четверг, 11 января 2018 г.

Ота. Ҳикоя




Ота... Мана у она юртига кетиб бораркан, ўтган ҳаёти кўз ўнгидан бирма-бир ўта бошлади. Тошкентга "ўқишга кираман" деб энди келгани, ўқишга кирган кунида қанчалик қувонганлари, талабалик даврида бошидан ўтказган машаққатлари. Кейин эса бир сулувсочга уйлангани, кейин эса кетма-кет фарзанлари туғилганидаги қувончли кунлари, ҳаммаси ажойиб эди...
Мана ниҳоят узоқдан туғилган қишлоғи кўринди. Отани юраклари бир энтикиб кетди ва танасини исканжага олаётган дардни ҳам унутди...

Отанинг бешта фарзанди бор эди. Иккита каттаси ўғил, кейинги учтаси эса қиз. Қизлари туғилганда, уларни тили чиқиб юра бошлаганда қувонганлари, кейинчалик уларни тез-тез ҳали боғларга, ҳали циркка, ҳали яна бир жойларга айлантиришга олиб борганлари, ажойиб дамлар эди.

Ота ўғилларини кам эркалатарди ёки умуман эркалатмасди. Қизлари эса унинг ҳақиқий эркатойлари эди. Кўчадан киришда албатта қизларига деб нимадир оларди. Қизларини учаласи ҳам бир ёш фарқи билан туғилган эди ва уларни учаласи бирга юрганда ёшлари унча фарқланмасди. Юз тузилишлари ҳам бир-бирларига ўхшаш эди. Улар қарийб эгизаклардай юришарди. Ҳатто кўпинча кийимларини ҳам бир хилда қилиб олиб берарди. Уларни кўчада кўрганлар "вой, булар эгизакларми" деб сўрашарди ва "йўқ, эгизаклар эмас" деган жавобни эшитиб ҳайрон қолишарди, "шунақаси ҳам бўларканми" деб.

Орадан йиллар ўтди, фарзандлар улғайишди. Ота ҳамма фарзандларини олий маълумотли қилди. Ўғиллари ҳам, қизлари ҳам ўз соҳаларида ишлай бошлашди. Ўғилларни уйлантиришди. Бу орада ўғилларни иккаласи ҳам алоҳида уй олиб чиқиб кетишди. Навбат қизларни узатишга келди. Аммо ота учун ҳақиқий синовлар энди бошланаётган эди. Шу орада отага бир дард ёпишди. Бир кун соғ бўлса, уч куч аъзои бадани, ичлари билан оғриб чиқади. Шунда ҳатто тўшакдан тура олмай қолади. Тўртинчи кун эса оғриқлар бироз қўйиб юборади ва оёққа туриб кўчага чиқади, шаҳарни айланади, дўстларини йўқлайди. Бир кун, икки кун ўтиб дард яна қўзғайди ва яна тўшакка ётиб қолади. Икки, уч кун ўтиб оғриқ бироз босилиб яна оёққа туради. Оғриқ кучайиб тўшакка ётиб қолганда ўғиллари бир неча бор духтир чақиришди. Уларни эса ташхиси доим бир хил; "ёшлари олтмишга бориб қолибди, буёғи қаричилик, организмлари ҳам қариган, энди бундан буёғи шу, оғриқ пайти оғриқ қолдирувчи таблеткалардан ичирасизлар оғриқни сезмай ўтказиб юборадилар". Ўғиллари бу ташхисга нима дейишларини ҳам билмасдилар. Улар духтирларнинг бу ташхисига ишонмай Отани бир неча бор даволатиш учун касалхоналарга ётқиздилар, санаторияларда дам олдиртирдилар, аммо ўзгариш бўлмади.  Қизлар эса бу ташхисга ҳам, Отани беморлигига ҳам ишонмай шубҳа билан қарадилар. Уларнинг наздида оталари фарзандлар эътиборини ўзига тортиш учун ёлғондан ўзини касалга солаётган ва ҳали касалхонада даволаниш учун, ҳали санаторияда ётиш учун фарзандларини пулларини бекорга совураётган эди. Ҳатто Ота тўшакка ётиб қолганида унга ош-овқат тайёрлайдиган, кийимларини ювиб берадиган қизлар буни унга таъна қилиб гапириб ҳам юбордилар. Айниқса Ота энг севиб эркалатадигани кенжа қизи буни бир кун юзига ҳам айтди. "Сиз ҳеч қанақа касал эмассиз. Сиз жўртага ўзингизни касалга солиб буни оқибатида "даволанаман" деб акаларимни ва бизларни пулларимизни ишлатиб юбораяпсиз". Ота бу сўзларни эшитиб карахт ҳолга тушди. Отага бу кучли зарба бўлиб тушди. Олдин ҳам бир, икки марта қизларини Отага қараш важидан бир бири билан талашганини эшитиб қолганди, аммо кенжа қизининг ўз таъналарини юзига айтишини кутмаганди. Ота шундан кейин тўшакка ётиб қолган кунларида ҳам улардан ҳеч нарса сўрамайдиган бўлди. Оч қолса ҳам, оғриқ жонидан ўтиб кетса ҳам индамай ётарди. Аҳволи яхши бўлган кунларда эса кундузлари умуман уйда бўлмасди. Кўчага чиқиб бирон бир хилват жойга бориб соатлаб ўй суриб ўтирарди. Энди у танасида оғриқ бўлсада тўшакда унча узоқ ётмайдиган, кўчага кўпроқ чиқадиган бўлди. Бу ҳолат эса қизларни тилига яна эрк берди. Энди улар оналарига "мана айтувдик-ку бу кишига ҳеч нарса қилмаган, баҳона қилаяптилар девдик-ку" деб ўзларини ҳақликларини айтишарди.
Албатта қизларнинг ўз Оталарига қилаётган муомалаларини сабаби бор эди... Бундай бўлишга бир тарафдан Отанинг ўзи сабабчи бўлса, иккинчи тарафдан эсп Она ҳам "бироз" ўз ҳиссасини қўшганди.

Она.. У эридаги касалликларга ҳам бефарқдай эди. У қизларига ўхшаб эрини "баҳона қилаяпти" деб ўйларди. Эри бир неча йиллар олдин ёши элликдан ошганда ва эрихотин бир-бирига суяниши лозим бўлган пайтда унга бир неча марта унга хиёнат қилган эди. Аёл ўшаларни ўйлаб "баттар бўлсин" деб ўйлар ва отасига ҳурматсизлик қилаётган қизларига индамас эди. Унинг наздида эри шу дардларга (агар ҳақиқатдан дарди бўлса) ёки қизларнинг шу муомаласига сабаб бўладиган ишни қилиб қўйган ва табий ҳолда буни жабрини тортаётган ва тортиши керак ҳам эди. Оналарининг ўзларига индамаётганини кўриб қизлар Отага таъна қилишда эркин эдилар. Яна бир тарафи, Отанинг оналарига қилган хиёнати гарчи Ота ўша ишидан кейинчалик  қаттиқ афсусланган ва оналаридан кечирим сўраган бўлсада, улар ақлларини таниб, балоғат ёшига етганларида рўй берганди ва улар бу воқеани оналарига қандай таъсир қилганини ўз кўзлари билан кўрдилар ва бундан қаттиқ таъсирландилар. Ўшандан кейин уларнинг Оталарига нисбатан бўлган муносабатлари ўзгарган ва уни ортиқ ҳурмат қилмай қўйган эдилар. Агар ўшанда Она хоҳласа бу муаммони фарзандларига билдирмай ўзаро эр-хотин ўртасида ҳал қилса ҳам бўларди. Бу ҳақда ундан Ота кечирим сўраганда кўп илтимослар қилиб сўради. Аммо Она Отанинг таклифига кўнмади ва бу масалани фарзандларга ҳам билдирди. Ўғиллар Отанинг бу ишини эшитган заҳоти оналарига "нега буни ўзаро ҳал қилмай бизларга ҳам олиб чиқдингиз" деб эътироз билдирдилар ва "биз Отамизни кечирамиз, у ўз ишидан астойдил пушаймонда" деб бу масалага ўз муносабатларини маълум қилдилар. Қизлар эса Она тараф бўлдилар. Улар қилмишидан тавба қилган Отани кечирмадилар ва беҳурмат қила бошладилар. Акалар сингилларини бу ишларидан хабар топиб уларга насиҳат қилмоқчи бўлганларида "бизга насиҳат қилманг, ундан кўра раҳмингиз келаётган бўлса, уйингизга олиб кетиб қаранг" деб жавоб олишди. Бу жавобни эшитиб ўғилларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб "билганларингни қилинглар" деб сингилларига қўл силташди.


Бу воқеа оиладагиларнинг ҳаммасига маълум бўлгандан кейин оиладан ташқарига ҳам чиқди. Отанинг ўша ишидан бу оилага тегишли танишлар ва  қариндошларнинг ҳаммаси хабар топишди. Уларнинг хабар топишида эса Она ва қизлар яхшигина роль ўйнашди. Она қариндошлардан қай бириникига чақирувларга борса ўша ерда имконини топган заҳоти "эрини хиёнатидан" гап очарди, уни қарғарди, аммо уни тавбасидан ва кечирим сўраганидан сўз очмасди. Қизлар ҳам ўз тенгдошлари бўлмиш қариндош қизлар билан учрашиб қолсалар "оталарини жирканч иш қилгани ва буни оқибатида оналари жабр чекиб қийналгани" ҳақида хаяжонланиб, йиғламсираб гапирар эдилар. Бу гапларни эшитган қариндошлардан кўпларини Отани тавбасидан хабарлари бор эди. Шунинг учун улар Она ва қизларга "Оталаринг тавба қилиб кечирим сўради, энди уни кечиринглар ва ҳар жойда муҳокама қилиб юрманглар. Ота кечириши керак бўлган зотлар орасида биринчи ўринда туради. Сизлар уни кечириб, дуосини олишга ҳаракат қилинглар, чунки Отани дуоси ҳам тез қабул бўлади" деб насиҳат қилишди. Аммо Она ва қизлар "Унинг ўзи ким-у, қилган дуоси нима бўларди" деб бу насиҳатларга қулоқ солмадилар.

Қизлар Оталарининг хиёнат воқеасини бегоналар олдида Оналарига қўшилиб ўзлари ҳам азбарои кўп "реклама" қилганларидан таниш-билишлар ва қариндошлар орасида Оналари ва ўзлари тўғрисида тескари гап тарқалишига сабаб бўлдилар ва балоғат ёшига етган бўлсалар-да уларни ҳеч ким сўрамай қўйди.
Таниш-билишлар ҳам, қўни-қўшнилар ҳам, қариндошлар ҳам бўларни "ўз Оталарига жудаям қаҳри қаттиқлик қилишаяпти" деган фикрда эдилар. Шу туфайли ҳам ўғлини уйлантириши керак бўлган танишлар, қўшнилар, қариндошлар бундай қаҳри қаттиқ қизларни келин қилишни ва бундай қаҳри қаттиқ аёл билан қуда бўлишни умуман ҳоҳламас эдилар. Бегоналардан келадиган совчилар ҳам қўшнилардан суриштириб, буларни Отани кечира олмайдиган, Отани ҳурмат қилмайдиган қаҳри қаттиқ қизлар эканликларини билиб ҳам, бир келгани бошқа қайтиб келмас эди.
Бор-бора бу хонадонга совчи қадам босмай қўйди. Бундан қизлар асабийлашишар ва ҳаммасига Оталарини айбдор ҳисоблаб унга баттар қўрслик қилардилар. Аммо айбни ҳеч қачон ўзларидан ҳам, Оналаридан ҳам қидирмас эдилар. Уларнинг наздида, ўзлари ҳам, Оналари ҳам, нима қилаётган бўлишса ҳам тўғри қилишган эди.

Бир куни ўғиллари Отадан хабар олгани келган кунларнинг бирида, ҳаммалари дастурхон атрофида йиғилишиб ўтирганларида Ота дабдурустдан ўғилларига қарата "Ўғилларим, неча кунлик умрим қолганини билмайман, аммо қазоим етиб бу оламни тарк қилсам мени ўз ота-боболарим ёнига обориб қўйинглар. Сизларга васиятим шу" деди. Бу гапни эшитган ўғиллар "Ота қуйсангиз-чи бунақа гапларни, сиз ҳали узоқ яшайсиз" деб Отанинг кўнглини кўтарадиган гапларни гапиришди. Она билан қизлар эса "энди шу ташвиш кам эди, ёлғондан "касалман" деб баҳона қилган "отажонимиз" энди "ўламан" деб қўрқитаяптилар ва аллақандай бўлар-бўлмас ишларни васият ҳам қилаяптилар"-деб ҳаммага эшиттириб пичинг гаплар қилишди.

Ўша гапга ҳам анча кунлар бўлди. Мана бугун энди Ота бирданига ўз укаларини, жигарларини, ота юртини соғинганини ҳис қилди ва уларни кўриб келиш учун автобусга ўтириб жўнади. Манзилга етиб бориб туғилган қишлоғига қараркан йўқотганларини ҳаммасини топгандай бўлди. Укасиникилар Отани ниҳоятда иззат-икром билан кутиб олдилар. Уни келгани шарафига дастурхон тузашни бошладилар. Шунда Ота чарчаганини сезди ва уларга бироз дам олиш нияти борлигини билдирди. Дарров салқин бир уйдан жой қилиб беришди ва Ота дам олгани кириб кетди.

Албатта, ука ҳам бўлиб ўтган воқеалардан хабардор эди. У акасини жудаям яхши кўрарди. Доим "Ака отамизни бир пайтлар сизга деб ажратиб қўйган участкалари бўш, сизга аталган ҳолича турибди. Қайтиб келинг, уй тиклашда ўзим ёрдамлашаман ва шу ерда бирга яшаймиз" деб, акасини қайтиб келишга ундарди. Аммо акани ихтиёри ўзида эмасди. Ўғиллари ҳам, қизлари ҳам, айниқса хотини ҳам, қишлоққа ҳатто меҳмонга келишга унча-мунчада кўнавермасдилар "кўчалари чанг, ҳожатхоналари расво, ҳаммомларига кириб бўлмайди" деб. Аммо акани ўзи ҳар доим тез-тез келиб кетарди. Ҳар келганда совға-саломлар билан келиб, икки-уч кун болалигини эслаб, қишлоқдошлари билан гурунглашиб ётиб кетарди. Охирги пайтларда мазаси бўлмаганлиги туфайли анча пайт кела олмади. Аммо тез-тез бу ёқдагилар билан телефонлашиб туришди.

Дам олгани кириб кетганига анча бўлган бўлса-да чиқавермагани учун ука ўғилчасини "амакингни чақир" деб юборди. Ўғли келиб "тепаларидан бориб уйғотишга анча уриндим, аммо амаким уйғонмадилар" деб хабар берди. Шунда укани ичидан совуқ бир нафас ургандай бўлдиида югуриб акаси дам олиб ётган хонага кирди ва акасини елкасидан ушлади. Тана совуб бўлган эди. Ака жон бериб бўлган экан. Шунда ука акаси билан уни келишидан уч-тўрт кун олдин телефонда бўлган суҳбатларини эслади. Ўшанда акаси зорланиб "Биттагина орзуим бор, у ҳам бўлса ўлганимдан кейин фарзандларим ота-боболаримни ёнларига олиб бориб қўйишларини ҳоҳлайман, аммо фарзандларим ўлигимни олиб бориш харажатидан қочиб шу ерга кўмиб қўя қолишади. Ўшанда ўзинг бош бўлиб келиб мени ота юртимизга олиб кетгин" деганди.
Ука ўша суҳбатни эсларкан кўзидан ёш чиқиб кетди. Аксини  у ҳам эмас, фарзандлари ҳам эмас, Худони Ўзи ота-боболарини ёнига олиб келган эди...

Ука дарҳол акасининг фарзандларига хабар берди. Янгаси бошлиқ фарзандлар кечаси билан йўл юриб етиб келишди. Олдинига "Отамизни Тошкентга олиб кетамиз" деб туриб олишди. Шунда ука уларга Отани сўнгги васиятини эслатди ва акасини шу ерга ота-бобларининг ёнига қўйилишини маълум қилди. Ўғиллар бел боғлашди. Қизлар эса кўк кийиб оталаридан айрилганларига чидай олмай тинмай йиғлардилар. Аммо уларни Оталарига қилган муомалаларидан хабардор акалар сингилларига қараб, улар оталарига ростакамига куйиб йиғлаяптиларми ёки роль ўйнаяптиларми аниқлай олмадилар. Она ва фарзандлар жанозадан кейин ҳам  уч-тўрт кун ўша ерда қолдилар. Кўнгил сўраб келаётганлар камайгандан кейин бутун қишлоқни чақириб катта бир эҳсон дастурхони ёздилар. Эртаси куни эса Тошкентга қайтишди. Тошкентга келибоқ  маълум бир куни белгилаб таниш-билиш, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларни чақириб ресторанда катта бир эҳсон дасурхонини ёзишди. Уйда эса қизлар мотасаро қиёфада кўнгил сўраб чиққан қўни-қўшниларни кутиш билан банд бўлдилар. 

Кўплар қатори тириклигида, айниқса умрини охирги йилларида ўз пуштикамаридан бўлган қизларидан қадр кўрмаган ота, вафот этгандан кейин улардан кўп, аммо ўзига ва охиратига фойдасиз қадрлар кўрди. Даволанишга берилмаган пуллар Катта-катта эҳсонлар берилиши учун берилди. Қиммат қабртошлар ўрнатилиши учун берилди.

(Сўнгги сўз ўрнида: Бу воқеага хам анча йиллар бўлиб қолди. Ота дуосини олмай, уни дуосидан ҳам, ўзидан ҳам онгли равишда воз кечган қизлар ёшлари ўттиздан ошиб кетган бўлса-да ҳалигача бахтларини тополмай Оналари билан яшамоқдалар. 



Комментариев нет:

Отправить комментарий