Ана энди каллани жойига олиб 1991 йил 19-21 август кунлари СССРда рўй берган ГКЧП пайтида Ўзбекистон
1991 йил 19 август. Ўша куни қўшнимиз ўғлини суннат тўйи қилаётган эди. Наҳор ош 20 августга белгиланган. Маҳалла аҳли 19 август куни кечки пайт сабзитўғрарга йиғилган эди.
Бир пайт кимдир "Ахборотни русчасини кўрдим, Горбачёвни мазаси бўлмабди. Бошқарув 8 кишидан иборат қўмитага ўтибди. Ҳозир Ахборотни ўзбекчаси бошланади, телевизорни ҳовлига олиб чиқайлик, нима гап бўлган эшитамиз" деб қолди. Шу билан телевизорни ҳовлига олиб чиқдик. Ахборот бошланди. Ану қоши қалин диктор ака камида икки соат қоғозга қараб ўқиди. Бошида гап "Горбачёвни соғлиги ёмонлашгани ва мамлакатни ортиқ бошқара олмаслигидан" бошланган бўлса, уёғи ҳамма соҳа бир-бир танқид қилинди.
Горбачёв бошлаган ислоҳотлар ҳолатни шу кўйга солгани ҳам гапирилди. Эсимда, ўшанда кўпчилик бўлиб ўтириб ГКЧПнинг халққа мурожатини 2 соатдан ортиқ эшитдик.
Мурожатни ўқиб тугатишганидан кейин ўзаро муҳокама бошланиб кетди. Кўпчиликнинг фикрига кўра Горбачёвни ишдан олиб ташлашган. Одамларнинг бундай фикрга келишига сабаб ГКЧП нинг икки соат ўқиб эшиттирилган мурожатида "Биз Горбачёвни Қримдаги ҳукумат дам олиш уйида қамаб қўйибмиз" деган гап йўқ эди.
Ҳаммасидан ҳам қизиқ воқеа эрталаб рўй берди. Эрталаб маҳалла магазинига кирсак кечагача ярмидан кўпи бўш турган пештахталар турли маҳсулотларга тўлдириб ташланган. Ҳамма ҳайрон.
Шу ерда кичик маълумот. СССР афғон урушидан чарчаб чиқар экан, мамлакатда маҳсулот тақчиллиги бошланди.
1989 йилда магазин пештахталаридан шакар ва кирсовун узилди. Шундан сўнг 1991 йилгача магазин пештахталари аста секинлик билан бўшаб бораверди.
ГКЧП ўз мурожатида турли соҳалардаги камчиликларни танқид қилар экан, айнан магазинларга маҳсулот етказиб берадиган Матлубот жамиятларини ҳам, уларга қарашли магазинларни ҳам қаттиқ танқид қилган эди.
Яна бир кичик маълумот: СССР пайтида тадбиркорлик деган нарса бўлмаган. Ишлаб чиқарилган ҳамма маҳсулот Матлубот жамиятларига топширилган ва улар орқали магазинларга чиқарилган. Саноат маҳсулотларини эҳтиёжингиздан ошиғини кўчада ҳам олиб юра олмас эдингиз. Ички ишларнинг "Социалистик мулк тажовузига қарши кураш бўлими"(рус.ОБХСС) дарров ушлаб, нарсангизни тортиб олиб, ишингизни судга оширар эди.
Масалан, кўчада 10-15 жуфт оёқ кийими ёки 4-5 рулон турли материалларни бемалол олиб юра олмас эдингиз, ОБХСС ходими дарров йўлингизни тўсиб ўша маҳсулотларни қаердан қаерга олиб бораётганингиз билан қизиқар. Довдираб жўяли жавоб бера олмасангиз ўша маҳсулотингиздан айрилиб, буни устига "чайқовчи" ва "олибсотар" сифатида судланиб жарима ҳам тўлар эдингиз.
ГКЧПнинг ўз мурожатида Матлубот жамиятларини танқид қилиб, "Маҳсулотларни магазинларга чиқармай, омборхонадан чайқовчи ва олиб сотарларга чиқараётгани, эртани ўзидан бунга чек қўйиш учун жойларда ҳамма Матлубот жамиятлари ва магазинлар фаолияти текширилиши" ҳақида гапирган гапидан сўнг, Матлубот жамиятлари омборларда босиб ўтирган маҳсулотларини кечаси билар магазинларга чиқарган экан. Ўз навбатида магазинлар ҳам уларни пештахталарга чиқарган.
Ўша пайтда Ўзбекистон ССР презиленти Ислом Каримов Ҳиндистон сафарида эди. ГКЧП давлат тўнтариши уюштиргандан у ортга қайтли. Лекин, у айни масалада қандай йўл тутган, нималар деган, эслай олмайман. Эслай олганим Ҳиндистондан Тошкентга келиб тушган Каримовни Туркистон ҳарбий округи қшмондонлари кутиб олишган. Ўша пайтда улар ГКЧП га қўшилган Мудофа вазирига бўйсунишларини инобатга олсак, Ўзбекистон раҳбарияти Елцин ГКЧП га қарши ҳаракат бошлаганда ҳам ҳеч иш қила олмай ГКЧПнинг буйруқларини эшитиб иложсиз ўтиришган. Чунки, биз ҳали СССР таркибида эдик ва бошқарув Москванинг қўлида эди.
Аммо, соғлом фикрли кишилар, кўплаб зиёлилар ГКЧП нинг СССР ни сақлаб қолиш мақсадида уюштирган давлат тўнтаришига қарши чиқдилар. Аммо, бу чиқишлар намойиш кўринишида бўлмади ва тарқоқроқ ҳолда бўлди.
ГКЧП тугагандан сўнг иттифоқдош республикалар бирин-кетин ўз мустақилликларини эълон қила бошладилар. Улар орасида биз ҳам 1991 йил, 31 август куни ўз мустақиллигимизни эълон қилдик.
Бир нарсани тан олиш керак, мустақиллик бизга шундоққина инъом қилинди. Биз мустақиллик учун курашдик. Аммо, Москва "бор энди ҳамманг кунингни кўр" демай, қаттиқ ушлаганда биз мустақил бўлардик, фақат кейинроқ. Ўша пайтда Москва ўзи билан ўзи бўлиб қолди ва бошқа иттифоқдош республикалар қатори биз ҳам ўз мустақиллигимизни эълон қилиб юбордик.
Очиғи, мустақиллик учун кураш бўлмаган дедим. Йўқ бўлган. СССР нинг бошварув тузумига мухолиф ўлароқ майдонга чиққан зиёли юртдошларимиз мустақиллик учун курашдилар. Фақат раҳбарият 1991 йил, 19-21 асгустда бўлиб ўтган давлат тўнтаришигача ҳеч иш қилмаган. Москва нима деса хўп деб тураверган. Давлат тўетаришидан кейин мустақилликни эълон қилиб ҳукумат қаҳрамон бўлиб қолди. Аслида эса мустақил бўлишимиз учун курашганлар, мустақилликни кўпроқ ёқлаганлар бршқалар эди.
Саломат бўласизлар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий