воскресенье, 25 октября 2015 г.

"БИРЛАШМАГАН" МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ.

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ!
(Ҳақиқатдан шундайми? Миллатлар ҳақиқатдан "бирлашганларми"?)

Сўз боши

Аслида қуйида ёзмоқчи бўлган фикрларим кеча, бугун пайдо бўлган эмас, балки камида 25 йиллик кузатувлар, жаҳонда рўй бераётган ишлар ҳақида анчадан бери йиғилиб келаётган фикрларимдир. Аммо бу фикрларни бир жойга жамлашимга шу пайтгача нимадир халақит бераётганди ёки ўзим ҳафсала қилмай юргандим.

Аммо кеча янгиликлардан 24-октябрь, бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ) тузилган ва туғилган санаси эканлигини тасодифан эшитиб қолдим ва энди ўша фикрларни бир жойга жамлаш вақти келганлигини англадим.

Иккинчи Жаҳон Уруши тугагандан кейин бу уруш ғолиблари бир стол атрофига ўтириб, дунёда фашизмга ўхшаган ғояларни тарқалиши бошқа такрорламаслиги учун дунёни назорат қилиб туриш лозимлиги ва бу учун дунё миқёсидаги бир ташкилот бўлиши кераклиги ҳақида маслаҳатлашдилар. Ва охири ҳар бир тараф ўз манфатларидан келиб чиқиб, ўз шартларини қўйган ҳолда шундай халқаро ташкилот тузиш ҳақида келишдилар ва уни номини БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ  деб номладилар.

Юқорида ҳам айтдим Иккинчи Жаҳон Урушининг ғолиблари ўз манфатларидан келиб чиқиб, ўз фойдаларини ўйлаб бу ташкилот қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар.
Бу қонун-қоидаларнинг энг муҳимларидан бири шундай эдики, бу ташкилотни доимий аъзолари беш нафар бўлади. Булар АҚШ, СССР (ҳозир Россия), Англия, Франция ва Хитой давлатларидир. Аслида доимий аъзолар тўрт нафар бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо СССР томони келажакда муҳим қарорлар қабул қилинишида яккаланиб қолишдан хавотирланиб Хитойни ҳам доимий аъзоликка олиш талабини қўйди ва томонлар бунга рози бўлишди. Ва тариқа 1945 йил, 24-октябрь БМТ тузилган кун деб қабул қилинди.

Ўзлари йирик ва ривожланган иқтисодга эга бўлсаларда мағлуб давлатлар, Япония ва Германия, уларга тарафкашлик қилган Италия ва Испания гарчи урушдан кейин ўз позицияларини ўзгартирган ва кўпгина масалаларда АҚШга иттифоқдош бўлсаларда бу ташкилотга доимий аъзо қилинмадилар ва оддий аъзо сифатида ҳам кейинчалик қабул қилиндилар. Уларнинг "айби" урушда мағлуб бўлганлари эди.

Албатта бу ерда бу ташкилотни бошида аъзолари нечта бўлган ёки бошқа қонун қоидалари нима бўлган келтириб ўтирмайман. Чунки асосий урғу юқоридаги беш давлатни нега орадан 70 йил ўтиб ҳам, жаҳондаги аксар давлатлар катта тараққиётни босиб ўтиб, ўша даврда қолоқ бир мамлакат ҳисобланган кўпгина мамлакатлар ривожланиб, жаҳонда ўз сўзини айтаётган маҳалда ҳам, БМТни ислоҳ қилишни ҳоҳламаётгани ва доимий аъзолар ҳануз уларни ўзлари бўлиб қолаётганига берилади.

Тарихга назар ташласак шу ташкилот тузилгандан бери дунёда нима воқеа-ҳодисалар рўй берган бўлса доим юқоридаги бешовлонни манфаати биринчи ўринда бўлган. Ҳа шундай, жаҳонда тинчликни сақлаш эмас, Ер юзида экологияни мусаффо сақлаш эмас, тинч-тотув яшаш эмас, балки ўша бешовлонни ҳоҳишига қараб иш тутилган. Улар хоҳласалар ўз фойдалари ва манфатларидан келиб чиқиб дунёни турли ерларида уруш чиқарганлар, хоҳласалар ўша урушни тинчитганлар, хоҳлаган ишларини қилганлар.

Бу ташкилот жарангдор қилиб "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти" деб аталган бўлсада ўтган шу 70 йил давомида на миллатларни ва на давлатларни манфатлари учун хизмат қилмаган. Аксинча ўзини шубҳали қарорлари-ю резолюциялари билан ҳаммани ҳайратига ва хавотирига сабаб бўлган холос.

Эсланг, ўтган асрдаги Веътнам воқеалари дейсизми ёки Афғонистондаги урушлар дейсизми, ёки Африка ва Осиёдаги кўплаб давлат ва миллатларни мустамлакачиликдан қутилиш йўлида олиб борилган миллий озодлик ҳаракатлари дейсизми ҳамма-ҳаммаси шу бешовлонни манфатларидан келиб чиққан қарорлари туфайли ё у ёқлик ёки бу ёқлик қилинган. Биронта воқеа-ҳодиса йўқ-ки улар ўз манфатларини тиқиштирмаган бўлишса.

Ёки ўтган асрнинг 50-йилларида бу ташкилот томонидан резолюция қабул қилиниб Яқин Шарқда тенг ҳуқуқли иккита давлат тузилди. Улардан бири яҳудийлар давлати Исроиль бўлса, иккинчиси араблар давлати Фаластин эди. Аммо резолюция қабул қилинган заҳоти бу бешовлон Исроилга давлатни тиклашда катта ёрдам кўрсатдилар. Камига эса уни тиш тирноғигача қуроллантириб Фаластинни батамом, Сурия, Иордания, Ливан ва Мисрни  ерларидан бир қисмини босиб олишига шароит яратиб бердилар. Ўшандаёқ бу ташкилот Ер юзининг тинчлигини сақлаш йўлида эмас, балки тинчлигини бузиш учун тузилганини кўпчилик илғор фикрли кишилар тушуниб етган эдилар. Ўша воқеалардан кейин мана қарийб 70 йил ўтаяпти-ки Фаластин давлати мустақил бўла олмаяпти, Қуддусни Исроилдан ажратиб ололмаяпти, ёки Исроиль Сурияга Жўлон тепаликларини ёки Ливанга жанубий Ливандан босиб олган ерларини қайтармаяпти. Ёки анча йиллардан бери Жанубий-Шарқий Осиёдаги баъзи буддовийлар ҳукмрон бўлган давлатларда озчилик бўлган мусулмонлар ўз эътиқодлари учун жоҳил буддовий оломон томонидан ўлдирилмоқда, уйларидан қувиб чиқарилмоқда, геноцид қилинмоқда. Аммо бу ташкилот бунгаям панжа орасидан қарамоқда. 
Бу ташкилотни нима учун тузилгани шундан ҳам маълум.

(Шу ўринда бир маълумот. Ўтган 2014 йилда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўлими бўлмиш ЮНЕСКО бош ташкилотдан фарқли равишда Фаластинни аъзоликка қабул қилди. Бундан дарғазаб бўлган АҚШ ва Исроиль ҳукуматлари ЮНЕСКОга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатишлари ҳақида дағдаға қилдилар. Аммо ЮНЕСКО ҳам бўш келмади ва агар бу икки давлат молиявий ёрдамни тўхтатсалар иккалалари ҳам ўз аъзолигидан (яъни ЮНЕСКО аъзолигидан) ўчиришини маълум қилди.)

Бу ўтган ХХ- асрдаги ҳолат эди. Ўшанда кўплаб мамлакатлар мустамлакадан энди озод бўлган, қолоқ бир ўлкалар эди. Ва уларнинг аксарияти бу бешовлонни "дунёда тинчликни сақлаш йўлида" олиб бораётган ишларини муҳокама қила олмас, ўзлари билан ўзлари овора эдилар.
Аммо ХХ-асрнинг охири ва ХХI-асрга ўтиб энди дунёдаги аҳвол ўзгарди. Бир пайтлар қолоқ давлатлар ҳисобланган давлатлар энди иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига кирдилар. Бир пайтлар дунёни аксари қолоқ бўлган ҳолда, энди уларнинг аксари ривожланиб кетдилар. Қолоқ давлатлар саноқлигина қолди. Энди ўша ривожланган давлатларнинг баъзилари БМТ олиб бораётган ишлардан умуман қониқмай, бу ташкилотни ислоҳ қилиш ва доимий аъзолар сонини ошириш ҳақида  гапира бошладилар. Аммо ҳозирча бу натижа бермаяпти. Бешовлонни дунёни бошқариш жиловига бошқаларни шерик қилиш ниятлари йўқ.

Айниқса ХХI-асрга ўтиб бу бешовлон дунёни батамом нотинчга айлантирдилар. Уларни ўз манфатларини ўртага қўйиб олиб бораётган ишлари аслида ўзи заррача обрўси бўлмаган бу ташкилотни баттар обрўсини туширди. 2001 йилда АҚШ ҳеч бир сабабсиз Афғонистонга бостириб кирди. 2004 йилда Ироққа бостириб кирди ва Ироқ ҳозирги кунда батамом вайронага айланиб бўлди. "Араб баҳори" деб аталмиш тўполонлар ҳам шу бешовлон раҳнамолигида бошланиб, буни оқибатида Миср нотинч бўлиб қолди, Ливия ва Сурияда уруш ўчоқлари ёқилди.
Умуман олган бу бешовлон охирги йигирма йилликда ниҳоятда ҳаддиларидан ошдилар ва дунё давлатлари устидан ҳоҳлаган ишларини қилаяптилар. Энди кўпгина минтақаларда одамлар бирон ҳодиса рўй берса шу ташкилот ва уни доимий аъзолари бўлмиш шу бешовлондан бирининг бориб аралашишидан қўрқиб ҳам қолишди.
Бир пайтлар тузилаётганда "энди дунёни тинч ушлаймиз, фашизмни тарқалишига ва Ер юзида уруш бўлишига йўл қўймаймиз" деб жаҳон афкор оммасига катта-катта ваъдалар берган бу бешовлонни ўзлари маъжозий маънода дунёда доим нотинчлик келтириб чиқараётган қўштирноқ ичидаги фашистларга айландилар. 

Номи "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти" деган жарангдор номга эга бўлса-да бу ташкилотда ҳеч қандай "миллатлар бирлашмаган". Аксинча ўша бешовлон қўлида бошқа миллатлар топталмоқда холос. Тўғри ҳар йили йигирмага яқин давлатларга бир йиллик мажлислар учун вақтинчалик аъзолик ҳуқуқи берилади. Ва ўша давлатларнинг вакиллари бир йил давомида ўтказиладиган мажлисларда қатнашадилар, аммо ишонинг уларни у ерда бир йил ишлашлари ҳеч нарсани англатмайди ва ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки асосий масалалар юқорида тилга олинган бешовлон томонидан ҳал қилинади.

Яна бир муҳим масала шуки бу бешовлонни дунёда тинимсиз урушлар ва тўполонлар чиқаришларини асосий сабабларидан бири бу бу бешовлонни ғоялари доим ҳам бир бирига тўғри келавермаслигидир.
Чунки бу бешовлон бу ташкилот тузилган пайтдаёқ бир-бирига қарши бўлган икки қутбга бўлинган эдилар. Яъни СССР ва Хитой "социализм" йўлида бўлсалар, Англия, Франция ва АҚШ  юқоридаги икковлон наздида "капитализм"да эдилар ва бу икки гуруҳнинг гаплари доим ҳам бир жойдан чиқавермаган. Мана шундай ҳолатда бир масала ҳақида қарор, ёки резолюция қабул қилиниши керак бўлса бу қарор ёки резолюциядан мафатдор томон уни зўр бериб қўллаб қувватлаган. Иккинчи томон эса у қарор ёки резолюциядан манфатдор бўлмаганлиги туфайли у қарор ёки резолюцияга таъқиқ ("вето" дейилади) қўяверган. Қарор ёки резолюция шу тариқа қабул қилинмаган ва энди бу масалага улар бекитикча, зимдан аралашаверишган. Ва шу туфайли дунёда тўполонлар, низолар келиб чиқаверган, ёки кўпайиб бораверган.

Ўқувчиларда "муаллиф роса муболаға қилиб юборибдику"- деган фикр ҳам бўлиши мумкин. Агар шундай ўйлаётганлар бўлса унда тузилгандан бери бу ташкилотни жаҳон аҳамиятига, ёки минтақалар аҳамиятига эга бўлган нимадир бир хайрли иш қилганини, ёки бирон жойда уруш чиқиши эҳтимоли бор жойда урушнинг олди олинганини, ёки бирон бир ишни адолат билан ҳал қилинганини айтиб беринг. Чунки ман эслай олмаяпман. (Ўзи ундай ишлар, бу ташкилот тарихида, аслида ўзи бўлмаган.)

Хулоса ўрнида.

Энди дунё ўзгарди. Ва дунё давлатларини қарийб ҳаммаси тараққиёт йўлида ривожланиб бормоқда. Шундай экан энди уларнинг ҳар бирининг БМТда ўз овози бўлиши керак.
Энди уларни устидан юқоридаги бешовлонни ҳукм чиқазишга ҳақлари йўқ.
Энди бу ташкилот ислоҳ қилиниши керак. Агар юқоридаги бешовлон бу ташкилотни ислоҳ қилишни  ҳоҳламасалар ҳамма давлатлар йиғилиб, маслаҳатлашиб бу ташкилот аъзолигидан чиқиб кетиб, бошқа адолатлироқ ташкилот тузишлари керак ва бу ташкилотда ирқи, дини ва миллатидан қаттий назар тенг ҳуқуқлик таъминланиши керак. Ана шунда Ер юзини турли бурчакларида тўполонлар, урушлар, нотинчликлар камаярмиди.

(Яна бир маълумот. БМТ дунёдаги халқаро даражада тузилган биринчи ташкилот эмас. Бунгача 1919 йилда тузилган "Миллатлар Лигаси" деган ташкилот бўлган ва у ҳам Биринчи Жаҳон Уруши ғолиблари томонидан тузилган. Ва асосан Европа давлатлари томонидан бошқарилган. 1945 йилда тарқатиб юборилган ва ўрнига БМТ тузилган. Бу ташкилот ҳам БМТ га ўхшаб уни тузган давлатларнинг фойда ва манфатларига хизмат қилган холос).

Комментариев нет:

Отправить комментарий