вторник, 9 января 2018 г.

Қора танлилар, россияликлар ва ўзимиз; ҳаммаси маҳаллийчилик ҳақида.

Кеча  телевизордан  американинг бир  фильмини  томоша  қилдим.  Фильмда  судья  қора  танли   бир одам (ўзи  Америка  кинофильмларининг  аксариятида  негадир  доим  судьялар  қора  танлилардан  бўлади),  оқ  танли  адвокатларга,  оқ  танли  прокурорга  дўқ  ураяпти.  Тўғри,  яқин - яқингача  АҚШда  қора  танлилар  одам ўрнида кўрилмас эди. Аммо ўтган  асрнинг  иккинчи  ярмидан  вазият  ўзгарди  ва  қора танлилар  АҚШда  Барак  Обама  тимсолида  АҚШ  президенти  бўлишгача  етиб  бордилар.  Судьялар,  прокурорлар,  сенаторлар  ва  яна  аллақандай  каттароқ  амалларда  энди  қора  танлиларни  кўриб  ҳеч  ким ажабланмайди.  Бир  пайтлар  қора  танлиларни  одам  ўрнида  кўрмаган  АҚШнинг  оқ  танли  фуқаролари  энди  қора  танлиларнинг  ҳам  жамиятда,  (нафақат жамият Ер юзида ҳам)  ўзлари  билан  тенг  ҳуқуқли  эканликларига  кўникдилар.  Энди  қора  танли  прокурор,  қора  танли судья,  қора  танли  вазир,  қора  танли президент  бўлаверади.  Бунга  энди  ҳеч  ким  ажабланмайди.  Энди  оқ  танли  қиз  қора  танли йигитга  тегаверади,  қора  танли  қизга  эса  жон - жон  деб  оқ  танли  уйланаверади,  бу  уларда  одатий  ҳол  ҳисобланади. 

Ўша  фильмни  кўрар  эканман  тасаввур  қилдим;  хўш,  агар  замонанинг  зайли  билан  қандайдир  сабаб  туфайли  ўша  қора  танлиларнинг  бир  қисми  ҳозирги  кунларимизда  ёппасига  бизга  келаверса;  бири  иш  излаб,  яна  бири  ўқигани,  яна  бири  бошқа  бир  сабаб  билан,  юртдошларимиз  уларни  қандай  кутиб  олардилар?  Уларга  қандай  муносабатда  бўлардилар?  "Шу  ҳам  бир  бечора  мусофир,  узоқ  юртдан  куни  ўтмагани  туфайли  мажбурликдан  бизнинг  юртимизга  келган.  Акс ҳолда,  ўз  юртида  қийналмаса  келмас эди,  мазза  қилиб  қиш - ёз  дарахтда  сархил  бўлиб  пишиб  турган  бананни  еб  юраверарди.  Шу  учун  шу  бечорага  қўлимдан  келганча  ёрдамимни  берай,  бундан  қайтмаса  Худодан  қайтар"  дейишармиди?  Э..,  йўқ. Мени  бунга  кўзим  етмаяпти.  Ҳеч  қачон  бундай  дейишмайди.  Агар  бизда  ҳам  мамлакатимизнинг  турли  бурчакларида   ҳадеб  қора  танлилар  учрайверганида  айримларимиздан  ташқари аксариятимиз  уларни  ҳайвонот  боғида  маймунни  боласини  қилиқларини  кўриб  мазах  қилиб  ўтиргандай  "Қара  буларни, кўмир  билан  ёнма - ён  қўйса  кўмир  бундан  оқ  чиқар - ов"  деб  устидан  кулиб  ўтирардик,  уларни  турткилаб  камситардик.

Айтишингиз  мумкин  "Қора  танлини  тиригини  умрида  кўрмагандан  кейин  шунақа  ажабланади - да"  деб.  Йўқ,  бизникилар  шунақа,  қора  танлини  тиригини  илк  марта  кўрадими  ёки  анча  йиллардан  бери  кўриб  юрибдими  фарқи  йўқ;  устидан  кулиб  мазах қилаверади,  ҳақорат  қилаверади.  Шу  ўринда  сизда  яна   "Сен  қайердан  биласан?  Қачон  қора  танлиларни  юртимизга  оралатиб  қўйиб  халқимиз  уларни  камситганини,  ҳақорат  қилганини  кўрдинг?"  деган  савол  туғилиши  мумкин.  Баъзиларингиз  ҳатто  мени  "халқимизга  туҳмат  қилаяпсан"  деб  сўкиб  юборишингиз  ҳам  мумкин.  Аммо,  сўксангиз  ҳам  айтаман,  мен  аниқ  шундай  бўлишини  биламан. Ҳа биламан. Баъзи  жойларда бир қишлоқ аҳолиси иккинчи  бир  қишлоқ  аҳолисини  "буларни  биздан  зоти  паст,  бир  пайтлар  ота - боболари  ота - боболаримизга  хизматкор  бўлиб уларнинг  қўйларини  боқиб  юришган"  деб  камситиб,  хақорат  қилиб  юрганидан  биламан.  Ёки  қайсидир  бир  туман  марказида  яшайдиганлар  ўша  туманнинг  қишлоқ  ва  овулларида  яшайдиганларни  "ёввойи даштликлар"  деб  камситиб  ҳақорат  қилиб  юрганидан  биламан.  Вилоятлар  марказларида  яшовчилар  ўша  ўзининг  вилоятида  туман  марказлари  ва  қишлоқларда  яшовчиларни  "қишлоқилар  келди"  деб  камситишидан  биламан.  Пойтахтимиз  аҳолисининг (ичларида  отаси  ёки  бобоси  пойтахтга  кўчиб  бориб,  бугунги  кунда  болалари  "ман  шўттанман"  деб  отаси  ёки  бобосини  бир  пайтлар  қайсидир  бир  вилоятдан пойтахтга  кўчиб келганларини тан олмай  юрганлари  ҳам  эҳҳее  қанча)  бутун  мамлакатимиз  аҳолисини  "аватарлар",  "хариблар",  "қишлоқилар"  деб  камситиб,  ҳақорат  қилиб ўзларини бошқа  юртдошларимиздан бир калла устунроқ ҳисоблаб юрганларидан  биламан. 

Энди  ўзингиз  ўйлаб  кўринг,  бир  ота - онадан  тарқаб,  бир  динга  эътиқод  қилиб,  бир  миллатни,  бир  юртни  одами  бўла  туриб  бир - биридан  шеваси  ва  яшаш  жойи  бироз  фарқ  қилгани  ёки  бири  шаҳарда  бири  эса  қишлоқда  яшагани  учун  бир - бирини  камситиб,  бир -бирини  ҳақоратлайдиган  юртдошларимиз,  миллатдошларимиз  қайердаги  қора  танлиларни  ҳурмат  қилармиди?  Уларга  ёрдам  берармиди?  Асло  йўқ.  Ўз  юртдошини,  миллатдошини,  диндошини  камситиб  ҳақорат  қиладиган  халқ  бошқаларни  ҳеч  қачон  ҳурмат  қилмайди.  Ёрдам  бермайди.
Албатта, ҳамма юртдошларимиз, миллатдошларимиз шунақа маҳаллийчи эмас. Юртдошларимиз орасида эҳҳе қанақа олийжаноб одамлар қанча. Аммо тан олайлик кўпчилигимизда ўзини бошқалардан ўзини бир поғона юқори тутиб муомала қилиш касаллиги бор.

Шу  гапларни  ёзаяпман - у  хаёлимга   Россияда  "чёрние  чурки"  деб  камситилаётган,  ҳақоратланаётган,  ҳар  қадамда айрим  россияликлар  томонидан  турткиланаётган  ҳамюртларимиз,  миллатдошларимиз  кўз  олдимга  келди.  Шунда  ўйладим;  балки  миллатдошларимиз,  юртдошларимиз   россияликлардан  иззат - ҳурмат  кутиб умидвор бўлгунча олдин ўзларини,  бир - бирларини  иззат - ҳурмат  қилишни  ўрганишлари  керакмикин?  
Миллатдошларимиз  нафақат  юртимизда,  ўша  ёқларга  бориб  ҳам   "Биз бир миллатмиз, ҳамюртлармиз, шу  учун бўлиниб кетмай  бир-биримизни қўллайлик" дейиш ўрнига  бир - бирларига  эл  бўлмай  бири иккинчисига  маҳаллийчилик  қилиб,  бири иккинчисидан  ўзини  катта  тутиб,  бир - бирини  умуман  иззат - ҳурмат  қилмаслиги аччиқ бўлса- да ҳақиқат.   Шу  учун  ҳам  россияликлар  "булар  бир  юртдан  бўлиб,  бир  динга  эътиқод  қилиб,  битта  миллатдан  бўлиб  бир - бирини  камситса,  бир - бирини  иззат - ҳурмат  қилмаса,  нега  мен  буларни  иззат - ҳурмат  қилишим  керак?"  деб  юртида  "нон  топай"  деб  нима  юмуш  дуч  келса   малолланмай  хизматини  қилиб  юрган  юртдошларимизни   турткилайди,  ҳақорат қилади. 

Ҳа  яхшилар,  биз  турли  "маҳаллалар"га,  "туманлар"га,   "вилоятлар"га,  "пойтахтилик"  ва "қишлоқи"га   бўлинмай  яхлит  бир  "ўзбекистонлик"ка  айланишимиз  керак  ва  биз  энди  биз  учун  ажнабийга  айланган  россияликлардан  "марҳамат"  кутгунча  олдин  ўзимиз  бир - биримизга  марҳаматли  бўлишимиз,  бир - биримизни  ҳурмат  қилишимиз  ёки  марҳаматли  бўлишни  ва  бир - биримизни  ҳурмат  қилишни  ўрганишимиз  керак.  Ана  шунда  бошқаларни  ҳам  ҳурмат  қилишни  ўрганамиз  ва  ана  ўшанда  қора  танлилар  ҳам,  бошқалар  ҳам  одам  эканликларини,  улар  ҳам  бизга  ўхшаб  Одам  Атодан  тарқаган  "бани  Одам"дан  эканликларини  ва  Яратган  уларнинг  ўзларини  ҳам,  бизни  ҳам  синаш  учун  уларнинг  рангини  қора  қилиб  қўйганини  ва  тарихда  қора  танлилардан  ҳам  фазилатда  бизларнинг  ҳеч  қайсимиз  ета  олмайдиган  даражага  етган  инсонлар  етишиб  чиққанини  тушуниб  етамиз.

Саломат  бўлинглар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий