суббота, 15 декабря 2018 г.

Ғайбуллоҳ Ас салом

Бир куни, 80-йилларининг ўрталари  бўлса керак уйимга аспирант шогирдим Ғулом Хўжа келиб қолди. Ўзи рангпар, ориқ, касалманд йигит. Ҳар гал уни кўрганимда ичим эзилади. Асли шаҳрисабзлик. Қарши педагогика институтида немис тили домласи бўлган. Ҳозир Тошкентда. Илмга жуда чанқоқ, тиришқоқ.

Пешонасининг тиришишидан, маюс боқиб чуқур хўрсинишидан, оғир нафас олиб "уфф" тортишидан бошига нимадир ташвиш тушган деб ўйладим. Охири сўрадим:
- Қани тинчликми оғайни?
- Тинчлик. Тўй қилишим керак домла! - деди у.
- Қанақа тўй? Тўй қиладиган одам қачондан бери азадорга ўхшаб юрадиган бўлиб қолди?
- Домла, сизга тушунтириб бўлмайди буни. Сизни дунё ташвиши билан ишингиз йўқ. Фақат китоб билан гаплашасиз. Буёқда авом орасида нималар бўлаётганини билмайсиз. Мен ўғлимни қўлини ҳалоллашим керак. Бир тарафда онам бетоблар. Яна бир тарафда укам юк машинаси билан бировни босиб кетиб қамоқда ётибди.
- Ие, кўнглингизга тўй қандай сиғаяпти?
- Болам мактабга бораяпти домла.
- Унда шунга шунча ота гўри қозихонами? Тўрт-бешта одам, битта мулла, бир уста, тағин уч-тўрт чол, яна қариндош-уруғ, қўни-қўшни дегандай. Битта тўн, уч-тўрт лаган ош, устага ўн сўм пул, бўлди.
- Ғулом Хўжани бирдан чеҳраси очилди. Қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
- Бунақада элнинг маломатидан бошим чиқмай ўлиб кетаман-ку домлажон. Жуда мураккаб муаммони хамирдан қил суғургандай бирпасда ҳал қилиб қўйдингиз-а!? Ҳамма ҳам сиздай ўйласа олам гулистон бўларди-ку!
Ўзбекнинг ўпгани, туянинг тепгани. Унинг тўйи билан азасини Худо кўрсатмасин. Одамни кафангадо қилади. Саккиз-ўн чоғлиқ одам билан тўй бўладими домла? Камида беш юз-олти юз одам бўлади. Вақтида элнинг дастурхонидан роса еганман. Энди ўзим ҳам каттароқ дастурхон ёзмасам бўлмайди. Буёғи ўзбекчилик.

Ўзбекчилик... Раҳматли дадамнинг билса ҳазил, билмаса чин қилиб айтган сўзлари эсимга тушади: ўзбекчилик бошга бало.
- Хўш, ана шу ўзбекчилик неча пулга тушади сизга? - сўрайман Ғулом Хўжадан.
Ким пулини ҳисоблабди дейсиз домла.
- Ҳали қўй ҳам сўярсиз?
- Қўйку нақд. Маслаҳат ошининг ўзига буқа сўйилади.
Шу онда Ғулом Хўжага насиҳат қилишга ўтдим. У индамай эшитди.
- Мен муаммони осонгина ҳал қилаётгандирман, аммо ўзингиз ҳам роса мураккаблаштираяпсиз.
- Мен эмас, халқ мураккаблаштираяпти, домла.
- Қайси халқ?
- Шу ўзимизнинг халқ.
- Халқнинг ҳар хили бўлади: авом, оломон, тўда, гуруҳ, фуқаро, зиёли бор. Сиз уларни қайси бирига кирасиз? Сиздай зиёли бир инсон бўла туриб тўйда оилалангиз сутини ичиб турган сигирни сўяман деб турсангиз авомдан нима гина унда?! Суф-ээ сендақа олимга демайдими? Унутманг: катта қарз кўтариб, соғлигидан айрилиб, оғриниб, малол келиб қилинган тўй  - дин, шариат томонидан айтсак - ҳаром, қонун ва ақл билан айтсак - жиноят.

Қисқаси, шундай тўхтамга келдик. Аспирант Ғулом Хўжа ҳолига қараб ўғлини қўлини ҳалоллайди. Тўй-пўй бўлмайди. Ишлари ўнгланиб кетса, номзодлик диссертациясини эсон-омон ёқлаб олгач чоғроқ бир тўй қилар. Аммо ҳозир шу ҳолида тўй ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мабодо Ғулом Хўжа бу ўгитларимга қулоқ тутмай, ўзбекчилик деб ўзини даврага урса, қарз олиб тўй қилса, болаларини ризқини қийиб сигиринни тўйда сўйиб юборса - ора очиқ. Илмий раҳбарликдан воз кечаман деб дағдаға қилдим.
У олдимга қандай ўйланиб кириб келган бўлса, шундай ҳолда чиқиб кетди.

Бироз олдин бухоролик шогирдим Мамаражаб Сулаймоний билан ҳам шу тахлит суҳбат бўлиб ўтган эди. Ўшанда ҳар иккала шогирдим ҳам айтганимни қилишди. Ҳозир ҳар иккала тадқиқотчи ҳам фанлар номзоди, доцент. Ҳанузгача ўшанда ўзларини мен катта ташвишдан қутилтириб тўғри йўл кўрсатганимни айтиб чарчашмайди.

Одамларимизга жуда раҳмим келади. Ўзини соғлигини ўйламайди. Бола-чақа ташвишида ёнади. Ҳар бир боласини тишида катта қилади. Дунёда бизникидай болажон халқни топиш қийин. Бизнинг халқимиз фидойи, меҳрибон, меҳнаткаш ва меҳмондўст халқ. Айни пайтда ёш авлодга энг.... бепарво халқ бизнинг халқимиз.
Боласининг суннат тўйини қўлида бўлмаса қарз олиб олиб бўлса-да қилади. Аммо ўша боласини илм олишига шароит қилиб бермайди, икки тийин ҳам сарфламайди. Насиҳат қилсангиз "ўзбекчилик"ни эслатади. Ғалати халқ, ғалати қавммиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий