Ўзбек футболи деса охирги йилларда олий лигамиздаги учта гуруҳни тушунадиган бўлиб қолдик.
1-Гуруҳ "юқори элита" яъни чемпионлик, ёки кубокни олиш учун, ёки ОЧЛга йўлланма берувчи ўринлар учун курашадиганлар жамоаси.
2-ўринда эса доимий ўртамиёналар.
3-ўринда эса ҳар йили олий лигадан тушиб кетмаслик учун ўйнайдиган аутсайдерлар.
Ўзбек футболида бу анъана анча йиллар давомида кузатилиб келинаяпти. Мавсум бошидан, ким чемпионлик учун курашади, ким ўртамиёна бўлади, ким лигадан тушиб кетмаслик учун курашади, ҳаммаси аниқ. Бу ҳолатни турли сабаблари бор. Шу сабалардан бири маблағга бориб тақалади. Яъни пули кўп жамоалар юқори ўрин учун курашадилар, ўртамиёналарда пул ҳам "ўртамиёна", лигадан тушиб кетмаслик учун курашаётганларда эса, ҳар йили маблағ муаммоси бор.
Чемпионлик учун курашаётган жамоаларнинг аксарияти анча йиллардан бери фақат пойтахт жамоаларидир. Минтақалардан эса, биргина "Насаф" жамоаси бор. У ҳам бўлса Қашқадарё вилоятининг энергия манбаларига бой бўлган ҳудуди ва газни қайта ишлаш заводлари жамоага ҳомийлик қилишлари туфайлидир.
Минтақалардаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси йўқ бўлган вилоятлар жамоалари асосан лигадан тушиб кетмаслик учун курашадилар. Ёки уларнинг айримларидан олий лигада бир неча йилдан бери биронта жамоа йўқ.
Вилоятларда футбол ўйинига кўпроқ одам тушади, аммо жамоалари маблағ йўқлиги туфайли ё аутсайдер, ёки баъзиларида олий лигада жамоа йўқ. Пойтахт жамоаларида бақувват ҳомийлар бор, аммо стадионларида томошабин йўқ.
Хўш унда марказларда жамоа ташкил қилиш ва стадионлар қуришдан кимга ва нима наф бор?
Ўша ҳувиллаб ётган стадионда мухлисларсиз ўйнаётган ва бақувват ҳомийга эга бўлган жамоалар нега унда Марказда ташкил қилинади? Уларни минтақаларда, айниқса олий лигада жамоаси йўқ вилоятларда ташкил қилса бўлмайдими?
Келинг энди бир тарихни ҳам эслаб вазиятни бир таҳлил қилайлик. Чунки бу муаммо нафақат пойтахт билан юз бераяпти, балки бу муаммо вилоятларда ҳам бор. Қанақасига дейсизми? Шунақасигаки, вилоятлардаги туман марказларининг кўпларида стадионлар хароб аҳволда ва ташкил қилинган жамоа вилоят биринчилигида амаллаб, номигагина ўйнаб юрганда баъзи вилоят марказларида ҳам олий лига, ҳам биринчи лига жамоалари фаолият олиб боради. Аммо уларнинг иккаласи ҳам аутсайдер.
Келинг таҳлилни пойтахтдан бошлайлик.
24 йиллик чемпионатимизда узоқ йиллар пойтахт Тошкент шаҳридан учта жамоа қатнашган. Булар Трактор, МҲСК ва Пахтакор жамоаларидир. (Орада Чилонзор жамоасини олий лигада бир йил меҳмон бўлганини айтмаганда) Кейинчалик эса Тошкент вилоятидан қатнашадиган Дўстлик жамоаси тарқатилиб, ўрнига Академия жамоаси ташкил қилиниб, жамоа Тошкентда фаолият олиб борадиган бўлди. Икки йиллик фаолиятдан кейин бу жамоа батамом тарқатиб юборилди. Кейин эса Бунёдкор" лойиҳаси бошланди. Жамоага бақувват ҳомийлар ҳомийлик қилишни бошладилар. Жамоа учун Жар стадиони жаҳон андозаларига мос равишда таъмирланди. Чимлари алмаштирилди. Эски МҲСК стадиони ўрнидан янги стадион қурилиши бошланди. Энди шу ерда савол туғилади. Мана шу Бунёдкор лойиҳаси қайсидир бир вилоятда ташкил қилинса бўлармиди? Албатта бўларди. Аммо Бунёдкорни тепасида бошида хусусий компаниялар туришди учун уларга "жамоани фалон жойда ташкил қил"-деган босим ўтказиб бўлмасди. Шу учун бу жамоани эгалари ўзлари ҳоҳлаган жойда туздилар ва ўзлари ҳоҳлаган жойларида стадион қурдилар. Аммо Локомотив ҳақида бундай деб бўлмайди. Ўзбекистон Темир Йўллари (ЎзТЙ) томонидан ўртамиёна бўлса ҳам, бир жамоани бутунлай тугатиб, камига уни стадионини бузиб ташлаб, ўрнига ҳеч ким тушмайдиган яна бир янги стадион қуриш учун эҳҳе қанчалаб маблағ ишлатилди. ЎТЙ ОАЖ бу давлатга қарашли компания ҳисобланади ва фаолияти Ўзбекистонни ҳамма жойини қамраб олади. Шундай экан ЎТЙ ОАЖ Тракторни йўқ қилиб, уни стадионини бузиб ташлаб, уни ўрнида янги стадион қурганча, шу жамоани Термизда, ёки Гулистонда ташкил қилса ва суперзамонавий янги бир стадионни шу шаҳарлардан бирида қурса бўлмасмиди?
Кейин юқоридаги шаҳарлардан бирида кичикроқ бўлса ҳам 4, ёки 5 юлдузли бир меҳмонхона қуриб қўйса, янада яхши бўларди.
Шу баҳона яна биттта шаҳримиз яхши бир меҳмонхона ва стадионга эга бўларди. Кейин ўша шаҳарларда футбол ишқибозлари рақобатбардошли яхши бир жамоага эга бўлардилар. Яна бу нарса ОФКнинг олдида, турли мусобақаларни ўтказишни сўраганимизда қўл келарди. Чунки 24 йилдан бери ОФКнинг, ёки ФИФАнинг Ўзбекистонга жиддийроқ мусобақаларни бермаётганини сабаби вилоят марказлари бўлган аксарият шаҳарларимизда, аэропорт, йўллар, стадионлар ва меҳмонхоналарнинг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлмоқда. Агар Локомотив лойиҳаси юқоридаги икки вилоятдан бирида ташкил этилганда, УФФ бир ўқ билан камида тўртта қуённи урарди. Ҳам ўша вилоятларга катта футбол қайтарди, яна ажойиб бир стадион қуриларди. Камига эса ўша вилоят жамоаси Ўзбекистондаги энг барқарор ва бой компаниялардан бири бўлмиш ЎзТЙ ОАЖ дек барқарор бир ҳомийга эга бўларди. Яна ўйинларига фан клуб Темир Йўл институти ва лицейида ўқийдиган тала Аммо энди бу лойиҳа амалга ошиб бўлди. Ғишт қолипдан кўчиб бўлди.
Энди буни баъзи вилоятлар миқёсида кўриб чиқсак.
Охирги йилларда Самарқанднинг Динамо жамоаси олий лигада, яна бир жамоаси "Регистон" биринчи лигада ўйнаяпти. Ҳатто ўтган мавсумда Самарқанд шаҳридан биринчи лигада ҳатто иккита жамоа қатнашганди. "Регистон" ва "Шердор" жамоалари. Вилоятдаги туманлардан эса биринчи лигада биттаям жамоа йўқ. Хўш, худди шу ерда, энди савол туғилади. Динамо жамоаси олий лигада муносиб қатнаша олмаслигига ва ҳар йили аутсайдерлар орасида юриб, олий лигадан тушиб кетмаслик мақсадида ўйнаб юришига асосан маблағ етишмовчилиги сабаб бўлаяпти ва бундай шароитда вилоят марказида анчагина маблағ харажат қилиниб биринчи лига учун жамоа ташкил қилиш, уни ўйнатиш кимга керак?
Ўша жамоани туманлардан бирида ташкил қилиш қийин ишми? Бу ерда туманларда футбол жамоаси йўқ экан деган тушунчага борманг. Ҳамма туманларда жамоалар бор ва улар вилоят биринчилигида қатнашишади. Аммо ҳаммаси хўжакўрсинга ташкил қилинган. Етарлича эътибор йўқ.
Туманларда футбол учун маблағ етишмайди дейсизми? Балки шундайдир. Аммо вилоят бош жамоаси учун ҳатто узоқ туманлардаги ўзини муаммоларини ўзи еча олмаётган фермерларгача, маълум бир миқдорда пул тўлатирилаётганини қандай тушуниш керак?
Ёки бошқа ташкилотлардан ҳам маълум миқдорда пуллар ундирилаяпти.
Ҳа шундай, тумандаги вилоят биринчилигидаги жамоалар учун маблағ топилмаётган ҳолатда, вилоят бош жамоаси учун маблағ топилмоқда. Туманлардаги стадионларнинг аксарияти аянчли аҳволда қолмоқда. Масалан мамлакатимиздаги аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турадиган Ургут туманинг маркази Ургут шаҳрида стадион йўқ!? Йўқ , стадион бор, аммо у стадиондан ҳам кўра мол-қўй боқиладиган яйловга ўхшайди. Атрофи одамларнинг уйи билан ўраб олинган, кўчаси тор ва ҳоказо аҳволда анча йиллардан бери қаровсиз ётибди. Ургут туманида "Чинор" номли жамоа ҳам бор, аммо шу
жамоани бирон ерда ўйини ҳақида эълон, ёки ўйинини қайерда ўтказиши ҳақида хабар йўқ. Албатта туманда стадиондан ҳам зарур, ҳал қилиниши долзарб бўлган муаммолар кўпдир. Аммо тумандаги ҳар хил корхоналардан, фермерлардан футбол учун йиғиб олинаётган маблағ борича, етгунича туман футболини ривожлантириш, стадионнни бошқа жойдан янгитдан қуриш, ёки "Чинор" жамоасини молиявий қўллаб-қувватласа мақсадга мувофиқ бўлмайдими?
Бу саволни қўяётганимни асосий сабаби агар Ургутда кичикроқ бўлса ҳам замонавий бир стадион қурилса ва туман жамоаси биринчи лигада ҳатто ўртамиёна қатнашса ҳам Тошкентдаги ҳашаматдор стадионларга тушадиган мухлислардан кўпроқ мухлис мухлислар киришади. Агар футбол мухлислар учун ўйналади десак, демак минтақалар футболини ривожлантириш вақтэ аллақачон бўлган.
Албатта бу масалада гапираман деса гап кўп. Аммо бизда қачонгача футболни фақат марказларда ташкил этиш, марказларда стадион қуриш, марказларда футбол инфрастуктурасини ривожлантириш давом этади. Минтақаларга навбат қачон келади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий