среда, 12 декабря 2018 г.

Қишлоғим ҳақида

Мен туғилиб ўсган ва ҳозир яшаятган қишлоқнинг номи "*Испанза*". Катта қишлоқ. Қишлоғимизда 5 маҳалла бор. 6 мактаб бор. Аҳолиси 30 минг  атрофида.
Ҳа,  ҳа. Ҳайрон қолманг. Қишлоғимиз аҳолиси 30 минг бўлиб қолган.

Қишлоғимиз аҳолиси Собиқ Иттифоқ даврида асосан тамаки етиштирар эди. Узумзор боғлар ўшанда умумий деҳқончилик қилинадиган ерни учдан бирини ҳам ташкил қилмаган. Мустақилликдан кейин аччиқ тамакидан батамом қутилдик ва бугун қишлоқ аҳли узумчилик билан шуғулланади. Узумзор боғларимизда асосан қуритиладиган навлар: Оқ ва Қора кишмишлар етиштирилади.

Қишлоғимизнинг номи нимани англатишини билмайман. Аммо Қашқадарёнинг Китоб туманида жойлашган, анорчилар юрти "*Варганза*" қишлоғининг номи билан бизнинг "Испанза"ни номи роса қофиядош.
Қишлоқнинг номи ҳақида интернетдан маълумот қидирганимда бу ном эски Суғд давридан бери сақланиб келаётганини [ёзишган](https://www.google.com/url?sa=t&source=web&rct=j&url=http://arm.samdchti.uz/library/download/55&ved=2ahUKEwjk0rvKhJrfAhUBtYsKHd7EClkQFjAAegQIAhAB&usg=AOvVaw1pCOX-RJ8NvVpxj0N0Xl24). Шунингдек Бухоро амирлиги таркибида бўлган Ургут беклигининг бир зиндони бизнинг қишлоқ жойлашган жойнинг бир четида бўлган дейишади. Зиндон деган кичик бир маҳаллачамиз бор ва уни келиб чиқиши шундан олинган дейишади.
Бундан 300-400 йил олдин қишлоғимиз ўрнида Ургут беклигининг маркази бўлган Ургут қўрғонида яшовчиларнинг катта-катта узумзор боғлари бўлган. Ўша пайтларда Қўрғон аҳолиси қишда Қўрғонда яшаган, ёзда эса қишлоғимиз ўрнидаги узумзор боғларидаги уйчаларга, кимдир уйчаси йўқ чайла, капа тиклаб яшаган ва ёзни ўтказиб,  ҳосилларни йиғиб, кеч кузда Қўрғонга қайтишган. Шундан кейин Қўрғонда сиқилишиб қолган аҳолининг бир қисми ана шу узумзор боғ атрофига уй қуриб кўчиб келавериши туфайли қишлоғимиз шаклланган.
Ана шундан келиб чиқсак катта бир қишлоқда бугун ҳамма бир-бири билан қариндош. Орасида бегонаси йўқ.

Катта бир қишлоқда, қариндошлар орасида яшашни минус тарафлари ҳам,  плюс тарафлари ҳам бор.
Плюс тарафи ҳамма қариндошлар бир жойда яшашади. Бир-бириникига борди-келди қилиши осон.
Минус тарафлари эса ҳамма бир-бирига қариндош бўлганлиги туфайли тўй ва аза маърака-маросимлари одамни белини чиқариб юборгудай ниҳотда катта бўлади. Ҳозир ўртача тўйларда 2 мингта таклифнома ёзишаяпти. Каттароқ тўйларда 3-4 мингтагача таклифнома ёзишаяпти. Ош ҳам шунга яраша, камида 150-200кг , каттароқ тўйларда 300 кг.гача дамланади. 800 кишилик тўйхоналар наҳор ошларида икки марта одам ўтириб туради. Каттароқ тўйларда 3-4 марта одам тўлиб бўшайди.
Ҳозир бу гаплар сизларга эриш туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳақиқат.

Очиғи маъракаларимиз одамларимизни ниҳоятда эзиб юбораяпти. 30 минглик қишлоқда ҳамма бир-бирига қариндош, ҳамма бир-бирига таниш бўлганлиги туфайли маъракаларни қисқартиришни иложи бўлмаяпти.
Одамларимиз йил бошида "*тўй  ва бошқа маъракаларни қисқартириш ҳақида*" президентни қарорини роса кутишди. "*Қарор чиқса қисқартирамиз, бўмаса катта миқдорда жарима қилар эмиш*" деб кўча-куйда гапириб юришди, кимлардир тўйини қисқартириброқ ҳам ўтказди. Аммо Сенатнинг "*ҳозирча тўй ва бошқа маъракаларни қисқартириш ҳақида қонун қабул қилиш назарда тутилмаяпти*" деган [хабаридан](http://www.uzlidep.uz/news-of-party/3439)
кейин ҳаммаси яна бошқатдан бошланди.

Аслида мени қишлоғимни ҳам, ундаги тўйларни қандай ўтиши ҳам    сизларга қизиқ бўлмаслиги мумкин. Шунчаки ёзиб қўявердим.
Ахир каналимда турли мавзуларда  шунча гапларни ёзсам-у туғилиб ўсган қишлоғим ҳақида ёзмасам, бу нима деган гап, ахир. 😊 😊

Комментариев нет:

Отправить комментарий