вторник, 13 августа 2019 г.

Ижт.тарм.шарҳ учун жавобгарлик

Эрталабдан нохуш хабар!

АОКА раҳбари Комил Алламжонов бугун бир нечта ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали "Ижтимоий тармоқларда сергакроқ бўлишлари ва улар нафақат ўзлари ёзаётган постлар, изоҳлар учун жавобгар бўлишлари, балки ўша постлар остида бошқалар ёзадиган шарҳлар учун жавобгар бўлишлари ва мабодо кимдир ўша шарҳларда кимлардир ҳақоратли сўзлар ёзса бунга саҳифа эгалари жавобгар бўлишлари" ҳақида огоҳлантириш билан чиқибди.
Бироздан кейин бу баёнот АОКАнинг [расмий сайтида ҳам берилди](https://aoka.uz/article/3opdsg2s6w2u-rasmij-bajonot)

Жумладан Комил Алламжоновнинг баёнотида: «Бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенджерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабга риоя қилишлари, балки улар остидаги фуқаролар фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз» деб ижтимоий тармоқларда саҳифа юритадиганларга "саҳифанг учун сен жавобгарсан" деб очиқ-ойдин ошкора таҳдид қилинмоқда.

Ана шу ерда бошдан дўппини олиб қўйиб, кўк чойни аччиқ қилиб дамлаб, сўнг шу аччиқ чойдан 1-2 пиёла ичиб, мияни жойига қўйиб, ақл билан мулоҳаза юритиб кўрайликчи, Алламжоновнинг шу таҳдиди қанчалик тўғри?!
Мени Фейсбукда, инстаграмда, твиттерда ўз саҳифам бор. Телеграм ижтимоий тармоғида ва blogspot.com блогила саҳифа очиб блог юритаман. Уларнинг ҳаммасида саҳифаларим таниш, нотаниш ҳамма учун очиқ. Масалан, Фейсбук, твиттер ва инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифаларимда қўйилаётган постлар мени саҳифамга аъзо бўлмаганларга ҳам кўринади ва исталган шахс улардаги постлар остига бемалол шарҳ ёзиши мумкин. Хўш, шундай ҳолатда мен уларда кечки пайт бир пост қўйдим ва ухладим. Эрталаб турсам кимлигини тайини йўқ қандайдир аккаунтлар ҳаммани сўкиб ёзиб кетибди, масалан, улар орасида мен ҳам борман, АОКА ҳам бор. Хўш, шундай ҳолатда уларнинг ёзган ҳақоратли шарҳлари учун нега мен жавоб беришим керак?
Очиғи, ижтимоий тармоқлар орқали мени танийдиганларнинг ҳаммасига ҳам бирдай ёқавермайман. Ҳатто, оёғимдан чалишга тайёрлар ҳам бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда ўшандай инсонлар постим остига кимнидир шаънига ҳақорат сўзларни менга нисбатан ғараз мақсадида ёзса нега мен жавоб беришим керак.
Қолаверса, мен робот эмасман ва ўз саҳифаларим админи сифатида ўз саҳифаларимни 24 соат назорат қила олмайман. Мени қўлимда бир гуруҳ админлар ишламайди.
Тўғри, ўша саҳифаларни бошқа фойдаланувчилар аъзо бўлмасдан шарҳ ёза олмайдиган қилиб қўйса ҳам бўлади. Аммо, бу ҳеч нарсага ёрдам бермайди. Сабаби, ҳозир бошқаларни, масалан турли актёр ва актрисаларни расмини қўйиб очиб ташланган аккаунтлар бор. Ўшалар саҳифага аъзо бўлиб ҳақоратли шарҳ ёзиши мумкинку.
Шундай экан, Алламжоновнинг ижтимоий тармоқларда саҳифаларни эгаларини жавобгар қилиш ҳақидаги баёноти умуман нотўғри берилган баёнот ва мен ўша баёноти учун Алламжоновдан изоҳ сўрайман. У ўша баёнотини нотўғрилигини изоҳлаб, янги баёнот бериши керак. Акс ҳолда сўз эркинлиги масаласида янги Шимолий Кореяга хуш келибсиз!


Ана шу ерда икки карра ҳайрон

Дейлик, давлат органида ишловчи виждонсиз бир ходим мени ёмон кўради ва мени қаматмоқчи. Фейк аккаунт очади-да, блогимдаги постлар остида давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар ёзиб кетади. Ярим тунда. Ярим тунда эса мен ухлаб ётганим учун бу комментларни кўрмай қоламан, кўрмаганимдан сўнг ўчиришга ҳам улгурмайман. Ўша виждонсиз ходим скриншотлар олиб, бемалол менга қарши иш оча олади. Ўша қонунда белгиланган тартиб асосида.

Шундай экан, бировни емаган сомсаси учун ҳақ тўлашга мажбур қиладиган қонун — бўлмағур қонун. Бирор тайинли халқаро ташкилотга экспертизага берилса, ўша қонунни ҳам «ОАВ тўғрисида»ги қонунимиз каби бир тийинга қиммат деб баҳолаб беради. Ҳар бурчакдан «сўз эркинлиги, сўз эркинлиги!» деб жар соляпмизу, лекин «комментаторнинг ёзгани учун сайт эгаси, блогер, админ жавоб беради!» деган мана бунақа сигналлар — жуда нохуш ва ёқимсиз. Истак бўлса, ҳар қандай аноним ва фейкнинг ортидаги одамни топса бўлади.

https://aoka.uz/article/3opdsg2s6w2u-rasmij-bajonot

Комментариев нет:

Отправить комментарий