вторник, 10 сентября 2019 г.

Мардикор бозорлари, улар нега корхоналарда ишлашни хоҳлашмайди?

Аёллар мардикор бозори, анчайин оғриқли гап, оғриқли ҳолат.

Хабарларинг бор, 2017 йилда Ургут шаҳрида "Ургут эркин иқтисодий ҳудуди" ташкил этилди. Бу ерда Эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этилгани бежизга эмас. Бу ерда туманнинг иқтисодий ҳудуди бор эди ва у ерда кўплаб корхоналар очилган, яна бир қисми қурилиш жараёнида эди. Ҳудудга Эркин иқтисодий ҳудуд мақоми берилгандан сўнг бу ерда яна кўплаб корхоналар қурилди ва қурилаяпти. Ургутда ҳозир пули бор одам учун завод ёки фабрика қуриш қийинмас, энг қийини унда ишлайдиган ишчини, айниқса аёл ишчини топиш қийин. Бу ерда ҳали малака ҳақида гап бўлмаяпти, балки оддий ишчи ҳақида гап кетаяпти. Ургутда ҳамма иш билан таъминланиб бўлибди, ишсиз йўқ экан деб ўйламан. Ургутда ишсиз ҳам, бир нечта аёллар ва эркаклар мардикор бозорлари ҳам бор. "Нега унда корхоналар оддий ишчи топа олмайди?" деб ҳайрон бўлаяпсизми?!
Ургутда бир тарафда мардикор бозорлари ишлаб, иккинчи тарафдан корхоналар оддий малакасиз ишчиларни ўзига жалб қила олмаётганини асосий сабаби шу-ки, мардикор бозорларида тўланаётган иш ҳақи билан, корхоналар тўлаётган иш ҳақи ўртасида тафовутнинг катталигидир. Масалан, қизиқиб кўрдим, бугун Ургутдаги аксарият корхоналарда маошлар ўртача 1-1.5 миллион сўмни ташкил этади.
Мардикор бозорида эса бир кишининг кунлик иш ҳақи 120-150 минг сўмни ташкил этмоқда. Мардикор аёллар эса кунига 70-80 минг сўмдан ишлашаяпти. Буни устига мардикорларга кунига 4 маҳал(!), эрталаб чой, соат 11 да 1-тушлик, соат 2-3ларда 2-тушлик, ишдан чиққандан кейин кечки овқат қилиб берилади. Овқат қилганда ҳам макарон шўрва эмас, асосан қаттиқ овқат, масалан 2-тушликда албатта ош қилиб берилади. Тўғри, завод ёки фабрикада ишлаш билан далада ишлашни фарқи бор. Аммо, дала ишларининг енгилроқларига, масалан пичан ўриш, узум узиш, токни хомток қилиб тозалаш ёки рўзғордаги ишларга аёллар олиб келинади. Оғир ишларга эса эркаклар олиб келинади.
Ана шундай ҳолатда қандайдир фабрика бир ой, дам олиш кунларини чиқариб ташласа 26 кун ишлатиб тўлайдиган пулни мардикорликка чиқадиган аёл-қизлар 12-13 кунда ишлаб олишади. 26 кунда эса фабрикада ишлайдиган аёллардан 2 баравар кўп пул топишади. Буни устига кўпгина фабрикалар ишга қабул қилишда малака сўрайди. Хўш, бундай ҳолатда фабрикага ишга кириб 26 кунда 1-1.5 млн олган яхшими ёки мардикорликка чиқиб 2-2.2 млн ишлаб олган яхшими?
Эслатма: Мардикорларга бундай баланд нархда иш ҳақи тўлаш фақат Ургутда, бошқа жойларда жуда арзон.

Шу ўринда бир мисол эсимга тушди. Ургутда танишларимиз ғишт завод очишди. Олдинига маҳаллийларни маошбай иш ҳақига кўндириб ишга олишди. Аммо маҳаллийлар 4-5 кун ҳам чидай олишмади. Сабаби, биринчидан иш ҳақи доимий ишлиги учун мардикорлар оладиган иш ҳақидан бироз камроқ белгиланган эди. Иккинчидан маҳалоийлар мардикорчиликка чиқиб, кунлик ишлари учун ҳар кун кечки пайт иш ҳақларини олганлар. Ғишт заводда эса маошни ойни охирида олишга сабрлари чидамади. Завод эгаси бориб водий вилоятларининг биридан ишчи олиб келди ва ҳозир шу заводда 50 дан ошиқ ишчи водийдан келиб ишлаяпти. Қизиғи, водийлик ишчилар маҳаллий ишчилар ишлашни хоҳламаган маошдан ҳам арзонроққа ишлашаяпти. (Умуман олганда аҳоли сони кўп ва тиқилинч яшашлари учунми водий вилоятларида ишчи кучи бошқа вилоятларга қараганда анча арзон)

Ургутда завод, фабрика очиб ишлатаётган танишлар бор. Уларнинг аксарияти учун ишчи топиш муаммо бўлаяпти. Шу учун ҳам аксарияти қўшни Тойлоқ туманидан аёлларни ишга олаяпти. Сабаби, уларда ишчи кучи Ургутдагидан арзонроқ.
Ана шундай ҳолатда турли корхрналарда меҳнатга муносиб ҳақ тўланмас экан, мардикор бозорлари ишлайверади.
Яқинда Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раисаси Гавҳар опа(опани Анжир сайлида кўрдим, истарали, яхши аёл экани кўриниб турибди) Тойлоқ ва Самарқанд туманлари орасидан ўтган Токент-Термиз трассаси ёқасидаги бутун Ўзбекистонга машҳур бўлган аёллар мардикор бозорига келиб аёлларнинг муаммолари, уларни тайинли жойларга ишга жойлаштириш масалаларини ўшаердаги мардикор аёллар билан муҳокама қилибди. Аёлларнинг аксарияти унга ҳозирги паст маош тўланаётган ҳолатда завод-фабрикаларга ишга бормасликларини, мардикор бозорга чиқиб завод-фабрикалар тўлаётган маошдан 2 баравар кўп пул ишлашларини айтганлар.

Бу гаплар билан нима демоқчиман? Мардикор бозорларини кўриб, Ўзбекистонда ишсизлик аянчли тарзда экан деб хулоса чиқармаслик керак. Қаердадир, кимлардир 400-500 ишчи ишласа бўладиган завод ёки фабрика очиб, ишчи топа олмай юриьди. Сабаби ўша иш ҳаққининг пастлигига бориб тақалади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозирги шароитда қандай қилиб 600-800 минг ёки 1-1.2 млн сўмга яшаб бўлади?  Ҳозир ўртача 2 млн маошдан камига ўртачадан ҳам пастроқ тарзда яшаб бўлмайди. Ўртача яшаш учун эса камида 3 млн.ли маош керак.
Умуман олганда ҳозир тушунарсиз ишлар кўп бўлаяпти. Маош 10% ошса, нархлар, айниқса коммунал тўловлар нархи 20%гача ошиб кетаяпти. Бундай шароитда завод ва фабрикалар 2.5-3 млн маош бера олмайди. Демак, жойларда мардикор бозорлар ҳали бу яқин орада ёпилмайди ва тарқаб кетмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий