воскресенье, 2 декабря 2018 г.

Украина билан муносабатлар

Охирги кунларда ҳамқишлоқларимдан энг кўп эшитаётган саволим "Энди Украина билан муносабатларимиз нима бўларкин? деган савол бўлаяпти.
"Ҳамқишлоқларингни бошқа дарди йўқми?" дейсизми?  Ҳар 4-5 та хонадондан бирининг одами Украинада бўлганидан кейин бошқа дарди бўлмайди-да.
Украина-Ўзбекистон муносабатларининг келажакда қандай бўлиши уларни шу учун қизиқтиради.
Ишонмаяпсизми? Майли, ўзингиз биласиз. Аммо Украинанинг исталган шаҳридаги турли бозорларга, маркетларга бориб кўринг, қуруқ мева билан савдо қиладиган ўзбекистонликларни аксарияти ургутликлар. Шунингдек турли зиравор сотадиган "точка"ларда ҳам ургутликлар. Турли ошхоналарни юритаётганлар ҳам ургутликлар. Ана шу ургутликларни аксарияти ҳамқишлоқларим ҳисобланишади.
Уларнинг орасида аллақачон Украина фуқароси бўлиб кетганлари ҳам, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни хоҳламай уёқда вақтинчалик рухсатнома билан ишлаб юрганлари ҳам, фуқароликка ариза ташлаб, ололмай юрганлари ҳам бор. Қисқаси ҳаммасидан бор.

Эътибор берсангиз бизга Украинадан келиб ишлайдиганлар саноқли. Улар турли корхоналарда хос мутахасисликлар бўйича ишлаяптилар. Аммо биздан Украинага бориб турли соҳаларда ишлаётган, юқорида ёзганимдай турли бозорларда қуруқ мева ёки зиравор сотиб тирикчилигини ўтказаётган одамлар анчагина. Буёғи можаро ичида қолган Донецк ва Луганскдан тортиб Ғарбий Украинадаги Ужгород, Львов каби шаҳарларгача, жанубда Қримнинг турли шаҳарларигача одамларимиз ҳанузгача ўз ишларини қилиб ризқларини териб юришибди.
Ана шундай ҳолатда ўша одамларнинг яқинлари икки мамлакат ўртасидаги тушунмовчиликларни (мен бўлаётган ишларни шундай деб атаган бўлар эдим) хавотир билан кузатаяптилар. Улар, агар эртага икки мамлакат ўртасидаги воқеалар баттар кескинлашса, Украина томони яқинларини мамлакатдан қувиб чиқаришидан, бунинг ортидан қайнаб турган қора қозонлари қайнамай қолишидан ташвишланмоқдалар. Худо кўрсатмасин-у, агар Украина билан муносабатларимиз ёмонлашса нафақат ҳамқишлоқларимнинг, балки бошқа юртдошларимизнинг ҳам "қора қозон"ларини қуриб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, Украинада охирги йилларда вазият бироз издан чиқди ва буни оқибатида мамлакат Қримни Россияга бой берди. Шунингдек Донецк ва Луганскда русийзабонлар бош кўтариши ортидан мамлакат бироз ёмон аҳволга тушди. Аммо Украина бу муаммоларни енгиб ўтади.
Сабаби, бу мамлакат кичкина мамлакат эмас. Територияси, аҳолиси жиҳатдан нафақат Европада, балки жаҳонда юқори ўринларда туради. Шунингдек саноати ва инфратузилмаси ҳам етарлича ривожланган.

Энди охирги ҳафталардаги Украина-Ўзбекистон муносабатларининг таранглашувига келсак, олдинига Украина томонидан ўзбек машиналари импортининг текширилуви, кейинчалик Ўзбекистон томонидан мамлакатга импорт қилинаётган шакарнинг тўхтатилиши http://www.ukrsugar.com/uk/post/uzbekistan-prizupiniv-import-cukru-z-ukraini?sec=novini , шунингдек
Украина Ўзбекистондан импортни чеклаш бўйича чораларни қўлламаган бўлса ҳам, Украинанинг Тошкентдаги элчиси Юрий Савченконинг ([сўзларига кўра]), "_украин корхоналари, асосан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари товарларни божхона жараёнларидан ўтказишдаги тўхталишлардан шикоят қилмоқда_" дейиши вазиятни анчагина жиддийлигини англатади.

Украина томони ҳам, бизнинг ҳукуматимиз ҳам икки томонлама ҳамкорликни ижобий сақлаб қолиши учун ҳаракат қилиши керак. Айниқса бизнинг ҳукуматимиз бу масалада ташаббус кўрсатиши лозим. Чунки Украинадан кўра биз бу давлат билан илиқ муносабатлардан кўпроқ манфатдормиз. Украина Ўзбекистон билан муносабати бузилса ҳеч нарса йўқотмаслиги мумкин. Аммо биз кўп нарса йўқотамиз. Шу учун ҳам ҳукуматимиз ҳар қандай ҳолатда Украина билан яхши муносабатлар сақланиб қолиши учун ҳаракат қилиши керак. 

Умуман олганда турли давлат сиёсатчилари  қандайдир ўзаро сиёсий келишмовчиликни бошлашдан олдин ўша келишмовчилик миллионлаб оддий халққа оғир бўлиб тушиши мумкинлигини инобатга олишлари ва тушуниб етишлари керак. Шу жумладан бизнинг сиёсатчиларимиз ҳам.

Комментариев нет:

Отправить комментарий