воскресенье, 21 января 2018 г.

Энг кам иш ҳаққига яшаб бўладими? Ўртача маъошгачи?

Халқимизда "Қорни тўқнинг, қорни оч билан нима иши бор?" деган ибора бор. Бу ибора осмондан олиб гапирилмаган ёки бекорга ҳам гапирилмаган. Ҳақиқатдан ҳам аксарият пул муаммоси бўлмаган ҳолда тўкин-сочин дастурхон билан яшайдиган инсонларнинг бугун иккитагина нонга пул топса олиб ейдиган, топа олмаса оч ўтирадиган инсонлар билан назаримда ишлари бўлмаяпти. Ҳар биримиз бу иборанинг топиб айтилганига ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз.
Йўқ, ҳозир айнан шу мавзуда ёзмоқчи эмасман. Қорни тўқларни муҳокама қилмоқчи ҳам эмасман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Қўйида жамиятимиздаги маъжозий маънодаги "қорни очлар" , аҳолининг кам таъминланган қатлами, ишга лаёқати бўлмаган, ёки болаликдан ногиронлар, ёки ёшга доир арзимаган нафақа олиб тирикчилигини амаллаб ўтказиб юрган инсонлар ҳақида фикр билдирмоқчиман.

Ҳаммамизга маълум 2017 йил 1 декабрдан бошлаб энг кам иш ҳаққининг миқдори эълон қилинди. Унга кўра мамлакатимизда ўша кундан бошлаб энг кам иш ҳаққи 172.240 сўмни ташкил этади. Ёшга доир пенсия ва болаликдан ногирон бўлганларга 336.880 сўм нафақа берилади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқороларга бериладиган нафақа миқдори эса 206.720 сўмни ташкил этади.

Энг кам иш ҳаққини эълон қилишда ҳар доим  юқорида келтирганим;
1). "Ёшга доир пенсия оладиганлар".
2). "Болаликдан ногиронлар".
3). "Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар".
4). "Мехнатга лаёқатсиз инсонлар"
тилга олинади ва уларга тўланадиган нафақалар миқдори аниқ қилиб кўрсатилади.
Шунингдек "аҳолининг  кам таъминланган қатлами"га ҳам биринчи навбатда шулар киради.  Ана шу ерда савол туғилади; агар, улар ёшга доир пенсия олишса, болаликдан ногирон бўлишса улар олаётган 336.880 сўм маблағ уларга оддий яшашлари учун етарли бўлаяптими?
Ёки улар зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдагилар ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар бўлишса, ҳозирги кунда улар олаётган 206.720 сўм уларнинг бир ой оддий яшаши учун етарли бўладими?

Қачон телевизорни "қулоғини бурасам" бир депутат, ё қайсидир вазирлик ходими ёки яна қандайдир бир масъул шахс "аҳолининг кам таъминланган қисмига ёрдам қилиб фалон қилдик, писмадон қилдик" деб аллақайерлардаги ҳисоботларни айтиб турган бўлади. Лекин ўша "аҳолининг кам таъминланган қисмига қилинган ёрдамлар" нималардан иборат бўлганини бирида айтишади  бирида эса ҳисоботдан парча айтиб бериш билан чекланишади. Йўқ, кўраяпмиз, аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи  кишиларнинг қандайдир қисмига ёрдамлар қилинаяпти. Аммо  юз фоиз ҳаммасига ҳам эмас.

Ўша аҳолининг кам таъминланган қисмига кирувчи "ёшга доир пенсия оладиганларнинг, болаликдан ногирон бўлганларнинг, зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларнинг, меҳнатга лаёқатсиз фуқороларнинг орзу-ҳаваслари йўқ дейсизми? Ёки уларнинг айби меҳнатга лаёқатсизлиги-ю, болаликдан ногирон эканликларими?  Э, йўқ. Уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор. Уларнинг ҳам аксариятида оила бор, бола чақа бор, рўзғор тебратиш ташвиши бор. Хўш, бугунги кунда уларга берилаётган нафақалар уларга орзу-ҳавасларига етишишлари уёқда турсин ҳатто уларнинг оддий яшаши учун қанчалик етарли, буни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Таниш-билишларингиз, қариндош-уруғларингиз ёки қўни-қўшниларингиз орасида ўшандай инсонлар бўлса, улар ўзларига берилаётган арзимас нафақа пули билан қандай яшаяптилар хеч эътибор берганмисиз? Мен уларнинг аҳволларини ўйлаб кўрганман, мен уларнинг аҳволига эътибор берганман, улар қийинчиликда, мамлакатимиз бўйича ҳисоблаганда турмушнинг энг паст даражасида яшаяптилар.

Ахир 336.880 сўмни "ёшга доир пенсия оладиганлар ва болаликдан ногиронлар" бир ой давомида нимага ҳам етказа оладилар? Ёки 206.720 сўм нафақани "зарур иш стажига эга бўлмаган ва меҳнатга лаёқатсиз инсонлар" нималарга етказа оладилар? Буни бир яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Ўзи ногирон  бўлса, ё меҳнатга лаёқатсиз бўлса ёки пенсия ёшига етган кекса бўлса ва оладиган нафақаси етмаганда жисмоний меҳнат қилиб пул топа олмаса  улар қандай қилиб яшаши, қандай қилиб тирикчилигини ўтказиши керак? Саволлар кўп, жавоб эса йўқ.

Шу ерда ўқувчиларда, "Ўша болаликдан ногирон бўлганларга ҳозиргидан юқорироқ миқдорда нафақа тайинласа ҳам етмайди. Шу учун уларни ўзига мос иш билан таъминлаш керак. Ана шунда  давлат бераётган нафақа билан бирга ўзлари ишлаб топаётган маблағни улар ўртача турмуш кечириш учун етказишади" деган фикр туғилаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, ҳозир соғлом инсонлар учун етарлича иш ўрнилари топилмаётган вақтда ногиронларни иш билан таъминлаш осон эмас.

Аҳолининг кам таъминланган қисмини яшаш шароитларини ўрганар эканман уларнинг оладиган нафақа миқдори билан баъзи нарсаларнинг нархини солиштириб кўрдим. Шунда аниқ бўлдики аҳолининг кам таъминланган қисми ҳозир оладиган нафақа пулини ҳеч нарсага сарфламасдан йиғиб борганда ҳам кўпгина рўзғор учун зарур бўладиган нарсаларни харид қилиш учун анча йиллар кутишига тўғри келар экан. Бу дегани улар ана шу нарсаларни бир умр сотиб ололмасдан ўтишлари ҳам мумкин деганидир. 
Баъзи нарсаларни масалан, оддий ва ўртача нархдаги  автомашинани сотиб олиш учун улар ўша нафақа пулларини ҳеч нарсага ишлатмасдан йиғсалар уларга 20-30 йиллаб вақт керак бўлар экан. Қимматроқ автомашина сотиб олиш учун эса ҳатто умр бўйи йиғсалар ҳам етмас экан.

Қўйида улар оладиган нафақа билан оддий рўзғорга керак бўладиган буюмлар нархларининг солиштирмаси;

1). Ўртача баҳоланадиган янги автомашина олиш учун энг кам иш ҳаққининг камида 250 баробари миқдорида маблағ керак. Бу дегани энг кам иш ҳаққи оладиган одам оладиган нафақасини ишлатмасдан йиғиб борса ҳозирги ҳолатда 20 йилдан кейин Дамас ёки Матиз машинасини харид қила олади. Агар қимматроқ машина олишни хоҳласа камида 40-50 йил вақт керак.
Агар ўша киши ёшга доир пенсия оладиган ёки болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336.880 сўм нафақа олувчи шахс бўлса ўртача машина олиш учун 12-15 йил нафақасини йиғиб бориши керак. Агар ўша шахс қимматроқ машина олмоқчи бўлса  25-30 йил нафақасини йиғиб бориши керак.

2). Совуткич, телевизор, газ плитаси, кир ювиш машинаси каби рўзғорга зарур керак бўладиган буюмларнининг оддийроғи ва ўртачароғини  олиш учун  энг кам иш ҳаққининг 10 бараваридан тортиб, 30-40 бараваригача бўлган маблағ керак. Демак, энг кам иш ҳақи оладиган одам ана шу буюмлардан арзонроғини олиши учун қарийб бир йиллик нафақасини йиғиши, яхшироғини олиш учун эса икки-уч йиллик нафақасини йиғиб бориши керак.

3). Агар  кам таъминланган шахс уй қурмоқчи ёки тайёрини сотиб олмоқчи бўлса бунга унинг бир умрик нафақа пулини йиғса ҳам етмаслиги мумкин.

4). Энг кам иш ҳақига бугунги кунда бор-йўғи 4-5 кг атрофида  суякли гўшт беради.
Меҳнатга лаёқатсизлар оладиган 206.720 сўмга эса 5-6 кг атрофида суякли гўшт беради.
Болаликдан ногиронлар ва ёшга доир пенсия оладиганлар тўланадиган 336.880 сўмга эса 8-9 кг атрофида гўшт беради.

5). Энг кам иш ҳақига Қозоғистонда тайёрланган ёки Қозоғистон буғдойидан ўзимизда янчиб тайёрланган 1 қоп олий нав ун беради. Ўзимизнинг ундан эса 1-навлисидан  2 қоп беради.

Мен юқоридаги рўйхатни яна давом эттираверишим мумкин, аммо ишонинг, ҳозирги кунда энг кам иш ҳаққи билан ўлчанадиган маблағга ёки ёшга доир пенсия оладиганлар, болаликдан ногирон бўлганларга тўланадиган 336.880 сўм пулга ҳатто бир киши ҳам бир ой тирикчилик ўтказиши амримаҳол.  Энди зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз инсонларга тўланадиган 206.720 сўмга бир ой яшаш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.

Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда икки йил олдингига қараганда нархлар икки-уч баравар ошиб кетган кунларда 336.880 сўм ёки 206.720 сўм маблағ билан қандай яшаш мумкин. Энди ўзбекнинг тўй-томошаси, аза маросимлари ёки бошқа урф-одатларини қўйиб турайлик, бу маблағлар яшаш учун кундалик оддий ейиш-ичишга етмайди. Нима бундай инсонлар тўй қилмасинларми? Ёки уларда бошқа харажатлар йўқми?
Умуман олганда ҳозир аҳолининг кам таъминланган қисми бир ойлик ейиш-ичишига етарли бўлмайдиган нафақа пули олмоқда.

Юқорида мен "аҳолининг кам таъминланган қисми" ҳақида ёзаяпман-у, аммо аҳоли орасидаги "ўртача маъош"га ишлаб юрганларнинг ҳам аҳволи ҳавас қилгулик эмас. Улар ҳам оладиган маъошларини нимагадир етказсалар, яна нималаргадир етказа олмай, ойдан-ойга қўл учида зўрға яшаяптилар.
Шу мақолани ёзиш асносида кўз олдимга 600 минг сўмдан ошиқроқ маъош оладиган танишим келди. Ана шу 600 минг сўмдан ошиқроқ  пул танишимга кейинги ой яна маъошини  олгунича рўзғор тебратишга етмайди. Бўлмаса танишим  маъошини бир сўмини ҳам ошиқча жойга сарфламайди. Ҳаммаси жой-жойига ишлатилади. Аммо барибир етмайди. Энди ана шу 600 минг атрофидаги маъошга оила тебратаётган кўплаб одамларнинг аҳволини қанчалик қийинлигини сўрайверинг.

Бизда энг кам иш ҳақининг оширилиши графикасига қарасам баъзи йилларни айтмаганда ҳар доим йилига бир марта оширилган. Яқинда Президентимизнинг қарорлари билан бундан буён ойлик-маъошлар йилига икки марта оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам маъош олиб ишлайдиган кўплаб инсонлар учун яхши хабар бўлди.  Аммо шу ерда яна бир мулоҳаза туғилаяпти. Кўпинча энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг маъошлари ошади, лекин хусусий иш берувчилар турли сабабларни кўрсатиб маъошларни оширмайдилар. Агар давлат миқёсида энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда  шуни ҳам инобатга олиб энг кам иш ҳаққи ва маъошлар оширилганда мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир каттами, кичикми хусусий, қўшма ёки хорижий корхоналарга ҳам маъош оширишни қонунан мажбурий қилиб қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда давлат корхонасида ишлайдими ёки хусусий компаниялардами ҳамманинг маъоши бирдай кўтарилар эди.

Кейин яна бир фикр; иш ҳақларининг оширилиши графикасига қарасам иш ҳақлари шу пайтгача доим 1.1, 1.12, 1.15 фоизда кўтарилган экан. Нарх-наволар кескин ошиб кетаверишини инобатга олиб бундан буёғига иш ҳақлари 1.5 ёки 2 ёки ундан ҳам баланд фоизларда оширилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Умуман олганда биз бугунги нафақа ва маъошлар билан 2014 йилдаги нафақа ва маъошларни солиштирсак ўсиш унча катта бўлмаган. 15.12.2014 дан 118.400 сўм бўлган. 01.12.2017 дан 172.240 сўм бўлди. Демак нафақа ва маъошларнинг ошиши шу уч йилда 50% га хам етмаган. Аммо нарх-наволар ана шу ўтган уч йилда икки-уч баравар ошиб кетди. Шу учун хам нафақа ва маъошларни энди салмоқли фоизларда ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда турли нафақа ва маъошлар хисобига яшайдиган аҳолининг ҳам  фаровонлиги, иқтисодий аҳволи бироз яхшиланарди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий