Кеча узоқ туманлардан биридаги ХУСУСИЙ банклардан бирига кирдим. Ходимлардан бирининг олдида туман ҳокимиятига қарашли газета муҳарриридан банк бошқарувчиси номига "туманимизда маданий-маънавий ишларнинг ривожига ҳисса қўшишингизни сўраймиз" деган мазмунда келган хат ва ўша нашрига шартномалар турибди. Шартнома сони нечта экан деб қарасам 25 та, нархи эса 175 минг сўм экан.
- Буни нима қиласизлар, обуна бўласизларми? -сўрайман ўша ходимдан.
- Ҳозирча индамай ўтирибмиз. Эрта ёки индин ҳоким ўринбосари қўнғироқ қилади. Унгаям хўп деб юборамиз, лекин обуна бўлишни кечиктириб юраверамиз. Охири ҳоким буванинг ўзи чиқади ва "нега обуна бўлмаяпсан?" демайди, балки ўта маданий қилиб "газетага ҳам бир қараб қўйинглар" дейди ва биз кейин обуна бўламиз, - деб жавоб берди у.
- Ўқийсизларми ўзи шу газетани? - савол беришни давом эттираман.
- Кимдир газета келган пайтида бир варақлаб қўяди. Шахсан мен ўқимайман - дейди у.
- Нега ўқимайсиз? - мени саволларим ҳам ҳеч тугай қолмайди.
- Туманимизда мавжуд бўлган муаммоларни, кимларнидир ноқонуний ишларини, тезкор янгиликларни турли сайтлардан ўқисам, шунингдек булар доим ғалла, пилла, пахта режасини қандай бажарилганидан бошқа гапни ёзмаса нима қиламан у газетани ўқиб?! Туманимиздаги одамлар кўриб турган мавжуд муаммоларни биронтасини кўтариб чиқа олмаса, чунки обунани ташкиллаштириб берган ҳоким бувадан тил қисиқ. Қисқаси менга керакмас шу газета.
- Буниси ҳали ҳолва, - ходим гапини давом эттиради, яна бир нечта газетага обуна бўлиш керак. Кеча прократурадан телефон қилишди, "ҳуқуқ" сўзи қўшилган қандайдир газетага 50та обуна бўласизлар дейди. "Ўзи 20 киши ишласак, қанақасига 50 та обуна бўламиз" десак, "мижозларга ўтказинглар" дейди. Мижозларга қандай ўтказамиз ахир? Ана шундай босимлар билан ҳар йили 5-6 та газетага мажбурий обуна бўламиз" деб гапини тугатди у.
Хўш жаноблар, банкирга нега турли ташкилотларнинг газетаси керак? Ўқиб маънавиятли бўладими ёки маърифатли?
Мен бу ерда биргина банкирларни ёзаяпман, аммо бошқа соҳадагиларга ҳам ўзининг соҳасига мутлақо даҳли бўлмаган, варақлаб кўрсангиз совет даври газетасидан кўп ҳам фарқ қилмайдиган газета нега керак? Илтимос, ўша газеталарнинг одамларни маънавиятли, маърифатли қилиши, ўша газеталар бўлмаса одамларнинг маънавиятдан, маърифатдан узоқлашиб кетишлари ҳақида "ваъз" ўқиманг. Чунки 26 йилдан бери сиз шундай газета чиқарасиз, ҳокимларингиз обунага ёрдамлашиб юборишади ва сиз шундай йўл билан уни одамлар орасида "кўпроқ" тарқатишга муваффақ бўласиз. Аммо, лекин, бироқ сизларни газеталарингни ўқиётган одамлар маънавиятли ва маърифатли бўлиш ўрнига йилдан йил маънавиятсиз ва маърифатсиз бўлиб кетаяптилар. Сизни газетангизни мажбурий обуна ортидан тиражи ошган сайин одамлардан маънавият ва маърифат шунча камайиб бораяпти. Тўғри, одамлардаги маънавият са маърифатни камайишига сиз ва сизнинг газетангиз айбдор эмас, аммо газетангиз одамларни маънавияти ва маърифати ошишига ҳам хизмат қилмаяпти. Буни хоҳланг тан олинг, тан олманг, ихтиёрингиз. Шундай экан бир ўйлаб кўринглар, ҳаммасини ва бафуржа: Шу газета тарқатиш тизими бизга керакми?
Мен "газета керак эмас, обуна керак эмас", демайман, газета ҳам керак, обуна ҳам керак. Лекин мажбурий обуна ҳисобига эмас, газетани мажбурий тарқатиш ҳисобига эмас. Ҳаммаси адолатли йўл билан бўлиши керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий