғри онаси ҳам, ўз фикларини билдириб турарди, аммо ҳал қилувчи қарорни албатта дадаси чиқарарди.
Дадаси, ҳатто Наргиза ва укаларини ҳам фикр билдиришларига имконият берарди. Кўпинча қарор чиқаришда, хотинининг, ёки фарзандларининг фикрларини ҳам, тўғри бўлса, инобатга олаверарди. Фарзандлар ҳам шу муҳитда тарбияланишган эди.

Аммо Наргиза келин бўлиб тушган хонадонда бундай эмас экан. Оила бошлиғи, том маънода қайнонаси экан. Қайнотаси ҳам, фарзандлар ҳам онанинг ҳеч бир фикрига, қарорларига қарши чиқа олмас эканлар. Қарши чиқиш уёқда турсин, муҳокама қилиш, ёки фикр билдириш ҳуқуга ҳам эга эмас эканлар. Тўғрими, нотўғрими қайнонасини айтгани-айтган, дегани-деган экан.

Наргиза бошида роса қийналди. Аммо сабр қилди. Чунки қайнонасини режасига кўра улар қайнисининг уйланишидан олдин алоҳида бўлиб чиқишади. Наргиза шуни ўйлаб ҳам сабр қилди. Орада тўнғич қизи ва кейинроқ иккинчи қизи туғилди.

Ва ниҳоят ўша кунлар ҳам келди. Уларни қишлоқ четидаги ерларида, уй тиклаб, алоҳида қилиб кўчириб қўйишди. Аммо аҳвол ўзгармади.
Энди қайнонаси уларникига келиб, тўғрими, нотўғрими, ўз маслаҳатларини бериб, ўша маслаҳат берган ишларини Наргизага ҳам, Икромжонга ҳам мажбурлаб қилдириб кетарди.  Қайнонасини тез-тез келиб "маслаҳат бериши"нинг сабаби иккинчи ўғлини уйлантириб, янги туширган келини қайнонанинг гап сўзларини писанд қилмайдиган, "маслаҳатлари"га қулоқ тутмайдиган чиқди. Қайнонаси минг жаврамасин, у  "нима деяпсан" демасди. Ўз ишларини билиб, қилиб юраверарди. Бундан дарғазаб бўлган қайнона "гапга кўнмайдиган" унақа келинни калтаклатмоқчи бўлиб, ўғлига неча марта ёмонлади. Аммо иккинчи ўғил Икромжонга ўхшаб бўш-баёв эмасди. Она келинини ёмонлаб гап очганда, "Ойи ишини билиб қилиб юрибдику, қуяверинг қилиб юраверсин, сиз мазза қилиб оёқларингизни узатиб дам олинг", деди ва шу билан бу мавзу ёпилди.
У бир пайтлар Наргизани эрига бир неча марта, ёмонлаб калтаклатган эди. Аммо бу "номери" иккинчи келини ва ўғлига ўтмади.

Бирга яшаётган келинига ортиқча маслаҳат бера олмаётган қайнона, энди бор маслаҳатларини, тез-тез ташриф буюриб Наргиза ва Икромжонга берарди. Икромжон-ку кўпинча ишга кетиб, уйда бўлмасди. Шу туфайли "маслаҳатлар"ни ҳаммаси Наргизани қийнарди. Аммо шунда ҳам у сабр қиларди. Чунки оилада шунақа тарбия кўрганди. Наргиза эслайди, онаси қайнонасини, яъни Наргизани бувисини жудаям ҳурмат қиларди. Дадасига айттириб, қайнонасини опкелтириб бир неча кун кетгани қўймай, ҳар хил тансиқ таъомлар пишириб бериб қайнонасини иззатини қилиб  олиб ўтирарди. Қизларига ҳам қайнонани ҳурмат қилиш, ўз онасидай кўриш ҳақида насиҳатлар қиларди ва бунга ўзиям ўрнак бўларди. Наргиза мана шундай руҳда тарбия топганди. Шу учун ҳам қайнонасининг маслаҳатлари кўпинча режаларига тескари бўлиб қолса ҳам, индамай бажарарди.

Шу орада ўтган бир неча йилларда Наргиза учинчи фарзандини ҳам дунёга келтирди. Энди уни иккита қизи, бир ўғли бор эди. Кейин эса тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Буни эшитган қайнона Наргизани ўзи билан текширувга олиб боришини ва агар фарзанд қиз бўлса Наргизага ҳомилани олдиртириб ташлашини маълум қилди. Буни эшитиб Наргиза ҳайрон бўлди. "Нима деяпти бу аёл?" Бунга асло рози бўлиб бўлмайди. Кечки пайт эри келсин, унга айтади ва онасини бу йўлдан қайтаришини айтади.
Аммо Икромжон бўлиб ўтган гап-сўзни эшитдию "Мен онамга қарши чиқа олмайман", деди, қўйди.
Наргиза эридан бу гапни кутмаганди. Йиғлаб эрига бир дунё таъна гапларни гапириб ташлади. Аммо шунча гапдан кейин ҳам, эрини биронта туки қилт этиб ўзгармади. Эрталаб бу мавзу яна кўтарилганда, Наргизани таъналарини эшититиб, индамай ишига чиқиб кетди. Наргиза кўпинча эрига ҳам ҳайрон қолади. Тўғри онани ҳурмат қилиш керак, ҳатто бошга кўтариш керак. Майли уни маслаҳатларини ҳам ҳурмат қилсин, бажарсин. Аммо ҳозир гап, ҳозирча ҳомила бўлса-да тирик жон устида кетаяптику! Наҳотки қайнонасига хато қилаётганини ўғил бўлиб тушунтира олмаса? Наҳотки онани нотўғри ишини бажаришдан бош тортиш-бу онага нисбатан нонкўрлик бўлса?

Қайнонаси келганда Наргиза келин бўлиб тушгандан буён биринчи марта қайнонасига ўз фикрини, мақсадини билдирди. "Ҳомиламни олдирмайман" дея олди. Аммо шу пайтгача овози чиқмаган келинини, бунақа дейиши қайнонани жаҳлини чиқариб юборди ва дарғазаб бўлиб бор заҳрини Наргизага сочди ва охирида "Боламни иккита қизи бор, агар буям қиз бўлса, болам катта бўлганда буларни узатаман деб, ташвишлар билан ажалидан беш кун олдин ўлиб кетади-ю. Кейин ҳозир ҳам сен билан болаларингни боқиш учун, ўғлим тиним билмаяпти, сен уйда ўтириб уни қанчалик чарчаётганини қайердан ҳам билардинг. Сен билан фарзандларингни боқишни ўзи бўлаяптими? Иккита қизинг бор, етади шулар.  Теширувга борамиз, агар ҳомила қиз бўлса олдиртирасан, ўғил бўлса қолади, тамом вассалом", деди.  Наргиза "йўқ бормайман" деди бу сафар қайнонасини энди кўраётгандай секингина. Қайнона энди баттар тутақди. "Ё ҳозир мен билан духтирга борасан, ё кечки пайт ўғлим келганда айтаман, сени талоғингни бериб, учта боланг билан отангникига олиб бориб қўяди". Бу гапни эшитиб Наргизани хаёлига қайнонасини чизган чизиғидан чиқа олмайдиган эри келди. Агар қайнонаси эрига шундай талабни қўйса, эри аниқ талоғини бериб, учта боласи билан отасиникига олиб бориб қўйишдан ҳам қайтмайди. Ота-онасига бу ҳақда билдирай деса, қайнонаси бунга шу тобда имкон бермай, ҳозироқ духтирга жўнашни талаб қилаяпти.
Наргиза кўзида ёш билан қайнанасини олдига тушиб духтирга кўриниш учун жўнади.
Боришди, текширувда жонсиз бир апарат ҳомилани қиз деб чиқарди. Буни билганданоқ қайнонаси ҳомилани зудлик билан, ҳозироқ олдириб кетиш кераклигини талаб қилиб туриб олди. Наргиза худди жаллодни ҳузурига кираётгандай ҳуркиб, қўрқиб турарди. Духтирлар ҳомилани нега олдирмоқчи бўлганини сабабини сўрашганда, Наргиза қолиб қайнонаси "болалари ҳали ёш, болаларини бироз катта қилиб олсин, келажакда яна ҳомиладор бўлаверади", деб жавоб берди. Кейин аллақандай қоғозларга қўл қўйди. Шундан кейин ҳомиласини олиб ташлашди.
Ташқарига чиққан Наргиза қайнонасини башарасига қарагисиям келмасди. Руҳий тарафдан адо бўлди. "Кўнмасам бўларкан, оиламни бузса бузсин эди, бу аёл", деб тинимсиз ўйларди.  Унсиз йиғларди. Кўз ёшлари зардоб бўлиб ичига оқарди.

Кейин уйга бориб мазаси бўлмай ётиб қолди. Катта қизидан онасига бу ҳақда хабар юборди. Онаси келганда, бўлиб ўтган ишларни ҳаммасини, унга йиғлаб-йиғлаб айтиб берди.
Онаси авваламбор Наргизани ўзини роса уришди. "Хўш қайнонанг шунақа кескин талаб қўйган экан, биз қочиб кетмагандикку, югуриб олдимизга бормайсанми, даданг билан келиб қайнонангга насиҳат қилардик. Агар насиҳатга кўнмаса яна нимадир чораси бор эди-ку. Ҳаҳ қизим-а", деб роса Наргизани ишидан афсусланиб гапирди. Кейин эса ўрнидан туриб қудасинига жўнади. Бориб қудасига ҳам кўп гапларни гапирди. Аммо у аёлга гап кор қилмаслигини кўриб "Афсус сендай онага", деб индамай кетди. Қизиғи эркак қуданинг бу ишлардан умуман хабари йўқ экан. У бундан хабардор бўлганда ҳам хотинига индай олмас эди. Аммо онасининг гапига қараганда Наргизанинг қайниси ва овсини воқеадан хабар топиб, келиб қайнонасига келиб роса гапиришибди, ҳатто овсини уни қотилликда ҳам айблабди.

Ўшандан кейин йиллар ўтаверди ва Наргиза яна ҳомиладор бўлди ва қиз туғди. Орадан яна йиллар ўтди. Иккита катта қизини узатишга улгурди. Аммо шу пайтгача қайнонаси бирон марта ҳам ўша ишидан афсусланиб гапирмайди. Гапиргани, афсуслангани билан нима ўзгарарди? Шунақа ҳолатларда Наргиза, "Қайнонам ўзидан ўтганини ўзи билаётган эканми, виждони қийналаяпти ўша қилган қотиллиги учун. Аммо сир бой бермаяпти шекилли", деб ўйлайди. Қайнонасини энди олдингидай шашти йўқ. Учинчи ўғилни уйлантиргандан кейин, туширган келини бўлиб ўтган воқеаларни эшитиб уни умуман назар писанд қилмади. Мана ёшиям бир жойга бориб қолди. Бу орада Наргизанинг қайнотаси вафот этди. Қайнонаси ёлғиз қолиб анча босилди. Энди уни маслаҳатлари ҳеч кимга керак эмаслигини тушиниб етди, аммо "тарки одат, амри маҳол" дегандай ҳозир ҳам қарийб ҳамма ишларда, тўғрими, нотўғрими бир маслаҳат бериб кўради. Аммо энди уни маслатлари ҳеч кимга керак эмас. Энди ҳеч кимни ўз "маслаҳатларини бажаришга" мажбурлай олмайди. Ҳатто Наргиза ва уни эрини ҳам.
Аммо Наргизани қалбидаги оғриқ ҳамон қийнайди. Ҳамон қайнонасидан ҳам кўра ўзини айблайди. Доим чақалоқларни кўрганда ўша олдирган ҳомиласи эсига тушади.
Ўшанда қайнонаси "буларни боқишни ўзи бўладими", деб, Наргизани йўқчилик, қийинчилик билан қўрқитиб таҳдид қилганди.  Ўшандан буён бошлари йўқчиликдан, камбағалликдан чиқмайди. Йўқ кунлари ўтаяпти, оч, яланғоч қолишмаяпти.  Аммо яшаш шароитлари оғир. Қизларини ҳам ўзларига ўхшаган оддий оилаларга узатишди. Тўйни ҳам қариндош-уруғлар ёрдамида амаллаб ўтказишди. Ўша ҳомила олдирилгандан бери ҳаётлари йўқчиликдан, етишмовчиликдан чиқмайди. Эр-хотин баравар, тинимсиз ишлашади. Аммо топганларини баракаси йўқ.
Яқинда маҳалладаги йиғинлардан бирида, бир илмли отинойи "камбағаллик ва боқишдан қўрқиб, ҳомилани олдириш", бу жудаям оғир гуноҳлигини, бу ишни қилган инсонлар қаттиқ гуноҳкор бўлиш билан бирга, шу ишни қилган инсонларни Яратган бир умр йўқчиликка рўбарў қилиб қўйишини", эшитиб Наргизани дарди яна янгиланди. Эри иккаласи тинимсиз ишлашса ҳам нега рўзғорларида барака йўқлигини сабабини тушуниб етгандай бўлди. Ва Яратгандан гуноҳларини кечиришини сўраб йиғлаб-йиғлаб дуо қилди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий