понедельник, 7 декабря 2015 г.

Бир умрлик сабоқ.

Биз тўрт ўртоқ Ҳаким, Умид, Қобил ва мен бир синфда ўқирдик. Кейин уйларимиз ҳам битта кўчада, бир-бирига яқин эди. Кўчани энг охирида, қирнинг устида, Ҳакимларнинг уйи эди.  Мактабгаям бирга бориб, бирга қайтардик. Бўш вақтимизда бирга ўйнардик, бирга дарс тайёрлардик.

Ўшанда иккинчи синфда ўқирдик. Баҳор пайти, ўриклар гулини тўкиб, довучча бўлган пайт эди. Якшанба куни тўртталамиз Ҳакимларни ҳовлисига туташиб кетган боғларини олдида, довучча ейиш мақсадида йиғилдик. Чунки Ҳакимларнинг ҳовлисида ҳам, ҳовлининг ёнида жойлашган боғларида ҳам, ўрик дарахти кўп экилганди ва биз доим довучча ейишга ҳам, пишганда ўрик ейишга ҳам шу ерга келардик.

Тўрталамиз ўриклардаги довуччалардан бири, данаги чучук данак бўлганини танлаб тепасига чиқиб олдик. Роса едик, камига чўнтакларни ҳам тўлдириб териб тушдик. Ҳаким бориб уйларидан туз олиб келди. Энди тўртовлон ўрикни тагига ўтириб олиб, довуччаларни тузлаб еб, уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирардик. Шу пайт ўртоқларимиздан бири рус тили ўқутувчимиз бўлган Муҳаббат опа ҳақларида нимадир деб гап бошлаб қолди. Ва мавзумиз бирданига шу муаллима ҳақида бўлиб кетди.

Бу муаллимамиз ўзи, шу йили институтни битириб, немис тилидан дарс бериш учун, бизни мактабимизга қўшни тумандан ишга келганди. Аммо ўқутувчи етишмаганлиги туфайли, бўш соатларида, биз бошланғичларга рус тилидан ҳам дарс ўтарди. Ўзи ҳали турмушга чиқмаган ва кийиниши бизнинг қишлоқ аёл ва қизларидан мутлақо фарқ қилар. Шаҳарликлардай кийинарди ва бу бизга ажабланарли туюларди. (Балки катталарга ҳам ажабланарли туюлгандир, аммо бу ҳақда билмайман) Тўртовлонни суҳбатимиз айнан ўқутувчимизни кийиниши ҳақида эди. Ўшанда ҳаммамиз ҳам, нимадир дедик. Аммо ўшанда фақат мен ўзим гапирган гапимни эслаб қолдим. Йўқ, аслида ўзим гапирган гаплар ҳам эсимдан чиққан эди. Аммо ўша гапларни орадан бир ярим ой ўтиб менга эслатишди. Эслатишганда ҳам, бир умр сабоқ бўладиган қилиб эслатишди.

Биз тўрт ўртоқ юрар эканмиз, тўдабошиликка мен ва Ҳаким даъвогарлик қилардик. Умид ва Қобил эса бизни ташаббусимиз ва таклифимиз ортидан эргашишар эди. Уларни ўзида тўдабоши бўлишга лаёқат йўқ эди. Гоҳида таклиф ва ташаббус ортида Ҳаким билан талашиб қолардик. Мен бир таклифни ўртага ташласам, у бошқасини айтарди, ёки у таклиф билдирганда мен бошқа таклиф киритардим Охири ўйнаётган ўйинимиз бузилиб, ҳамма уй-уйлик бўлиб тарқашига опкеларди.

Ўшанда, эсимда, яна нимададир келиша олмадик. Эртага мактабни охирги куни деган кун эди. Келишмовчилик охири жанжалга айланди. У даврларда ёш бола эдикми, жанжаллар кураш билан бошланиб, биримиз, иккинчимизни йиқитиб, тагига босиб олгунча давом этарди. Кейин ғолиб, мағлубни бирпас босиб ушлаб турарди. Мағлуб енгилганини тан олгандан кейин қўйиб юборилар, баъзида эса мағлуб йиғлаб ҳам юборарди. Шунда ғолиб уни қўйиб юбориб иккаласи туриб икки ёққа кетарди. Кейин, бир-икки кун гаплашмай юриб, яна ярашиб кетишаверарди. (Бошқаларни билмадиму, биз, тўртовлонда ҳам, ўша яшаган муҳитимизда ҳам, шундай эди.)

Ўшанда "эртага мактабни охирги куни" деган кун, Ҳаким билан ўртамизда жанжал чиқди. Оғзаки дўқ-пўписалар қўлга кўчди. Мен Ҳакимни йиқитиб тагимга босиб олдим. У йиғламади, "қўйвор" деди, холос. Мен уни қўйиб юбордим. У ўрнидан турдида "мен сен билан бошқа ўйнамайман, дўстликниям йиғиштирдим, сен билан ора очиқ", дедию, уйига кетди. 

Эртаси куни мактабга бир ўзим бордим. Дўстларим манга қараб турмай кетиб қолишибди. Ҳаким-ку аразлаган, аммо у иккисини ҳам Ҳаким томонга ўтиб, мени ташлаб, мактабга у билан кетиб қолишганига жаҳлим чиқди-ю, аммо қўлимдан нимаям келарди. Бугун у билан бўлишса, эртага мани ёнимда бўлишади. Уларни одатлари шу. Бир мен билан, бир Ҳаким билан кетиб қолишарди.
Мактабга борсам биринчи дарсимиз бошланиб бўлибди. Озгина кечикиб кирдим. Иккинчи дарсимиз рус тилидан эди. Муаллимамиз, ҳа ўша бир кийимини муҳокама қилиб гапирган муаллимамизни дарси эди. Мактабни охирги куни эди учун бу муаллимамиз ҳам хайлашиш дарси қилади. Танаффус пайтида синфда ўтиргандим Қобил югуриб келди. "Ўлдинг энди", деди ҳовлиқиб. "Тинчликми", - десам, "Ҳаким ўша довучча еган кунимиз муаллимамиз ҳақида айтган гапларингни ҳозир бориб ўзига айтиб берди", деди. Бу хабарни эшитиб шокка тушдим. Чунки ўша куни гапирган гапимни боғдан чиқар-чиқмас унутган эдим. Энди муаллима ман ҳақимда нима деб ўйлайди? Уни олдида нима деган одам бўлдим? Энди қаттиқ уришади. Уриши ҳам мумкин. Энг ёмони дарсдан кейин ота-онамни олдига ҳам бориши мумкин. Юрагим тез урар. Ҳатто ўрнимдан тура олмай, партага ёпишиб қолгандай ўтирардим. Буни устига синфкомман, биринчи партада, шундоқ ўқутувчини олдида ўтираман. Бошимни эгиб ўтирарканман, бирпайт қўнғироқ чалиниб, дарс бошланди.
Мана муаллимамиз ҳам кириб келди. Бутун синф ўрнимиздан туриб салом берар эканмиз, мен фақат ерга қарардим холос. Муаллимамизни ёнида яна бир опа бор эди. Дугонаси экан. Мактабни охирги кунида дугонаси бўлмиш муаллимамизни кўргани келган экан. Охирги партага бориб ўтирди. Муаллимамиз эса, кайфияти йўқлиги билиниб туради. Мен эса бошимни кўтара олмасдим. Шу пайт муаллимамиз "тарбиявий соатни" бошлади. Одатда бунақа дарслар ҳазил-ҳузул ва хайрлашиш билан ўтарди. Бу дарсимиз эса "мани тарбиялаш" билан бошланди. "Қара-я дугонажон, муштдек боши билан шу гапларни гапирганига, шу гаплар хаёлига келганига. Ким ўйлабди бундан шунақа гаплар чиқишини. Бўлмаса, синфнинг энг аълочи ўқувчиси, синфнинг синфкоми бу. Болаларга шундай ўрнак бўласанми? Ким ўргатди сенга бунақа гапларни? Ҳали ота-онангни олдига ҳам бораман сени, кўриб қўйишсин қанақа фарзанд тарбиялашаётганларини". Шу ерда юрагим ичимга баттар тортиб кетди. Муаллимамиз тепамда туриб олиб шунақа гапларни гапираяпти-ки, "Шу гапларни эшитгунча, қани эди оёғим остидаги пол ёрилсаю тагига кириб кетсам" деб ўйлардим. Муаллимамизни гапларини эшитиш жудаям оғир бўлаётганди. Назаримда, бор-йўғи қирқ беш минутлик дарс, ҳозир қирқ беш соатга чўзилиб кетаётганди. Энди эсласам ўшанда ҳатто "муаллима манку гапирган бўлсам, бу воқеани сизга чақиб берганлар ҳам индамай ўтиришмади, улар ҳам бундан баттар гапларни гапиришди" демабман. Уятдан бош кўтара олмай, муаллимани аччиқ гапларини эшитиб ўтирарканман, "дўстларимни" ҳам муаллимамиз ҳақидаги гапирган гаплари ҳақида ўйламасдим ҳам. Ўзим билан ўзим бўлиб ўтирардим. Мабодо улар гапирган гаплар ҳақида хаёлимга нимадир келганда ҳам, бу ҳақда муаллимизга индамаган бўлардим. Чунки барибир бош айбдор ўзим эдим. Энди қилган иш учун гап эшитаётганда "фалонча ҳам сиз ҳақингизда, фалон гапларни гапирганди", дейиш бу ўзим шу тобда ёмон кўраётганим чақимчиликни ўзим ҳам қилишим бўларди.
Шу учун ҳам муаллимамизни аччиқ гапларни бошимни эгиб, уятдан юзим қизариб, эшитиб ўтиравердим. Ва ниҳоят дарс тугаганини билдирувчи қўнғироқ чалинди. Муаллимамиз "тарбиявий соатни" тугатиб хайрлашиб чиқиб кетди. Ортидан синфдошларим ҳам ташқарига чиқишди. Мен эса ҳалиям ўрнимдан тура олмай ўтирардим. Охири зўрға ўрнимдан турдим ва бошқа дарсларга қарамай уйга кетдим.

Кейинги ўқув йилида рус тилидан бизга бошқа ўқутувчи дарс берди. Мен Ҳаким билан эса ўйнашни, бирга юришни йиғиштирдим.
Муаллимани эса онда-сонда узоқдан кўриб қолардим. Яқинига боришдан қўрқиб ва уялиб ундан нари қочардим.
Аммо, тақдир бизни яна учраштирди. Тўртинчи синфга ўтганимизда энди у бизга немис тилидан дарс берадиган бўлди. У биринчи дарсга кирганида кўзига қарай олмадим. У синфком кимлигини сўраганда ўрнимдан турдим, аммо ерга қарардим холос. Уни кўзига қараш жудаям оғир эди. Ўшанда у билан кутубхонага бориб китоб олиб келиш учун бордик. Кутубхоначи аёл синфимиздаги болаларни сонини сўраб, етарлича китобларни олдимизга олиб келиб қўйди. Китобларни ҳаммаси эски, муқовалари зўрға осилиб турарди. Шунда муаллимамиз кутубхоначи опадан, "опа бир дона янгиси йўқми шу китобингиздан", деб сўраб қолди. Кутубхоначи опа, муаллима ўзига сўраяпти деб ўйлади ва "ўзингизгами, бир дона янгиси бор", деб, янги китобни олиб чиқиб муаллимамизни қўлига берди. Шунда, муаллимамиз мениям, кутубхоначи опаниям ҳайрон қолдириб "ма, ол, бу китоб сенга", деб китобни менга узатса бўладими! Китобни олаяпману "раҳмат", деб ерга қарайман. Шунда кутубхоначи опа "Китобни ўзингизга оласиз десам, бунга бердингизку", деди. Шунда муаллимамиз "Ҳа ман бу болани жудаям яхши кўраман", деса бўладими! Иккинчи марта ер ёрилмади-ю ерга кириб кетсам деб ўйладим. Қулоғларимгача қизариб кетиб, бошимни кўтара олмасдим. Китобларни синфга қандай олиб бордим, қандай тарқатдим, эсимда йўқ. Ундан кейин ҳам дарсларда бу муаллимамизни кўзига қарамадим. Тўғрироғи қарай олмадим. Дарсда жавоб берсам ҳам муаллимани кўзига қарай олмай, ерга қараб жавоб берардим. Ўша ўқув йилини мана шундай ўтказдик. Кейинги йилдан муаллима опамиз бошқа мактабга ўтиб кетди.
Орадан йиллар ўтди, мактабни битирдик. Кейин муаллима опани вилоят марказида кўриб қолдим. Ман у кишини танимабман. У киши таниб, "сен Фурқатмисан", деб сўраганларидан кейин овозларидан танидим. Турмушга чиқибдилар, ҳозир фарзандлари ва турмуш ўртоқлари билан тинч тотув яшаётган эканлар. Ўша ёшликда ўйламай гапириб қуйган гапларим учун кечирим сўрадим. "Сени ўшандаёқ кечириб юборганман. Эсингдами сенга қаттиқ гапиргандим. Сенга дарс бўлсин, бошқа ундай қилма деб, шундай қилгандим. Дарс бўлдими сенга?", дедилар. Албатта дарс бўлганини айтдим ва хуш кайфиятда хайрлашдик.
Ҳа, ўша воқеа мени ҳаётимда катта сабоқ бўлганди. Ўшандан кейин, мана ҳанузгача, ҳар хил жойларда, ҳар хил гапларни эшитаман, аммо қулоғимни "икки тарафини ҳам очиб қўяман" ва эшитгандан унутаман.  Ўша воқеадан кейин ҳеч ким ҳақида ошиқча гапирмайдиган ва чақимчиликни ўлгудай ёмон кўрадиган бўлиб қолдим. Мабодо кимдир ниманидир чақимчилик қилиб гапирса тезда унга бу иши ёмонлигини таъкидлайдиган бўлдим.
Бу учун ҳанузгача ўша менга бир умрлик сабоқ берган муаллимамдан хурсанд бўламан. Уни эслайман. Дуо қиламан.
"Ҳозир қайерда ва қай ҳолатда юрган бўлсангиз ҳам Худо сизни ярлақасин. Сизга катта раҳмат азиз муаллимам!"

Комментариев нет:

Отправить комментарий