воскресенье, 25 октября 2015 г.

ДОЛЛАР ВА ИЖАРА

ЯНА БИРОЗ ДОЛЛАР ВА ИЖАРА ҲАҚИДА!

(Фақат "жонга тегди-да, буям"-деманг. Буниси фойдали.)

Охирги кунларда мамлакатимизда "қора бозор"да (энг аниқ ва реал бозорни ўзиям аслида шу) доллар курсини кескин ошиши кузатилди.
Аслида бу ошиш ўтган йилнинг кузидан бери давом этиб келаяпти ва буни натижасида ўтган йилнинг кузида 1 АҚШ долларининг нархи 2700-2800 сўм бўлган бўлса, жорий йилнинг 20- октябрига келиб 1АҚШ долларининг нархи 5000 сўмга чиққанди.
Аммо 21-22 октябрь кунлари, бирданига доллар курси кескин ошаверди ва нархлар 1АҚШ долларининг нархи 6000-6200 сўмга чиқиб кетди. 24 октябрь ва ушбу ёзувлар ёзилаётган 25 октябрга келиб нархлар бироз пастлади ва 5500-5600 сўмга тушди. Аммо бу нархлар шу ҳолида қоладими, ёки тушадими бу ҳаммага қоронғу бўлаяпти. Тахмин эса кўтарилишга бўлаяпти.

Ҳаммамизга маълумки мамлакатимизда жуда кўп соҳаларда савдо, ижара ва ҳоказолар долларда юритилади. Буни сабаби одамларимизда сўмга бўлган ишончнинг йўқлигидир. (Чунки сўмда ижара беришса, ёки сотишса, сўм долларга нисбатан қадрсизланаяпти ва буни оқибатида кеча сўмда сотиб олган нарсангизни бугун доллар ошгани туфайли нархини кўтариб қўйишаяпти ва қайта сотиб ололмаслигингиз мумкин.)
Шу туфайли юртимизда ижара (аренда) олдиндан долларда ҳисоблаб келинган.
Квартира ижараси дейсизми, хусусий дўконлар ижараси дейсизми, ёки машиналар ижараси дейсизми, ҳамма-ҳаммаси долларда берилади. Мана шундай курслар ошиб кетганда ижарачилар ижара ҳаққини тўлашда жудаям катта муаммоларга дуч келмоқдалар. Чунки ўтган йил  200 доллар учун 550-600 минг сўм сарфлаган ижарачилар, бугунги кунда ана шу 200 доллар учун 1.150.000-1.200.000 сўм сарфламоқдалар. Аммо у ижарачиларнинг реал даромадлари баравар ошган эмас. Курслар ошиб кетмасидан олдин маъошини ярмини квартира ижараси учун тўлаётган оила, бугун маъошини ҳаммасини тўлаб ҳам барибир етказа олмаяпти. Ёки машинани пулини бўлиб тўлаш шарти билан олган таксист, ўтган йил ўн беш кун ишлаган пули билан бир ойлик ижарасини тўлаган бўлса, бу йил бир ой ишлагани ҳам бир ойлик ижара ҳаққига етмаяпти. Ёки хусусий шахслардан дўкон, ошхона ва ҳоказо бошқа нарсаларни ижара олган ижарачиларда ҳам аҳвол шундай.
Хўш аҳвол шундай давом этаверса, доллар ошаверса, буни оқибатида ижарачилар ижара ҳаққини амаллаб тўласа, ёки тўлай олмай, ўз хизматларини, маҳсулотларини нархини ошириб, бораверса ва бу нархлар ошиши асосий истеъмолчи бўлган оддий халқни елкасига тушиб бораверса, охири нима бўлади?
Бу ҳолатда вазиятни бироз юмшатишни имкони борми?
Албатта бор!

Мана шу ўринда севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари бўлмиш қарз бериш, уни кечиктириш, тўлай олмайдиганлардан ўша қарзни кечиб юборилиши жудаям савобли иш эканлиги ҳақидаги ҳадисларни амалига ўтсак вазият ҳаммамиз учун хайрли бўларди инша Аллоҳ.

Ижара тўлаши керак бўлган одам бу қарздор ҳисобланади дегани. Ижарага берган одам эса қарз берган одам ҳукмидадир.
Шундай экан юртдошларимиздан кимлар ижарага бериш билан шуғуллансалар, бунақа шароитда майли ижара ҳаққини сўмга ўтказмасалар ҳам, авваламбор ижара ҳаққини туширсинлар. Кейин агар ижарачи ижара пулини тўлашни кечиктираётган бўлса, ундан вақтида тўлашни талаб қилмай, бироз муҳлат берсинлар.
Ёки ижарачининг аҳволини кўриб турибдилар, ижара пулини тўлайман деб, ҳарқанча елиб-югуриб ишламасин барибир унга ижара ҳаққини тўлашга имкони бўлмаяпти, ёки иложини қилолмаяпти, мана шунақа ҳолатларда ижара ҳаққининг бир қисмини кечиб юборсинлар. Мана шу энг адолатли, энг савобли иш бўлади. Чунки ҳаммамиз кўриб турибмиз, ниманидир ижарага олган одам, ўша ижарага олган нарсасини ҳавасга олмаган, балки мажбурликдан, сотиб олишга маблағи етмаслигидан ижарага олган. Уларниям аксариятида оила, бола-чақа бор, ёки бошқа харажатлар бор. Бунақа курслар ошиб кетганда долларга ҳисобланган ижара ҳаққини тўлаш ва бошқа харажатларга етарли маблағ топиш уларга жуда қийин бўлаяпти.

Яна бир "ижарасини тўлай олмаса топшириб юборсин"- деган мулоҳаза ҳам бўлиши мумкин. Аммо ижарачи тўлай олмай ижарага олган нарсасини топшириб юборса, бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Кейин савдо дўкони, ошхона каби нарсаларни ижарасини тўлай олмаса эгасига топшириб юбориши мумкин, аммо ўз уйи бўлмай ижарага уй олиб яшаб юрганлар нима қилишсин. Ижарага яшаб юрган уйини топшириб юборишса бола чақалари билан кўчада қолишадику! Демак муаммонинг ечими "топшириб юбориш" билан ҳал бўлмайди.

Шу ерда "ризқни ташвишини қилмасин, уни Аллоҳ етказади" деган фикр ҳам берилиши мумкин. Буям тўғри.  Аммо динимизнинг кўрсатмаси барибир кўпроқ хайр-саховат қилишга, етим-мискинларга ҳам маблағ томонидан ёрдам бериш ва таъом беришга, муҳтож бўлганларга қарз беришга, кейин қарз олган одам имкони бўлмай тўлашни кечиктирса ўша қарзни тўлаш муддатига яна муддат қўшиб беришга, агар қарз олган одам имкони бўлмай, тўлай олмаса ўша қарздан кечишга тарғиб қилади. Биз шуларга тарғиб қилинганмиз, буюрилганмиз. Зеро бу ишлар юксак инсонпарварлик ишлардир.

Шундай экан ҳоҳлардик ижарага нарса бераётган юртдошларимиз мана шундай ҳолатларда ўз биродарлари ва миллатдошлари бўлган ижарачиларга раҳм-шавқат ва хайр-саховат кўрсатсалар.
Ижара нархларни туширсалар, ижара ҳаққи тўлаш муддатини узайтирсалар, тўлай олмайдиганлардан ижара ҳаққини маълум бир ойларга Аллоҳ йўлида кечсалар. Мана шуларни уларни кўнгилларига солишни Аллоҳдан дуо қилиб сўраб қоламиз.

Бизларга шу ўгит-ҳадисларни ўргатган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга салому саловотларимиз бўлсин. Бизни Ўзининг Ҳақ йўлига бошлаб, Ўзини танитган ва Ўз Китобида бизларни инсонпарварликка, меҳр-оқибатга ва ҳаммага яхшилик қилишга буюрган Аллоҳ азза ва жаллага ҳисобсиз ҳамдлар бўлсин.

Комментариев нет:

Отправить комментарий