воскресенье, 2 декабря 2018 г.

Тожикистонликлар

Тожикистонликлар билан йўллар очилгани эсингиздами? Ўшандан кейин ҳаш-паш дегунча аллақачон 9 ой ўтибди. Йўл очилгани чегаранинг ҳар икки тарафидаги одамлар учун яхши бўлди. Узоқ йиллар бир-бирлари билан кўриша олмаган қариндошлар, қуда-андалар яна дийдор кўришишди. Ҳаммаси ажойиб.

Тожикистон билан чегара очилиши ортидан биз улардан ўзимизда йўқ ёки биздагидан арзон нарсаларни олиб келиб, улар биздан ўзларида бўлмаган ёки ўзларида қиммат бўлган нарсаларни олиб кета бошладилар. Шунингдек ҳар икки тарафдан чаққон уддабуронлар чиқди. Масалан, шу йил ёзда Тожикистон номеридаги автомашинада турли нарсаларни сотиб юрган иккита йигитни маҳалламда кўрдим. Ёки бир нечта маҳалладошларимни ўзлари етиштирган майизни ёки касаначиларни чопон, дўппи каби нарсаларни Душанбе шаҳрига сотиш учун олиб борганларини биламан. Битта маҳалладошим анча пайт қурт, қовунқоқ каби нарсаларни олиб бориб сотиб, ўрнига ҳар борганида телевизор олиб келиб юрди.
Қисқаси чегара очилганидан ҳамма хурсанд, ҳамма шод.

Ана шундай шодон кунлардан бирида, гурунглардан бирида бир қўшним гапириб қолди:
- Шу чегаралар очилгани бир тарафдан ёмон бўлди-да.
Уни бу гапидан ҳаммамиз ҳайрон бўлдик.
- Нимаси ёмон бўлди? - савол бердим унга.
- Чегара очилиб ҳамма нарсамизни ташиб кетишаяпти. Бунақада бизда нархлар ошиб кетади-ку! - унинг "мантиғи" баъзиларга жўяли туюлди.
- Хўш, нимамизни ташиб кетишаяпти? - мен савол беришда давом этаман.
- Ҳамма нарсани ташиб кетишаяпти. Сабзавотларни, тухумни, ҳатто Самарқанд нонини нархи ошибди, роса Дамасга тўлдириб босиб олиб кеташаётган эмиш, - қўшним ваҳимасини давом эттирди.
Ана шунда мени жағим очилди-ку:
- Қўшни, биринчидан тожиклар ва ўзбеклар икки тилда гапирувчи бир миллат. Қолаверса ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар азалдан дўст бўлиб яшашган.
Тожикистонликларни нарсаларимизни ташиб кетишлари бизга фойда-ку!
- Қанақасига? - қўшним ҳайрон бўлиб сўради.
- Нонни ташиб кетаяпти дедингиз, ўша нон қандай ундан тайёрланади. Ҳа яшанг, Қозоғистон унидан. Шундай экан тожикистонликлар нонимизни ташиб кетаверса биз қозоқ унини кўпроқ сотиб олсак, новвойларимиз бир тандир эмас, уч тандир нон ёпсалар бўлмайдими?  Шу баҳона ишлаб чиқариш ошади, иш билан кўпроқ одам банд бўлади. Хўш, буни нимаси ёмон?
Ёки тухумга келайлик. Тожикистонликлар қанча кўп ташиб кетса шу иш билан шуғулланадиган тадбиркорларимиз яна янги товуқ фабрикаси қурадилар, яна кўпроқ товуқ боқадилар, яна кўпроқ товуқ гўшти ва тухум ишлаб чиқарадилар. Бу соҳада ҳам янада ривожланиш бўлади. Бошқа соҳалар ҳам шундай: тожикистонликлар қанча кўп ташиб кетишса ўша нарсани кўпроқ ишлаб чиқарамиз, кўпроқ етиштирамиз. Бундан эса биз фақат ютамиз.
- Масалан, охирги пайтларда турли шаҳарларимиздаги турли шифохоналарга даволаниш учун тожикистонликлар кўпроқ келмоқдалар. Агар уларга  меҳмонхона хизмати, овқатланиш шахобчалари, даволаниш муассасаларида етарлича шароит қилсак ва улар бундан қониқиш ҳосил қилиб кетсалар кейин яна бошқаларига ҳам тавсия қиладилар ва улар янада кўпроқ кела бошлайдилар, - мен "лекция"ни давом эттирдим. - Нафақат тиббиёт соҳасида, бошқа турли соҳаларда ҳам улар учун қулайликлар яратиш керак. Улар мамлакатимизга саёҳат учун келадиларми ёки даволаниш учунми ёки иш юзасиданми фарқи йўқ, мамлакатимизга валюта олиб келадилар. Ривожланишимизга оз бўлса ҳам ҳисса қўшадилар. Буни тушуниш учун одам профессор бўлиши шарт эмас. Сиз бўлсангиз "чегарани бекор очди, нонни ташиб кетаяпти, тухумни ташиб кетаяпти" деб нотўғри айтаяпсиз, нотўғри тушунчага бораяпсиз.

Қўшним билан гапимизга гувоҳ бўлганлар "тўғри" деб гапларимни тасдиқлашди. Қўшним эса индамай турар эди. У гапирган гапларимни моҳиятини тушундими ёки йўқми билмайман. Аммо ҳозир, юқоридаги гапларни ёзиб каналимга қўйганимдан кейин бошқалар, айниқса мутасаддилар ва маъмурлар тушунсалар бўлди.

Ё мен адашаяпманми?

Комментариев нет:

Отправить комментарий