Бугун, 8 ноябрь куни "Ўзбекэнерго" АЖ нинг телеграмдаги канали ЎзАнинг http://uza.uz/oz/world/ostonada-md-elektr-energetika-kengashining-navbatdagi-mazhli-08-11-2018 хабарига таяниб таяниб бир хабарни берди: https://t.me/uzbekenergomuloqot/515
Хабарга кўра: "2018 йил 2 ноябрь куни Остана шаҳрида МДҲ Электр энергетика Кенгашининг 53-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар энергетика компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.
Ўтказилган навбатдаги мажлисда Ўзбекистон делегацияси раҳбари "Ўзбекэнерго" АЖ Бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев иштирок этди ва қуйдагиларни таъкидлади:
- Ўзбекистон Республикасининг электр энергия тизими куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар 100 фоизга бажарилиб, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш таъминланмоқда.
Очиғи бу янгиликни ўқиб жаноб У. Мустафоевга ишонайми ёки ўзимгами, иккиланиб қолдим. Чунки, мана ўн кундан ошди биз яшаётган ҳудудларда электр энергиясини суткасига 5-10 соатлаб вақти-вақти билан узиб қўйишаяпти. Айнан 2 ноябрь куни жаноб У. Мустафоев Остонада МДҲ энергетиклари қаршисида "Ўзбекистон Республикасининг электр энергия тизими куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар 100 фоизга бажарилиб, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш таъминланмоқда" деб гапираётган маҳалда ҳам бизда вақти-вақти билан чироқ ўчаётган эди. Шунингдек охирги пайтларда нафақат Ургутда, балки мамлакатимизнинг кўплаб минтақаларида электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар рўй бераяпти. Бу ҳақда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ёзаяпти. Ҳозир шу гапларни ёзаётганимда ҳам бизда чироқ ўчган эди. (8 ноябрь, 2018 йил, соат 18.35 да.).
Мен охирги ўн кун ичида "Ўзбекэнерго" АЖ нинг телеграм каналига ҳудудимизда электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида ёзиб юбордим. Биринчисида менга умуман тушунарсиз бўлган жавобни беришди. Иккинчисида эса Ургут электр тармоқлари корхонасидан бош инженер жавоб берди ва "ҳали қишки лимитга ўтишмагани учун чироқни ўчиришга мажбур бўлаётганларини, икки-уч кунда қишки лимитга ўтиганларидан кейин электр энергияси таъминотида узилишлар умуман бўлмаслигини айтди. (Суҳбат ёзиб олинган ва аудиоси менда сақланмоқда) Аммо ўша "икки-уч кун"нинг икки-учтаси ўтди, аммо электр энергияси таъминоти баттар бўлса бўлди-ки, яхши бўлмаяпти.
Ана шу ерда савол туғилади. Остонада "аҳолига узлуксиз электр энергиясини етказиб бераяпмиз" деб баёнот бераётган Мустафаев ёлғон гапираяптими ёки "Ўзбекэнерго" АЖнинг вилоят ва туманларда жойлашган ҳудудий корхоналари компания бошқарув раисидан жойларда электр энергиясида узилишлар бўлаётганини яширишаяптими?
МДҲ энергетиклари олдида "аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб берилаётганлигидан" ҳақида "Ўзбекэнерго" АЖ бошқарув раиси томонидан гапирилаяптими, унда иш ҳам ўша гапга мос бўлиши керак. Акс ҳолда улар олдида аҳвол борича гапирилиб "бизда қишки мавсумда электр энергияси таъминотида бироз узилиш бўлаяпти" дейиш керак. Чунки улар бизда ҳозир электр энергияси таъминотида узилишлар бўлаётганини барибир билиб ўтиришибди.
Охирги пайтларда ҳамма ишлар электрон тарзга ўтаяпти: электрон мурожат, электрон имзо, электрон рўйхатга олиш, электрон навбатга ёзилиш ва ҳоказо ва ҳоказо. Умуман олганда электрон сўзи билан боғлиқ кўплаб ишлар жорий қилинаяпти, қонунлар қабул қилинаяпти. Хўш, электр энергияси узлуксиз етказиб берилмаса, тез-тез ва соатлаб узилишлар бўлаверса ўша электрон ишларни бажариб бўладими? Аксига олиб кўпгина аҳоли пунктларида худди бизнинг қишлоғимиздай аҳолига хизмат кўрсатаётган уяли алоқа компанияларига қарашли антенналарининг фаолияти электр энергияси узилиши билан тўхтайди ва буни натижасида телефон алоқаси йўқолиб аҳоли ташқи дунёдан батамом узилади. Хўш, шундай ҳолатда чироқ бўлмаса, телефонлар ишламаса, аҳоли нима қилсин? Додини Президент порталига ёзсинми ёки У. Мустафоевгами?
Олдинлари чироқ ўчирилишига электр энергияси етишмовчилиги сабаб бўлса-да "Ўзбекэнерго" АЖ раҳбарлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ҳам буни яшириб "аҳолида қарздорлик катта, шу учун электр энергиясида узилишлар бўлаяпти" дейишар эди. Энди тўловларни ундириш МИБга ўтганидан бери истеъмол қилинган электр энергияси тўловларини ундириш анча яхшиланди. Энди электр энергиясининг узилишларига компания раҳбарлари "аҳолининг қарздорлигини" баҳона қила олишмайди. Энди баҳоналар ўзгарди, энди "фалон жойда таъмирланиш ишлари олиб борилаяпти, фалон жойда фалон ишлар бажарилаяпти" деб баҳоналар тўқилаяпти. Тўғри, соҳада турли ишлар бажарилаяпти, аммо ўша ишлар ёзда ҳам бажарилган эди ва электр энергияси таъминотида узилишлар бўлмаган эди. Нега энди турли таъмирлаш ишлари қишда бажарилганда аҳоли соатлаб электр энергиясидан узиб қўйилиши керак?
Охирги йигирма йилликда чироқсиз ўтириш одамларнинг жонига тегиб бўлган. Буни "Ўзбекэнерго" АЖ нинг раҳбарлари ҳам, унинг ҳудудий корхоналари раҳбарлари ҳам тушуниб етишлари керак. Нима қилсалар қилсинлар, аммо одамларга чироқни узлуксиз топиб берсинлар.
Энди ҳар қандай ҳолатда ҳам "Ўзбекэнерго" АЖ электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Зеро ташқарида 21-аср, ахир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий