УСТОЗЛАР!
Бизда бир одат бор. У ҳам бўлса маълум бир кунни "фалончалар куни" деб белгилаб олиб, ўша кунда ҳаётимизда ўрни, аҳамияти катта бўлган инсонларни
табриклаймиз, самимий тилаклар билдирамиз, дуолар қиламиз. Эртаси кунидан эса ҳаммасини эсдан чиқарамиз ва аксариятимизда азбаройи "тирикчилик ташвиши" кўпайиб кетганидан, "муҳим ишлар" билан банд бўлганлигимиз юзасидан ўша ҳаётимиздаги муҳим ва аҳамиятли кишиларни аҳамияти ҳам йўқолади ва кейинги йил яна уларнинг "байрам"и келгунча уларни кунора бўлмаса ҳам, онда-сонда кўриб турсак-да аммо самимий тилаклар, дуолар, табриклар энди тилимиздан чиқмайди. Ҳа биз яна уларни йўқлаш учун, самимий тилакларни билдириш учун, дуолар қилиш учун яна бир йилни, ўша белгилаб қўйган кунимизни кутамиз. Бунақа байрамларга 1-октябрь куни "ўқитувчилар куни" деган, устозлар байрами ҳам киради.
Устозлар шундоқ зотлар-ки, улар бир йилда бир кунни белгилаб қўйиб, уларни фақат шу куни эъзозлаб, бошқа пайтларда эса "тирикчилик важи"дан эсдан чиқариб кетиладиган зотлар эмас! Балки ҳар дам, тез-тез бориб зиёрат қилинадиган, йўқланадиган зотлардир.
Шу ўринда Навоий бобомиз билан боғлик бир ривоят эсимга тушди. Ҳазрат Навоий ёнларидаги шериклари билан отлиқ ҳолда Ҳирот кўчаларида юрганларида, бир кўчада ўйнаб турган ёш болаларни кўриб, уларга етмасдан отларидан тушиб, отларини етаклаган ҳолда у болаларнинг ёнида пиёда ўтар эканлар. Шунда шериклари ажабланиб, буни сабабини сўраганларида у зот: "Шу болаларнинг ичида фалонча устозимнинг фарзанди ҳам бор эди. Ўша устозимни ҳурмати юзасидан унинг фарзандига ҳам ҳурмат кўрсатиб уни олдидан отдан тушиб пиёда ўтдим"-деб жавоб берган эканлар.
Ҳа устозлар ҳам, уларни фарзандлари ҳам, набиралари ҳам мана шундай ҳурматга лойиқдирлар. Ва бу ҳурматни кўрсатиш учун бир йил пойлаб, 1-октябрни кутиб ўтиришимиз керак эмас, балки уларни ҳамма 1-ларда йўқлайверишимиз, зиёрат қилиб дуолар, самимий тилаклар қилаверишимиз керак!
(Юқоридаги гаплар доим ўз шогирдларини яхшиликка, иймонга, инсофга чақирган, солиҳ амаллар қилишни ўргатган устозларга тегишли. Асло ўғри каззобликка, иймонсизликка, виждонсизликка, беҳаёликка, ор-номусини юқотишга ўргатган "устозларга" тегишли эмас. Ундайларга Аллоҳни ўзи кифоя қилсин.)
Аллоҳ барча устозларимизни Ўз паноҳида асрасин. Уларни эзгу ишларидаги ҳар бир савобни кўпайтириб-кўпайтириб берсин.
Бизларни эса Устозларимизни фақат маълум бир кунда йўқлайдиган, эслайдиган эмас, балки ҳар доим эслайдиган ва Устозларимизни нафақат ўзларини, балки уларни авлоду зурриётларини ҳам ҳурмат қиладиганлардан қилсин.
(Яна бир гап, мен шахсан биргина ҳузурида таълим олган Устозни эмас, балки китоблари, маърузалари орқали нимадир ўрганганларимизни ҳам ҳамма-ҳаммаларини Устоз деб биламан. Шу жумладан шу ерда фейсбукда ҳам ўз илмлари билан бизларга нимадир ўргатаётган Устозларимиз бор. Аллоҳ ҳаммаларини Ўз паноҳида асрасин. )
Комментариев нет:
Отправить комментарий